Ташкент +4° Tue 16:35
Долзарб мавзулар Фото

Ҳафталик башорат: Ўзингизга ишонинг!

Теглар:
Добавлено: 08.10.2018, 09:21

8—14 октябрь, 2018 йил.

Ҳамал

Кутилмаган учрашувларга тайёр туринг. Бу ҳаётингиздаги кўп нарсаларни ўзгартириши мумкин. Анчадан буён ечимини кутаётган ишларингизни аста-секин ҳал этасиз. Ва бундан, албатта, хурсанд бўласиз.

Саломатлигингизни мустаҳкамлаш учун қилаётган ҳаракатларингиз ижобий натижа бермаслиги эҳтимоли бор. Аммо тушкунликка тушманг, даволанишни тўхтатманг. Айниқса, ортиқча вазндан қутулиш учун тутаётган парҳезингизни.

Савр

Бор диққат-эътиборингизни оилага қаратинг. Турли совға-саломлар билан яқинларингизни хурсанд қилинг. Чунки улар айни дам сизнинг ғамхўрлигингизга муҳтож. Шу қаторда ўзингизни ҳам унутманг.

Ишда эса эски ҳаммом, эски тос, деганларидек ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Беҳуда хаёлларга берилманг. Ҳамкасбларингизни ҳам ўзингизга жуда яқин олиб, сирларингизни ошкор этманг.

Жавзо

Бу ҳафта қўшимча даромад топиш учун қулай имконият туғилади. Агар бундан унумли фойдалана олсангиз, моддий аҳволингизни яхшилаб оласиз. Шунинг учун қарз олиш борасидаги фикрингизни эсдан чиқаринг.

Яқинларингиз билан муносабатни ўзгартиринг. Улар сизнинг муаммоларингизни ҳал этишга мажбур эмас. Фаол ҳаракат қилсангиз барча ишингизни ҳал этишга улгурасиз.

Саратон

Хаёлларга берилиб, келажакни режалаштиришни бас қилинг. Ҳаётга реал қаранг. Белни маҳкам боғлаб, ишга киришинг. Берилган топшириқлардан бўйин товламанг. Уларни масъулият билан ўз вақтида бажаринг. Ахир, муваффақиятга осонгина эришиб бўлмайди. Бунинг учун инсон курашиши, синовларда тобланиши лозим. Шунда ҳаммаси яхши бўлади. Сиз эса ана шундай энг яхшиларига муносибсиз.

Асад

Ҳафта давомида кайфиятингиз кўтаринки бўлади. Омаддан қувона билинг! Бир нечта муҳим учрашувларда иштирок этасиз. Билдирган таклифларингиз кўпчиликни қизиқтириб қўяди. Шу сабаб сизга бир нечта фойдали таклифлар бўлиши мумкин. Улардан унумли фойдалана олсангиз, ўзингизни қизиқтирган саволларга жавоб топа оласиз. Фақат олға ҳаракат қилинг!

Сунбула

Бор эътиборингизни саломатликка қаратинг. Бирор безовталик сездингизми, дарров шифокорга мурожаат этинг. Ўзи ўтиб кетади, деб хафсаласизлик қилманг. Яна вақтида овқатланиб, дам олишни унутманг.

Ишда ҳам ўзингизни кўп уринтирманг. Асабни арзимас нарсалар учун бузманг. Ҳадеб куйиб-пишаверганингиз билан муаммолар ҳал бўлиб қолмайди. Ҳафта сўнгида сутли қаҳва дамлаб, севган асарингиз мутолаасига киришинг. Бу ҳам дам олишнинг энг яхши усулларидан биридир.

Мезон

Ижобий ўзгаришларга тайёр туринг. Фақат бунинг учун бироз куч сарфлашга тўғри келади. Агар лозим бўлса, дўстларингиздан ёрдам сўранг. Улар бажонидил кўмак беришади.

Фарзандларингиз билан муносабатда бироз муаммолар бўлиши мумкин. Эркаликлар қилиб, асабингизга тегишади. Ҳадеб тергайвермасангиз улар ҳам сизни тушунишади. Дам олиш кунлари очиқ ҳавода сайир қилинг.

Ақраб

Ортга бир қайрилиб, ўтмишга назар ташланг. Қилган хато ва камчиликларингизни жиддий таҳлил қилиб кўринг. Шунга асосланиб, ҳозирги вазиятингизни ўзгартиришга киришинг. Фақат ҳис-туйғуларга эрк берманг.

Ҳафтанинг иккинчи ярмида қулай вазиятлар бўлиши мумкин. Кўпдан бери ечим кутаётган муаммоларга жавоб топасиз. Ўйланиб ўтирмай, ўз кучингиз ва билимингизга ишониб, ҳаракатга киришинг.

Қавс

Ҳар доимгидан янада фаол бўласиз. Олдингизга юксак мақсадлар қўйинг. Уларни амалга ошириш йўлларини излаб кўринг. Бунинг учун сизда ҳамма нарса етарли. Яъни билим ҳам, имконият ҳам бор. Уларни ишга сола билсангиз, бас.

Моддий аҳволингиз ҳам сезиларли даражада яхшиланади. Бундан барча хурсанд бўлади.

Жадий

Бегоналар билан мулоқотга киришманг. Уларга ишониб, пулингизни сарфлаб, алданиб қолиб, пушаймон бўлманг.

Салбий одатларни ташлашга ҳаракат қилинг. Айни фурсат улардан қутулиш учун қулай вақтдир. Бундай имконият яна бўлмаслиги мумкин. Агар бундан тўғри фойдалана олсангиз, ўзингиз учун ҳам, оилангиз учун ҳам яхши бўлади.

Далв

Ишларингизни ўз вақтида бажаришга киришинг. Акс ҳолда, муаммолардан бошингиз чиқмай қолади. Ён-атрофдагилар билан ҳам зиддиятга борманг. Хушмуомала бўлишга ҳаракат қилинг.

Оилангизга эътибор қаратинг. Очиқ-ошкора бўлмаса-да, жуфтингизга муҳаббатингизни изҳор этинг. Дам олиш кунлари оилавий кўнгилочар масканларга боринг.

Ҳут

Шошмашошарликка йўл қўйманг. Ҳар бир ишингизни режа асосида бажаришга киришинг. Иш вақтида кераксиз нарсаларга чалғиб, хато қилиб қўйсангиз, уларни тузатиш бироз қийин бўлади. Шунинг учун доим ҳушёр бўлинг.

Уйда ҳам бироз муаммолар бўлиши мумкин. Уларни ўйлаб сиқилманг. Вақт – ҳамма нарсага даво!

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии