АсосийShou-biznes

"Ёр-Ёр"нинг ремейк варианти суратга олинади

'"Ёр-Ёр"нинг ремейк варианти суратга олинади'ning rasmi

Бу йил ўзбек киноси дурдоналаридан бири "Ёр-ёр" фильмининг суратга олинганига роппа-роса 60 йил тўлди. Шу муносабат билан сценарий муаллифи ва режиссёр Али Ҳамроев ушбу мавзуга яна қўл урди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги Ахборот хизмати хабар берди. 

Айни пайтда ушбу фильм синопсиси Кинематография агентлиги Бадиий кенгашига тақдим этилди ҳамда Кенгаш аъзолари томонидан бир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. 

Фильм синопсисига кўра, воқеалар ривожи 1964 йилда суратга олинган "Ёр-ёр" билан деярли бир хил. Биргина фарқи янги "Ёр-ёр"да бугунги ҳаётимиз – Янги Ўзбекистон тасвирланади.

Фильм бош қаҳрамонларидан бири "Ота" образини халқимизнинг суюкли актёри, "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Абдуллаев гавдалантиради. 

Ҳозирда бошқа қаҳрамонлар учун кастинг жараёнлари давом этмоқда.

"Қаҳрамонимиз Бахтиёр оркестрда ишлайдиган ёш йигит. Унинг жамоасига қўшиқчи қиз керак. У телевизорда Зулфияни кўриб қолади. Ижтимоий тармоқларда унинг Бухорода эканлигини билиб, у билан учрашишга қарор қилади. Бахтиёрнинг отаси ўғлига ўша қизни олиб бериш учун у билан бирга йўлга чиқишини айтади. Воқеалар шу билан бошланади. 

Бугун атрофимизда нималар бўлаётган бўлса, фильмда ҳам шулар тасвирланади. Мақсад, бугунги кунимиз ҳақида 50 йилдан кейин ҳам одамлар билиши керак",– дейди Али Ҳамроев. 

Унинг сўзларига кўра, фильм шу йилнинг декабр ойларида тайёр бўлади. 2025 йил Наврўз байрамида катта экранларга чиқиши режалаштирилган.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар