У иродали аёл. Табассуми ортига яширилган ҳақиқатларни ўзгаларга билдирмайди. Гоҳида кўзлари ёшланиб, киприкларига енгил титроқ кириши мумкин, аммо шунда ҳам ўзида куч топиб, яна табассум қилади. «Актриса-да» дерсиз. Аммо ролларида ҳам бегонани эмас, ўзини ижро этади. "Сўғдиёна" газетаси маҳоратли актриса Дилноза Кубаева билан суҳбат уюштирди.
—Съёмка майдонида ҳамкасбингизнинг бирор хатосига кўзингиз тушса ёки ижросидан кўнглингиз тўлмаса, буни ўзига айтасизми?
—Ийманаман, узоқ ўйланаман «Айтсаммикан ёки йўқ?», дея. Лекин адолатсизликка, қандайдир қўрқоқларча иш қилишга нимадир йўл бермайди. Охири айтаман. Аммо бора-бора «Кимгадир яхши бўлсин деб, маҳмадоналардек кўриниб қолмаяпманмикан? Ахир уни ҳам кўнгли бор-ку, қалбини синдириб қўймайманми?» деб ўйланиб қоларкансиз. Лекин чин юракдан гапираётганимга бўлган ишончим хаёлларимни тинчлантиради. Кўпинча фикримни айтиб кузатаман, агар суҳбатдошим эътироз билдирса, «Майли, ўзингизга ҳавола», деб узоқлашаман. Борди-ю ўйланиб қолганини кўрсам, демак, адашмабман, тўғри қилибман, дейман.
—Кимнидир дилини оғритиб қўйишдан жуда қўрқасиз?
—Ҳа! Чунки дилимни оғритадиган вазиятлар кўп бўлади-да. «Бир кўнгилнинг иморати минг каъба зиёратидек», деб бежиз айтилмаган. Кимнингдир қалбини синдириб қўйдингизми, айбингизни ювиш учун ҳар қанча уринманг, фойдаси йўқ. Дунёларни ташламайсизми оёқлари остига, ўзингизни ҳар кўйга солмайсизми кечирсин деб, бефойда бари. Кўнгилнинг иши мураккаб. Виждон азобида қовурилмаслик учун ҳам кимнидир ранжитиб қўйишдан қўрқаман.
—Хатолар ҳақида гапирдик. Баъзан ҳаётимизда шундай вазиятлар бўладики, ҳатто, яқинларимизнинг ҳам хатосини айтолмаймиз, кўз юмишни афзал биламиз...
—Тўғри, лекин нега шундай экан-а? Биласизми, бугун ҳаётимдаги кўп инсонлардан миннатдор бўлаяпман. Ваҳоланки, бир вақтлар улардан жуда аччиқланганман, мени кўриб қолишмасин деб, кўздан панароқда юрган пайтларим ҳам бўлган. Энди бўлса, хатомни айтиб, уришиб тўғри қилишган экан, дейман. Бугун ўзим ҳам ёш актёр-актрисаларга танбеҳ бераяпман. Сўзларимни кимдир қулоғига илар, кимнингдир жаҳлини чиқарар балки. Аммо вақти келиб, «Дилноза опам тўғри айтган экан», дейишади менга ўхшаб. Бу нарсалар ўзимдан ўтаётгани учун ҳам ишонч билан гапираяпман. «Отам ҳақ экан», «Устозимнинг танбеҳи бекор эмаскан» деб кўп ўйлайман бугун. Гоҳида ёш ижодкорларни худди ўзимиздек кўришни истаб қоламиз. Айниқса, менда шундай кайфият кўп бўлади. Ҳамма нарса тез бўлишини хоҳлайман-да, кейин ўйга толаман «Шошқалоқ Дилноза, шу даражага эришишинг учун қанча чиғириқдан ўтганинг ёдингдами, нега энди буларни ҳовлиқтираяпсан», дея юрагимдаги жўшқинликни тинчлантираман.
—Ёш актрисаларимиздан бири суҳбатда «Дилноза Кубаева сингари ролларни чертиб танлашимга ҳали анча қовун пишиғи бор», деган фикрни айтиб ўтди. Бир йилда битта фильмда иштирок этсангиз ҳам талабгирлигингизни йўқотмаётганингиз назарда тутилгандир эҳтимол?
—Жуда хавотирли вазиятни айтдингиз. Талабалик пайтлари вужудим қулоққа айланиб, маърузаларни эшитардим. Мавзу ичига кириб кетардим гўё. Мунаввара Абдуллаева, Ҳайрулла Саъдиев, Моҳигул Ҳамроева, Арсен Исмоилов каби устозлар қўлида таҳсил олганман. Кино, театрдаги масъулият, роллар, адашиб қолмаслик, бир-бирини қайтармаслик тўғрисидаги суҳбатлардан тобора кўпроқ куч олиб, «Устозларимнинг ишончини оқлашим керак, онамнинг юзини ерга қаратмаслигим лозим», деб ўйлайверардим. Ўқишни тамомлаб, катта майдонга қадам қўйдим, аста-секин танила бошладим, шунда ҳам хаёлларим тинч қўймади. Бир поғона кўтарилгандан кейин ортга қайтиб қолишдан қўрқаркансиз, бу эса ўз устингизда янада кўпроқ ишлашга ундар экан.
—Энди-чи, ўша ўйлар безовта қилмаяптими? Ёки ҳали ҳам хавотирдамисиз?
—Ростини айтсам, ҳафсалам пир бўлаяпти.
—Сабаб?
—Ўзбек киноси жуда қалтис вазиятга тушиб қолаяпти. Бунга аввало биз — ижодкорлар айбдормиз. Томошабинларнинг ҳам таъсири йўқ деёлмайман. Драматургияни тушунган-тушунмаган одам ҳам бизга тош отишни касб қилиб олди. Хоҳлаган киши кинони танқид қила оладиган бўлди. Лекин бу адолатданми? Нега актёр-актрисалар шифокорлар, ўқитувчию бошқа соҳа вакилларининг ишига аралашмаймиз-у, бизни сиқувга олаверишади? Гапиришсин, агар шунга асослари бўлса! Бутун бошли кўрсатувлар бугун яратилаётган фильмларни қоралашга бағишланаяпти. Айрим мухлисларимиз театрга келиб, «Нега бу ҳолатга индамаяпсизлар? Меҳнатингиз-ку ахир», деб гапиришди ҳам. Ҳозир сизга сўзлаб бераяпман, аммо юрагимдаги оғриқ ўзимга аён.
—Ҳўл ҳам, қуруқ ҳам баравар ёнаяпти, демоқчисиз-да?
—Ҳа, шундай. Биз бирор соҳа вакилини гапирсак, фақат камчилигини айтмай, ютуқларини ҳам тилга оламиз-ку. Нега ижодкорларга келганда фақат хатосини излашади? Мақташга арзигулик фильмлар йўқ дейсизми? Сўнгги пайтларда ўзбек киносида қандай ўзгаришлар бўлаяпти, билишмайди, лекин мавзу керак бўлса, кинога ёпишишади. Ахир бу ноҳақлик-ку!
—Ноўрин танқид бўлаётган экан, нега индамаяпсизлар?
—Бу биргина менга боғлиқ эмас. Кинога бағишланган кўрсатувлардан бирида фикримни айтдим. Гап эгасини топди. Лекин ўша одам вазиятни янада қалтис тус олишига сабаб бўлди. Эҳтимол, барча ижодкорлар бирлашсак, ноўрин танқидларга чап бера олармиз.
—Келинг, ижодингиз ҳақида суҳбатлашсак, «Кечиккан ҳаёт»даги ижронгизни томоша қилганимда қаҳрамонингиз орқали гўё аллақандай дардни чиқариб юборишни истаётгандек туюлгансиз менга. Балким адашаётгандирман?
—Фильмнинг бошланишидаги лавҳани негадир олиб ташлашган, ҳозир эслаб қолдим. Қаҳрамоним шифохонага келганида шифокорлар онасининг вафот этганини айтишади. У бўлса дод солиб йиғламайди, балки ундан ҳам баттар аҳволга тушиб, букилиб, эгилиб қолади. Балким ижром яхши чиқмагандир ёки бирор техник носозлик бўлганми, хуллас, шу жойи қирқилган. «Кечиккан ҳаёт» ҳақида гапириш мен учун бироз қийин. Киносиновга чақиришганида, барибир мени олишмайди, чунки бу қаҳрамон мен эмасман, деб боргандим. Лекин ростини айтишим керак, агар бу ролни мендан бошқа актриса ижро қилганида яхшироқ ўйнаган бўларди.
—Нега бундай фикрга келаяпсиз? Мен Шаҳодатни сиздан бошқа актриса ижросида тасаввур қилолмаганман.
—Мен бўлсам аксинча, ўзимдан бошқа ҳамма актрисани Шаҳодат қиёфасида тасаввур қилиб кўрганман. Кўпчилик «Сенинг ҳаётинг кечиккан эмасди, ёш бошингга тушди бу савдолар», дейди. Нима бўлганда ҳам бу тақдир.
—Дилнозани чўчитган роллар ҳам борми?
—Бор! «Кечиккан ҳаёт» чўчитган, «Барон»даги ролим ҳам шундай.
—«Барон»даги ролингиздан нима сабабдан хавфсирадингиз?
—Кичик роль бўлгани билан вазифаси катта эди. Фильмда Фарҳод Маҳмудовнинг қаҳрамони турмуш ўртоғим эканлигини ҳам билдираман, ҳам бунинг акси. Кўп муддат кўришмаганман, соғинганман, учрашганимизда эса соғинчимни сездирмаслигим ва бир вақтнинг ўзида ҳисларимни билдира олишим лозим. Қийин-да бу.
—Театр ёки кинодаги қаҳрамонлар актёр-актрисаларни тарбиялайди. Қайсидир маънода сизга таъсир ўтказа олганлари бўлдими?
—Ролларимнинг барини ўзимдан оламан. Болалигим ҳам оддий ўтмаган. Анча-мунча кинога татийдиган лаҳзалар ҳам бор-да. «Келгинди келин» эсланг, «Алло, дадажон...» деб бошланувчи лавҳа бор-ку, ана шу ўзимники. Тарбиялаган ролларим эса асосан театрда. «Андишали келинчак»даги Олмахон мисол учун, ҳамиша қўли кўксида, кулиб туради, «Хўп бўлади», дейди доим. Эгилганингиз сари юзага чиқасиз, Олмахондан шуларни ўрганаман. «Қуёшни сен уйғотасан», «Огоҳ бўлинг, одамлар»даги ролларим эса шукр қилишга ундайди.
—Болалигим оддий ўтмаган деганда, нимани назарда тутдингиз?
—Ҳар бир оиланинг ўзига яраша паст-баландликлари, яхши-ёмон кунлари бўлади. Бу ҳақда гапиришни хоҳламасдим... Кичиклигимдан бошқаларга қўшилолмасдим, бир чеккада қимтинибгина турадиган қизалоқ бўлганман. Мактабга ҳам боришни истамасдим. Ҳар бир воқеа-ҳодисани ўйлайверардим, «Нега бу шундай?» деб. Тан оламан, қийинчиликда ўсганмиз. Лекин ҳаммаси учун шукр қиламан. Чунки мана шуларнинг барчаси бугун ролларимда ифодасини топаяпти. Агар қийинчилик кўрмай улғайганимда балким бугунги даражага эриша олмаган бўлармидим?
—Билишимча, ижтимоий тармоқларнинг ҳеч бирига аъзо эмассиз?
—Узоқроқ юришга ҳаракат қиламан. Укаларимнинг ҳам ижтимоий тармоқларга боғланиб қолишини истамайман.
—Турли хил миш-мишлар қайси бир Дилнозага оғир ботади, саҳнадагисигами ёки ҳаётдагисига?
—Албатта, ҳаётдагисига... Тўғриси, охирги пайтларда чарчаб қолдим гап-сўзлардан. Бир тарафдан ассосиз-ку булар нега сиқилишим керак, дейман. Ҳадеб куйиб-ёнаверсам, қиладиган ишларим қолиб кетади-ку, деб ўзимни йўлга солишга ҳаракат қиламан.
—Ҳар сафар дугоналар ёки ҳамкасблар билан биргаликдаги суҳбатларга таклиф этсам, «Ундай яқиним йўқ-да», дейсиз.
—Ростанам йўқ-да.
—Нега, кимгадир ишонч билдиришга қўрқасизми ёки кўнглингизни чўктирганлар кўп бўлдими?
—Ишонч билдиравериб, панд еявериб, ўзимни салгина орқага торта бошладим. Жуда ишонувчан эдим. Кимгадир яхшилик қилсам, эртага ўзимга қайтади дердим-да. Ҳозир бўлса эҳтиёткорман. Оилада бир қизман, уч укам — қалқоним. Кези келганида онамга ҳам айтолмаганларимни қанийди синглим ё опамдек инсон бўлса-ю у билан дардлашсам, дердим. Аммо учрата олмадим-да шундайини. Охири онажоним, ўғил бола бўлса ҳам, жигарларимдан қўймасин, дейдиган бўлдим. Укаларим ҳар қанча сингилдан ҳам аъло. «Опажон, нима истаяпсиз, қанақасиз?» деб кўнглимга қарашади. Шукр, бугун ўғлим тоғалари сафига қўшилиб, ҳимоячиларим тўртта бўлишди.
—Дилноза, саволим ранжитса маъзур тутинг, шахсий ҳаётга жиддий эътибор бериш фурсати келмадимикан?
—...Ният қилганимдек инсонни ҳали учратганимча йўқ. Мен ўзидан кечиб, севадиган инсонман. Кимгадир кўнгил берсам, ундан ҳам шуни истайман. Вақти-соати билан бўлади... Орзуларим кўп.
—Ўғлингиз отаси ҳақида сўрайдими?
—Иккимиз отаси ҳақида кўп суҳбатлашамиз. Ишонасизми, ҳар сафар «Даданг бундай дерди, мана бу ишни яхши кўрарди» десам, гўё ўғлимнинг қанотлари ёзилиб, учишга шайланаётгандек туюлади менга. Кўзгу олдида узоқ қолиб кетадиган одати пайдо бўлганди, «Отанг, эркак киши ўзига кўп оро бериши керак эмас», дерди» деганимдан сўнг ўзгарди.
—Мураккаб вазиятларда нима сизга куч беради?
—Сабрим, вазминлигим, дадам ҳам шундай эди. Кенгроқ ўйлашга ҳаракат қиламан.
—Ёлғиз қолишни истаган пайтларингиз бўладими?
—Ҳа! Илгари кўпроқ бўларди, ҳозир ёлғизликдан салгина узоқлашаяпман. Хаёлларимни тартибга келтириб олишим керак бўлганида, ўзим билан ўзим қоламан.
—Гоҳида аёлнинг кўзига ёш келади, ўз-ўзидан, нега шундай бўлади сизнингча?
—Тушунмаганликларидан, қалби бир оғиз илиқ сўз эшитгиси келганидан, руҳига қувват етишмаётганидан кўзлари ёшланади. Қадрига йиғлаганида эса адо бўлади.
Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди