1

Қорақалпоғистонда тўйлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди

ЖАМИЯТ 29.05.2018, 22:44
Қорақалпоғистонда тўйлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев оилавий маросимларни тартибга солиш, уларни исрофгарчилик ва дабдабага йўл қўймасдан, шинам тарзда ўтказиш бўйича бир неча бор топшириқлар берган эди. Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам оилавий тадбирларни ўтказиш йўналишида шаклланган ўзига хос урф-одат ва анъаналар аҳоли иштирокида ўрганиб чиқилди. Жўқорғи Кенгеснинг қарори эълон қилинди, деб ёзади ЎзА.

Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа муассаса ва идораларга, давлат ва нодавлат ташкилотларга тўй-ҳашамлар, оилавий маросимлар ўтказилишини тартибга солиш билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиб чиқиш топширилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бошлиғининг диний-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Нурилла Жамалов:

– Халқимизда «биров тўнгиб сакраса, биров тўйиб сакрайди» деган доно гап бор. Бундай дабдабабозликнинг сабаби ҳам тўйингандан, деб ўйлайман. Исрофгарчиликнинг ҳам уволи бор. Ўйламасдан қилаётган ишимизнинг бир куни жавоби ҳам бор. Мисол учун, бир вақтлар сув сероб бўлиб, мева-чева, нонимиз ҳам кўп бўлди. Лекин, шу вақтлари ноннинг ахлат орасида ётганининг кўп гувоҳи бўлардик. Собиқ иттифоқ вақтида ҳукуматда ишлайдиганларга давлат томонидан ҳар ойда озиқ-овқатлар бепул берилар эди. Нон, гўшт ва бошқа маҳсулотларни еб улгурмай, ортиб қолса, ҳовлининг чеккасига кўмадиганлар ҳам бўлди. «Унақа қилиб исроф қилгунингча, қўшниларинга берсанг бўлмайдими» десам «Йўқ, мен берсам, насибам унга ўтиб кетади» деб жавоб берганларни ҳам учратдик. Бу ишлар учун ҳам жазо олдик, аҳолимиз бир неча бор сувсизликни бошидан кечиргани, чигирткаларнинг кўпайиб кетиб етилишиб турган ҳосилни йўқ қилгани бекор эмас. Ҳозирги вақтда энг катта ютуғимиз – тинчлигимиздир. Биз шу тинчлигимизнинг қадрига етмай тўйиб сакрамоқдамиз.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Маҳаллалар Кенгаши ёшлар ташкилоти етакчиси Азиз Халмуратов:

– Тўй ва бошқа маросимларимиз қадриятларимизнинг кўзгуси. Шундай экан тўй-базмларнинг, маросимларнинг ихчам, халқнинг манфаатларини, миллий қадриятларимизни ва урф-одатларимизни ҳисобга олган ҳолда ўтказилишини таъминлаш керак. Ёшларимиз ўртасида ушбу тушунчани сингдириш мақсадида тарғибот ишларини олиб бормоқдамиз.

Ишларимиз ўз натижасини бериб, шундай маросимларимизнинг тартибли, исрофгарчиликсиз ўтказилишига эришмоқдамиз. Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Улар эртанги кунимизнинг эгалари эканлигини ҳисобга олсак, биринчи навбатда ёшларни тўғри йўлга солиб, обод келажакни қуриш йўлини кўрсатишимиз керак.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси Айжамал Нуржанова:

— Ҳар қандай қиз вояга етиб, оқ кўйлак кийишни орзу қилади. Умрида бир марта бўладиган бахтли куннинг эсда қоларли бўлишини хоҳлайди. Ёнидаги тенгдошлари, дўстларидан кам бўлгиси келмай, дабдабали тўйнинг тўрида ўтиришни ҳавас қилади. Лекин, бир кунлик тўйнинг кейини бахтсиз турмуш, ҳатто, ажрашувлар билан якунланаётганининг кўп гувоҳи бўлмоқдамиз. Тўғри, ота-оналар ҳам фарзанди учун борини сочади. Болаларим бахтли бўлар, деган умидлар билан тўй қилади. Шундай бўлса ҳам, катта тўй-базмлар уларнинг бахти учун кафолат бўлмайди. Барчаси ёшларнинг бир бирини тушиниб, тотув яшашига боғлиқ.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош штабининг катта инспектори, майор Мурат Мирзамуратов:

– Тўйларимизни фойдасиз урф-одатлардан холи ўтказишимиз даркор. Тўйларда урф бўлган «гулянка» сабабли қанчадан қанча фуқароларимиз жисмоний ва моддий зарар кўрмоқда. Тўғри, шунинг орқасидан рўзғорини тебратаётган ҳайдовчилар ҳам бор. Лекин, ҳар қандай қинғир ишнинг парчаси чиқади. «Гулянка»да автомобиль бошқариш таваккал иш, кунларнинг бирида автоҳалокат билан якунланади. Сабаби бир-икки соатлик «қидиришма» учун тўй эгалари айрим пайтларда ҳар бир автомашинага 500 АҚШ долларигача пул тўламоқда.

Менимча, «гулянка»ни умуман йўқ қилиш керак. Бунинг учун дастлаб ушбу мақсадда йўлга чиққан автомашина бошқарувчисини бир неча йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш ва автомашинани автотранспорт қўйиш майдончасига жойлаштириш керак. Ҳозирги вақтда қўлланилаётган ҳайдовчига жарима солиш чораларимиз натижа бермаяпти, аксинча жаримадан қутилиш мақсадида аввалгидан ҳам қимматроқ нархда тўйларга кўпроқ буюртма олмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1