my5
Sevimli

"Шунчалик ҳам бўлиши мумкинми?" Дунё андоза олиши мумкин бўлган Туркияда нималар ҳайратланарли?

ДУНЁ 04.02.2021, 23:20
Теглар: Туркия, Каппадокия, Анталия, Истанбул
"Шунчалик ҳам бўлиши мумкинми?" Дунё андоза олиши мумкин бўлган Туркияда нималар ҳайратланарли?

Аввал хабар қилганимиздек, Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун Истанбул, Анталия ва Каппадокия шаҳарларига «Пандемия шароитида туризм» лойиҳаси доирасида навбатдаги саёҳат уюштирилди. Бир ҳафта давом этган тур Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Маданият ва туризм  бўлимининг шафеълиги остида олиб борилди. Бугун сафардан сўнг, Туркияда бизни ҳайратлантирган, инчинун, ҳавасимизни келтирган айрим жиҳатларига тўхталиб ўтмоқчимиз. 

Аввало Туркия ҳақида қисқача: Туркия Республикаси Ғарбий Осиёда 97% ва Жанубий Европада 3% и бўлган давлатдир. Аҳолиси ўтган йилги кўрсаткичларга кўра, 83 миллион кишини ташкил этади ва бу билан аҳоли сони бўйича дунёда 19-ўринда туради. Ҳудуднинг майдони эса 783 562 км²ни ташкил этиб, ҳудуди бўйича эса 36-ўринни эгаллаган. Давлат тили - турк тили. 

Замонавий Туркия 1923 йилда ташкил топган. 1952 йилдан бери НАТО, 1999 йилдан бери эса Европа Иттифоқининг аъзоси. Мамлакатда туризм юксак даражада ривожланган.

Хўш, Туркия бизни нимаси билан ўзига ром этди, ёхуд биз нималардан ҳайратландик?

Тартиб самолёт бортидан бошланади

Бу давлатга саёҳат қилишни истасангиз, аввало, ўта тартибли бўлишга ҳаракат қилинг. Сабаби аэропортда, самолётга чиқаётган дақиқаларимизданоқ биз буни ҳис қилдик. Мулойим, юзлари кулиб турган стюардессалар сизни айни пандемия шароитида гегиеник воситалар тўплами билан кутиб олади. Сиз то манзилингизга етиб боргунингизга қадар вирусдан ҳимояланиш мумкин бўлган ниқобдан тортиб, антисептик гелгача қуролланасиз. Аммо бу етарли эмас, ҳар қадамда бортни айланиб юрган ходимлар сизга маскангизни тақиб олишингизни, агар сал пастроқ тушиб турган бўлса юқорироқ кўтариб тақишингизни кулибгина эслатиб туришади. Мамлакат аэропортида ленталар орқали жорий қилинган ижтимоий масофани сақлаш усули эътиборга молик. Сиз бораётган давлатингиздаги тартибни ҳали манзилингизга етиб бормасданоқ тушуна бошлайсиз.

Бир тор кўчага сиққан трамвай, машиналар ва одамлар

Саёҳатимизнинг илк куни, албатта, дунёнинг энг қайноқ нуқталаридан ҳисобланган Истанбул марказий кўчаларида бўлди. Ёруғ ва рангбаранг кўчалар, йирик савдо мажмуаларида сиз ўзингизга ёққан нархларда барча нарсаларни топишингиз мумкин, турли сюрпризлар эса саёҳатнинг ажралмас қисми бўлиб қолади. Бу кўча Истанбулга ташриф буюрган ҳар бир одам келиши шарт бўлган "Истиқлол" кўчасидир. Унинг гавжумлиги ҳақида кўп эшитгандирсиз. Аммо бизни ҳайратга солган бир жиҳат борки, у ҳақда гапирмай иложи йўқ: 3-4 метр кенгликда бўлган бу кўчалардан бир пайтнинг ўзида ҳам пиёда, ҳам транспортлар ҳаракатланади. Шунингдек, трамвайлар қатнови ҳам йўлга қўйилган. Бироқ, ҳеч қачон фуқароларни четга чиқишга ундайдиган, қулоқни қоматга келтирувчи сигналлар, йўлдан ўтиб қолишга ҳаракат қилаётган фуқаролар ёки трамвай йўлини тўсиб қўйган бирор ҳолатга дуч келмайсиз. Гарчи, гавжум кўча бўлса-да, ҳаммаси жуда чиройли ва тартибли. 

Пандеми даври: белгиланган вақтда дўконлар "тақатақ" ёпилади

Савдо-сотиқ Туркия туризмининг бир қисми ҳисобланади. Туркияга бориб савдо қилмаслик, дарёга бориб сув кўрмаслик билан баробар, гўё. Истанбул марказий кўчаларидаги сон-саноқсиз савдо дўконлари маҳаллий аҳоли ва бошқа давлатлардан келганлар билан доимий гавжум. Биз ҳам дунёнинг энг номдор бренд магазинларидан тортиб, ҳақиқий турк ширинликлари маконигача учратдик. Бироқ, айни пайтда ўрнатилган тартиб сабаб Туркияда соат 20:00 бўлгач, жамики савдо масканлари ёпиларкан, қоларкан. Сиз нимагадир улгурмай қолишингиз ёки ҳали яна харид қилишни исташингиз бу тартибни ўзгартира олмайди. Маҳаллий аҳоли эса бу ҳолатга аллақачон кўниккан ва барча шу режимга қараб иш тутади. Шанба ва якшанба кунлари эса Туркияда осудалик ҳукм суради. Фақат энг муҳим эҳтиёждаги дўконлар 17:00 га қадар ишлайди. Худди шу дам олиш кунлари биз ҳам 17:00 бўлишига 10 минут қолганда озиқ-овқат дўконига ташриф буюрдик. Машҳур турк қаҳваси, луқум, чой, шоколод дегунимизча 10 минут ўтдию, дўкон ходимлари биздан тезроқ харидни тўхтатиб, чиқиб кетишимизни сўраб қолишди. Ўзбекчилик: улгурганимизча қўлимизга учраган нарсалардан таваккал олдигу, кассага йўналдик. Ахир, уйга қуруқ қўл билан қайтиб бўлармиди?!

Туркия ит ва мушукларга меҳрибон давлат

Истанбул, Каппадокия ва Анталияда ҳайвонларга нисбатан ўта меҳрибонлик гувоҳи бўлдик. Одамлар билан гавжум марказий кўчаларда мушук ва итларинг учраши ва уларнинг инсонлардан чўчимай юриши оддий ҳолат экан. Сиз уларга яқин боришингиз, бемалол эркалатишингиз ёки бирор егулик билан меҳмон қилишингиз мумкин. 

Кўчаларнинг ҳар ер, ҳар ерида эса уларнинг овқатланиши учун махсус идишчалар ҳам ўрнатиб қўйилган. Эътибор бериб қарасак, итларнинг қулоқларидан бирида нимадир тақиб қўйилган. Бизга ҳамроҳлик қилган гиднинг тушунтиришича, бу белги ҳайвонларнинг давлат ҳимоясида эканлигини билдирар экан. 

Пастқамгина, аммо байроқ илинган кулбалар

Энди одамни чин дилдан ҳавасини келтирадиган жиҳат ҳақида гапирмоқчиман. Туркия байроқлар мамлакати. Кўчалар, бинолар, дўконлар ва ҳатто сотиб олаётган кичик эсдалик буюмларигача мамлакат байроғи туширилган. У ҳам майли, ҳар бир аҳоли хонадонлари эшиклари олдида ҳам юрт байроғи илиб қўйилгани ҳайратимизни оширди. Саёҳатимиз давомида шаҳарнинг чекка ҳудудларига автобусда борар эканмиз, оддийгина, пастқамгина уйларнинг кириш эшикларида ҳам Туркия байроғи қўйиб қўйилганига гувоҳ бўлдик. Ана ватанпарварлик деймиз, ҳавасда.

Туркияда ҳаммаси турк тилида

Бугун ҳар қандай бизнеснинг ярим ривожи унинг яхши рекламаси билан баҳоланади. Истанбул, Каппадокия ёки Анталия кўчаларини кезар экансиз, турли нарса-буюмларнию, янгича хизматларни таклиф қилаётган реклама баннерларига кўзингиз тушади. Бу нормал ҳолат, бироқ сиз Туркияда барча ёзувларни фақат турк тилида кўрасиз. Ва, ҳатто сиз сон-саноқсиз турк тилида ёзилган ёзув ва баннерларни ўқиб бориш орқали бу тилда яхшигина сўзлай бошлашингиз ҳам мумкин. Гарчи, сиз сайёҳларнинг энг гавжум кўчасида бўлсангиз ҳам турк тилида барчасини ўқишингиз ва тушунишингиз керак. Бу эса ўз тилига нисбатан олий даражадаги ҳурмат, бизнингча.

"Ўзбекмисиз? Ўзбеклар бизнинг қардошимиз"

Биз саёҳатимиз давомида кўплаб гўшаларда бўлдик, аммо тан олиб айтиш керакки, туркларнинг биз билан муносабати ва сўзлашувида деярли қийналмадик. Таржимон шарт бўлмади. Савдо дўконлари ва бозорларини айландик, маҳаллий аҳоли билан мулоқотлар қилдик. Биринчи жумламизданоқ, "Ўзбекмисиз?" дея сўраб қолишади. Биз ҳам кўзларим ёниб, "Ҳа" дея ғурурланамиз. Ўнг қўлини чап кўксига уриб, "Ўзбек менинг қардошим" дейди турклар ва юзларида табассум билан янада илиқроқ муносабатда бўлишади. 

Ана шундай ҳайрат ва таасуротларни олгач эса бу диёрга яна боргинг келаверади. 

Мавзуга доир:

У шунчаки шаҳар эмас... Ёхуд дунёни ўзига ром этган Истанбулнинг сири нимада? (фоторепортаж)

Истанбулни кашф этиш қаердан бошланади? (фотосаёҳат)

Дунёда ягона 8 қаватдан иборат ер ости шаҳри қаерда? У ерга боришга ундовчи 5 сабаб (фото)

Бир кунда тўрт фасл... Ёхуд Каппадокия бағридаги водийлар афсонами ёки ҳақиқат? (фотосаёҳат)

Анталия дунё сайёҳларининг севимли маскани. Чунки... (фотосаёҳат)

Мандаринлар тўкилиб ётадиган шаҳар, куёвлар беллашуви сабаб яратилган муҳташам театр ёхуд "Гладиатор" қаҳрамонига айланиш сири. Бу маскан қаерда? (фотосаёҳат)

Фарида Эгамбердиева, Тошкент -Истанбул-Каппадокия-Анталия-Тошкент

 

 

Шарҳлар

Ўзбекистон фуқароси Туркияда ўлдириб кетилди

25.02.2021, 16:06

Туркияда Ўзбекистон фуқароси ўткир тиғли жисм билан тан жароҳати етказилиш оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси хабар берди.Хабарга кўра, 23 февраль куни...
Мандаринлар тўкилиб ётадиган шаҳар, куёвлар беллашуви сабаб яратилган муҳташам театр ёхуд "Гладиатор" қаҳрамонига айланиш сири. Бу маскан қаерда? (фотосаёҳат)

01.02.2021, 23:36

Аввал хабар қилганимиздек, Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун Истанбул, Анталия ва Каппадокия шаҳарларига «Пандемия шароитида туризм» лойиҳаси доирасида навбатдаги...
Анталия дунё сайёҳларининг севимли маскани. Чунки... (фотосаёҳат)

31.01.2021, 02:50

Аввал хабар қилганимиздек, Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун Истанбул, Анталия ва Каппадокия шаҳарларига «Пандемия шароитида туризм» лойиҳаси доирасида навбатдаги...
Бир кунда тўрт фасл... Ёхуд Каппадокия бағридаги водийлар афсонами ёки ҳақиқат? (фотосаёҳат)

29.01.2021, 02:07

Аввал хабар қилганимиздек, Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун Истанбул, Анталия ва Каппадокия шаҳарларига навбатдаги саёҳат уюштирилди. Айни пайтда биз...
Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+18° ясно
Валюта курси
10525.50
USD -13.03
12763.22
EUR -115.92
141.09
RUB -2.22