1

Ҳоким ташрифи: "Татар" қишлоғи аҳолиси бундай эътибор кўрмаган эди (фото ва видео)

ЖАМИЯТ 02.03.2020, 18:04
Ҳоким ташрифи: "Татар" қишлоғи аҳолиси бундай эътибор кўрмаган эди (фото ва видео)

Хабарингиз бор, Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев йилни вилоятнинг энг чекка ҳудудларига ташриф буюришдан бошлаган эди. Хусусан, Шаҳрисабз туманининг олис “Сарчашма” қишлоғига бўлган ташриф бир нечта қилинган хайрли амаллари билан ёдда қоларли бўлди.

Бу сафар ҳоким манзили Яккабоғ туманидаги “Татар” қишлоғи бўлди.

Даставвал, мазкур учрашув қишлоқ кексалари ҳолидан хабар олиш ҳамда муаммоларини ўрганишдан бошланди. Кекса авлод вакиллари томонидан 27 га яқин таклиф ва истаклар билдирилди.

“Татар” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ўнта қишлоқларда хонадонма хонадон юриб, сайёр қабуллар ўтказилди. Сайёр қабулларда билдирилган мурожаатлар ечими бўйича амалий ишлар йўлга қўйилди. Хусусан, Татар қишлоқ фуқаролар йиғини Нов қишлоғи ҳудудидан ўтувчи 4К286 “Яккабоғ-Самоқ-Татар” автомобиль йўлининг 22 км даги сув ўтказиш қувурини қайта қуриш ишлари учун 1360,0 млн сўм маблағ ажратилади, ишлар 2020 йил 3-чоракда якунланади.          

“Татар” МФЙ ва Самоқ МФЙ ҳудудларини боғловчи 4К286 “Яккабоғ-Самоқ-Татар” автомобиль йўлининг 16-29 кмлари оралиғида 3 км қатнов қисмини картасимон таъмирлаш ишлари учун 600,0 млн сўм маблағ ажратилиб, таъмирлаш ишлари 2-чоракда амалга оширилади. Татар МФЙ Татар қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи сой йўлида ўрнатилган сув ўтказиш қувури қум-шағал аралашмаси биланмустаҳкамланди, қатнов қисми кегайтирилди. Сел сувларидан зарар кўрадиган Татар МФЙ га қарашли Ширинбулоқ қишлоғи ҳудудидаги ички йўлини сел сувларидан ҳимоя қилиш учун 300 метр сел йўлини очиш, қатнов қисмида очиқ лоток (брод лоток) қурилиши режалаштирилди. Шу билан бирга Ўтказилган сайёр қабул давомида эҳтиёжи бор оилалар аниқланиб, маиший газ баллонлари тўлдириб, тарқатилди. Алоҳида оила бўлиб ажралиб чиққан 32 та янги хонадонларга маиший газ баллонлари берилди. 

Аҳолининг тиббий саломатлигини яхшилаш мақсадида вилоят ва туман марказидан келган малакали мутахассислар иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳам ўтказилди. Шу куни фуқароларнинг  дехқон қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини инобатга олиб, келиштирилган нархда ярмарка ташкил этилди. 

Зиёлилар, айниқса ёшларнинг китоб ўқишлари ва бу орқали маънавий олами яхшиланиши режалаштирилиб, ҳудуддаги 68-сонли мактаб биносида “Халқ кутубхонаси” очилди. Кутубхонага 2000 та бадиий, илмий-оммабоп, чет тилларини ўрганишга бағишланган китоблар жамланмаси тақдим қилинди.

Шундан сўнг “Қашқадарё вилояти раҳбарлари ва ёшлар”, “Қўмондон ва ёшлар” учрашувлари ўтказилди. Унда Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ва ЖҒМҲО қўмондони ёшлар билан замонавий шароитда ватнапарварлик тарбиясини янада юксалтириш мақсадида мулоқот қилди. Вилоят ҳокими ватанпарварлик дунёдаги энг олий туйғу эканлигини, ватанпарвар кишигина мамлакат равнақи, халқ фаровонлиги, юрт тинчлигига улкан ҳиссадор бўлишини таъкидлади. Ўз навбатида Қўмондон ҳам юрт тарихини билган, мустақил фикрлайдиган инсон Ватан манфаатини ҳамма нарсадан улуғ тутиб, унинг учун ҳар нега киришишлигини, ана шундай инсонлар бор эканки, Ватаннинг хавфсизилиги кафолатланганлиги ва албатта, шу орқали юрт келажаги буюк бўлишини айтиб ўтди. Шундан сўнг, Ҳоким ва Қўмондон билан суҳбатлашган ёшлар, ватанпарварлик, она юрт ҳимояси, тарихи бўйича самимий фикр алмашишди. Ҳарбий кўргазмада намойиш этилган техникалар ва қурол аслаҳалар ёшларда ҳарбий хизматга қизиқиш ва интилишни кучайтиришда яна бир дастак бўлди.

Алоҳида аҳамиятлиси вилоят раҳбарлари қишлоқ аҳли ва ёшлар билан ёнма ён ватанпарварликни тарғиб этувчи миллий кинофильмни ҳам томоша қилди.

Шунингдек, учрашувларда ёшлар томонидан бир қатор муаммо ва таклифлар билдирилди.

Вилоят раҳбарлари ҳудуддаги мактаблар шарт-шароитлари билан ҳам танишди. Шунингдек, жонкуяр, ўқувчиларга сифатли таълим бераётган мактаб ўқитувчилари ва директорлари рағбатлантирилди. Ижтимоий ҳимояга мухтож оила фарзандлари бўлган 55 нафар болаларга кийим-бош берилди.

Бу хайрли ишга вилоят раҳбарлари, халқ қабулхонаси, банк ва вилоят ташкилоти раҳбарлари ўз ҳиссасини қўшишди.

Кун қорайгач вилоят ҳокими идоралар раҳбарлари билан хонадонма хонадон юриб, совуқ кунларда қишлоқ аҳолисига илиқлик улашди. 

Раҳбарлар гуруҳларга бўлиниб қишлоқдаги кам таъминланган, кекса ва бемор бўлганлар холидан хабар олишди. 40 нафар оилага ун, ёғ, гуруч, шакар, макарон ва иссиқ чойшаблар тарқатиб чиқишди. Уларга тиббиёт ходимлари ҳам ҳамроҳ бўлишиб, тиббий хизматлар ҳам кўрсатилди. Кексалар холидан хабар олиш вақтида уруш фахрийсининг кўчасида 1941-1945 йиллар хотираси акс эттирилди. Фахрийнинг бундан кўнгли кўтарилди. Кекса билан самимий суҳбат қурилди.

Кеч тушишига яқин тадбир яна 68-сонли мактабнинг кенг майдонига қайтди. Кун давомида ташкил қилинган ҳарбий, рассомчилик, миллий ҳунармандчилик кўргазмалари, тиббий кўрик ва ярмаркалар ўз ўрнини маданий тадбирга бўшатиб берди. Бир томонда шоирлар, лапарчилар, қўшиқ навочилари учун саҳналар қурилди. Майдон марказларига гулҳанлар ўрнатилди. Бу эса кун қорайгач анча вақтга татигулик шодиёна бўлишидан дарак берди. Узоқ яқиндан хабарини олган мингдан ортиқ қишлоқ аҳли бир майдонга тўпланди.

Ҳарбий оркестр иштирокида концерт дастури шубҳасиз, аъло бўлди. Мардонавор қўшиқлар, саҳналаштирилган қўл жанги кўринишлари, ҳарбий сафлар ёшлар қалбида ватанпарварлик ҳиссини яна бир карра юксалтирди. Вилоятимизнинг машҳур хонандалари томонидан куйланган шўх қўй –қўшиқлар эса барчани рақсга чорлади. 

Концерт дастури миллий лапарлар, мушоираларга уланиб кетди. Лапарлар, гитара садосидаги жонли қўшиқлар гулхан атрофига жам бўлиб, мириқиб тингланди. Шеъриятга ошно инсонлар томонидан жаранглаган, айниқса халқ шоири Абдулла Ориповнинг мусиқий равонлик ва бадиий соддалик акс этиб турган шеърлари кечага ўзгача тус берди.

Тожикистон Республикаси билан чегарадош қисмида жойлашган Сарчашмадан сўнг, навбатдаги манзил Татар қишлоғи ҳам олам-олам таасуротлар ва эзгу амалларга бой бўлди.

Икки кундан иборат мазкур хайрли амаллар ва катта тантанага айланган ҳоким ташрифи ҳақида клипмейкер Умид Нормуратов томонидан тайёрланган ролик орқали янаям яхшироқ билиш мумкин.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1