1

Хожали фожиаси унутилмайди

МУТОЛАА 26.02.2024, 22:46
Хожали фожиаси унутилмайди

Дунёда ҳар куни минглаб, эҳтимол миллионлаб жиноятлар содир этилар. Ўғирлик, талончилик, товламачилик, фирибгарлик... Кимлардир охир-оқибат қилган қилмишига яраша қонун олдида жавоб беради. Кимларнингдир гуноҳини қайсидир асосларга таяниб кечириши ҳам мумкиндир. Аммо, биргина бегуноҳ инсоннинг қонини ноҳақ тўкишдек мудҳиш гуноҳ, оғир жиноят йўқ бу оламда. Аммо, ўнлаб, юзлаб маъсум кишиларни ғайриинсоний тарзда қатли ом қилиш-чи? Бундай қабоҳатни қандай номлаш, нима деб аташ ва қай тариқа жазолаш мумкин?

Таассуфки. Бу ғалвали дунё ўз тарихида ана шундай қонли воқеаларга кўп бора гувоҳ бўлган. Биргина ўтган ХХ асрдаги суронли йилларни, қирғинбарот урушларни эсланг. Ана шундай даҳшатли жиноятлардан бири бундан 32 йилгина илгари Озарбойжон тупроғида. Тоғли Қорабоғ ҳудудидаги Хожали шаҳарчасида рўй берганди.

Маълумки, Шўролар салтанатининг инқирози, дунёга довруғ солган Иттифоқ парчаланиб, унинг ўрнида қатор мустақил давлатлар вужудга келган йиллар Кавказорти минтақасидаги нотинч, беқарор дамларга тўғри келганди. Тўғрироғи бу ердаги вазиятни беқарорлаштириш, турли миллат ва элатлар орасига низо уруғини сочиш жон талвасасидаги империя тепасида турган сиёсий арбобларнинг ғаддор ва макрли ўйинларидан бири эди.

Тўқсонинчи йиллар бошида Кавказ ортидаги давлатлар ўз мустақилигини қўлга киритган бўлса-да, минтақада қуролли можаролар ҳамон давом этарди. Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги муносабатлар кун сайин кескинлашар, хусусан, Тоғли Қорабоғ теварагидаги ҳодисалар янада жиддийлашган эди.

Ўша пайтларда Тоғли Қорабоғ аҳолисининг асосий қисмини ташкил этган арманлар Озарбойжон ҳудудидан ажралиб чиқишни талаб қила бошлагач, вазият беқарорликка юз тутган, Арманистон ҳукумати Тоғли Қорабоғ айирмачиларини қўллаб-қувватлай бошлаганидан кейин, ҳарбий ҳаракатлар бошланиб кетган эди. 

Арманлар катта куч билан расман Озарбойжонга қарашли бўлган Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти ва унга ёндош ҳудудлардан озар миллатига мансуб аҳолини сиқиб чиқаришда давом этардилар. Қаршилик кўрсатишга уринганларга нисбатан ўта шафқатсиз чоралар кўрилар, ўз она-тупроғини осонликча ташлаб кетишни истамаганлар аёвсизларча ўлдириларди.

Хожали Тоғли Қорабоғнинг энг гўзал, бетакрор ва қадимий гўшаларидан бири эди. Археологик тадқиқотлар бу ерда минг йиллар аввал ҳам ҳаёт қайнагани, маданият гуллаб-яшнаганини кўрсатади.  Вилоят маркази Хонкендидан  ўн чақирим масофада жойлашган бу шаҳарчада йигирма мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиларди. Бу ерга саксонинчи йиллар охирида Арманистон ҳудудидан қувиб чиқарилган ўнлаб озарбойжон оилалари ҳам қўним топганди. Тоғли Қорабоғ ҳудудидаги ягона аэропорт ҳам айнан шу ерда жойлашган эди. Шу боис, Арманистон ҳукумати ва арман шовинистлари стратегик аҳамиятга эга бўлган мазкур шаҳарчани қўлга киритишга жиддий тайёргарлик кўришган эди.

1991 йилнинг октярь ойидаёқ шаҳар қамал ҳолатига тушган, шаҳарга олиб борадагина автомобил йўллари бутунлай ёпиб қўйилган эди. Шаҳарга фақат вертолет ёрдамида кириш ва чиқиш мумкин эди. 1992 йил январь ойининиг охирларида бортида 40 нафар фуқаро ва экипаж аъзолари бўлган вертолет арман ҳарбийлари томонидан уриб туширилгач, мазкур транспорт воситасидаги ҳаракат ҳам тўхтади.

Маълумотларга кўра, ўша йилнинг 25 феврал куни кеч соат еттиларда Хожали шаҳрига ҳужум бошланади. Арман қуролли кучларининг Хонкендида жойлаштирилган полк ҳарбийлари томонидан аёвсизларча ўққа тутилади. Кейин эса, зирҳли техникалар ёрдамида шаҳарга бостириб кирилади. Бир кечада мўъжапзгина шаҳар аланга, тутун ва тинч аҳолининг оҳу нолалари ичида қолади.

Бироқ ўша пайтдаги Озарбойжон ҳукуматининг уқувсизлиги, калтабин сиёсати натижасида шаҳар ҳам, у ердаги минглаб инсонлар ҳаёти ҳам муқаррар ҳалокат таҳликаси билан юзма-юз турарди. Ташқаридан, ҳукумат раҳбарларидан нажот бўлмагани учун шаҳар аҳли ўз-ўзини ҳимоялашга мажбур эди. Аммо, тиш-тирноғигача қуролланган босқинчилар олдида Хожали мудофаачилар нима ҳам қила олардилар? Шу куни мамлакат оммавий ахборот воситлари эса, ҳукуматнинг Хожали ҳудудидаги вазият бирмунча барқарорлиги ҳақидаги хабарни тарқатади. Хожалида эса, кўз кўриб қулоқ эшитмаган ваҳшийликлар содир бўлаётган эди. Шаҳар тамоман ёв томонидан қамалга олинган, четдан бирор ёрдам келиши амри маҳол эди. Тинч аҳоли босқинчиларнинг ўқ ёмғири остида жон сақлаш учун шаҳарни тарк этарди. Беомон ёғий эса, шафқат билмасди. Асир олинган юзлаб Хожали сокинлари арман босқинчилари томонидан турли шафқатсиз қийноқларга солинар ва ўлдирилар эди.

Таниқли озарбайжонлик  публицист адиби Гулу Кенгерли «Озарбойжон фожиаси» китобида Хожали воқеалари хусусида алоҳида тўхталиб ўтади. Мазкур китобдан бевосита ўша кунги мудҳиш хунрезлик шоҳидларининг хотиралари ҳам ўрин олган.

«Арманлар қўлида асир тушиб, кейин озод этилган Али Нажафов қуйидагиларни ҳикоя қилади:

- Ўша кеча осмондан олов ёғиларди. Қайси бинога огномёт, танк билан ўт очилса, ўша заҳоти аланга ичида қоларди. Арманлар бизга ўхшаган асирларни бир ҳовлига йиғдилар. Орамизда Аҳмиад исмли бир милиционер ҳам бор эди. Арманлар эса, ўз тилларида «Хожалини олганимиз муносабати билан қон чиқармасак бўлмайди» дедилар. Бу фикр ҳаммасига маъқул тушди. Кейин эса,  бечора Аҳмаднинг қўл-оёғини боғлашди. Бошига автомат қўндоғи билан уриб йиқитишди. Кейин эса, ханжарсифат каттакон пичоқ билан унингбошини  худди товуқдек узиб ташлашди...»

Юзлаб бечоралар ана шундай разолат ила қатл этилганди. Душман ўқига учаётганлар орасида болалар, аёллар, қариялар кўп эди. Айниқса, ўнлаб норасида гўдаклар ҳаётнинг мазмун-моҳиятини англамай туриб, теваракларида юз бераётган хунрезликни идрок этолмай, ажалга нишон бўлишди.

«Улар ҳеч қачон улғаймайдилар» номли китобда Хожали фожеасида нобуд бўлган ва бедарак йўқолган элликдан зиёд боланинг аянчли тақдири қаламга олинган. Уедаги бирор бир сатрни ҳаяжонга тушмасдан, бефарқлик билан ўқиш мушкул. Мана бу парчага эътибор қилинг:

«Сиз икки ёшли гўдакнинг ҳаёт йўли ҳақидаги ҳикояни эшитганмисиз?.. Йўқ, бундай ҳикоятни эшитиш учун, киши Хожали фожеасини ўз бошидан кечириши лозим бўлади.

...Ўша воқеа юз берган куни Самир Қулиев икки ёшга тўлганди. Илк бор атак-чечак юра бошлаганида, она юрти ҳимояси учун қўлида автомат тутиб, аскарий либос кийган отаси томон одимлаганди. Гўдакнинг ҳаётида бундан-да бахтиёр онлар бўлиши мумкинмиди? Оёғи остида Ватан тупроғи, қаршисида отаси. Ота ҳам айни фожеали дамларда ана шундай хушбахт онларни яшаб ўтганди.

Ҳикоятнинг давоми эса, даҳшатли афсона каби кишининг этини жунжиктиради. Аммо, бу афсона эмас, жажжигина озарбойжон боласининг бошига тушган савдолар эди. Ўша оқшом постда турган Толеҳ Қулиев фурсат топиб, тун ярмида хотини ва ўғлини топиб, уларни дарёнинг нариги қирғоғига ўтказиб орқага қайтади. Катта йўлга чиқишганда, орқаларида БТР қувиб келади. Боласини опичлаб кетаётган аёл йўлни кечиб ўтаётган чоғида отишма бошланади. Она-бола ўқлар ёмғири остида қоладилар. Дайди ўқлардан бири жажжи Самирнинг ҳаётига нуқта қўяди. Аммо, болакайнинг мурғак вужуди ўз онасини ва унинг юраги остида нафас ола бошлаган митти укачасининг ҳаётига нуқта қўйиши мумкин бўлган ўқни ушлаб қолади. Шу тариқа икки ёшли қаҳрамон гўдакнинг ҳаёт йўли интиҳо топади. Шу куни ўз она тупроғини қаҳрамонларча ҳимоя қилаётган Толеҳ ҳам душман ўқидан нобуд бўлганди».

Ҳа, бундай мисраларни ўқишнинг ўзи азоб...

Шу тариқа, ана шу фожеий кунда арман ҳарбийлари томонидан ваҳшиёна усулларда ўлдирилган тинч аҳоли вакиллари сони 613 нафарга етди. Улар орасида 63 гўдак, 70 қария, 106 аёл бор эди. Ғаддор душманларнинг разил қилмишлари натижаси ўлароқ 657 нафар киши ногирон бўлиб қолди. Гаровга олинган 1200 дан зиёд аҳолидан 150 нафари бедарак йўқолган. Бу расмий ҳужжатлардаги маълумотлар холос. Воқеа шоҳидларининг гувоҳлик беришича, фожиа қурбонларининг сони мингдан кам бўлмаган. Чунки, босқинчилар томонидан кўплаб жасадлар бир жойга тўпланиб, ёқиб юборилган.

Қонли воқеаларнинг тафсилотлари кўп ўтмай бутун дунёга тарқалди. Хожалига етиб кела олган баъзи хорижий журналистлар бу ерда ўз кўзлари билан кўрган даҳшатларни дунё матбуотида ёритдилар. Кун кетидан кунлар ўтди. 1992 йилнинг 26 феврал куни Озарбойжон тарихининг яна бир қора саҳифасига айланиб қолди. Озар эли, бу мудҳиш кунни ва унда Ватан дея. Миллат дея жон берган жигарбандларини ҳеч қачон унутмайди. Унутиб бўлмайди ҳам.

30 йиллик айрилиқдан сўнг, минглаб мард ўғлонлар қони эвазига Хожали яна Озарбойжонга қайтди. Бугун Хожалида яна ҳаёт тикланмоқда. Аммо, 32 йил аввалги фожеанинг излари ҳамон дилларни титратиб турибди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1