1

Ижтимоий давлат деганда нимани тушунамиз? Ёхуд ижтимоий давлатчилик тажрибасини илгари сурган давлатлардаги катта ижтимоий ўзгаришлар хусусида

ЖАМИЯТ 14.06.2022, 15:55
Ижтимоий давлат деганда нимани тушунамиз? Ёхуд  ижтимоий давлатчилик тажрибасини илгари сурган давлатлардаги катта ижтимоий ўзгаришлар хусусида

                                                                                                                                                                   (биринчи мақола)

Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Сайфиддин Жўраев, Ўзбекистон миллий университети профессори Шаҳноза Мадаева конституциявий ислоҳотлар жараёнида кўпчиликни қизиқтираётган ижтимоий давлат тушунчаси, бугунги кундаги ижтимоий давлатларнинг моделлари ҳақидаги мавзулар юзасидан фикр юритишди.

Мустақилликнинг ўттиз бир йилида, айниқса, кейинги беш йилликда давлатимизда жамият ривожи моҳиятан ва шаклан жиҳатдан янги босқичга кириб бормоқда. Асосий қонунга ўзгартишлар киритиш бўйича олиб борилаётган сиёсий-ҳуқуқий ҳаракатлар, жумладан, инсон-жамият-давлат концепциясининг ҳуқуқий расмийлаштирилиши ижтимоий давлат янги парадигма сифатида жамиятнинг мутлақо янги сиёсий-ҳуқуқий тизими сифатида ривожланаётганидан далолат бермоқда. Истиқболда ўзимизда ва жаҳонда тараққий этган ҳозирги замон давлатчилигининг тажрибаси асосида янги давлат ва жамият шаклланмоқда. Конституцияга ўзгартишлар киритиш жараёнининг дастлабки таҳлили шуни кўрсатадики, бошланган ҳаракатларда кенг жамоатчиликнинг, айниқса, ёшларнинг фаол иштироки кузатилмоқда, кунига минглаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилмоқда. Шунингдек, ушбу ҳолатни хорижий мамлакатлар мутахассислари ҳам кузатиб турибди.

Биринчидан, бу қизғин жараён фуқараларнинг эҳтиёж ва манфаатларига мос келган ҳолда ўз вақтида содир бўлаётгани аён бўлмоқда. Иккинчидан, амалиётда аҳолининг давлатга, жамиятга ишончининг юқори даражадалиги, фуқаролар сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг боришидан манфаатдорлиги тасдиқланяпти. Шунингдек, билдирилаётган фикрлар ва қарашларда турли саволлар ҳам берилмоқда.

Жумладан, ижтимоий давлат нима ўзи, у нималарда намоён бўлади, ижтимоий давлатнинг белгилари борми, ижтимоий давлат қандай вазифаларни бажаради, олдинги социализмдан фарқи борми, бу бўйича умумэътироф этилган принциплар ёки хорижий тажрибалар борми, мамлакатимизда шу вақтгача олиб олиб борилган ижтимоий сиёсатдан қандай фарқи бор, бошқа йўналишлар бўйича давлатнинг аҳамияти пасаймайдими, жамиятдаги бошқа институтларнинг иштироки ва аҳамияти қандай бўлади, умуман бундай ўзгаришлар одамларга нима беради каби саволлар мавжуд. Шулардан келиб чиқиб, бугун биз ушбу мақолада ижтимоий давлат тушунчаси, бугунги кундаги ижтимоий давлатлар, ижтимоий давлатнинг шахс ҳаётидаги ўрни, ижтимоий давлатнинг белгилари ва функциялари ҳақида фикр юритмоқчимиз.

Авваламбор шуни айтиш керакки, дунё тажрибасидан келиб чиқадиган бўлсак, ижтимой давлат бу жамиятнинг сиёсий ташкилоти, яъни том маънода давлатдир. Ижтимоий давлат ўз сиёсатида ижтимоий адолат тамойилларидан келиб чиқиб, фаолият юритади. Асосий мақсад – жамиятда яратилаётган моддий ва маънавий бойликларни ижтимоий адолат тамойили асосида қайта тақсимлашдан иборатдир. Бунда ҳар бир фуқаронинг маиший турмуш тарзи ҳолатини сифат жиҳатдан юқори даражага олиб чиқиш, аҳолининг турмуш шароити ва сифати жиҳатдан табақаланишига, яъни улар ўртасидаги яшаш учун кетадиган сарф-харажатлар бўйича фарқларнинг катталашиб кетишига йўл қўймаслик ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмига давлат томонидан кафолатлар тизим орқали ёрдам кўрсатилади. Бошқача айтадиган бўлсак, мақсад яратилган неъматлардан ижтимоий кафолатлар орқали ҳамма баҳраманд бўлишини таъминлашдан иборат.

Иккинчидан, жаҳондаги социал-демократик ҳаракатларнинг асосий мазмунини ижтимоий давлатнинг яратувчанлик ва унинг воситасида аҳолини ўзига жалб қилиш орқали давлатни бошқаришга ҳаракат ташкил этади. Ўз навбатида, бу усул кўпгина давлатнинг конституцияларида ҳамда бошқа қонунларида акс этган. Давлат томонидан ижтимоий кафолат иқтисодиёт (авваламбор, йирик бизнес) ва солиқ сиёсатини бошқариш орқали таъминланади.

Шунингдек, бу ғоялар ва сиёсат олдинги социалистик ғоялардан кескин фарқ қилади. Социалистик ғояларга асосланган собиқ иттифоқ тизимига аҳолини мулксиз қилиб қуйиш, фуқароларнинг ижтимоий кафолати фақат қоғозларда қолиб кетиши, ижтимоий масъулият, ижтимоий рақобатнинг йўқлиги хос эди. Натижада аҳолининг ижтимоий фаоллиги пасайиб кетган. Келажакни яратиш, янгиланишга, ўзгаришларга бўлган ҳаракат қўллаб-қувватланмаган, натижада ижтимоий мобиллик ва ижтимоий яратувчанлик йўқолиб кетган. Умуман, бу тажриба жамият учун тескари натижа беришини ҳаётнинг ўзи тасдиқлади. Лекин тарихнинг бошқа кесимида ижтимоий давлатчилик тажрибасини илгари сурган Ғарб давлатларида катта ижтимоий ўзгаришлар содир бўлди.

Мутахассислар томонидан хорижий давлатларнинг ижтимоий сиёсатининг таҳлили натижасида ижтимоий давлатнинг учта модели Скандивания , Континентал , Америка-Буюк британия моделлари ажратилади.

Биринчидан, Швеция, Финляндия, Дания, Норвегия давлатлари Скандинавия моделини ўзида намоён қилади. Бу мамлакатларда давлат бюджетни қайта тақсимлаш орқали ижтимоий харажатларнинг анчагина қисмини ўз бўйнига олади. Бу давлатлар ўз фуқароларининг ижтимоий фаровонлиги, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларига, болалар ва ёшларга, кексаларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш учун масъул бўлади. Бу фаолият давлат бюжети ва ижтимоий суғурта жамғармалари томонидан молиялаштирилади. Бу ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш асосан муниципалитетлар, яъни маҳаллий бошқарув органлари томонидан амалга оширилади.

Иккинчидан, Германия, Австрия, Бельгия ва Францияда ижтимоий давлатнинг континентал модели юқори даражада ривожланган. Бу давлатларда давлат асосан аҳолининг муҳтож қисмига ижтимоий ёрдам пулларини беришга масъул ҳисобланади. Лекин аҳолига давлат ижтимоий хизматлар кўрсатиш билан шуғулланмайди. Ижтимоий харажатлар давлат ва хусусий ижтимоий суғурта жамғармалари томонидан қопланади. Яъни ижтимоий таъминот бюжетдан ажратиладиган маблағлар ҳамда иш берувчи ва ходимларнинг суғурта бадалларидан таъминланади. 

Шундай қилиб, биринчидан, Скандивания, Континентал, Америка-Британия моделлари бўйича ижтимоий давлатларда, либерал давлатларда давлат томонидан ижтимоий харажатларга минимал маблағлар ажратилади, бир вақтнинг ўзида ижтимоий ёрдамга муҳтожлар ҳар томонлама ўрганилади. Бажарилган иш ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиш натижасида олинадиган ҳар томонлама кафолатланган даромад фуқароларнинг ижтимоий фаровонлигини таъминлашнинг асосий манбаи ҳисобланади.

Иккинчидан, ижтимоий давлатнинг социал-демократик тури Скандинавия турига мос келади. Бу ерда моддий неъматларни аҳоли орасида қайта тақсимлаш ва ижтимоий эҳтиёжга зарур харажатларда давлатнинг устунлиги мавжуд.

Учинчидан, ушбу жараён давлат ташкилотлари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан кучли жамоатчилик назорати асосида кузатилади. Шунингдек, жараённинг бориши, самарадорликни аниқлаш, вужудга келаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва зарур қарорлар қабул қилиш учун тизимли мониторинг ва таҳлил қилиб боришнинг мустақил тизими йўлга қўйилган.

Тўртинчидан, ижтимоий давлатчилик Осиё давлатларида – Япония, Жанубий Корея, Тайванда ҳам ривожланиб бормоқда. Ижтимоий давлатчилик Ўзбекистонда ҳам ривожланиб бормоқда. Ўзига хос ютуқлар бор. Эндиликда бу тизимни Конституция даражасида мустаҳкамлаш кун тартибида турибди (бу ҳақда кейинги мақолада баён қиламиз).

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1