my5
Sevimli

Мандаринлар тўкилиб ётадиган шаҳар, куёвлар беллашуви сабаб яратилган муҳташам театр ёхуд "Гладиатор" қаҳрамонига айланиш сири. Бу маскан қаерда? (фотосаёҳат)

ДУНЁ 01.02.2021, 23:36
Теглар: Фото, Анталия, фотосаёҳат, Аспендос, Перга
Мандаринлар тўкилиб ётадиган шаҳар, куёвлар беллашуви сабаб яратилган муҳташам театр ёхуд "Гладиатор" қаҳрамонига айланиш сири. Бу маскан қаерда? (фотосаёҳат)

Аввал хабар қилганимиздек, Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун Истанбул, Анталия ва Каппадокия шаҳарларига «Пандемия шароитида туризм» лойиҳаси доирасида навбатдаги саёҳат уюштирилди. Қарийб бир ҳафтадан бери бўлиб ўтаётган тур Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Маданият ва туризм  бўлими томонидан ажойиб назорат остида олиб борилмоқда. Пандемия даври, карантин тартиб-қоидалари инобатга олинган тарзда ташкил этилган саёҳатнинг эсда қоларли манзилларидан бири бутун дунё сайёҳларининг севимли маскани Анталияда бўлди.

Эски шаҳар, мевали боғлар ёки "Гладиатор" қаҳрамонига айланиш сири

Анталия — тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар. Унинг бир томони дунёдаги энг ривожланган шаҳар кўринишини берса, бошқа бир гўшаси эса сизни беихтиёр тарихга қайтаради. Ана шундай тарихий масканлардан бири Туркиянинг жанубий қисмида, Анталиядан 35 км узоқликда жойлашган қадимий Аспендос шаҳри. Тарихда Аспендоснинг яратилиши билан боғлиқ афсоналар мавжуд: шаҳарга Троя урушидан кейин фолбин Мопс ёки Полипет томонидан асос солингани ҳикоя қилинади. Шаҳар денгиз қирғоғидан 16 км узоқликда қурилган. Ўз даврида шаҳар форслар, ундан сўнг Македонский томонидан бошқарилган. Милоддан аввалги II асрда римликлар қўлига ўтган шаҳар ўзининг энг юқори чўққисига чиқади ва Памфилиянинг 3 та йирик шаҳарлари қаторига киради. 

Яхши иқлим ва қулай жой шаҳарнинг жадал ривожланишига ва унинг энг йирик савдо марказларидан бирига айланишига ёрдам берган. Дарё бўйида порт ташкил этилган ва яқин атрофда зайтун боғлари ва узумзорлар барпо этилган. Ҳозир ҳам шаҳарга ташриф буюрар экансиз, ўзингизни қадимги дунёга тушиб қолгандек ҳис қилиш билан бирга дарахтларда шиғил бўлиб, пишиб ётган мандарин, апелсин ва лимонлари бор бепаён жаннатмакон боғда юргандек ҳис қиласиз. Буни эса Ўзбекистонда ёз мавсумида олча, ўрик, олхўри ва олмаларнинг ғарқ пишиб, ерга тўкилиб ётиши кўринишига қиёслаш мумкин. 

Бизга ҳамроҳлик қилган гиднинг сўзларига кўра, Византия империяси даврида шаҳар харобага айланган. ХIII асрнинг бошларида шаҳар Салжуқийлар томонидан забт этилган ва кейинчалик бузилиб кетган ва охир-оқибат ўз фаолиятини тўхтатган. Бугун бу ерда ўша давр билан боғлиқ ҳар бир тош ва ҳар бир кўриниш ўз ҳолида сақлаб қолинган. Бу эса нафақат Туркия тарихи билан боғлиқ, қолаверса, дунё тарихининг бир қисми ҳисобланади.  

Аспендос театри куёвлар беллашуви маҳсулими?

Аспендоснинг диққатга сазовор жойларидан бири бу яхши сақланиб қолган Рим театри. Театрга киришингиз билан сиз ўзингизни барча севиб томоша қилган "Спартак" ёки "Гладиатор" фильмлари саҳналарига тушиб қолгандек ҳис қиласиз.

Театрнинг қурилиши билан боғлиқ ажойиб афсона бор экан: шаҳар қиролининг Белқиз деган жуда чиройли қизига иккита меъмор уйланишни орзу қилади. Қирол шаҳарнинг энг муҳташам биносини тезда қурган одамга қизини беришини маълум қилади. Куёвлар дарҳол ишга киришади: бири театр, бошқаси сув ўтказгич қурган. Иккала қурилиш ҳам қиролга жуда ёқади ва Белқисга иккиси ҳам уйланиши мумкинлигини таклиф қилади.

Сув ўтказгичнинг яратувчиси ушбу таклифга рози бўлади, аммо иккинчи меъмор бундай келишувга рози бўлмай, севгилисидан воз кечади. Шунда қирол театр яратувчиси қизини чиндан севишини тушуниб, қизини унга беради. 

Ана шундай афсоналарга эга  бир неча асрлик Аспендос театри ҳозиргача деярли ўз холида ва ўта маҳобатли кўринишда сақлаб қолинган. Шу ўринда қўшимча қилиш керакки, гиднинг маълум қилишича, бу бутун дунё атагани каби амфитеатр эмас, театр экан. 

"Амфитеатр айлана шаклда бўлади, бу эса ярим айлана шаклда", дея изоҳ берди Илханбей. 

Ҳар бир тоши сақланган шаҳар

Одамни ҳайратга соладиган яна бир маскан — Анталиянинг бир қисми бўлган Аксу минтақасининг шимолий-шарқий қисмида жойлашган қадимий Перга шаҳар харобалари. Ҳа, айнан харобалар. Бу ерда сиз ўша давр бино ва шаҳарсозлигидан қолган бино, бино қисмлари билан бир қаторда шаҳар вайроналаридан қолган оддий тошларгача учратасиз. Улар очиқ музей кўринишда кўриниб турган ҳозирги Перганинг ноёб ўзига хослигини ва тарихга нисбатан чексиз ҳурматни акс этиб турибди. 

Тарихий маълумотларга кўра, бу шаҳар Аспендос каби ўз даврида кўплаб халқлар томонидан бошқарилган ва Рим даврида ўзининг авж палласига етган. Милоддан аввалги I-II асрларда Перга Кичик Осиёнинг йирик шаҳарларидан бири бўлиб, асосий шаҳар унвони учун Сиде билан рақобатлашган.

Биз кўзимиз билан кўриб турган бугунги шаҳар қолдиқлари Перганинг асосий қисми бўлмаслиги мумкин. Чунки, 1946 йилдан буён ҳудудда қидирув-қазув ишлари давом этмоқда, аммо шаҳарнинг катта қисми ҳанузгача ер остида кўмилгани айтилади.  Саёҳатимиз давомида олинган маълумотларимизга кўра, шаҳар афсоналарда айтилганидан анча қадимги. Бебаҳолиги ва дунё тарихининг бир қисми экани ўлароқ, Перга 2009 йилда ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси объектлари қаторидан жой олган.

Биз тарих билан ҳаёлан суҳбатлашиб, Анталиянинг замонавий, сайёҳлар бориши мумкин бўлган энг гўзал гўшалари томон йўл олдик. У ердан олган таасуротларимиз сизни янги дунёга чорлайди, шубҳасиз. Бу эса энди алоҳида олам ва алоҳида мавзу...

Мавзуга доир:

У шунчаки шаҳар эмас... Ёхуд дунёни ўзига ром этган Истанбулнинг сири нимада? (фоторепортаж)

Истанбулни кашф этиш қаердан бошланади? (фотосаёҳат)

Дунёда ягона 8 қаватдан иборат ер ости шаҳри қаерда? У ерга боришга ундовчи 5 сабаб (фото)

Бир кунда тўрт фасл... Ёхуд Каппадокия бағридаги водийлар афсонами ёки ҳақиқат? (фотосаёҳат)

Анталия дунё сайёҳларининг севимли маскани. Чунки... (фотосаёҳат)

Фарида Эгамбердиева, Туркия-Анталия

 

Шарҳлар

"Шунчалик ҳам бўлиши мумкинми?" Дунё андоза олиши мумкин бўлган Туркияда нималар ҳайратланарли?

04.02.2021, 23:20

Аввал хабар қилганимиздек, Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун Истанбул, Анталия ва Каппадокия шаҳарларига «Пандемия шароитида туризм» лойиҳаси доирасида навбатдаги...
Анталия дунё сайёҳларининг севимли маскани. Чунки... (фотосаёҳат)

31.01.2021, 02:50

Аввал хабар қилганимиздек, Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун Истанбул, Анталия ва Каппадокия шаҳарларига «Пандемия шароитида туризм» лойиҳаси доирасида навбатдаги...
Бир кунда тўрт фасл... Ёхуд Каппадокия бағридаги водийлар афсонами ёки ҳақиқат? (фотосаёҳат)

29.01.2021, 02:07

Аввал хабар қилганимиздек, Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун Истанбул, Анталия ва Каппадокия шаҳарларига навбатдаги саёҳат уюштирилди. Айни пайтда биз...
Дунёда ягона 8 қаватдан иборат ер ости шаҳри қаерда? У ерга боришга ундовчи 5 сабаб (фото)

28.01.2021, 01:43

Аввал хабар қилганимиздек, Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун Истанбул, Анталия ва Каппадокия шаҳарларига навбатдаги саёҳат уюштирилди. Саёҳатимизнинг учинчи куни...
Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+19° ясно
Валюта курси
10525.50
USD -13.03
12763.22
EUR -115.92
141.09
RUB -2.22