"Даракчи" - Тарих
"Бутун олам кафтдек намоён" шиори билан 1996 йил 15 майда аввал рус тилида "Даракчи плюс", 3 йил ўтиб, 1999 йил 21 мартда эса ўзбек тилида "Даракчи" номи билан СТВ телекомпанияси муассислигида чоп этилган газеталар Ўзбекистон матбуотида туб бурилиш билан майдонга кирди. Ҳар иккала газета ҳафтада бир марта – пайшанба куни сотувга чиқади.
"Даракчи" газетасининг илк сони 1000 нусхада чоп этилган.
Газета илк фаолиятида ўқувчиларига шов-шувлар, машҳур ёзувчиларнинг ҳеч қаерда чоп этилмаган асарлари, ҳикоялари, санъат вакиллари билан эксклюзив интервьюлар ва кўнгилочар материаллар билан етиб борган. "17 ёш ва ундан катталар", "Суҳбатдош", "Мозий бисотидан сирлар", "Энг чиройли табассум", "Қишлоқдаги ҳангомалар" каби рукнлар билан ҳам ўқувчилар меҳрини қозонган.
"Даракчи" ўзбек матбуотининг энг катта тиражли нашри ҳисобланади. 2000 йиллар бошларида газета адади қарийб 200 000 нусхани ташкил этган ва 2005 йилда рекорд даражага – 244 000 нусхага қадар кўтарилган. Газета нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни давлатларда ҳам ўқувчиларига эга бўлган. Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, ҳатто Россия сингари мамлакатларда ҳам "Даракчи" тарқатилган.
2010-2011 йилларда мазмун мундарижасини яна ҳам бойитиб, оммабоплигини оширган. Айни шу йилларда Ўзбекистоннинг ўзида "Даракчи" адади республика бўйича 166 000 нусха, пойтахтда эса 66 000 нусхани ташкил этган. 2012 йилдан бошлаб газета ижтимоий-сиёсий йўналишларга кўпроқ эътибор қаратган.
Ижтимоий-сиёсий ёндашувлари сабаб "Даракчи" бугунги кунда "халқ билан ва халқ ичида" мақсади билан фаолият олиб бормоқда. Хусусий нашр сифатида давлат органлари масъулларидан тортиб, маҳаллий ҳокимлик органи вакилларигача халқ олдида очиқ-ошкора маълумот беришини таъминлашга муваффақ бўлган.
Кўплаб зиёлиларимиз "кўпгина расмий газеталар камчиликлардан кўз юмиб, асосан “мислсиз ютуқларимиз” ҳақида бонг урган замонларда ҳам, “Даракчи” жамиятдаги муаммоларни очиқ-ойдин ёритиш учун куч топа олган"ини эътироф этишади. Шунинг учун ҳам мажбурий обунага қарши кураш кенг тус олиб, “Даракчи” босма нашрлар орасида ўз ўрни ва аудиториясини сақлаб қолди.
"Даракчи" илк чиқишидан бугунги кунга қадар 1000 дан ошиқ сонлари чоп этилган. Бир йилда 52-53 та сон ўқувчилар қўлига етиб боради. Илк нашрдан буён ҳозиргача ўқувчилар қўлига етиб борган "Даракчи"нинг барча сонлари умумий адади 200 млн. дан ошади. Газетада шу пайтгача чоп этилган барча материалларни битта китобга жойлаш имкони бўлганида, бу "китоб"нинг ҳажми 70 минг бетдан ошар эди. Газета айни пайтда 64 саҳифада чоп этилмоқда.
Илк фаолиятдан бугунги кунга қадар нашрни 7 нафар бош муҳаррир бошқарган:
- Анвар Намозов
- Дилшода Матчонова
- Юлдуз Ҳошимова
- Рустам Жабборов
- Дилфуза Собирова
- Барно Мадалиева
- Манзура Бекчонова
"Даракчи" нафақат ўқувчилари, балки унда фаолият кўрсатган юзлаб ходимлар учун ҳам ўзига хос мактаб вазифасини ўтади. Илк бор шу таҳририятда иш бошлаб, қалами чархланган кўплаб ижодкорлар бугун турли соҳаларда, масъулиятли вазифаларда фаолият юритишмоқда. Газета ижодкорлари орасида давлат мукофоти олганлар ҳам бор. Улар қуйидагилардан иборат:
- Садоқат Аллаберганова
- Сардор Раҳмонқулов
- Фарида Эгамбердиева
- Карим Зарипов
- Алия Сулайманова.
Газетада фаолият олиб борган журналистлар орасида бугунги кунда давлат ташкилотларининг ахборот хизматларида фаолиятини давом эттираётганлар ҳам йўқ эмас. Улар орасида Дилфуза Собирова, Лайло Рустамова ва Садоқат Аллаберганова бор.
Ушбу нашр бугунги кунда 64 саҳифада 50 дан ортиқ рукнларда аҳолини қизиқтирган 100 лаб турли йўналишдаги мавзулар, савол-жавоблар билан ўқувчиларга қўлига етиб бормоқда. Газета 50 яқин экспертлар ва 100 га яқин чет муаллифлар билан ҳамкорлик қилади. Адлия вазирлиги ҳузуридаги "Мадад" нодавлат нотижорат ташкилоти ва Рақобатни ривожлантириш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги билан ҳамкорлик Меморандумлари имзолаган.