1

19 ёшда турмуш қуришга ҳам, ажрашишга ҳам улгурди

ЖАМИЯТ 06.07.2018, 17:33
19 ёшда турмуш қуришга ҳам, ажрашишга ҳам улгурди

Ўзбек киноижодкорлари томонидан суратга олинган "Чимилдиқ" фильми ёхуд шу асар спектакли кўпчиликнинг қалбидан жой олган. Ўшанда ёш келин момосига: "Ўқимоқчийдим, шоира бўлмоқчийдим...", деб ёзғиради, йиғлайди.

Алам билан айтилган бу сўзларда катталарнинг қарорига норозилик, ўз мақсадини уларга уқтира олмагани акс этган.

Ривожланиб бораётган, ёшларга кенг имконият ва шарт-шароитлар яратилаётган, эрта турмушнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунтириш-тарғибот ишлари мунтазам олиб борилаётган бугунги кунда ҳам бу каби иллатлар намоён бўлиб турибди.

«19 ёшдаман. Шу ёшда турмуш қуриб, ажрашишга ҳам улгурдим. Ўқитувчи бўлишни истаганман. Мактабни аъло баҳолар билан битиргач, ота-онам ўзим хоҳлаган коллежда ўқишимга рухсат бермади. Онам турли баҳоналар қилиб, дарсларга юбормас, китоб-дафтарларни ҳам дугоналаримдан олардим. Икки синглим ва битта укам бўй чўзиб келаётганини баҳона қилишарди. Ўқишнинг турган-битгани харажат эканини такрорлашдан чарчамасдилар. Аслида эса қизларни узатиш масаласи ўртага чиққанда қўша-қўша мебеллар, сарполар қилиш ҳақида ўйлашарди. Мени унаштиришди. Сарпо-суруғи жойида бўлган “ўзига тўқ келиннинг” тўйи ҳақида етти маҳалла эшитди. Аммо ҳеч ким менинг орзуларим, ўй-хаёлларим, ёшим билан қизиқмади.

Куёв ҳам мендан атиги икки ёш катта эди. Биз олти ой бирга яшадик. Бунга менинг оилага тайёр эмаслигим, ғўрлигим, тажрибасизлигим сабаб, деб биламан. Аммо турмуш ўртоғимнинг қатъиятсизлиги, оила боши бўлиш, уни тебратиш, муроса қилишни билмаслиги ҳам турмушимиз бузилишига олиб келди. Биз иккимиз ҳам турмушнинг “мушт”ларига ҳали тайёр эмаслигимиз, катталарнинг эса кўзи бойликни кўриб, фақат пул ҳақидаги гапларни эшитгани тақдиримизга салбий таъсир кўрсатди».

Бу сурхондарёлик Лайло Аъзамхўжаеванинг катталарнинг шошқалоқлик билан қилган хатоси, ўзининг эса ёшлик қилганидан пушаймони.

У ҳозирда отасининг савдо объектида сотувчилик қилмоқда. Агар катталар фарзандларининг орзу-истаклари, ўй-хаёллари билан озгина қизиқишганида, фақат ўзим ҳақман, деган шошқалоқ ва хато фикрдан йироқ бўлганида эди бугун икки инсон ҳаёти бу қадар мураккаблашмаган бўларди. Улар аламзадалик, ҳаётдан норозилик кайфияти ўрнига шодон ва бахтиёр оила қуриш имкониятига эга бўлиши мумкин эди.

Ота-она фарзандининг камолини кўриш, уларнинг бахту саодатига шерик бўлиш учун туну кун меҳнат қилади, елиб-югуради. Афсуски, орамизда фақат ўз сўзини тўғри, хатти-ҳаракатларини эса оқилона ва одилона деб ўйлайдиган катталаримиз ҳам бор. Бундай феъл-атворга эга оила бошилари эса ўз фарзандларининг бахтсизлиги, кўнгли ўксик бўлишига сабабчи бўлмоқда.

Ўқимишли, ҳунарли, мустақил фикрга эга, оиласида бахтли тенгдошларини кўриб, Лайло каби қизларнинг кўнгли бузилмайдими? Нотўғри қарор асосида оила қурган, аммо уни сақлаб қолишга ҳам сабр-қаноат, куч, имконият топа олмаган шундай йигит-қизларнинг келажаги нима бўлади? Уларнинг ҳаммаси ҳам ўз йўлини топиб кета оладими?

– Ўғлимни 18 ёшида ўзи истаган қизга уйлантирдик, – дейди Миробод туманида яшовчи Сайёра Эргашова. – Келиним иккиси тенгдош. Ақлли, эсли-ҳушли, чаққонгина. Аммо у биринчи ҳомиласидан ажралгач тушкунликка тушиб қолди. Ўзини қўлга олиши қийин кечди. Ўғлим билан тез-тез тортишар, жаҳли чиққанида ўз жонига қасд қилиш даражасигача борарди. Бир ўлимдан қолди. Бошида мен ҳам бу жиддий эканини англамабман. Аммо кетма-кет уч ҳомиласидан айрилди. Сўнг руҳшунос ва шифокорлар ёрдами билан соғлом ҳаётга қайтди. Шундагина бу ёш турмуш қургани билан боғлиқ эканини, ўзини эркин, мустақил тута олмаган ёш келинимни оиламизга мослашиши қийин бўлганини билдим.

Мутахассисларнинг фикрича, эрта турмуш қуриш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳдан ногирон фарзандлар туғилиши, бепуштлик каби нохуш оқибатлар кўп ҳолларда муқаддас оила қўрғонининг бузилишига олиб келади. Оила қуриш, турмуш аравасини тортишга тайёр бўлмаган икки ёш соғлом фарзандларни ҳам дунёга келтира олмайди, оиланинг бахтиёр ва мустаҳкам бўлиши ҳам гумон.

Скрининг текширувлари натижалари шуни кўрсатмоқдаки, болалардаги турли хил аномалиялар, айниқса, асаб тизими ва генетик нуқсонлар айнан қариндошлар ўртасидаги никоҳ туфайли юзага келмоқда. Бугунги даврда кўпчилик эрта турмуш, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини билади. Аммо бу менга тегишли эмас, деган хато фикрни олға суради. Натижада носоғлом фарзандлар дунёга келади, оилалар ўртасида совуқчилик пайдо бўлади, ёш келин-куёв руҳий тушкунликка тушади. Оилалар барбод бўлади.

Қизлар, аввало, бўлғуси она, насл давомчилари. Шубҳасиз, қиз бола соғлом, билимли, замонавий касб-ҳунар эгаси бўлса, у қурадиган оила ҳам, бу оиланинг меваси бўлмиш бола ҳам соғлом ва бахтли бўлади. Оила соғлом ва бахтли бўлса, бутун жамият барқарор ва фаровон ривожланади. Шундай экан қизларни касб-корли қилиш, уларни ҳаётнинг аччиқ-чучугига тайёрлаш, масъулият борасида йигитларни ҳам тўғри йўлга бошлашни бугунги даврнинг ўзи талаб этмоқда.

– Юртимиздаги барча олий таълим муассасаларида ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари билан ҳамкорликда «Қизларжон» клуби ва «Ёш оила мактаблари» фаолият олиб боради, – дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги "Маънавият ва маърифат" маркази мутахассиси Шаҳло Аҳророва. – Клуб ва мактаб томонидан ташкил этиладиган тарғибот-ташвиқот тадбирларида малакали профессор-ўқитувчилар билан бирга “тенгдош-тенгдошга” лойиҳаси доирасида ташаббускор, билимли, муваффақиятларга эришаётган қизлар ҳам фаол иштирок этади. Бу тадбирлар самарани бермоқда. Аммо таълимнинг қуйи бўғинларидаёқ айни жиҳатларга эътибор қаратиш лозим. Олий таълим тизими даврида йигит-қизларни хулқий назорат қилиш мумкиндир, аммо мактабнинг юқори синфида, коллеж ва лицей даврида эрта никоҳ масалаларига жиддий ёндашиш муҳим, деб ўйлайман.

Бугунги кунда фарзанднинг келажаги учун энди фақат ота-онанинг ўзигина эмас, балки таълим муассасаси, маҳалла, керак бўлса бутун жамият жавобгардир.

Катталар бугун “фарзандим турмуш қуришга тайёрми?” деб, ёшлар эса ўзидан “оила қуришга тайёрманми?” деб қайта-қайта сўраши лозим. Шундагина тўғри фикр юзага чиқади. Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзалдир.

Барно Мелиқулова, ЎзА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1