1

​ЁЗ ТУГАЯПТИ, УЛГУРИБ ҚОЛИНГ!!!

СУҒДИЁНА 24.08.2017, 09:36
​ЁЗ ТУГАЯПТИ, УЛГУРИБ ҚОЛИНГ!!!

«Жуда исси-и-иқққ!!» деб нолисак, катталар «ғанимат» дейишади. Чиндан ҳам, юртимизда қуёшли кунлар кўп бўлишига қарамай, ёз бирпасда ўтиб кетгандек туюлади. Мана, учинчи ойнинг охирги ҳафталари ҳам келиб қолди. Ушбу ғанимат кунларда амалга оширадиган ишлар талайгина. Айниқса, биз аёлларда. Қуйида ёзнинг охирги кунларида улгуриб қолишимиз лозим бўлган асосий юмушларни санаймиз.

  • Уй таъмирини якунлаш. Ҳозир қурилиш ва таъмирлаш ишлари авж паллага чиққан, қурилиш моллари бозорида ҳам савдо қизиган. Кўпчилик ёз кунларида уй, ҳовлилар таъмирини амалга оширади. Таъмирни бошлаш бир, якунлаш минг жасоратдир. Ҳадемай салқин тушади, кунлар қисқаради, суртган бўёғингизнинг қуриши, ётқизган цементингизнинг жойлашиши учун вақт керак. Демак, отни тезроқ қамчиланг, хўжайинингизни шоширинг. Таъмирни тугатгандан кейин уйларни тозалаб, кўчиб кириш ва жойлашишга ҳам вақт керак-ку.
  • Мактаб бозори. Бу ҳам мавсумнинг асосий вазифаларидан бири. Болалар тез ўсади, баҳорнинг охирида кийган кийими кузгача кичкина кепқолади. Демак, янги ўқув формаси олиш керак. Устига-устак, портфель, ўқув қуроллари, спорт кийими ҳам зарур. Тадбирли бекалар мактаб билан боғлиқ ҳамма ҳаражатларни августгача тақамай, ёзнинг аввалги икки ойидаёқ, ҳали мактаб бозорида ур-сур бошланмай туриб ҳал қилишади. Агар бундай тадбиркорлик хаёлингизга келмаган бўлса, шошилинг, мактабгача икки ҳафта қолди. Аввало, зарур нарсалар рўйхатини тузинг. Ўқув қуроллари учун улгуржи бозорга бориш шарт эмас, чунки мавсумда у ердаги нархлар чакана бозорникидан қолишмайди. Агар ўн-ўн беш ота-она йиғилиб бир бозор қилсангиз, маълум фойда кўришингиз мумкин. Ундай бўлмаса, яқинингиздаги дўкондан зарур ўқув қуролларини олинг, 10 сентябрдан кейин мактаб бозори анча тинчланади, қолганини ўшанда харид қилсангиз ҳам бўлади.
  • Қишга банкалар ёпиш. Августнинг охири банкалар ёпиш мавсумининг очилишидир. Айни пишиқчилик, мева, сабзавотлар нархи арзон, улгуриб қолмасангиз, кўп ўтмай палаклар қурийди, мева-сабзавотлар нархи яна юқорига ўрлайди. Шу кунларда кечки малина, помидор, узум, бодринг, қўйингки, жаъми маҳсулотларни қишга ғамлаш керак. Аввало, банкаларни текшириб, саралаб олинг. Малина тез тугаб қолади, биринчи бўлиб уни шакарга бостиринг. Кейин қолганларига ўтсангиз бўлади. Помидорни сентябрнинг охири, бодрингни октябрнинг бошларигача банкаларга ёпиш мумкин. Ёпиш жараёнида стериллаш ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишни унутманг.
  • Гиламларни ювиш. Бизда май ойиданоқ гилам ювиш мавсуми бошланади. ҳозир бу хизматни таклиф қиладиган кимёвий тозалаш корхоналари ва хусусий ширкатлар кўпайиб кетган. Кармонингиз кўтарса, уларнинг хизматидан фойдаланинг, ҳам осон, ҳам қулай. Кўчага мағзава оқизиб қўшнилардан дакки ҳам эшитмайсиз. Бунга имконингиз бўлмаса, ўзингиз ювсангиз ҳам бўлади, фақат мағзаванинг оқиб кетадиган йўлини тайин қилиб қўйинг. Сентябрдан кунлар салқинлашгач, гиламларнинг қуриши муаммо бўлади.
  • Уй кўтариш. Албатта, гиламлар йиғиштириб олингач, уларнинг тагини артиб-суртиш керак. Қарабсизки, ка-а-а-ттта, умумий уй тозалаш, ойналарни ювиш ишлари кутиб турибди-да. Мактаб бошлангач, дастёрларингиз ўқишга кетиб қолади. Ҳозир улардан фойдаланиб қолинг.
  • Енгил кийимларни кийиб-кийиб олиш. Мода тез ўзгараётган бу замонамизда бу йил олган кийимингизни кейинги йил кийгингиз келмай қолади. Шундай экан, фалон пулга харид қилинган кўйлак, блузка, кофталарни асраб ўтирмай, кийиб-кийиб олинг. Яна бир ой қолди, кейин уларни йиғиштириб олиб қўйишингизга тўғри келади. Кейинги мавсумда эса ё қоматингиз, ё мода, ё дидингиз ўзгарган бўлади.
  • Чўмилиш. Қишлоқ жойларда ариқ-зовурлар, дарёлар, шаҳарда аквапарку бассейнлар ҳозир одамларга лиқ тўла. Жазирамада муздек сувда маза қилиб чўмилишга нима етсин? Бу кунлар ҳам ғанимат.
  • Болаларни чиниқтириш. Ялангоёқ юришсин, муздек сувда чўмилишсин, музқаймоқларга тўйишсин, офтобда тобланишсин. Буларнинг бари болажонлар учун қишда жуда зарур бўлган иммунитетни яратади, танани чиниқтиради. Фарзандингизни сузишга айнан ёз фаслида бериб ўргатиб олсангиз, қишда ҳам бемалол сузиш секцияларига қатнайверади.
  • Мавсумий мевалар ва сабзавотлардан тўйиб ейиш. Юзлаб банкалар ёпганингиз билан янги пишган сархил меваларни ғарчиллатиб еганга етмайди ҳеч бириси. Шунинг учун аввал ўзингиз тўйиб олинг. Ҳозир мева-сабзавотларнинг серқуёш ўлкамиз офтобида тобланиб пишиб, дармондориларга энг тўлган пайти. Улар пиширганда, банкаларга ёпганда ўлади. Шунинг учун еб-еб олинг. Ортганини юзингиз, қўлларингиз ва бўйнингизга чапланг, ниқоблар, суртмалар қилинг. Организмингизнинг витаминлар заҳирасини тўлдиринг.
  • Тоғларга чиқиш. Тоғлар тўрт фаслда ҳам чиройли, аммо ёзда барибир ўзгача-да. Тоғ мевалари ғарқ пишган, сувлар зилол бўлиб оққан, супаларда салқин шаббодада яйраб ўтириш — мана, сизга ҳақиқий ҳордиқ. Бир томонда шўрва қайнаяпти, бошқа томонда кабоб, болалар тарвузни тўйиб еб қий-чув қилиб чўмилишаяпти, сиз эса тоғ гуллари ва гиёҳларидан тераяпсиз. Яна икки-уч ҳафтадан кейин бунга имкон қолмайди.
  • Чегирмалардан фойдаланиш. Август «ёппасотти» (распродажа) мавсуми. Айни шу кунларда катта-катта дўконларда кийимлар ярим нархи, ҳатто 70 фоиз арзонлаштирилган баҳода сотилади. Тоза моллар, фақат янги мавсум учун дўкон пештахталарини ва савдодаги пулларни бўшатиш керак. Бу фойдали харид учун жуда қулай пайт. Ҳозир сотиб олган босоножкангизни кейинги ёз бошланишида ҳам кияверасиз.
  • Музқаймоқхўрлик қилиш. Ёз, бу — музқаймоқ дегани. Айниқса болажонлар учун. Еяверишсин, қўрқманг, бу иссиқда томоғига етиб бормаёқ илиб қолади. Қиш кунлари номини эшитсангиз, этингиз жунжикадиган бу ширинликка тўйиб олиш керак. Шунингдек, ёзги кафеларда кабоб тановул қилиш, истироҳат боғларига бориш, велосипед учиш, хуллас, энг иссиқ, энг меҳрга тўлиқ фаслнинг барча имкониятларидан лаззатланиш учун камгина фурсат қолди. Шошилинг.

Ҳа, айтганча…

Ўзбекнинг ҳаётидаги энг муҳим воқеа — тўйлар ҳам айнан ёзнинг охири ва кузда авж олади. Ҳозир тўрт фаслда ҳам тўй қилиш имконияти мавжуд бўлса-да, барибир, пишиқчиликда ноз-неъматларга тўла тўкин дастурхон атрофида ўтказилган тадбирлар, уларда айтилган дуолар бошқача-да. Шунинг учун ушбу асосий ҳодисани юқоридагиларга қўшиб санамай, алоҳида таъкидлаб айтаяпман. Тўй қилиб ва тўйларда яйраб ўйнаб олишга ҳам улгуринг. Қолгани бир гап бўларJ.

ШАҲИНА тайёрлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1