1

Руҳий ва жисмоний тазйиқ: Ўтган ўқув йилида мактабларда нималар содир бўлди?

ЖАМИЯТ 15.06.2019, 13:41
Руҳий ва жисмоний тазйиқ:  Ўтган ўқув йилида мактабларда нималар содир бўлди?

“Мактаб ўқувчиси ўз синфдошини пичоқлаб қўйди”, “Синфхонада қизлар ўртасида муштлашув бўлди”, “Ўқитувчи ўз ўқувчисини ҳақоратлаб калтаклади...” Ўтган ўқув йили мобайнида ўнлаб шу каби хабарларни эшитдик. Бундай нохуш ҳолатлар ҳали вояга етмаган ўғил-қизлар томонидан содир этилгани нечоғлик ёмон бўлса, илм ўчоғи, дея аталмиш таълим муассасаларининг ўзида юз бергани шу қадар даҳшатдилидир.

Тўғри, дунёнинг турли давлатларида айнан мактаб ва коллежларда содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар бундан-да даҳшатли. Ўз ўқитувчиси, синфдошлари ёхуд мактабдошларига қурол ўқталиб, уларнинг умрига зомин бўлган ўқувчи-қотиллар ҳақида хабарлар оммавий ахборот воситалари шарофати билан бизгача етиб келди. Хўш, нега бу каби ҳодисалар рўй беради? Мактаб партасида ўтирган, бу бино остонасидан илм олиш учун ҳатлаб кирган болакай қачон руҳий-эмоционал эврилишлар гирдобига тушиб қолиб, юқоридаги каби ишларга қўл уради? Нега буни ҳеч ким пайқамайди? Умуман, таълим муассасаларида тарбияси, ахлоқи, руҳий ҳолати оғир ёхуд оғирлашиб бораётган ўқувчилар билан ишловчи тизим мавжудми?

Бу саволларга жавоб топиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази юртимизнинг бир неча вилоятларидаги умумтаълим мактаблари ўқувчи ва ўқитувчиларини қамраб олган тадқиқот ишларини ўтказди.

Суҳбат ва сўровлардан аён бўлдики, боладаги салбий хатти-ҳаракат ва қарашларнинг илк куртаклари унинг атрофдагилар билан бўладиган муомаласида, дарсларни қолдириши, уй вазифаларини тайёрламаслиги, дарслардан қочиши, ўқитувчининг топшириқ ва буйруқларига бўйсунмаслигида намоён бўлади. Буларни ўқитувчи пайқамайди, дейсизми? Пайқайди, аммо афсуски аксар ҳолларда боланинг кўнглига қўл солиб, муаммонинг асл илдизини топиш ўрнига, “икки” қўйиш билан таҳдид қилиш, ҳамманинг олдида уялтириш, ҳақоратлаш ва камситиш каби “чора”ларни кўради. Буни аноним сўровномада қатнашган ўқитувчиларнинг каттагина қисми тан олганлиги ҳам тасдиқлайди.

Тадқиқотда иштирок этган ўқувчилар ҳам ўз ўрнида ўқитувчилари ва синфдошлари томонидан оилавий аҳволи, моддий ҳолатига шама қилиб айтилган ҳақоратлар ва танбеҳларни бошдан кечиришларини, бундан ғазаб ва нафрат ҳисларини туйишларини сўзлаб беришди.

Мана, танганинг икки томони. Бир ёқда эътибор, ғамхўрлик, меҳр ва тўғри тарбияга муҳтож ўқувчи-бола бўлса, иккинчи томонда педагогик маҳорат ва жонкуярликка тўла эга бўлмаган, қоғозбозлигу текшир-текширлардан зада бўлган, бир ўзи 30-40 нафар болани қамраб ва бўйсундириб олишнинг имконини қила олмаётган ўқитувчи...

Келинг, тадқиқот хулосаларига назар ташласак. Ўқитувчилар берган жавобларга кўра, таълим муассасаларида зўравонликка кўпроқ: носоғлом оилавий муҳитда ёхуд иқтисодий жиҳатдан ночор оилада катта бўлаётган, ночор кўпчиликнинг олдида ўзини тутишни билмайдиган, камгап, қўрқоқ, ақлий ёки жисмоний нуқсонлари бўлган болалар дучор бўлмоқда.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, мактабларда синфдошлар, бошқа синф ўқувчилари ва ўқитувчилар ўртасида тизимли, яъни тез-тез рўй берадиган низоли ҳолатлар мавжуд. Боз устига, психологик ва жисмоний босим, тазйиқ натижасида низоли ҳолатлар муштлашув ва ҳатто пичоқбозликкача бориб етади.

Бу биргина тадқиқот кўрсатган хулосалар холос. Асл ҳолатга чуқурроқ кириб борилса, бунда нафақат ўқувчи ва ўқитувчи, балки ота-она, маҳлла-кўй ва ҳатто давлатга бориб тақалувчи жиҳатлар борлигини англаб етиш мумкин. Ўйлаймизки, янги ўқув йили олдидан бу каби муаммоларни атрофлича таҳлил қилиш, илдизларини топиш ва уларга ортиқ йўл қўймаслик чораларини топишга етарлича фурсат бор.

Бобур Элмуродов, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1