1

Хотира. Саратон Бахтиёр Қосимовни орамиздан олиб кетди

ШОУ-БИЗНЕС 18.04.2016, 17:03
Теглар: Шоу-бизнес
Хотира. Саратон Бахтиёр Қосимовни орамиздан олиб кетди

«Зарб» фильмида поезднинг ортидан анча йўл югурадиган саҳна бор эди. Бахтиёр аканинг нафас олиши қийинлашганини кўриб, қисқартираман шу саҳнани десам, кўнмаган...”

7 апрель санъаткорлар оиласи – Қосимовлар хонадони учун оғир жудолик юз берди. Шу куни тонгда ўз касбининг устаси, устозода актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Қосимов оламдан ўтди. Бу нохуш хабарни эшитиб, рости қулоқларимга ишонмадим. Бироқ ўлим ҳақ... 

 “МЎМИН МИРЗО РОЛИНИ ЎЙНАГАНМАН”

Бахтиёр Қосимов 1953 йилнинг март ойида Қўқонда таваллуд топган. Унинг санъат оламига қадам қўйиши шунчаки ҳавас ё тасодиф эмасди. Отаси ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрининг етакчи актёри Неъмат Қосимов эди. Онаси эса ўқитувчи бўлган. 

Актёр суҳбатларимиздан бирида “Онам ўқитувчи экани сабабми, мени боғчага ўқувчилар олиб бориб, кечга томон яна уйга элтиб қўйишарди. Ўзи ҳам уйимиз билан боғчамнинг ораси анча узоқ эди-да! Болалигимда жудаям шўх, гапга қулоқ солмайдиган, ҳар куни бир шумлик чиқарадиган бола бўлганман. Ҳеч ёдимдан чиқмайди, 1962-63 йиллар Митрофанов номидаги чўмилиш хавзаси очилганди. Отам менга чўмилиш йўлланмасини олиб берган. Натижа яхши бўлганми, отам «Мураббий билан гаплашиб кўр, иложи бўлса яна бир шуғуллантирсин», деган. Машғулотдан сўнг эса мураббий қаторда тизилиб турган болаларни мақтаб, менга келганда «Сендан қутилганимга шукр!» деса бўладими? Бу гапни ўзим тилаб олганман. Чунки, уйимиз ҳозирги Миллий боғ олдида бўлгани учун чўмилишни жуда яхши билардим. Мураббийнинг гапига кирмай, ўзим истаганча маза қилиб сузардим. Отам «Иккинчи ойни ҳам гаплашдингми?» деганда, «Ота, жойлар тўлиб бўлибди», деб ёлғон гапиришга мажбур бўлганман», дея юзда самимий табассум билан болалик хотиралари билан бўлишганди. Бўлажак актёр мактаб ёшига етгунига қадар онасининг ортидан қолмай мактабга қатнаган. 

Олти ёшида онаси ўқувчиларнинг илтимосига биноан мактаб директоридан ошхона томида кабутар боқишга аранг рухсат олиб берган экан. Ўқувчилар дарсга кириб кетганда, томга чиқиб олиб, уларни томоша қилиб ўтиришни хуш кўрган. Кичкина бўлгани учун Бахтиёр Қосимовни қоровул қилиб қўйишар экан-да! Ҳар гал бегона кабутар кўринди, дегунча жар солгани оёғини қўлига олиб, синфхонага югурган. 1960 йили 84-мактабнинг биринчи синфига қабул қилинган. Аммо одатга айланган машғулоти сабаб, дарсдан кейин томдан бери келмасди. Нима сабаб баҳолари пасайгани ҳақида хотирлаб шундай деганди: «Қачон бегона кабутар учиб келаркан, деб кечгача осмонга термулиб ўтирардим. 4-синфгача аъло баҳоларга ўқиганман, сўнг ўқишим сал пасайган. 

Боиси, 1964 йил октябр ойидан ҳозирги Ўзбек Миллий академик театрига ишга қатнардим. Унинг оҳанрабоси мени бутунлай ўзига ром қилиб қўйганди. Бу театрнинг етакчи актёри – отам Неъмат Қосимов сабаб санъатга кириб қолганман. Шу йили «Алишер Навоий» спектаклида Мўмин Мирзо ролини ўйнаганман, Олим Хўжаев эса Навоий образида эди». 

8-синфни тугаллаб, сўнг 82-мактабда 9-10 синфларни ўқиган. Бу муддат орасида киностудияда Назира Алиевадан актёрлик маҳорати бўйича ҳам дарс ола бошлаган.

«СЎНГГИ ОНИДА ОТАМНИНГ ЁНИДА ТУРОЛМАДИМ»

Ижод «уммон»ида сузиб кўрган Бахтиёр Қосимов 1965 йилдан дубляжга қатнай бошлаган. 1966 йилдан кинога ҳам қадам қўйган. Аслида эса отаси ўғлининг актёр бўлишини хоҳламагани боис онасининг касбини эгаллашни мақсад қилганди. Лекин тақдир унинг ҳаётида туб бурилиш ясайди. 

Шу йили Бахтиёр Қосимов ижодий гуруҳ билан суратга олиш учун уч ойга Бишкек (аввалги Фрунзе)га жўнаган. Бироқ бу сафар актёр ёдида бир умрга аччиқ хотира сифатида мухрланганди. «Отам билан сўнгги бор май ойида кўришгандим, августда эса оламдан ўтган. Бишкекда суратга олиш майдончасида ўтирсам, сабабини кўрсатмай, «Бахтиёр, уйингга бориб келишинг керак», дейишди. «Хўп», деб нарсаларимни йиғиштираётганимда хат ташувчи отамдан мактуб келтирди. Очсам, ҳол-аҳвол сўраган экан. Ҳозир Тошкентга бориб кўришаман-у, деган хаёлда хатни йиртиб, ташлаб юбордим. Самолётдан тушиб, уйга йўл олдим. Эшик тагига келсам, тумонат одам… Келгунимга қадар онам «Тўртта қизнинг ичида Бахтиёр битта ўғил, отасини ўзи ерга қўйсин», деб мени бир кун кутган. Ўшанда хатни йиртиб ташлаганим учун ҳалигача ўзимни кечиролмайман. Отамнинг сўнгги мактубини асраб қўя олмадим», дея кўзида ёш билан эслаганди. Ўшанда отаси вафотидан олдин ўғлидан ҳол-аҳвол сўраш мақсадида «Фрунзе шаҳри, Қосимов Бахтиёр, актёр», деб ўғлига битган яна бир номаси Неъмат Қосимовнинг ёзув дафтари ичидан топилган. Шунда Бахтиёр Қосимовнинг онаси «Отанг “актёр”, деб ёзган экан, майли, унинг йўлини давом эттира қол», деб ўғлининг санъаткор бўлишига қаршилик кўрсатмаган.

Отасининг вафотидан кейин театрдагилар барча спектаклдаги оммавий саҳналарга чақиришарди. Бунинг учун бир сўм пул ҳам беришган экан. 

Ёш бўлгани учун актёр отасининг вафотини у қадар фахмламаган экан. Онаси 52 ёшида вафот этганда эса Бахтиёр Қосимов 25 ёшда бўлган. Онаси “11 йилда тўртта болани оёққа тургазаман”, деб соғлигидан кечган, астма эди. “Онам 1977 йили, тўйимдан сўнг уч ой ўтгач, кечқурун 1:30да қўлимда жон берган. Шундан сўнг тўйларда она ҳақида шеър ўқиёлмаганман. Энг даҳшатлиси, онамни хотирлаб шеър айтсам-у, одамлар келиб пул қистирса... Бу ахир ота-онанинг юзига оёқ қўйиш билан баробар-ку!» дея дил дафтаридаги кечинмалари билан бўлишганди. 

«3 МАРТА ИМТИҲОН ТОПШИРИБ АРАНГ ЎҚИШГА КИРГАНМАН»

Мактабни битириб, 1970 йил ҳужжатларини ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтига топширган. Актёр ўқишга киришдаги ҳангомаларни кулиб хотирлаганди: “У пайтлар имтиҳонда актёрлик маҳоратига катта эътибор беришарди. Маҳорат, тарихдан имтиҳонни аълога топширганман. Иншо ёзадиган куним андижонлик йигитнинг ёнига ўтириб қолибман. У ўзи билан «шпаргалка» олиб кирган экан. Мен ҳам хурсанд бўлиб, «шпаргалка»да қандай ёзилган бўлса, шундай кўчириб чиқиб кетаверибман-да! 

Икки кундан кейин жавобини билишга келсам, Назира Алиева «Хумпар, тошкентлик бўла туриб, нега ғирт андижонча шевада иншо ёздинг?» деди. Нима қилиб қўйганимни кейин тушунганман. Гуруҳдаги барча иншодан икки баҳо олган. Ректордан иккинчи маротаба иншо ёзишга рухсат олганмиз. Бу сафар ҳам ўша аҳвол-да! Назира опа «Нима қиляпсан ўзи?» деганди. Бир ёқдан онам «Ўғлим, имтиҳонинг нима бўляпти?» деб сўрарди. «Хавотир олманг», деб ёлғон гапирардим. 

Хуллас, аранг учинчи маротаба имтиҳон топширишга рухсат олдик. Имтиҳонни назорат қиладиган киши «Мени қирқ беш дақиқали ишим бор, эшикни ичкаридан қулфлаб олиб, иншоингизни ёзинг», деб кетган. Биз ҳам имкониятдан фойдаланиб, яшириб олиб кирган китобимиздан иншо ёзиб берганмиз. Ва ниҳоят, уч баҳо қўйиб беришган. Шу тариқа институтга қабул қилинганман. Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носиров билан курсдош бўлганман. Тўрт йил вақтимиз мазмунли ва ҳангома билан ўтган».

ГАМЛЕТ РОЛИ АРМОН БЎЛИБ ҚОЛДИ

Институтни тамомлаган актёр ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга қабул қилинган. Уч ойдан сўнг эса ҳарбий хизматни ўтаб келиб, ишини яна давом эттирган. Ўша кезлари Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимов билан бирга студия очганди, унинг югур-югур ишлари Бахтиёр Қосимовнинг зиммасида эди. 

Театрда йигирма беш йил ишлаб, 1994 йилда баъзи сабабларга кўра ўз хоҳиши билан ишдан бўшаган. Актёр ҳамма нарсанинг ҳам поёни бор экани, вақти-соати етиб, қадамимиз узилмайдиган масканни тарк этишимизни тўғри қабул қиларди. Пўлат Саидқосимов билан эса ўн бир йил бирга ишлаган. 

Актёр ижод давридаги хуш-нохуш воқеаларни тез-тез ёдга олиб турарди: «Театрда ишлаб юрган кезларим шоҳ асарларни қайта саҳналаштиришларига қарши чиқдим. Боиси, бу спектаклларни аввалгисидан ҳам яхшироқ саҳналаштириш керак, йўқса уни булғашга не ҳожат? Турғун Азизов «Алишер Навоий»ни қайта саҳналаштирганда Мажидиддин, «Мирзо Улуғбек»да Абдулатиф ролини менга берганда, «Хафа бўлманг, спектакль жуда ёмон саҳналаштирилган. Мантиқсиз қисқартирилган. Шукур Бурхонов Улуғбек ролини ўйнаганида, мен оммавий саҳнада қатнашардим», дедим. Ҳар сафар барча саҳна атрофида Шукур аканинг ролини тик туриб кўрарди. Мана, актёр ва спектаклнинг жозибаси. Кино ва театрда афсонавий актёрлар билан ишлаган бахтли актёрман. Ишонсангиз, бир ойда уч марта театр тушимга киради. Куни кеча театрга бордим. Бизнинг даврда бу даргоҳда фақат санъат ҳақида сўз кетарди. Ҳозир ким қаерга, қанчага тўйга боргани тўғрисида гапирилади. Назаримда, театрда санъат эмас, пул бирламчи бўлиб қолибди. Бу саҳнага бўлган муносабатнинг қандайлигидан дарак-да! Авваллари актёрлар спектаклга уч соат олдин келарди, ҳозир баъзи акётрлар ўн дақиқа қолганда уялмай кириб келади. Бундай енгил-елпи муносабат билан театрнинг келажагини қуриб бўлмайди!» 

Бахтиёр Қосимовнинг театр билан боғлиқ армони – ўзи орзу қилган Гамлет ролини ижро этолмаган. Ўзига нисбатан ўта талабчан бўлгани боис кинода банд бўлса-да, ўз ишидан қониқмаслик ҳисси юқори эди. 

АКТЁРНИ ЕБ БИТИРГАН ХАСТАЛИК…

Очиғи, Бахтиёр Қосимовнинг ўпка саратонига чалиниб, бир йилдан буён шу хасталик билан курашаётганига одамни ишонгиси келмайди. Бу маълумотни эшитганлардан «Актёр халқи касбига фидойи-да!» деган фикрларни эшитасан киши. Ҳақ гап! Фильмларда Бахтиёр Қосимовнинг «тил»и билан гапирадиган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Нозим Тўлахўжаев «Бу мен учун катта йўқотиш! Бахтиёр Қосимов ноёб истеъдод соҳиби эди. Сира ҳамкасбларига ҳасад қилганини билмайман. Доим қўлидан келган ёрдами, маслаҳатларини аямаган. Ҳеч қачон соғлигидан шикоят қилмаган. Ижодий гуруҳга ноқулайлик туғдирмаслик учун оғриқ безовта қилса ҳам билдирмасди. «Зарб» фильмида поезднинг ортидан анча йўл югурадиган саҳна бор эди. Бахтиёр аканинг нафас олиши қийинлашганини кўриб, «Қисқартираман шу саҳнани!» десам, «Йўқ!» дея ролидан кўнгли тўлгунча дубль қилганди. У шундай фидоий актёр бўлган. Инсон сифатида эса жуда соддадил, ўта маданиятли эди. Сўнгги бор учрашганимизда озиб кетганини кўриб, ҳазил-хузул қилиб сўрашганимизда жаррохлик операциясини ўтказганини айтганди… Охирати обод бўлсин!» дея бу жудоликка ишонолмаётганини айтди. 

«Зарб»дан сўнг режиссёр Ёлқин Тўйчиевнинг «Ҳаётда” фильми Бахтиёр Қосимовнинг сўнгги роли эди… 

Актёр ўпка саратонига чалинганини билгач, ўтган йилнинг феврал ойида жаррохлик амалиётини ўтказиб, ўпкасининг хасталанган қисми олиб ташланганди. Минг афсуски, «Бўлди, оғриқ азоби, хасталик ортда қолди», деган қувонч узоққа чўзилмади. Вақт ўтгач, касаллик яна хуруж қилганини билгач, шифокорга кўринган актёр улардан хушхабар эшитмаган. Вақт ўтганди… Бахтиёр Қосимов 7 апрель санаси тунги 1:30да жон берди...  

ФАКТ:
•  1988 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган. 
•  1989 йилда Ҳамза номидаги Давлат мукофоти лауреати бўлган. Театр тарихида энг ёш актёр сифатида бу мукофотга лойиқ топилган бу – Бахтиёр Қосимов.
•  Синфдоши Гўзалхонга уйланган. Гулчеҳра, Муниса, Жаҳонгир исмли фарзандларнинг отаси эди.
•  17 йилдан бери эркин ижодкор сифатида кинода фаолият юритган.

Бу актёр ҳақида сўз борганида гарчи унинг репертуарида ижобий роллар талайгина бўлишига қарамай, томошабин кўз ўнгида дарров салбий қаҳрамон қиёфаси намоён бўлади. Мазкур фикримиз актёр сўзлаб берган воқеада ўз исботини топса ажабмас. Кунларнинг бирида Бахтиёр Қосимов рафиқаси билан кафеда овқатланиб ўтиришса, олдига саккиз яшар қизча келиб, «Амаки, сиз яхши одаммисиз?» деган. Шунда актёр «Билмасам, яхши бўлсам керак», дея жавоб қайтарган. Қизалоқ «Илтимос, бошқа ёмон рол ўйнаманг», деган экан. Аслида бу актёрнинг ижодий ютуғи! Унинг қаҳрамонларида куюнчакликни ҳам кузатиш мумкин эди. Аслида бу хислат актёрнинг табиатига хос. Шу ўринда немис бастакори Людвиг ван Бетховеннинг «Барча катта ишларнинг муваффақиятига ҳақиқий дастак бу – юрак», деган фикри ёдимга тушди. Ўз касбининг устаси, устозода актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Қосимов ҳақиқатдан ҳам бошлаган ишига юрагини бағишлайдиган ҳақиқий ижодкор эди. Ва шу ҳолатда юрагимиз тўридан ўрин эгаллаб қолади, иштирокидаги фильмлар, хотирамизда мангу яшайди. 

Шундай қайғули дамда ижодкорнинг оила аъзолари ва яқинларига таҳририятимиз ва мухлислар номидан чуқур ҳамдардлик билдирамиз. 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

Шарҳлар

Зохиршоҳ Жўраев Ботир Қодиров унинг акаси экани ҳақидаги миш-мишларга нуқта қўйди (видео)

06.11.2019, 12:06

Зохиршоҳ Жўраев "Миллий" телеканалининг "Нишондасиз" кўрсатувида иштирок этиб, оилавий миш-мишларга нуқта қўйди...Кўрсатув давомида бошловчи Зохиршоҳдан Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг фарзанди экани ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритишини...
​СИТОРА АЛИМЖОНОВА ШАХСИЙ ҲАЁТИНИ МУҲОКАМА ҚИЛГАНЛАРГА МИННАТДОРЧИЛИК БИЛДИРДИ

14.08.2017, 12:34

Актриса Ситора Алимжонова 8 август куни турмушга чиқди. Унинг тўйи Таиланднинг Пхукет оролида бўлиб ўтди.Ситора ўз интервьюларида турмуш ўртоғининг 27 ёшда эканлигини ва у тадбиркорлик...
​ДИЛНОЗА КУБАЕВА: «ДИЛОЗОРЛИКДАН ҚЎРҚАМАН, ҚАЛБИМНИ СИНДИРГАНЛАР КЎП...»

20.07.2017, 16:31

У иродали аёл. Табассуми ортига яширилган ҳақиқатларни ўзгаларга билдирмайди. Гоҳида кўзлари ёшланиб, киприкларига енгил титроқ кириши мумкин, аммо шунда ҳам ўзида куч топиб, яна табассум...
​“ЎЗБЕККОНЦЕРТ” ИЛК БОР ОЧИҚ БАДИИЙ КЕНГАШ ТАШКИЛ ЭТМОҚДА

12.07.2017, 21:32

Эндиликда хонандалар “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига қўшиқларни жонли ижрода куйлаш орқали тақдим этадилар. Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига лицензия олиш тартиби юзасидан турли савол ва таклифлар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1