1

Юз йил аввал қурилган жадид мактаби тикланади

ЖАМИЯТ 24.07.2018, 10:16
Юз йил аввал қурилган жадид мактаби тикланади

Ҳолвойи маҳалласида юз йил аввал қурилган эски жадид мактаби бор.

Асосчиси Саидаҳмад Сиддиқий Ажзий бўлиб, у жадидчилик ҳаракатининг пешқадам вакилларидан эди. Бугунгача маърифатпарвар шоир асос солган мактаб эътибордан четда қолиб келаётганди.

Яқинда салкам вайрона ҳолга келиб қолган мактаб биносини асл ҳолича тиклаш ишлари бошланди. Тўрт хонадан иборат тарихий бино тўлиқ рес­таврация қилиниб, Ажзий меросини ўзида жамлаган музейга айлантирилади.

ХХ асрнинг бошларида "Зарафшон" номли кутубхона ҳам эл орасида анча шуҳрат топган. Ҳолвойидаги мазкур кутубхонада Россия, Қрим, Кавказ, Тбилиси, Макка ва бошқа шаҳарларда чоп этилган нодир китоблар жамланган бўлиб, уларни шоирнинг ўзи хорижга қилган сафарлари чоғида келтиргани маълум. Эски жадид мактабининг бир қисмида ана шу кутубхона ҳам қайта тикланади.

Таниқли олим, профессор Бегали Қосимов 1989 йилда Ажзийнинг жадидчилик фаолиятини тадқиқ этиш учун ушбу мактабга ташриф буюради. Аянчли аҳволни кўргач, борини сақлаб қолиш, музейга айлантириш ҳақида туман мутасаддилари ва аҳолига мурожаат қилганди. Бу ҳақда "Шарқ юлдузи" журналида "Шоир хотирасини излаб" номли мақола ҳам чоп этилган.

Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган Озод Шарафиддинов, Ботирхон Валихўжаев каби таниқли олим ва ижодкорлар мактабга келишган, таклиф ва ташаббус кўрсатишган. Ибрат мероси Наманганда қандай қадр топган бўлса, Ажзий мактаби ҳам Самарқанд илмий-адабий муҳити ривожига катта ҳисса қўшган маскан сифатида қадр топишга ҳақли, деган эди Бегали Қосимов.

Бугун орадан йиллар ўтиб, ана шу орзулар амалга ошаётгандай.

– Ёшим 82 да, бошланғич билимни шу мактабда олганман, – дейди Ҳолвойи маҳалласи фаоли Жума Абдукаримов. – Бино уруш ва урушдан кейинги йилларда икки марта таъмирланди, холос. Нураб кетган хоналарда 2000 йилгача дарс ўтилган. Олимлар келган йили эсимда. Мактабнинг аҳволи ҳақида ёзилган мақолаларни ўқиганмиз. Ўзим ҳам йигирма йилдан бери шу жойни музейга айлантириш ташвишида елиб-югураман. Бормаган, мурожаат қилмаган жойим қолмади. Ажзийнинг набираларига маслаҳат солдим. Кенжаси Феруза Сиддиқова ҳам тўрт йил аввал оламдан ўтди. Бинони асраб қолишда уларнинг ҳиссаси катта бўлди. Аммо асосий режамиз амалга ошмай қолаётганди. Ниҳоят, бу ишга эваралари бош қўшадиган бўлишди.

– Бобомиз Саидаҳмад Сиддиқийнинг мероси бизда қарийб сақланмаган, – дейди шоирнинг эвараси Баҳодир Баҳронов. – 125 йиллик юбилейида мактабга топширганмиз. Ҳозирча, кимларнинг қўлида экани номаълум. Таъмирлаш ишларига акамиз сармоя ажратди. Бинонинг ташқи фасадини тиклаш жараёни кетмоқда. Fиштидан тортиб, томигача асл ҳолига қайтариляпти. Насиб қилса, икки хонаси ҳозирги 19-умумтаълим мактаби ихтиёрига ўтказилади. Жорий ўқув йилидан 40-50 нафар бошланғич синф ўқувчилари тарихий мактабнинг замонавий ўқув хоналарида таҳсил оладилар.

Қурилиш ишлари якунлангач, музейни экспонатлар билан бойитиш керак бўлади. Шоир, публицист, таржимон, мунаққид, маориф ходими сифатида фаолият юритган Ажзийдан бой маънавий мерос қолган. Қолаверса, мактаб ва жадидлар фаолиятига алоқадор китоблар, ўқув қуроллари, асбоб-ускуналар кимларнингдир қўлида сақланиб қолган бўлиши мумкин. Уларни тўплаш, музейга келтиришда олимлар, педагог ва маориф ходимлари қаторида кенг жамоатчилик жонбозлик кўрсатади, деган умиддамиз.

Ажабмаски, Ажзийнинг ўзи ёзганидек, узоқ йиллик интизорликдан сўнг, тарихий мактабга яна нур, зиё қайтса:

Ватан харобасин ислоҳина интизоридаям,

Бу интизорима бир интизордир боис...

Шерзод Исоқулов,

"Жомбой тонги" мухбири.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1