1

Озарбайжон Ўзбекистоннинг давлат хизматлари соҳасидаги тажрибасини ўрганмоқда

ЖАМИЯТ 15.01.2019, 15:25
Озарбайжон Ўзбекистоннинг давлат хизматлари соҳасидаги тажрибасини ўрганмоқда

Адлия вазири Русланбек Давлетов мамлакатимизга Ўзбекистоннинг давлат хизматлари тизимини йўлга қўйиш ва унинг фаолияти, аҳоли билан ишлашни ташкил этишга доир тажрибасини ўрганиш, шунингдек соҳадаги инновацион ёндашув борасида тажриба алмашиш мақсадида ташриф буюрган Озарбайжон Президенти ҳузуридаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инновациялар Давлат агентлиги – «ASAN» хизмати делегацияси билан учрашди. Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Томонлар халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик, давлат хизматлари соҳасида қўшма тадбирларни ташкил этиш, хусусан, Агентлик ва давлат хизматлари марказлари ходимлари учун тренинглар ўтказиш, давлат хизматлари кўрсатиш, Менторшип (мураббийлик) дастури бўйича курслар ва стажировкаларни ташкил қилиш йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича давлатлараро ишчи гуруҳ ташкил қилиш масалаларини муҳокама қилди.

«Озарбайжон делегацияси республикамизнинг ҳар бир туманида ташкил этилган давлат хизматлари марказлари фаолиятига юксак баҳо берди. Бу марказларда фуқароларга 100 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилаётгани, ҳозирги вақтда давлат-хусусий шериклик асосида минтақаларда давлат хизматлари марказларининг замонавий бинолари қад ростлагани, олис ҳудудлар аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида «мобиль» ёки кўчма давлат хизматлари кўрсатиш тизими жорий этилгани уларда катта қизиқиш уйғотди»,-дейилади хабарда.

Учрашув якунлари бўйича томонлар давлат хизматлари соҳасидаги инновацион ёндашувлар бўйича тажриба алмашишни янада кенгайтиришга келишиб олди. Ўзбекистон салоҳиятини ўрганиш ва «БМТнинг давлат хизматлари тақдим этиш соҳасидаги мукофоти», «ASAN ISESCO» мукофотлари каби халқаро мукофотларга сазовор бўлиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқиш зарурати қайд этилди.

Озарбайжон делегацияси ташрифи 17 январга қадар давом этади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги раҳбарияти билан учрашувлардан ташқари Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига саёҳат ҳам кўзда тутилган. Меҳмонлар Бухоро шаҳридаги Давлат хизматлари маркази ва Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси фаолияти билан танишади.

Маълумот учун, «ASAN» аҳолига 11 та вазирлик ва бошқа ташкилотларнинг 300 дан зиёд хизматларини тақдим этувчи ташкилот ҳисобланади. 2012-2018 йилларда ташкилот томонидан 6 млн. фуқаронинг 25 млн.дан ортиқ аризаси кўриб чиқилган. Бугунги кунда Озарбайжонда «ASAN» хизматининг 15 та маркази фаолият юритиб, уларнинг 5 таси Боку шаҳрида жойлашган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1