1

Эътибор ва Ҳосила Раҳимова – спортчи, курашчи, «шифокор» — отасининг қизлари

ШОУ-БИЗНЕС 26.09.2016, 13:56
Теглар: Хонанда, Шоу-бизнес
Эътибор ва Ҳосила Раҳимова – спортчи, курашчи, «шифокор» — отасининг қизлари

Бу галги суҳбат иштирокчилари жўшқин, изланувчан, меҳнатсевар опа-сингиллар — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимова ҳамда унинг опаси ва продюссери Эътибор Раҳимова. Қаҳрамонларимиз билан болалик дамларига ғойибона саёҳат қилиб, қизиқ ҳангомаларнинг гувоҳи бўлдик. 

 
— Опа-сингиллар орасида Эътибор опани қаттиққўлроқ дейишди. Тўғрими? 

Ҳосила Раҳимова: — Ҳа, ҳақиқатан ҳам шундай. 

Эътибор Раҳимова: — Билмасам, ўзимни қаттиққўл ҳисобламас эканман. 

Ҳ.Р: — Оилада фарзандлари, яқинларига нисбатан қаттиққўллик қилмайди-ю, лекин иш масаласида жуда талабчан.

— Опангизнинг таърифини эшитиб, Ҳосила Раҳимовадан ҳам ўтадигани бор экан-да, дегандик. 

Ҳ.Р: —  Оилада энг ювоши менман (кулиб). Опаларимнинг мендан ўтадиган шадоддлиги бор. Онам «Агар сизлар санъаткор бўлганингиздами, чунонам ижод қилардингизки», дейди доим. 

Э.Р: — Ҳосила опа-сингиллар ичида энг оғир-босиғи. 

Ҳ.Р: — Опаларимнинг чайирлиги, уддабуронлигига тан бераман. 

— Оилада тўрт қиз ва икки ўғилсизлар-а?

Ҳ.Р: — Ҳа, икки опам, бир синглим ва икки укам бор. 

— Шифокорлар оиласида улғайгансизлар. Тиббиётдан хабардор бўлсангиз керак.

Э.Р: — Албатта. Қандай саволингиз бўлса айтаверинг (кулади). Отам шифокор бўлгани учун оилавий суҳбатларимиз ҳам асосан касалликлар муолажаси ҳақида бўларди.  

Ҳ.Р: — Беморлар уйимизга ҳам келишарди. Отамга ёрдам бериб, шприцларни қайнатиб берардик. У пайтлари бир марталик шприцлар бўлмасди-да. Тиббий асбоб-анжомлар қайнатилиб ишлатиларди.  

Э.Р: — Отам озодаликка жуда талабчан эди. Шифохоналарда тозаликка қандай эътибор берилса, уйда ҳам худди шундай бўлишига ҳаракат қилардик. Падаримизнинг ишларини кузатиб, қайси касалликда қандай укол қилинишини ўрганиб олганмиз. 

Ҳ.Р: — Ёдингиздами, шприцларга дорини биз тортиб берардик. Масалан, глюкоза ўнталик шприцга...

Э.Р: — Аскорбинка иккиталик шприцга тортиларди. 

— Демак шифокор бўлганларингизда, бу касбни бемалол эплаган бўларкансиз?

Ҳ.Р: — Катта опамиз шифокор. Дадамнинг ишларини давом эттираяпти. Оиламизда касб танлашга эркинлик берилган. Ҳеч қачон истагимизга қарши чиқишмаган. Қайси соҳани танласангиз ҳам, албатта, ўқинг, дерди отам. Опа-укалар орасида биримиз шифокор, биримиз спортчи. Эътибор опамни назарда тутаяпман, жисмоний тарбия институтини тамомлаган, мен санъат йўлидан кетдим. Укаларимдан бири ҳам санъат соҳасини танлади. Хуллас, барчамиз турли касбларда фаолият юритамиз. 

— Эътибор опа, қишлоқдан чиққан биринчи спортчи қиз бўлганингиз ростми? 

Э.Р: — Ҳа, чиндан ҳам қизлар орасида Сурхондарё вилоятидан биринчи бўлиб мен жисмоний тарбия институтига ўқишга кирганман. Енгил атлетика спорт тури билан шуғулланардим.

— Хўш, кейин-чи, ўқишни тамомлаб, спортни давом эттирдингизми?

Э.Р: — Бир неча йиллар давомида ўз соҳам билан шуғулландим. Сўнг турмушга чиқдим, фарзандларим туғилди.

Ҳозир  санъаткорларга «мураббийлик» қилаяпман. Хусусан, синглим Ҳосилага! Уларни ҳам бии-и-ир югуртирай дедим-да (кулади).

— Болалигингизни эслаганингизда нималар кўз олдингизда жонланади?

Э.Р: — Эҳ-ҳе жуда кўп нарсалар... Баҳорда маҳалламиз болалар билан чиллак ўйнаганларимизни эсладим. 

— Ўйланиб қолдингиз, Ҳосила опа?

Ҳ.Р: — Қиз бола бўлсак ҳам, ўғил болалар билан теппа-тенг ҳар хил ўйинларни ўйнардик. Кўкламга тайёргарлик бошқача бўларди. Ҳар Наврўзга, албатта, янги кўйлак тиктирардик. 

Э.Р: — Дадам барчамизни тикувчига олиб бориб, «Қизларимга янги кўйлак тикиб беринг», дерди. Матосини ҳам ўзи танларди. Хон атлас, сарғали атласлар бўларди. 

— Либос бичими турлича бўлармиди? 

Э.Р: — Катта опам кўпроқ одмироқ бичимни ёқтирарди. 

Ҳ.Р: — Қора гулли атласни танларди нуқул. Менга олд тарафига пирпирак қилингани тушарди. Дадам тикувчига атай айттирарди, шундай тикинг деб.  

Э.Р: — Уйимиз олдида катта истироҳат боғи бўларди. Наврўз байрамини ана шу боғда нишонлардик. Ям-яшил ўт-ўланлар устида гилам тўшаб, ўтириб олардик-да, томошани кузатардик. 

Ҳ.Р: — Мактабга чиққач, байрам учун саҳна кўринишларида иштирок эта бошладик. 

Э.Р: — Мен кўпинча бошловчи бўлардим (кулади). Ҳосила қўшиқ куйларди.

— Болаликда ҳам от минармидингиз, Ҳосила опа?

Ҳ.Р: — Қишлоқдан ўсган қизман-ку, от минишга кичиклигимдан қизиққанман. 

Э.Р: — Ҳосила 7-8 синфларида «Навниҳол» ансамблига қатнашарди. Ҳосила қани десак, гуруҳи билан бирор тадбир ёки репетицияга кетган, дейишарди. «Уйни ишларини қилмай кетдими яна», деб жахлимиз чиқарди бизни (кулади). 

Ҳ.Р: — Мени урардингиз-а, Эътибор опа.

— Йўғ-ей?

Э.Р: — Айтилган ишни қилмай кетиб қолардинг-да, шунга уришардим. Буни битта одати бор эди, жини суйса қиларди, суймаса дакки эшитса ҳам, ўз билганини маъқуллаб тураверарди. Онам бизни авайлаб тандирга киритмасди. «Қизларим Тошкентда ўқияпти, териси куймасин», дерди-да. Ҳосилага эса нон ёпдирарди. Келишимизга, айниқса, кулча-ю нонларни тахт қилиб қўярди. Лекин шу ишни ҳам илҳоми келса, қиларди, бўлмаса йўқ. Бирор ишни «қилмайман» дедими, тамом айтганидек бўларди. Шуни деб калтак ерди-да. Аммо шунда ҳам тавба қилмасди. Дастурхон бошида ўтирганимизда йиғлаб-йиғлаб овқатланарди. 

Ҳ.Р: — Дастурхондан хафа бўлиб туриб кетиш мумкин эмасди. Дадам ёқтирмасди буни. Йиғласам ҳам ҳамма қатори ўтирарардим. 

Э.Р: — Кейин Тошкентга келди, «Мархабо талантлар» танловида қатнашиб, биринчи ўринни олди. 

— Опаларингизнинг танбеҳларидан роса аччиқлангандирсиз, Ҳосила опа?

Ҳ.Р: — Ўша кезлари жаҳлим чиқарди. Бола бўлганман-да. Ҳозир, мана, кулиб эслаймиз. 

— Қўшиқларингизга ишланган клипларда кураш тушганингизни кўрамиз. Ҳаётда ҳам кураш тушганмисиз?

Ҳ.Р: — Опам спортга қизиққанлари учун биз ҳам уларга қараб машқларни ўрганардик. Кураш ҳам тушганман, от чоптирганман, ҳатто машина таъмирлашни ҳам биламиз. Барини отам ўргатган. Қиз бола ҳар ишни қила олиши керак, дерди у киши. Қишлоғимиздаги катта кўлга олиб бориб, сузишни ўргатарди. 

Э.Р: — Раҳматли дадам бизни ўта иродали қилиб тарбиялаган экан. Шу ёшга кириб, буни энди англаяпман. Оиламиздаги қизларнинг бари иродали, кучли аёллар. Қийинчиликларга сира букилмаймиз, бир иложини топиб енгиб ўтамиз. Бешинчи синфга ўтганимда дадам менга машина ҳайдашни ўргатди. Ҳосила еттинчи синфида рулга ўтирган. Отам ишга кетгунича автомобилнинг ёғларини алмаштириб, сувларини қуйиб, тайёрлаб қўярдик. 

— Бир неча йиллардан буён синглингизга продюссерлик қиласиз. Даставвал бу фикр кимдан чиққан?

Ҳ.Р: — Опамнинг талабчанлиги, ўз ишига масъулият билан ёндашишини билганим учун ҳам бирга ишлашни таклиф қилганман. Биласиз, бугун санъатда ишончли одамни топиш қийин. Сен учун астойдил жон куйдирадигани, қайғурадигани кам. Бирга ишлаётганимиздан бери ҳозир иккинчи концертга тайёргарлик кўраяпмиз. Шоу-бизнесдан йироқ инсон бўлса-да, тез фурсатда барча сир-асрорларини ўрганиб олди. Продюссерлик ҳам осон иш эмас. Ўзига яраша машаққати бор. 

— Опангиз ёнингизда эканидан хотиржаммисиз?

Ҳ.Р: — Албатта. Концертга тайёргарлик вақти ҳали у, ҳали бу муаммо деб диққатимни чалғитганлар кўп бўлган илгари. Опам бўлса, мени аяб, ташкилий ишларнинг барчасини ўз зиммасига олган. 

— Ижод борасида-чи, фикр алмашасизми?

Ҳ.Р: — Танлаган қўшиқларимни эшиттираман. Оиламиз фольклор йўналишини яхши кўради. Эътибор опам ашуламни тинглаб, фикрлари билан ўртоқлашади. Кўпроқ халқона қўшиқлар куйла, дейди. 

Э.Р: — Сафарларга чиққанимизда йўл-йўлакай суҳбатлашиб кетамиз, бирор қўшиқ ғоясини муҳокама қиламиз. 

— Худди болалигингиздаги каби синглингизга ҳозир ҳам дакки бериб турасизми, Эътибор опа?

Э.Р: — Иш масаласида бўлса, танбеҳ беришим мумкин. Лекин жиддий айтишиб қолмаймиз. 

— Ҳосила опа, юқорида айтганингиздек, ижодингизда кўпроқ фольклор қўшиқларга эътибор берасиз. Доим бу йўналишда куйлаш қийин эмасми?

Ҳ.Р: — Атрофимда ҳамфикр инсонларим бор. Ҳар бир ишимни бамаслаҳат амалга ошираман. Тўғри, янгилик қилиш қийинроқ. Одамлар орасида юриб, ҳаётлари, унут бўлиб бораётган урф-одатларни кузатамиз. 

— Сурхондарёдаги тўйлар сизнинг келишингизга қараб белгиланар экан. 

Ҳ.Р: — Ўзимиздан чиққан қиз деб сийлашади. Нафақат Сурхондарё, водий томонларда ҳам келишингизга қараб тўй кунини белгилаймиз, дейишади. Албатта, бу каби эътибордан бошим кўкка етади. 

— Сизни пойтахтдаги тўйларда кам кўрамиз. Вилоятларда талаб кўпроқ, менимча?

Ҳ.Р: — Шаҳарда ҳам бўламан. Аммо кўпроқ вилоятларда сафардаман. Таклиф қилишса, рад этолмайман. 

— Укангиз Абдуманнон ҳам қўшиқ куйлаётганди. Негадир, сўнгги вақтларда кўринмайди?

Ҳ.Р: — Адбуманнон янги қўшиқлар устида ишлаяпти. Сурхондарёда ўз мухлисларига эга. Оиламиз кенжаси бўлгани учун ота ҳовлимизда қолган. Шунга ҳам пойтахтга камроқ келади. 

Э.Р: — Укамиз ижоддан четлашгани йўқ. Ҳозир мусиқий альбом устида ишлаяпти. Тайёр бўлиши билан мухлислар эътиборига ҳавола этади. 

— Фақат Абдуманнон билан дуэт куйладингиз. Нега бошқа санъаткорлар билан ҳамкорлик қилмайсиз?

Ҳ.Р: — Концертда куёвим Баҳриддин Зуҳриддинов билан ҳам куйладим-ку! Янги йил байрами тадбирларида Мавлуда Асалхўжаева, Жаҳонгир Позилжонов билан ҳам дуэт ижро этдик. 

— Улар лойиҳа эди. Муаллифлик қўшиқларингизни сўраяпман.

Ҳ.Р: — Илгари дуэтлар масаласида инжиқроқ эдим. Абдуманнон билан куйлаганимдан сўнг фикрим ўзгарди. Насиб қилса, яна янги дуэт қўшиқлар бўлади. 

— Турмуш ўртоғингиз санъатдан йироқ инсон. Лекин бир-бирингизни тушунишингизни кўп таъкидлайсиз. Бахтли турмуш сири ҳам шу бўлса керак?

Ҳ.Р: — Ёнидаги бахтни ҳис қила олган инсон чинакамига бахтли бўлади.  Бунинг учун эса ҳурмат, ўзаро ишонч ва бир-бирини тушуниш, тинглашни билиш керак.

— Айтишларича, аввал келинлик вазифасини дўндириб, кейин ижодни бошлаган экансиз?

Ҳ.Р: — Ўзимни-ўзим мақтамайман-у, аммо турмушга чиқиб, бор эътиборимни оиламга қаратдим. Қизларим туғилгач, кейин ижодни бошладим.

— Тарбия масаласида талабчанмисиз?

Ҳ.Р: — Фарзандларим тарбиясида отамнинг панд-насиҳатларини кўп ёдга оламан. Қизларимга, турмушга чиқдингми, ёрингни тақдиринг деб бил, дейман. Уй ишларида ҳам талабчанлигим бор. Ўғлимга келсак, ҳозирча кичик деб индамаяпман. Шунга ҳам салгина эркалиги бор. Қизларимга, ўзга уйга бордингми, у сенинг умрбод уйинг. Бу ерда меҳмонсан, бирор нима бўлса, онам бағрини очиб кутиб олади деб ўйламанглар, дея сингдириб келганман. Бу узатдим, бўлди энди сен билан ишим йўқ, дегани эмас. Кези келганида оиласи чиройли, бахти бутун бўлиши учун маслаҳатимни, кўмагимни аямайман. Қизларимга одамларни бор камчилиги билан яхши кўриш керак, ҳар нарсага ижобий кўз билан қарашни ўрганинг, дейман. Ёмон десангиз, ёмон бўлиб бораверади. 

— Охирги суҳбатимизда қизларим менга ёқмайдиган йигитни танлашмайди, дегандингиз. Эслайсизми? Куёв танлови тасодифми ё?

Ҳ.Р: — Тақдир бу! Баҳриддинни куёв бўлгунига қадар санъаткор сифатида танирдим. Бир куни мендан диск олиши керак бўлиб, уйимизга келди. Шунда қизимни кўриб, ёқтириб қолибди. Совчиларини кўриб, ҳайрон қолгандим. Кутмагандим-да. Қизимнинг олдидан ўтиб, рози бўлдик. Шукр, бахтини кўриб, қувониб ўтирибман. Қудаларим ҳам зиёли кишилар. Куёвим ҳам тилла! Уйим-жойим дейдиган, яхши оилада тарбия кўрган, эътиборли йигит. 

— Тўй куни йиғладингиз-а?

Ҳ.Р: — Ҳамманинг олдида йиғлаганим йўғ-у, келин-куёвни кузатганимиздан сўнг кўзларимга ёш келди. 

Э.Р: — Ўша куни Ҳосиланинг кўзлари ёшга тўла эди-ю, бироқ ҳеч кимга билдирмади. Ҳаяжонини яшириш учун ҳали унга, ҳали бунга югурарди. 

Ҳ.Р: — Ёши катта инсонлар айтишди, қизингиз уй бўсағасидан чиққунича ўкиниб йиғламанг, чин юракдан қўйиб юборолмайсиз. Чин дилдан бахтини тиланг! Шунга ҳам ўзимни ушлаб турдим. 

Дилдора Юсуфбекова суҳбатлашди.

Шарҳлар

Машҳур хонанда 61 ёшида вафот этди

10.12.2019, 20:06

 Таниқли швед гуруҳи — «Roxette» солисти Мари Фредрикссон 61 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Швеция ОАВларига асосланиб хабар берилди.Dagens Nyheter нашрининг ёзишича, хонанда узоқ йиллар давомида саратон хасталигига...
Зохиршоҳ Жўраев Ботир Қодиров унинг акаси экани ҳақидаги миш-мишларга нуқта қўйди (видео)

06.11.2019, 12:06

Зохиршоҳ Жўраев "Миллий" телеканалининг "Нишондасиз" кўрсатувида иштирок этиб, оилавий миш-мишларга нуқта қўйди...Кўрсатув давомида бошловчи Зохиршоҳдан Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг фарзанди экани ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритишини...
​СИТОРА АЛИМЖОНОВА ШАХСИЙ ҲАЁТИНИ МУҲОКАМА ҚИЛГАНЛАРГА МИННАТДОРЧИЛИК БИЛДИРДИ

14.08.2017, 12:34

Актриса Ситора Алимжонова 8 август куни турмушга чиқди. Унинг тўйи Таиланднинг Пхукет оролида бўлиб ўтди.Ситора ўз интервьюларида турмуш ўртоғининг 27 ёшда эканлигини ва у тадбиркорлик...
ФАРРУҲ ЗОКИРОВДАН ТАНҚИД ЭШИТГАН ВА ТОҲИР СОДИҚОВ ДУЭТ КУЙЛАШДАН БОШ ТОРТГАН УМИДАХОН

11.08.2017, 16:04

"Даракчи" газетасидаги "10 қалтис савол" лойиҳасининг галдаги меҳмони профессионалмусиқий билимга эга хонанда УМИДАХОН... 1. “Умр ўтар”, “Юлдузимсан”, “Сендадур кўнглим” ва “Йўлимдан қоч”, “Сериал”, “Сафсата” қўшиқлари....
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1