1

"Келдик, кўрдик, танишдик..." Ўзбек журналистлари "оdnoklassniki.ru фаолияти билан танишиб қайтишди

ДУНЁ 11.04.2018, 16:01
"Келдик, кўрдик, танишдик..." Ўзбек журналистлари "оdnoklassniki.ru фаолияти билан танишиб қайтишди

Бугунги кунда ҳаётимизни ижтимоий тармоқларсиз тасаввур қилолмаймиз. Статистик маълумотларга кўра Ер шари аҳолисининг 70 фоиздан ортиғи у ёки бу ижтимоий тармоқдан фойдаланади. Уларнинг аҳоли, айнқса ёшлар тарбиясига зарарли жиҳатлари хусусида бот-бот гапирилади. Аммо, тан олиш керак, бугун улар ҳар бир соҳада инсониятнинг кўмакчисига ҳам айланиб улгурди. Таъбир жоиз бўлса, ижтимоий тармоқ, умуман интернет худди оловга ўхшайди. У йўлимизни ёритади, уйимизни иситади, мушкулимизни осон қилади. Эҳтиётсизлик билан фойдаланиса, турли нохуш ҳолатларга ҳам сабаб бўлади.

29-30 март кунлари бир гуруҳ ҳамкасблар – етакчи нашрлар, интернет сайтлари вакиллари иштирокида ташкил этилган медиа-тур доирасида Москва шаҳрида амалга оширган сафармиз асосида ана шу масалалар диққатимиз марказида бўлди.

Екатерина Иккинчидан Гагарингача

Авваламбор, ҳар гал хорижий давлат, шаҳарларга борадиган бўлсак, у ердаги ўзгаришлар, янгиланишлар, жараёнларни атрофлича кузатишга, ўзимиздаги ҳолатлар билан солиштиришга ҳаракат қиламиз. Москва чиндан ҳам, дунёнинг энг йирик, ривожланган, гавжум ва гўзал шаҳарларидан бири. Барча йирик шаҳарларда бўлганидек, бу ерда ҳам биринчи навбатдаги муаммо – тирбандлик. “Домодедово” аэропортидан шаҳар марказигача бўлган 70 чақиримдан ортиқ масофани босиб ўтиш учун икки соатча йўл юришга тўғри келади. Бироқ, айрим шаҳарларидагидек машиналарнинг тинимсиз сигналларию ҳайдовчиларнинг бақир-чақирини деярли эшитмайсиз. Йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилинади.

Биз – ҳамроҳлар шаҳарнинг тарихий обидаларидан бири бўлган “Петровский путевой дворец” (Петр йўл бўйи саройи) ҳудудидаги меҳмонхонада жойлашдик. 1776-1780 йилларда Екатерина II нинг буйруғига биноан қурилган бу муҳташам иншоот Чор Россияси пайтида жуда кўп тарихий воқеаларнинг гувоҳи бўлган.

Александр Сергеевич Пушкин ўзининг “Евгени Онегин” поэмасида мазкур тарихий обидани алоҳида таърифлаб ўтган:

Мана ўша Петр қалъаси,

Бир маҳаллар шонга қорилиб,

Маъюс ва тунд турибди бугун...

Михаил Лермонтов ҳам бир муддат қаср хоналаридан бирида истеъқомад қилганди. Маълумотларга кўра, бу қасрда Александр Биринчи, Николай Иккинчи сингари императорлар иштирокидаги расмий маросимлар ўтказилган, фотиҳ Наполеон ҳам 1812 йилда Москвадан қайтаётиб, бир неча кун тунаб қолган.

Не-не машҳур шахслар, хорижий элчилар, давлат арбоблари бу саройда тўхтаб ўтишган. Собиқ тузум даврида Жуковский номидаги Ҳарбий ҳаво академияси жойлашган бу иморатда бир пайтлар буюк космонавт Юрий Гагарин ҳам яшаган. Не бахтки, ана шундай машҳур тарихий шахсларни кўрган бу тарихий мажмуа ҳудудида бир кун тунаб қолиш бизга ҳам насиб этган экан.

“Шаҳарнинг гўзаллигини қаранглар!”

Медиа-тур ташкилотчилари белгилаган кун тартибига кўра, тушдан кейин Москванинг юраги – Қизил майдонга саёҳат уюштирилди. Мана, биз, ниҳоят бир пайтлар (керак бўлса ҳозир ҳам) дунё сиёсатининг марказий нуқталаридан бўлган Кремль биноси қаршисидамиз. Майдонда дунёнинг турли ҳудуларидан келган, турли миллат, дин ва ирққа мансуб сайёҳларни учратамиз.

Март ойи охирлаб, Ўзбекистонда кўпчилик енгсиз кийимларни ихтиёр этган бир пайтда Қизил майдонда қалин қишки кийимларда сайр этяпмиз.

Ташкилотчилардан бири – “Одноклассники.ру” тармоғининг матбуот котиби Сергей Томилов бизга Қизил майдон ва ундаги тарихий иншоотларнинг ўтмиши, бу ерда юз берган воқеа-ҳодисаларни завқ-шавққа тўлиб сўзлайди. Бир қарашда унинг интернет технологиялари соҳаси ходими эмас, билимдон тарихчи, сўзамол гид деб ўйлаш мумкин.

ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Қизил Майдон ҳақиқатан ҳам Россиянинг ўтмиши ва бугуни туташган ҳудуд. Бу ерда жойлашган Қозон жомеси, Кремль некрополи, Василий Блаженний ибодатхонаси, Минин ва Пожарский ёдгорлиги, Марказий универсал магазин, тарих музейи – барча-барчаси ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин.

Беихтиёр Москва кўчаларини кезаркансиз, машҳур совет фильмининг бош қаҳрамони – ХХ асрдаги Москвага келиб қолган Шоҳ Иван Грознийнинг фахр ва ҳайрат билан айтган гаплари ёдга тушади: “О, шаҳарнинг гўзаллигини қаранглар!”

71 миллион “синфдошлар”

Ташкилотчилар нафақат Ўзбекистондан, балки Беларусь республикасидан ҳам журналистларни чақиришган экан. Кечки овқат пайтида, дастурхон устида тадбир ташкилотчиларига ахборот бозоридаги шиддатли кураш ва бу майдонда яшаб қолиш зарурати хусусида сўз юритилди.

“Одноклассники.ру” ҳам бугуги кунда “Фейсбук”, “Телеграм”, “Твиттер”, “Ватсапп” сингари мессенжер ва ижтимоий тармоқлар орасида ўз ўрнига эга. Тармоқ вакилларининг айтишича, Тармоқнинг ойлик аудиторияси 71 млн кишига тенг. Маълумотларга кўра, тармоқ фойдаланувчиларининг асосий қисми – 30%га яқинини 26-30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Ўзбекистонда эса, бу кўрсаткич бироз фарқли: яъни фойдаланувчиларнинг тенг ярми 25-35 ёш оралиғидаги инсонлардир. Ўзбекистонлик фойдаланувчилар ўз салмоғига кўра, МДҲ давлатларида Беларусь ва Қозоғистондан кейинги учинчи ўринда туради.

Албатта, ташкилотчиларнинг мақсади аён: ўз фойдаланувчилари сонини янада ортиришни, қамров доирасини кенгайтиришни исташади. Бунинг учун улар барча имкониятларини ишга солишмоқда. Янги-янги контентлар, хизмат турлари, ҳатто тармоқ ичида янги мессенжер очишмоқда.

Ахборот майдонидаги кураш

Mail.ru деганда беихтиёр кўпчилик ўзи деярли ҳар кун ишлатадиган электрон почтани кўз олдига келтиради. Сир эмас, МДҲ ва шарқий Европа давлатларида аҳолининг аксарият қисми қисми ушбу почта хизматидан фойдаланади. Миллионлаб фойдаланувчиларга эга бўлган ОК ижтимоий тармоғи ҳам бевосита ушбу компаниянинг лойиҳаси ҳисобланади.

Шахсан мен, Mail.ru group компанияси Москва марказидаги 26 қаватли муҳташам бинони бутунлай эгаллаб олгани, у ерда 2 мингдан ортиқ ходим ишлашини тасаввур қилолмасдим. Компания вакиллари билан учрашув айнан ушбу бинонинг 23-қаватида ташкил этилди.

Компания вакиллари – ОКнинг стратегик маҳсулотларни ривожлантириш бўйича директори Семён Боярский, бизнесни ривожлантириш бўйича директор Алексей Кашеваров, ОК матбуот котиби Сергей Томилов ва бошқалар бугунги ахборот маконида ижтимоий тармоқларнинг ўрни, мазкур тармоқнинг келгусидаги иш режалари, янги лойиҳалар ва медиа-маҳсулотлар, ахборот бозорига чуқурроқ кириб бориш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида батафсил сўз юритишди.

Мен эса, соҳа вакилларидан анчадан бери ўзимни қизиқтираётган бир саволни беришдан ўзимни тутиб туролмадим:

–Бугун ижтимоий тармоқлар турли бузғунчи ғоялар, ақидапарат кучларнинг ҳам асосий қуролига айланмоқда. Турли террористик гуруҳлар ёшларни айнан ушбу тармоқлар орқали жалб этишмоқда. Компания вакиллари бу ҳақда ҳам жиддий ўйлаб кўришганми? Ана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун бирор жиддий чоралар кўриляптими?

-Албатта жуда долзарб мавзудан сўз очдингиз, - деди ташкилотчилардан бири Сергей Томилов. – Ижтимоий тармоқлардан қора ниятли кучлар ҳам фаол фойдаланаётгани жуда ачинарли ва бу албатта бизни ҳам ташвишга солади. Аммо, миллионлаб аккаунтларни бирдек кузатиб бориш, айниқса шахсий ёзишмаларни назорат қилишнинг имкони йўқ. Шунга қарамай, фойдаланувчилар бирор саҳифада диний ақидапарастлик, сепаратизм, бузғунчилик ғояларига йўғрилган материалларни пайқаб, хизмат марказимизга мурожаат қилишса, албатта ўша саҳифани блоклаймиз. Аммо, бундай кимсалар ўз саҳифаларида ҳар доим очиқ-ошкора тарғибот ишларини олиб боришмайди. Бундай ишлар одатда шахсий ёзишмалар орқали бажарилади. Шу боис, энг аввало фойдаланувчиларнинг ўзида фикрий иммунитет бўлиши, оқни қорадан, яхшини ёмондан ажратиши лозим.

Яна кўришгунча, Москва!

Албатта икки кун Москва билан танишиш, у ҳақда тўлақонли тасаввур ҳосил қилиш учун етмайди. Шаҳарда эртаю кеч ҳаёт қайнайди. Бу ерда маълумотларга кўра, 12,5 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Албатта, улар орасида ҳамюртларимиз ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

Сафар асносида шу ерда ризқини териб юрган, яшаётган, ўқиётьган, меҳнат қилаётган бир қанча ҳамюртларимзин учратдик. Улар билан суҳбатлвашиш асносида ҳар бирининг юз-кўзларида Ватан соғинчини ҳис қилдик. Тўғри Москва чиндан ҳам бетакрор шаҳар. Бу шаҳар қайсидир жиҳатдан бизга қадрдондек туюлади, қайсидир томондан эса, бегонадек.

...Ниҳоят сафаримизнинг иккинчи куни яна ортга, аэропортга қайтяпмиз. Бизга бириктирилган ҳайдовчи – “Мостакси” вакили жуда киришимли йигит экан. Томиридан арман қони оқаётганини фахр билан таъкидлаб ўтган ҳайдовчи йўл-йўлакай Москванинг ўзига хосликларини уқтиришдан чарчамайди. Ўзимиз экранда кўриб ўрганган тасвирлар – “Останкино” минораси, “Москва-Сити”нинг осмонўпар иншоотлари, Москва Давлат университети – барчаси бирма-бир ўтиб бораверади.

Ва ниҳоят биз яна аэропортдамиз. Ҳа айтганча, аввал ҳам бу ҳолат бўлганми-йўқми билмадим, лекин аэропортда Тошкент ва Москва орасида қатнайдиган рейслар ҳақидаги маълумотлар ўзбек тилида ҳам эълон қилинаётганидан алланечук ғурурланиб кетдик.

Хуллас, икки кунлик сафар таассуротларга жуда бой бўлди. Уларнинг бир қисминигина Сиз билан бўлишдик холос!

Рустам Жабборов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1