1

​Зиёда фарзандларини кимга ишониб топшириши ва Райҳоннинг меҳрибонлиги ҳақида(Эксклюзив)

ШОУ-БИЗНЕС 03.04.2017, 10:55
Теглар: Хонанда, Фарзанд, Шоу-бизнес, Оила, Эр-хотин
​Зиёда фарзандларини кимга ишониб топшириши ва Райҳоннинг меҳрибонлиги ҳақида(Эксклюзив)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зиёда Қобулова “Даракчи” газетасининг “Учрашув” рукни меҳмони бўлди.

— Яна бир бора оналик бахтига эришганингиз билан табриклаймиз. Фарзандларингизнинг камолини кўринг!

— Раҳмат, айтганингиз келсин! Бир инсонни дунёга келтириш бу тенги йўқ қувонч ва бахт! Айниқса, унинг илк кунлари, ҳаётга мослашишини кузатиш жуда завқли. Боланинг қорни дам бўлиши-ю, кеча ва кундузни алмаштириб бироз қийналишини инобатга олмаганда, шукр, ҳаммаси яхши. Аёл ҳар гал она бўлганда, ўз онасининг қадрига янада кўпроқ етиб бораверар экан. Йилдан йилга мен ҳам онамни янада яхшироқ тушуниб боряпман. Ўғлим, акаси Комронбек билан ҳаётда доим дўст-иноқ, бир-бирига меҳрибон бўлиб яшашини ният қилиб, унга Имронбек деб исм қўйдик.


— Фарзанднинг феъл-атвори илк кунлариданоқ билинади дейишади...

— Шу гапда жон бор. Катта ўғлимда ўзим ҳам роса инжиқ бўлиб қолгандим. Иккинчисида эса, тўғри келган овқатни еб, бемалол ишлаб юраверибман. Имронбек ҳали жуда кичкина бўлса ҳам, оғир- босиқ ва жуда сезгир.


— Катта ўғлингиз, укасини қандай кутиб олди?

— Ҳар доим боғчага кетишдан аввал “Қачон укам келади?” деяверарди. Бир куни боғчага кетаётиб, мени кўтариб олинг деб қолди. Унга “Ҳозир кўтаролмайман. Уканг бор” десам. “Укам қачон келади ўзи?” деб сўроққа тутди. Имронни ҳаммадан кўра у кўпроқ кутди (кулади). Кеча ёнимга келиб, “Ойи, энди боғчага мени ўзингиз кўтариб олиб борасиз-а?” дейди. Бу гапига ҳаммамиз кулиб юбордик. Ҳозирча укасидан мени қизғанганини сезганим йўқ. Илоҳим, доим шундай бўлсин.

— Иккита болага икки хил парвариш, кўпроқ эътибор керак бўлади. Ижод, оила, болалар тарбияси... Ҳаммасига қандай улгурмоқчисиз?

— Опа-сингилларим барака топишсин. Ҳар бир ишда менга кўмакдош бўлиб, доим ёнимда туришади. Опам Мунисани Комроннинг иккинчи онаси дейман. Мен ишда бўлганимда доим ўғлимнинг ёнида бўлади. Бир-бирларига ўрганиб қолишган, узоқроққа кетадиган бўлсам ҳам, улардан кўнглим тўқ. Имронбекни ҳам опамга ишониб топшириш ниятидаман. Касби — ҳамшира, шунинг учунми болаларни мендан яхшироқ тушунади, яхшироқ қарайди.


— Ҳомиладорлик даврингиз иш билан ўтди. Янги қўшиқлар, клиплар ва ҳатто концерт дастурларида чиқишлар қилдингиз...

— Янгиликлар билан мухлисларимни зериктирмасликка ҳаракат қилдим. Доим ҳаракатда бўлгим, ижодда сира танаффус қилгим келмади. Очиғи, уйда бекорчи бўлиб ўтиришни жуда ёмон кўраман. Шунинг учун ҳам турмуш ўртоғим ва маъмуримнинг ёрдами билан тинимсиз ишладим.

— Балки шоу бизнесдаги рейтингни ҳам ўйлагандирсиз...

— Бу гапингиз ҳам тўғри! Ҳозир рақобат кучли. Бугунги шоу бизнес қозонида “шақиллаб” қайнаб турмасангиз бўлмайди. Жим турсак, ютқазамиз.

— Энди қачон ишга қайтмоқчисиз?

— Албатта, қирқ кун болам билан уйда бўламан, чилла сақлайман. Сўнг секин-аста яна ижодга шўнғиш ниятидамиз. Лекин тингловчилар менинг кичик танаффусимни сезишмайди деб ўйлайман. Чунки олдиндан суратга олинган клиплар эфирга узатилиб туради.


— Яқинда Райҳон Ғаниеванинг концертида бирга дуэт куйладингиз. Ҳамкорлик таклифи кимдан чиқди?

— Дуэт ҳақида гапиришдан олдин Райҳон опа ҳақида икки оғиз сўз айтсам — у ҳамкасбларим ичида мен ҳурмат қиладиган, ҳавас билан қарайдиган инсонлардан бири. Жуда меҳрибон, очиқкўнгил ва мулойим. Биринчи фарзандимга ҳомиладор пайтимда Наврўз байрами репетициясида учрашиб қолганмиз. Менинг ҳолатимни кўриб, ўтирган ўрнидан туриб шу заҳоти жой берган, ўшанда об-ҳаво бироз совуқ эди. Енгил кийинганимни кўриб, уст кийимини ҳам ечиб берган. Пиджак менга кичкина бўлгани учун кия олмасамда, устимга ёпиб қўйганди. Уларнинг илтифотидан, меҳрибонлигидан жуда таъсирланганман. Ҳамкасбига шунчалик меҳрибон аёл уйдагиларига қанчалик эътиборли эканини англаб олиш қийинмас. Дуэтга келадиган бўлсак, қўшиқни Райҳон опанинг таклифи билан куйладик. Тадбирларнинг бирида учрашиб қолганимизда, “Зиёда, мен билан дуэт куйлашга нима дейсиз?” дедилар. Мен бажонидил қабул қилдим. Ҳамкорлигимиз айнан концерт олди бошланди. Менимча қўшиқ ёмон чиқмади. Лекин холис баҳони барибир мухлисларнинг ўзидан кутамиз.

— Сўнгги пайтларда қўшиқларингизнинг мавзуси жуда ранг-баранг. Оиладаги самимият, меҳр-муҳаббат ҳақида кўпроқ куйлаяпсиз...

— Агар сиз, тингловчилар буни шундай баҳолаган бўлсангиз, демак ўз мақсадимга эришибман. Назаримда, ҳар бир хонанда учун бу эътирофни эшитиш ёқимли. Қўшиқларим муаллифлари — Баҳодир Низомов, Умид Обидов ва Фурқат Бобожонов билан ҳамкорлигимиз ўзимга ҳам маъқул бўляпти. Улар таклиф қилган мавзуда, баъзида эса ўзимдан келиб чиқиб, мавзу танлаб куйлаяпман. Лекин ижтимоий тармоқларда жуда кўплар “Жим-жим” қўшиғимнинг тарихи билан қизиқди. Фурсатдан фойдаланиб, у саволларга ҳам жавоб бериб ўтмоқчиман. Бу қўшиқ шахсий ҳаётимга тааллуқли эмас. Қўшиқ ва клип орқали баъзи оилаларда учраб турадиган хиёнатни кўрсатишга ҳаракат қилдим, холос.


— Ижодингизни бошлаганингизда мумтоз қўшиқларни ҳам куйлагандингиз. Лекин сўнгги йиллардаги негадир фақат эстрада йўналиши билан чекланиб қоляпсиз.

— Мени қийнаётган мавзулардан бирига тўхталдингиз-ку. Ўзим ҳам шу нарсани ўйлаб юрибман. Сўнгги пайтларда шароитим туфайли енгил жанр билан чекланаётган эдим. Аммо шу йил албатта, мумтоз асарларга ҳам мурожаат этишни режалаштирганман.

— Овоз имкониятларингиз кенг, маҳоратингиз етарли. Ўзбек санъати билан хорижга чиқишни ҳеч ўйлаб кўрмаганмидингиз?

— Бу ҳақида ўйламаган ижодкор бўлмайди, аслида. Аммо ҳамма ўз шарт-шароитидан келиб чиқади. 2017-2018 йилда чет давлатларда концерт бериш учун музокаралар олиб бориляпти. Қайси давлатлар эканини эса ҳозирча маълум қила олмайман. Лекин хорижда ишлаш ҳақида жиддий ўйламаганман. Ҳозирча, бугунги ҳолатимдан кўнглим тўқ.


— Синглингиз хонандаликда ўзини синаб кўраётганини эшитгандик...

— Унинг овози яхши. Қўшиқ куйлаш қўлидан келади. Лекин дадам “Бир оиладан битта санъаткор чиқса, шунинг ўзи етади” деб бу соҳада ишлашига рухсат бермади. Келажакда агар дадам билан келишиб олса, балки яна хонандаликни давом эттирар, яна ким билади дейсиз...

— Яккахон концерт дастурингизни тақдим этмаганингизга ҳам икки йил бўлди...

— Менимча, икки йил концерт бермаслик учун узоқ муддат эмас. Бундан ташқари, бизлар учун вақт ажратиб концертга келганларни эсда қоларли дастур билан кутиб олишимиз шарт. Янги қўшиқ, клиплар устида ишлашни яхши кўрсам ҳам, концерт беришга кўп шошилмайман. Чунки мухлислар хонанда билан соғиниб-соғиниб учрашиши керак. Насиб қилса, 2017 йилли охиригача мухлисларим билан учрашиш ниятим бор.


— Вақтингиз тиғизлигига қарамай суҳбатга рози бўлганингиз учун раҳмат! Хонадонингизга келган янги меҳмоннинг қадами қутлуғ келсин! Куч ва ғайратингиз эса ҳеч қачон сўнмасин.

— Сизларга ҳам раҳмат. Яхши кунларимизда ёнимизда бўлганингиздан хурсандмиз.

Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Фарғонада болаларни мажбуран онага олиб бериш ижроси кутилмаган тус олди

13.12.2019, 19:35

Мажбурий ижро бюроси органларида давлат ижрочилари турли хил қизиқ воқеаларга ҳам гувоҳ  бўлиб қолишади. Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2019 йил 17 сентябрдаги ижро...
Машҳур хонанда 61 ёшида вафот этди

10.12.2019, 20:06

 Таниқли швед гуруҳи — «Roxette» солисти Мари Фредрикссон 61 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Швеция ОАВларига асосланиб хабар берилди.Dagens Nyheter нашрининг ёзишича, хонанда узоқ йиллар давомида саратон хасталигига...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1