1

Ҳам ўқувчи, ҳам ўқитувчи, ҳам жамият манфаатдор бўладиган тизим қандай ишлайди?

ЖАМИЯТ 06.11.2020, 19:50
Ҳам ўқувчи, ҳам ўқитувчи, ҳам жамият манфаатдор бўладиган тизим қандай ишлайди?

24 октябрь куни regulation.gov.uz муҳокамалар порталига “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Фармони лойиҳаси жойлаштирилди. 8 ноябрга қадар давом этган Фармон лойиҳасини 31 000 дан ортиқ киши кузатиб, унга 300 дан ортиқ таклифлар билдирилган. Бу бўйича 30 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Йиғилишда таълим тизимини ислоҳ этувчи бир нечта янги механизмлар муҳокама қилиниб, Фармон доирасида масъулларга муҳим топшириқлар берилди. 

ЎҚУВЧИЛАРНИ ФАҚАТ ЁДЛАШГА ЭМАС, БАЛКИ ФИКРЛАШГА ЧОРЛАЙДИГАН МЕТОДИКА ЯРАТИЛАДИ

Йиғилишда мактаблардаги ўқув юкламаси ва дарслар сонини қайта кўриб чиқиш, ўқувчиларни фақат ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган методика яратиш зарурлигини таъкидланди.Бу борада умумий саводхонлик, табиий фанлар ва математика бўйича дунёда энг илғорлардан бири бўлган Финляндия давлати тажрибаси мисол қилиб келтирилди. Халқ таълими вазирлигига ушбу тажриба асосида Миллий ўқув дастури ишлаб чиқиб, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб таълим жараёнига синов тариқасида татбиқ этиш вазифаси юклатилди.Янги методикани самарали йўлга қўйиш учун барча мактаб ўқитувчилари видеоалоқа орқали хорижий мутахассислар иштирокида ўқитилади. Энг муҳими, бу жараёнларга педагогика йўналишидаги университет ва институтлар ҳам жалб қилиниб, педагог кадрлар тайёрлаш методикаси ҳам янгиланади. Шунингдек, математика, физика, кимё, биология ва информатика фанлари бўйича чет эллардаги илғор дарсликлар чуқур ўрганиб чиқилади.

ЎҒИЛ-ҚИЗЛАР 7-СИНФДАН КАСБ-ҲУНАРГА ЙЎНАЛТИРИЛАДИ

Келгуси йилдан бошлаб 7-синфдан ўғил-қизларнинг касбга қизиқишларини аниқлаш ва босқичма-босқич касбга йўналтириш амалиёти жорий қилиниши белгиланди. Ҳудуддаги саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш корхоналари мактабларга бириктирилади.

КУЧЛИ МАКТАБЛАР ЎҚИТУВЧИСИДАН ДИРЕКТОРИГАЧА РАҒБАТЛАНТИРИЛАДИ

Таълим сифати бўйича ҳар бир туман, шаҳар ва вилоятлармактаблари рейтинглариишлаб чиқилиб, рейтинг натижаларига қараб, биринчи бешликка кирган мактаб директорларига маҳаллий бюджетдан устама тўланади.

Шунингдек, мактаблар директорлари жамғармасидан:

  • ўқувчиларининг 95 фоизи ва ундан ортиқ қисми олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган ва (ёки) ишга жойлашган директорларга – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 12 баравари (ҳозирда 8 151 960 сўм), директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарларига – 6 баравари (ҳозирда 4 075 980 сўм);
  • ўқувчиларининг 90–94 фоиз қисми олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган ва (ёки) ишга жойлашган директорларга – 9 баравари (ҳозирда 6 113 970 сўм), директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарларига – 4,5 баравари (ҳозирда 3 056 985 сўм);
  • ўқувчиларининг 85–89 фоиз қисми олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган ва (ёки) ишга жойлашган директорларга – 6 баравари (ҳозирда 4 075 980 сўм), директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарларига – 3 баравари (ҳозирда 2 037 990 сўм) миқдорида рағбатлантирилади.

Шу билан бирга, халқ таълими бўлими раҳбари ва методисти, мактаб директорлари, туман рейтингида биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган мактабларнинг 2 нафар илғор ўқитувчисига касаба уюшмалари ҳисобидан ҳар йили сиҳатгоҳларга икки ҳафталик бепул йўлланма берилади. Умумтаълим муассасалари педагогларига 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб синф (гуруҳ) раҳбарлиги учун тўловлар 1,5 бараварга оширилади. 2021 йил 1 апрелдан бошлабэса ҳудудий халқ таълими бўлинмалари методистларининг иш ҳақи миқдори олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилади.

ҲУДУДЛАРДАГИ ШОИР ВА ЁЗУВЧИЛАР МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТ МАБЛАҒЛАРИДАН ОЙЛИК МАОШ ОЛАДИ

Мактаблар билим билан бирга тарбия, маънавият маскани ҳам эканлигини ҳисобга олиб, бу ишларга ҳудудларда яшаб, ижод қилаётган шоир ва ёзувчилар кенг жалб қилинади. Мактабларнинг директор жамғармасидан ва маҳаллий бюджет маблағларидан  уларга ойлик маош ҳам тўланади.

Бу – йиллар давомида кўринмайдиган, аммо натижаси яқин 10-15 йилда бутун мамлакат қиёфасини тубдан ўзгартиришга асос бўладиган қудратли манба”, – деди Президент Шавкат Мирзиёев мазкур Фармон ҳақида.

 

Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1