1

“Эримнинг сиридан «бехабар» қолиб, оиламни ортиқча гап-сўзлардан қутқардим”

МУТОЛАА 20.10.2016, 17:04
Теглар: Хикоя
“Эримнинг сиридан «бехабар» қолиб, оиламни ортиқча гап-сўзлардан қутқардим”

Ўзини Лола деб таништирган мухлисамиз таҳририятга қўнғироқ қилиб, шундай деди:

— Яқинда бир танишим эри ёш ходимасининг атрофида ўралашиб қолганини ва бу кўп гап-сўзларга сабаб бўлиб, оиласи бузилиб кетиш арафасида эканини айтди. «Опажон, аламимдан эримдан ўч олгим келяпти. У ҳам мендек алам тортиши учун нима қилай?» деди кўз ёши тўкиб. Ўзимнинг бошимдан ўтказганларимни гапириб бердим. Кейин тажрибам бошқаларга ҳам асқатар деган мақсадда таҳририятга қўнғироқ қиляпман…

—  Бу ўч олиш эмас, балки оилани сақлаб қолиш усули эди. Хуллас, «яхши одамлар» менга «эринг котибасига ўралашиб қолган» деган хабарни етказишди. Ўзим ҳам ўзгарганини сезиб юргандиму, лекин исботим бўлмагани учун индамагандим. Охирги пайтларда кимдир уй телефонимга қўнғироқ қилиб, мен кўтарсам қўйиб қўярди. Эримдан сўрасам, жавоб бермайдию, типирчилаб қолгани сезилади. Демак, хонимчалари билан оралари бузилган, аламидан менинг тинчимни бузмоқчи. Лекин мен у кутганидек жанжал қилмадим. Агар уриш бошлаганимда «ана, кўрдингизми хотинингиз жанжалкаш» деб тантана қиларди. Рақибамга бунақа имконият бергим келмади… Танишлардан унинг е-mail манзилини олдим ва мактуб йўлладим:

«Очиғини айтишим керак, сени тўғри тушунаман. Ҳис-туйғуларинг менга ҳам бегона эмас. Чунки ўзим ҳам сенга ўхшаб алданган аёлман…

Лекин оқибат  барибир мен ютдим. Қасос ўти куйдирса-да, ҳаётнинг ўзи ҳамма нарсани жой-жойига қўйишига ишондим. Энди вақт жароҳатимни даволашини кутяпман ва сен барбод этган турмушим харобалари устида ҳаётимни қайта қуришга киришяпман.

Энди сен ҳақингда гаплашсак. Ҳаммаси қачон бошланганди? Тузоқнинг кенг тарқалган усулларидан бири — ишдаги  ишқ.

Яъни сен, ёш, чиройли қиз, келажаги порлоқ ташкилотга ишга жойлашдинг. Бахтингга жамоада эркаклар кўп. Сен дарҳол ишга киришиб, эркакларни ўзингга маҳлиё этишни бошладинг. Бу билан эркакларга қанчалик ҳукмингни ўтказа олишингни синов қилдинг ва шу баҳонада ўзингга бўлган ишончингни ҳам оширдинг. Шундан сўнг ёш, ёқимтой, омадли раҳбарингни тузоғингга илинтиришга киришдинг. Айни пайтда раҳбарингнинг хотини (яъни мен) ёш боласи билан уйда ўтирибди. Эрида унга нисбатан қизиқиш бироз пасайган. Рўзғор ишлари, ёш бола, ҳар куни бир хил юмушлар муҳаббатга ҳам барҳам берган. Шундай жонкуяр, олижаноб, лекин «бахтсиз йигит»га жуда раҳминг келади. Шундан кейин меҳринг товланиб, унга раҳм-шафқат нурларингни сочиб, хушомад қилишни бошлайсан. Бу ишингни аёл сифатида тушунаман, аёлларнинг қонида ин қуриб, тухум очиб, палопон ўстириш истаги бор. Бунинг учун муносиб эркак топиш керак. Сенинг тоифангдагилар эса бу истакни амалга ошириш учун ҳар нарсага тайёр.

Аслида сенга кўрсатилган марҳаматни нотўғри тушундинг. Унинг оиласини саришта тутиб, боласини ўстираётган, ҳаётда елкама-елка қадам ташлаётган умршеригининг ўрнини вақтинча эгалладинг. Улар вақтинча бир-биридан узоқлашишган. «Хоним, бугун чиройли бўлиб кетибсизми? Кечга қолманг, хавотир оламан!» деган гаплар камайгани ҳам вақтинча. Тунлари бола қараб ухламай чиқадиган, кун бўйи рўзғордан ортмайдиган аёлнинг романтикага ҳозирча ҳуши йўқ.

Аслида у ҳаммага бирдек хушмуомала. Лекин сен бунга эътибор бермадинг ва олдингга мақсад қўйдинг. Ўзингга «ўта муносиб, лекин бахтсиз эркак»нинг ҳаётига нур олиб кирувчи фаришта ролини олдинг. Афсуски, ҳаётнинг ёзилмаган қонунини унутиб қуйдинг: «Бировнинг бахти устига бахт қуриб бўлмайди!»

Меҳнатларинг самара бераётганини кўриб бор ғайратингни ишга солдинг. Яъни, аввало соч турмагингни ўзгартирдинг, атиринг, либосларинг, юришинг… Барча-барчасини ўзгартиришни бошладинг. Кейин эса нозик усулларга гал келди, яъни билмасдан туртиниб кетиш, «хотинингиз жуда омадли экан, сиздек йигит насиб этибди» деган гаплар... Бу усулда асосийси хушомад ва ачиниш. Эркаклар табиатан содда бўлишади. Ўзингни ёқимтой қўзичоқ қилиб кўрсатсанг, бўлди, улар ўзларини қаҳрамон ҳис қилишади! Кўп ўтмай туйғулари ҳақида гап очишади. Хушомадингга хушомад билан жавоб қайтаришади, кейин қарабсанки, қармоғингга илиниб турибди-да! Бу албатта сенга қўл келди, чунки вақти келганда «ўзи мени йўлдан урди» деб айтишга асосинг бор!

Энди вазиятга бошқа томондан қараймиз. Сен аслида унинг бошини айлантирдинг. Яъни ақлли одамлар қадрлайдиган хислатлар — яхши феъл-атвор, садоқат, меҳр, олижаноблик каби абадий қадрли туйғулар билан кўнглини забт этмадинг. Бундай сифатлар йиллар синовидан ўтиб, ҳаётнинг аччиқ-чучугини ботмонлаб бирга тортиш натижасида  тобланади ва қадри ошади. Сен эса шунчаки унинг бошини айлантириб олдинг…

Газетада ўқигандим, руҳшуносларнинг айтишича, ошиқлик гормонлари туғёни организмни олти ойгача тўлқинлантириб тураркан. Демак, олти ойдан кейин ўраган арқонинг бўшаша бошлайди.. Шундан кейин у (яъни эрим) «мен кимман ўзи, нималар қиляпман, бахтли турмушимга нима бўлди?» деган саволларни бера бошлаган ўзига…

Аслида эркакнинг хотини ақлли ва бамаъни бўлса, аччиқ устида иш қилмайди. Сабр билан барчасини вақтнинг ҳукмига ҳавола этади.

Кўп ўтмай жазманнинг шунчаки бетутуруқ, майда гап, пулга ружу қўйган эговлиги билинади. Муҳаббат изҳорлари унинг пули ва мавқеига қаратилгани маълум бўлади. Кўп ўтмай эркак мушукдек мулойим хонимчасининг ўткир тирноқларини сеза бошлайди. Ёш хоним ўз режаларини унинг ҳисобидан амалга оширишга жон-жаҳди билан киришгани ҳам ойдинлашади. Энди ўз оиласини —  ёшлиги, яхши-ёмон кунлари ўтган, доим ёруғ ва покиза уйини қўмсай бошлайди. Ўз оиласида уни ҳар қандай вазиятда ҳам яхши кўришларини, пули борида ҳам йўғида ҳам бирдек тушунишларини, барча камчиликлари билан қабул қилишларини билади ва соғинади. Ўз оиласида уни қўллаб-қувватлашар, келажак учун бирдек ҳаракат қилишарди...

Энди ўзинг ўйлаб кўр, азизам. Шундан кейин сен нима қиласан? Оила ақл-фаросатли хотин (ота-она, бобо-буви, опа-сингиллар) саъй-ҳаракати билан тикланса, ўшанда ким ортиқча бўлиб қолади?!

Мана, маррага ҳам етиб келдик. Ноз-фироғингдан қонуний хотиннинг қувончи ошиб тушди. «Севгилинг»нинг бир пайтлар «хотинимдан кўнглим тўлмайди, сен билан жуда бахтлиман» деган гапларини эсласанг, кўнглинг бузилади. Ақлли қизсан, эркакларнинг вақтинчалик ожизлигини билишинг керак. Яъни эркак ўзининг олдинги ҳаётига қайтгани заҳоти унга ҳукминг ўтмайди. Энди ўзинг ҳам тушунгандирсан, у қизишиб кетганда «доим норози, жанжалкаш» деб таърифлаган хотинидан воз кечиб, ҳеч қачон сен билан қолмайди. Унга рафиқаси билан яшаб орттирган юк, янги ортилган юкдан кўра қадрлироқ. Балки «ўртамизда фарзанд бўлганида барчаси бошқача бўларди» деб ўйлаётгандирсан. Бу ҳам ҳали мавҳум масала. Қолаверса, ўзинг ҳам жондан азиз болангни сени доим алдайдиган одамнинг қўлида ўйинчоқ бўлишини истамасанг керак. Агар шундай бўлса ҳам, сен у учун шунчаки ўрта ёшдаги ҳавойи туйғусан, лекин зинҳор барча таҳсин ўқийдиган шоҳасар бўлолмайсан! Эсингни йиғиб, вақтида тўғри қарор қилмас экансан, ич-этингни еб бораётган ёлғизликни енгиш учун унга боғланиб бораверасан. Ташрифи дардингни бироз аритиши мумкин, лекин у кетгач, дардинг аламга айланади. Чунки ҳар дақиқада сендан юз ўгириши мумкинлигини ва вақтинчалик ўйинчоқ эканингни ҳис қила борасан.

Кўриб турганингдек, жанжаллашмадим. Шунчаки вазиятга холис баҳо бердим. Хулоса чиқариш сендан. Лекин ҳозир қўлим баланд келиб турганини билиб қўйишингни ва ўзингни бекорга қийнаб ортиқча чиранмасликни маслаҳат бераман. Калава чигаллашиб кетмасдан, тезроқ ўз йўлингни топсанг, ўзингга осон бўлади. Балки ҳозир мени ёмон кўраётгандирсан, лекин бир кун келиб тўғри йўл кўрсатганим учун раҳмат айтасан…»

Билганимдек мактубим иш берди. Чунки бир-икки кун ғалати бўлиб юрган эрим кейин тинчланиб қолди, яъни жазмани борлигини хотини сезиб қолиши хавфидан қутилган эрлар каби енгил тин олди. Мен ҳам оиламни ортиқча гап-сўзлардан қутқарганим, эримнинг сиридан «бехабар» қолиб, иккаламизнинг ҳам асабларимизни асраганим, бир қизни тўғри йўлга солиб юборганимдан мамнун бўлдим…

Дилфуза СОБИРОВА ёзиб олди

Шарҳлар

Йигирма йил кутилган бахт

16.01.2017, 14:47

— Турмуш қурганимизга йигирма йил бўлди, — деди таҳририятга қўнғироқ қилиб ўзини Динора опа деб таништирган мухлисамиз. — Турмуш ўртоғим иккимиз институтда ўқиб, севишиб, ота-онамизнинг...
Келин қул деганими?

13.01.2017, 15:24

Шаҳло қайнонасининг қадам товушларидан уйғониб кетди. Эндигина кўзи илинганди-я. Қизини ухлатиш қийин, ёшига тўлмай сунъий овқатга ўргатгани учун бир дарди икки бўлган. Шаҳлонинг ўзи белида...
«Севганим чиройли…»

12.01.2017, 16:28

Турмуш ўртоғинг чиройли бўлса ҳам қийин экан. Атрофдаги аёллар ундан кўз узмай туришига чидаш осонми? Бундай вазиятда рашк қилиш, кўз ёш тўкиш, кетаман деб қўрқитиш...
«Дадам ва онамни яраштирганим…»

11.01.2017, 11:26

Макр ишлатиш аёлларга хос, дейишади. Аммо ёш бўлишимга қарамай, мен ҳам макрдан фойдаландим. Буни ёмонликка йўйманг. Оиламизни сақлаб қолиш учун қилдим буни… Бир бошидан айтиб...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1