Бугун, 27 июнь – Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Бу сана, мустақиллик йилларида – 1993 йилдан бошлаб расмий равишда касб байрами сифатида нишонланади.
Ҳар йили ушбу кунда минглаб журналистлар, муҳаррирлар, блогерлар, техник мутахассислар ва медиа соҳасининг бошқа фидойилари эътироф этилади.
Бугунги кунда юртимизда 2 минг 400 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари фаолият юритмоқда, уларнинг 65 фоизи нодавлат секторига тегишли. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ журналист ва медиа ходими ахборот маконида фаолият олиб бормоқда. Улар жамиятдаги энг долзарб масалаларни кўтариб чиқади, халқ билан давлат ўртасида ахборот кўприги бўлиб хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёев бугунги байрам муносабати билан журналистларни табриклар экан, уларнинг ҳаққоний ахборот етказишдаги фидокорлигини Ватан посбонлари жасоратига қиёслади.
Президент сўз эркинлигини таъминлаш, болалар учун миллий контентни ривожлантириш ва ёш журналистларни тарбиялаш борасидаги ёндашувларга алоҳида урғу берди.
Шунингдек, “Олтин қалам” миллий мукофоти илк бор айнан 27 июнь куни топширилади.
Бугун сиз – журналистлар, телерадиочилар, муҳаррирлар, саҳифадошлар, овоз усталари ва режиссёрлар энг катта эътирофга лойиқсиз.
Сизлар ҳақиқатни қидирасиз, дардни гапирасиз, муаммога ечим излайсиз. Ва энг муҳими – сукут сақламасдан айтасиз!
Darakchi.uz жамоаси барчангизни ушбу қутлуғ сана билан чин дилдан табриклайди! Сизларга мустаҳкам соғлиқ, кучли ижтимоий масъулият, ҳаққоний сўз ва ёрқин ғоялар тилаймиз!
Касб байрамингиз муборак бўлсин!