Хабарингиз бор, 2020 йилнинг 21 январь куни Москва вақти билан соат 00:05да Россия Федерацияси Томск области, Асино раёни, Причулмск аҳоли яшаш пункти, Свобода кўчасидаги бир қаватли ёғочдан қурилган 1/3-уйда ёнғин содир бўлган эди. Ушбу ёнғинда ўзбекистонлик 10 нафар фуқаро ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.
Айни пайтда Томск областида содир бўлган ёнғин бўйича ФВВ қўшимча маълумот берди.
Унга кўра, жорий йилнинг 21 январь куни Россия Федерацияси Томск областида ёнғин натижасида, 12 нафар фуқаро ҳалок бўлган эди. Шу куннинг ўзида 11 нафар фуқароларнинг шахсига аниқлик киритилиб, улардан 10 нафари ҳамюртларимиз ва 1 нафари Россия Федерацияси фуқароси эканлиги маълум бўлган.
Мутахассислар томонидан олиб борилган бирламчи таҳлил натижаларига кўра, ёнғин оқибатида ҳалок бўлган ўн биринчи фуқаро Андижон вилояти Андижон туманида истиқомат қилган Мамаджонов Музаффаржон Дилмуротович бўлгани аниқланди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур фожеадан сўнг:
Ўзбекистон Бош консулхонаси Томскдаги вазиятни назоратга олди;
Рамзан Қодиров Шавкат Мирзиёевга ҳамдардлик билдирди;
Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Томскдаги ёнғинда ҳалок бўлган ҳамюртларимизнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди;
Президент кўрсатмасига биноан Томскдаги ёнғин сабабларини ўрганиш мақсадида Ҳукумат комиссияси тузилди;
Отабек Умаров Томскда вафот этган ватандошларимизнинг яқинларига сабр-бардош тилади;