1

"Бизга елкадош бўлаётганларга "Саховатли ишларингизнинг ажрини кўринг, кам бўлманг” деймиз". Зойир Мирзаев воҳаликларга мурожаат қилди

ЖАМИЯТ 24.03.2020, 19:43
"Бизга елкадош бўлаётганларга "Саховатли ишларингизнинг ажрини кўринг, кам бўлманг” деймиз". Зойир Мирзаев воҳаликларга мурожаат қилди

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев айни пайтда Ўзбекистонда бўлиб турган эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, воҳаликларга мурожаат қилди:

"Қадрли юртдошлар, воҳамиз фуқаролари!  

Коронавирус инфекциясини тезроқ бартараф қилиш, карантин даврида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида вилоят комиссияси томонидан бир қатор тадбирлар белгиланди.

Жумладан, йўловчи ташиш транспорти қатновига босқичма-босқич чеклов киритилмоқда.  

Бугундан бошлаб деҳқон бозорларидан ташқари барча бозор ва савдо комплекслари  фаолияти чекланади.

Умумий овқатланиш корхоналари, кафе, бар ва тўйхоналар фаолияти тўхтатилади.

Фуқароларнинг кўпчилик (2 кишидан ортиқ) бўлиб тўпланиши, тиббий ҳимоя восита - ниқобсиз юришларига йўл қўйилмайди. Шунингдек, эҳтиёж бўлмаганда кўчага чиқмаслик тавсия қилинади. Айниқса, кекса ёшли кишиларнинг уйдан ташқарига чиқиши мақсадга мувофиқ эмас.  

Шу ўринда, истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида фойдаланилган электр энергияси ва газ учун барча тўлов тизимлари ҳамда банкларнинг мобил иловалари орқали уйдан чиқмасдан туриб тўловларни амалга оширишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Мазкур синовли кунларда халқимизга ҳар томонлама ёрдам бериб, саховатларини аямай мурувват қўлини чўзаётган, хайрли тадбирларни амалга ошираётган қашқадарёлик тадбиркор ва ишбилармонларга,  бағрикенг инсонларга самимий  миннатдорчилик билдирамиз.  

Бу борада ўрнак кўрсатаётган “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси вилоят бўлими вакилларига, Республика маънавият-маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатовага, дехқонободлик тадбиркорлар Барно Холиқулова ва Сожида Эшматовага, чироқчилик тадбиркор Ғанишер Жалоловга ҳамда Қарши шаҳридаги “Мағзон” маҳалласи раиси Самандар Зиёдовларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.  

Тошкентда таълим олаётган фарзандларимизни тезлик билан олиб келиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб ва уларни беталофат манзилларига етказиишда муносиб ҳисса қўшган -  вилоят транспорт  бошқармаси ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси раҳбарларига, вилоятдаги йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланувчи тадбиркору ҳайдовчиларга катта раҳмат деймиз.  

Шунингдек, бозорлар ва савдо комплексларида туну кун меҳнат қилаётган, халқимизга сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бераётган, қанчалик қийин бўлишига қарамасдан нарх-навони барқарор ушлаб туришда жонбозлик кўрсатаётганларнинг, яъни савдо комплекси ва бозорлар раҳбарлари, сотувчилар, қассоб ва нонвойларнинг меҳнатини юксак қадрлаймиз.

Ўз ҳаётини хавфга қўйиб бўлса-да, аҳоли саломатлигини сақлаш, карантиндаги юртдошларимиз учун кунни – кун, тунни - тун демасдан қайғураётган ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИнинг фидокорона меҳнатлари олдида таъзим қиламиз, уларга яратгандан куч-қувват ва сабр-бардош тилаймиз.  

АЗИЗ ВОҲАДОШЛАР! Яратганнинг инояти билан бу синовли кунлар, албатта, ортда қолади. Бизга елкадош бўлаётган инсонларга “Саховатли ишларингизнинг ажрини кўринг, кам бўлманг” деймиз. Ўз соғлиги учун қайғураётган ва ёнидаги инсонларни асраш учун камарбаста бўлаётганларни қанча эътироф этсакда кам.  

Биз бир ёқадан бош чиқариб, елкама-елка бўлиб, албатта, ҒОЛИБ бўламиз! Ўзингиз ва яқинларингизни асранг!"

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1