1

Ўзбекистон фуқароси коронавирусга чалингани маълум бўлди

ДУНЁ 14.03.2020, 23:42
Ўзбекистон фуқароси коронавирусга чалингани маълум бўлди

Жанубий Кореяда коронавирусга чалинган шахсларнинг 60 нафари чет эл фуқаролари бўлиб, улардан камида бир нафари ўзбекистонликдир. Бу ҳақда Кореянинг Newsis портали хабар бермоқда, дея ёзди "Дарё". Ўзбекистон фуқаросида касаллик қачон аниқлангани, унинг жорий аҳволи ва қаерда экани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳолат бўйича ахборот бермаган.

Ушбу хабар Жанубий Кореядаги ўзбекистонликларнинг интернетдаги гуруҳларида муҳокамаларга сабаб бўлган. «Бемор ҳақида батафсил маълумот олсак, кейинроқ ёритишга ҳаракат қиламиз», дейилади Кореядаги ўзбек талабаларининг умумий Telegram-каналида.

Жанубий Кореядаги коронавирусга қарши кураш бўйича тузилган марказий штаб маълумотларига кўра, мамлакатдаги коронавирусга чалинган чет эл фуқароларининг 38 нафари хитойлик, етти нафари эса АҚШ фуқароси.

Бундан ташқари, Мўғулистон, Вьетнам, Аргентина, Австралия, Таиланднинг икки нафардан, Индонезия, Япония, Польшанинг бир нафардан фуқаролари ҳам Жанубий Кореяда коронавирусга чалинган.

Аввалроқ Россиянинг Тюмень шаҳрига касалланган хитойлик талаба қиз билан бир самолётда келган уч ўзбекистонлик коронавирус гумони билан касалхонага ётқизилгани, бироқ уларда вирус топилмагани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга доир: Россияда касалхонага ётқизилган уч нафар ўзбекистонликда коронавирус аниқланмади

Шундай қилиб, Жанубий Кореяда Ўзбекистон фуқаросининг коронавирус юқтириб олгани ҳақидаги маълумот — бу Ўзбекистон фуқаролари орасида ушбу касалликка чалиниш билан боғлиқ илк тасдиқланган ҳолатдир.

Маълумот учун, Ўзбекистонда шу кунгача коронавирус билан касалланган беморлар қайд этилгани йўқ.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси мамлакатда бўлиб турган ўзбекистонликларни Ватанга қайтиш тўғрисидаги қарорларини жиддий ўйлаб кўришни тавсия қилиб, Жанубий Корея ҳукумати илғор тиббиёт технологиялардан фойдаланган ҳолда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўраётганини, касаллик аниқланган тақдирда чет эл фуқароларига ҳам даволаш билан боғлиқ бепул малакали тиббий хизмат кўрсатилиши кафолатланганини маълум қилган эди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1