1

Қувада "Тез ёрдам"га қўнғироқ қилган фуқаро шифокорга "Уйга ёлғиз кирасан!" деб талаб қўйди

ЖАМИЯТ 05.02.2020, 16:01
Қувада "Тез ёрдам"га қўнғироқ қилган фуқаро шифокорга "Уйга ёлғиз кирасан!" деб талаб қўйди

Гап бошидаёқ айтиб қўйсак: шифоркор соғ-саломат, унга тан жароҳати етказилмаган, бироқ воқеалар ривожи зўравон ўйлаганидек ривожлангандами... ўх, оқибатини тасаввур қилишнинг ўзи қўрқинчли!

Энди бир бошдан.

Ўтган йилнинг 29 ноябрь куни қоқ пешинда Қува тумани «Тез тиббий ёрдам» бўлимига (ТТЁБ) Ю.Олим деган шахс (1966 й. т. судланган)  келиб, хотини ва фарзандининг мазаси қочиб қолгани, зудликда ёрдам кўрсатиш кераклигини айтади. Ю.Олим спиртли ичимлик таъсирида эди, бироқ «Тез ёрдам»дагилар мурожаатчининг хушёр ёки маст эканига қараб ҳаракатга тушармиди?!

Дарҳол  Ю.Олим билан бирга йўлга тушилди.

Айтилган манзилга келинсаки, хонадонга қулф экан! Ҳолат шубҳалими? Балли. Шу боис ТТЁБ шифокори Т.Муҳаббат (исм-шарифлар ўзгартирилди) ичкарига ёлғиз эмас, ҳайдовчи И.Икром билан бирга киражаги айтади. Бироқ бунга Ю.Олим рози бўлмайди: шофёринг кирмайди, бир ўзинг кирасан!

Шифокорнинг шубҳаси ҳайдовчига ҳам ўтди: бир эмас, иккита касал бор дейилаётган хонадон қулф, устига устак, ичкарига фақат шифокорнинг ўзигина кириши талаб қилинмоқда?!

Ҳайдовчи машинадан тушади: дўхтир билан бирга кираман!

Яна рад жавоби янграйди: йў-ўқ, сен кирмайсан, дўхтирнинг бир ўзи...

Вазият қанчалар шубҳали ва таранг бўлмасин, шундаям шифокор муросага боради: хўп, майли, ҳайдовчи ичкарига кирмайди, қўшнилардан бирортасини чақирайлик, улар ҳамроҳ бўлсин менга...

Бироқ қўшнини чиқаришга улгурмайди. Шифокорни ёлғиз ичкарига киритилмаганидан жазавага тушган Ю.Олим  аввалига тош билан «Тез ёрдам» ойнасини чил-чил синдиради, камига ҳайдовчининг ҳам юзига (тош билан) уриб, хушидан кетказади...

...Кейинроқ, ҳолат юзасидан суриштирув ишлари ўтказилганда маълум бўладки, Ю.Олимнинг на хотини, на фарзандининг мазаси қочган,  ўша куни уйида ростдан ҳам ҳеч ким йўқ, умр йўлдоши болалари билан Андижонга — қариндошининг тўйига кетган экан...

«Тез тиббий ёрдам»га ўз оёғи билан бориб, шифокорни уйига чақиришдан муддо не эди? Хизмат машинасига зарар етказиб, камига ҳайдовчини тош билан уриб, хушидан айриган Ю.Олимга қандай чора кўрилди?

Шу ва шу каби саволларга жавоб топмоқ ниятида жиноят ишлари бўйича Қува туман судига мурожаат қилинди.  Туман жиноят судида бундай иш кўрилмаганини билгач, суриштирувлар давом эттирилди. Аён бўлдики, Ю.Олимга нисбатан жиноят эмас, балки маъмурий ҳуқуқбузаликка оид иш қўзғатилган экан?! Ажаб, ёлғон маълумот беришдан ташқари ҳайдовчини ҳақоратлаб, камига тош уриб, хушидан кетадиган даражада жароҳат етказган, устига устак, давлат мулки бўлган машина ойнасини чил-чил қилган шахс наҳот жиноий эмас, маъмурий жавобгарликка тортилса?

Қува туман маъмурий суди раиси Азизбек Жумаев (Ю.Олимга нисбатан қўзғатилган) маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш судга келиб тушганини тасдиқлади. Бироқ «дело»ни прокуратурага қайтариб юборибди.

Сабаб?

Суд раисига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланаётган шахс хатти-ҳаракатларида жиноятлар аломатлари бор деган хулосага келинди, асос шу.

Демак, «дело» суддан ўтмаган, аксинча, судда «синибди». Мавжуд ҳолатларга қайта  суриштирув ва тергов жараёнида янада ойдинлик киритилар, қолаверса, олдинда яна суд бўлиши эҳтимолиям катта. Энди бу ёғи вақт ҳукмидаги масала...  Шундай экан, ёзувларга нуқта қўйсакми?

Йўқ, тил учида турган бир-икки мулоҳазаларни айтмасак бўлмас.

Шифокорга  бўлаётган турли кўринишдаги тажовузлар кўпаётгани бор гап. Озмунча саломатлик посбонлари жабр чекдими, чекмаяптими? Бирининг бурни синган, яна кўзидан мосуво бўлган... Тажовузларда ҳатто ҳамшира қизлар қочиб қутулаётгани йўқ. Бироқ уларнинг муҳофазаси, самарали ҳимояси масаласининг ҳуқуқий асослари ҳамон муаллақ турибди. Илдамлаш керакдай...

Иккинчидан, Ю.Олимга нисбатан очилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш суддан «синиб» қайтгани-ку, кўнгилда шубҳа устига шубҳа туғдиради. Ички ишлар ходими жиддий  суриштирув ўтказганми ўзи?  Яққол жиноятга тортиб турган ҳолатни «рандалаб-андавалаб», «маъмурий»га айлантиришдан мурод не? Бунинг сабаби пофессионал салоҳиятга бориб тақладими ёки профессионал ҳалолликка?! Ҳудудда жиноятчиликни камайтиришга  сунъий уринишнинг ҳосиласимикан бу ё?!

Хуллас, саволлар кўп. Улар орасидаги биттаси эса хаёлда айлангани-айланган: «Тез тиббий ёрдам» шифокорини алдаб уйга чақиришдан асл мақсад нима эди? Ҳеч ким йўқ бўлган хонадонга «ёлғиз ўзи кирсин», дея оёқ тираб олиш-чи? Нима дейишниям билмайсан, киши.  «Ичкари»да шифокор  сергўшт димлама билан меҳмон қилинмас эди — шуниси аниқ!

Шифокорлар муносабат шу даражага тушиб қолдими?!

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1