АсосийMutolaa

Жорж Оруэлл. Филнинг отилиши (ҳикоя)

'Жорж Оруэлл. Филнинг отилиши (ҳикоя)'ning rasmi

Очиғини айтсам, қуйи Бирманинг Мулмеин шаҳарчасида кўпчилик мендан нафратланарди, мен эса ва баъзан ғурурланиб юрардим, чунки ўша пайтлари ҳаётимда бир марта бўлса ҳам одамлар эътиборида бўлгандим-да.

Мен полиция зобити эдим, мамлакатда аксилевропа қарашлар анча илдиз отган пайтлар эди. Тўғри, қурол кўтариб, қўзғолон уюштиришга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмасди, бироқ бирор европалик хонимча ёлғиз ўзи бозор оралаб юрган бўлса, кўйлаги нордон пальма шарбати билан бежаб қўйиларди. Шу боис, полиция ходими сифатида ҳамманинг кўз ўнгида эдим ва пичингу кесатишлардан, табиийки, бебаҳра қолмасдим. Бирор муғомбир бирмалик мени футбол майдонида чалиб йиқитса ва бирмалик ҳакам бунга эътибор қилмаса, оломон устимдан кулиб, шовқин соларди.

Бу ҳолат бир неча марта содир бўлди. Охир-оқибат, мени таъқиб қилувчи ва мазах қилувчи сарғиш юзлару ортимдан айтиладиган ҳақоратлар асабимга тега бошлади. Энг кўп ҳаддидан ошадиганлари ёш буддавий руҳонийлар эди. Шаҳарчада уларнинг сони бир неча мингдан ошар, кўча бурчакларида туриб, европаликларни масхара қилишдан бошқа ишлари йўқ эди.

Буларнинг барчаси, охир-оқибат сабр-косамни тўлдирди. Ўша пайтда империализм деганларининг ҳақиқий башарасини англаб етгандим, шу сабабли ҳам тезроқ хизматимни якунлашни ўйлардим. Назарий жиҳатдан (яширин, албатта) бирмаликларнинг ёнини олиб, уларга зуғум қилувчи инглизларга қарши эдим. Қилаётган ишимга келсак, уни сиз тасаввур қилганингиздан кўра кўпроқ ёмон кўрардим. Шунга ўхшаш ишда ишлаб кўрсангиз, империянинг ифлос ишларига яққол гувоҳ бўласиз. Бадбўй қафасларда жон сақлаб турган узоқ муддатга ҳукм қилинган маҳбусларнинг тушкун қиёфалари, бамбук билан саваланавериб моматалоқ бўлиб кетган думбалари – буларнинг барчаси мени айбдорлик ҳиссига асир қилиб қўйганди. Бирор нарсанинг ўзгаришига умид қилмасдим, чунки ёш ва чаласавод эдим, ўзимни қийнаётган муаммолар ҳақида, Шарқда ҳар бир инглиз онгига мажбуран сингдирилганидек, жимгина хаёл сурардим. Ҳаттоки, Британия империяси заволга юз тутаётганига, унинг ўрнини эгаллаш иштиёқидаги ёш империячалар инглизлардан яхшироқ эканига ҳам ақлим етмасди. Биладиганим шу эдики, ўзим хизмат қилаётган империяга нисбатан нафратим ва ишимни янада мушкуллаштираётган баджаҳл митти махлуқларга қарши ғазабим аросатида қовурилардим. Гоҳ Британия рожалиги кўзимга мазлум халқни абадий қўрқув остида тутиб турадиган золим ҳокимиятдек кўринар, гоҳида эса мен учун буддавий руҳонийлар қорнига пичоқ тирашдан ортиқ қувонч йўқдек эди.

Бу каби ўйлар империализмнинг қўшимча маҳсулотидир, буни инглиз-ҳинд расмийларидан сўраб ишонч ҳосил қилишингиз мумкин, агар уларни ишдан бўш пайти учратсангиз, албатта.

Бир куни озгина бўлса ҳам ўйларимни равшанлаштирадиган бир воқеа юз берди. Кичик воқеа бўлишига қарамасдан, империализмнинг асл моҳиятини тўла ошкор этиб, мустабид ҳокимиятга доир ишларига гувоҳ бўлишимга имкон берди. Бир куни эрта тонгда шаҳарнинг нариги чеккасидаги полиция бўлимининг участка инспектори қўнғироқ қилиб, битта фил бозорнинг тит-питини чиқараётганини айтди. “Илтимос, келиб бирон-бир нарса қилинг” эмиш, мен нима ҳам қила олардим? Лекин нима бўлаётганини ўз кўзим билан кўриш истагида отимга миниб дарров йўлга тушдим. Йўл-йўлакай филни отиш учун анча кичиклик қиладиган, аммо шовқини ҳеч қурса уни қўрқитиб қўяр деган ўйда қирқ тўрт калибрли эски Винчестер милтиғимни олволдим. Йўлда кетаётганимда бирмалик­лар тўхтатиб, филнинг қилмишлари ҳақида куйиб-ёниб гапириб беришди. У, албатта, ёввойи эмас, аксинча, қўлга ўргатилган маст фил экан. Қутурган пайти занжирлаб қўйишган экану, лекин ўтган кеча занжирни узиб қочиб кетибди. Шаҳар аҳолиси фил қаршисида қуролсиз ва ожиз эдилар. Таъқибдаги фил эса аллақачон бировларнинг бамбук кулбасини вайрон қилишга, сигирини босиб кетишга ва мева дўконларига бостириб кириб, маҳсулотларни паққос туширишга улгурибди; булар ҳам етмагандек, олдидан шаҳарчанинг ахлат ташиш машинаси чиқиб қолиб, филнинг оёқлари остида ерпарчин бўлибди.

Инспектор ўринбосари ва бир нечта ҳинд миршаблари мени филни кўрган жойларида кутиб туришган экан. У ер шаҳарчанинг жуда ғариб қисми бўлиб, тикка тоғ ёнбағридан пастга қараб кетган, томи пальма барг­лари билан ёпилган бамбук кулбалардан иборат экан. Ёмғирлар мавсуми бошланишидан дарак бераётган булутли бўғиқ тонглардан бири эди. Йўлда учраган одамлардан филнинг қай томонга кетганлигини суриштириб, ҳар галгидек, жўяли жавоб ололмадик. Шарқда доим шундай: бирон-бир воқеа дастлаб эшитган пайтингиз ҳаммаси равшандек туюлади, бироқ воқеа моҳиятига яқинлашганингиз сари у мавҳум бўлиб бораверади. Баъзилар фил бу ёққа қараб кетди деса, бошқалари у ёққа кетди, деб қўлларини бигиз қилиб йўл кўрсатишади, яна бир тоифа одамлар эса фил ҳақида мутлақо эшитишмаганини уқтиришди. Сал нарироқдаги бақир-чақирни эшитиб қолмагунимизча фил тўғрисидаги ҳикоя ғирт уйдирма, деган қарорга келаёзгандик. Битта қари кампир “Йўқолларинг бу ердан зудлик билан, ҳой болалар!”, дея бақирганча қўлидаги қамчи билан кулбасидан чиқиб келиб, бир тўда ярим-яланғоч болаларни ҳайдай бошлади. Худди ўша ерда ёш болалар кўриши мумкин бўлмаган нимадир бордек, бир неча аёл кампирга қўшилди. Кулбани айланиб ўтиб, лойга чапишиб ётган қип-яланғоч бир кишининг мурдасини кўрдим. У жанубий ҳиндистонлик қора ишчи экан, ўлганига унча кўп вақт бўлмаган. Атрофдагиларнинг айтиши бўйича, фил кулба ёнида марҳумнинг олдидан чиқиб қолиб, уни хартуми билан ўраб ерга урган. Айни ёмғир мавсуми бўлгани учун ер анча юмшаб қолганди, мурданинг юзи ариққа ботиб кетганди. У бағрини ерга бериб ётар, боши бир томонга қайрилган, кўзлари очиқлигича қотиб қолганди. Айтганча, менга ҳеч қачон марҳумлар гўзаллашиб қолади деманг. Мен кўрган жасадларнинг кўпига қараб бўлмасди. Баҳайбат ҳайвоннинг оёғи ишчининг терисини худди қуён терисидай шилиб кетганди.

Ўлган одамни кўришим билан фил отадиган милтиқ олиб келиш учун яқин атрофдаги бир дўстимнинг уйига аскар жўнатдим. Отимни эса аллақачон қайтариб юборган эдим, чунки у филнинг ҳидини олса чўчиб кетиши ва мени улоқтириб юбориши турган гап эди.

Бир неча дақиқадан сўнг аскар милтиқ ва бешта патрон билан қайтиб келди, бу орада маҳаллий бирмаликлар келиб, фил бир неча юз ярд наридаги шоли далаларида юрганини айтишди. Йўлга тушишим билан кварталнинг деярли барча аҳолиси уйларидан чиқиб, ортимдан эргашишди. Улар милтиқни кўриб, мени филни отишга чоғланяпти, деб ўйлаб ҳаяжондан бақиришарди. Фил уларнинг уйларини бузиб ташлаётганида ҳам бунчалик жунбушга келишмаган халқ энди унинг отилиши арафасида ўзларини бутунлай бошқача тутаётган эдилар. Бўлажак ҳодиса инг­лиз оломонини қизиқтиргани каби улар учун ҳам қизиқарли эди: фил отилса, ҳаммалари анча-мунча гўшт олишлари мумкин эди-да. Бу мени ноқулай аҳволга солиб қўйди, чунки филни отиш ниятим йўқ эди – ўзимни ҳимоя қилмоқчи эдим, холос.

Елкамда милтиқ, бунинг устига, мени олдинга ундаётган саноқсиз халқ лашкари олдида ўзимни худди аҳмоқдек ҳис қилиб тепаликдан тушдим. Пастда – кулбалардан бироз йироқдан асфальт йўл ўтган бўлиб, ундан қуйироқда ҳали шудгор қилинмаган бўлса-да, биринчи ёмғирдан сўнг ивиган майса билан қопланган, минглаб ярдларга чўзилган бўм-бўш шоли далалари бор эди. Йўлдан саккиз ярд нарида фил чап томонини бизга қаратиб турарди. У ўтларни юлиб, тиззасига уриб тозалаб, оғзига солиш билан банд, оломон яқинлашаётганини эса пайқамасди.

Йўл ўртасида дафъатан туриб қолдим, чунки филни кўришим билан уни отмаслигим кераклигини ҳис қилдим. Ҳаракатланаётган филни отиш қийин, бу – қимматбаҳо техникани пачоқлаб йўқ қилиш билан баробар эди. Иложи борича олди олингани маъқул. Буни сезганда, фил тинчгина. кавш қайтараётган сигирдек, ҳеч кимга хавф туғдирмай ўтларди. Ўшанда ва ҳозир ҳам филнинг мастлиги аллақачон ёзилганига амин эдим; токи маҳавати келиб, уни тутиб олиб кетмагунча шунчаки тентираб юрсаям бўлаверарди…

Шундай деб ўйладиму, ортимдан эргашиб келувчиларга қарадим. Камида икки мингтача одам йиғилган бўлиб, бу миқдор дақиқа сайин кўпайиб борар, йўлнинг иккала томони тўсилиб қолганди. Филнинг отиб ташланишидан шодланиб, томошани интиқлик ила кутаётган ялтир-юлтур кийимларга чулғанган сарғиш башаралар денгизига ҳайратомуз боқдим. Улар ҳийлакор кўзбойлоғични томоша қилгандай, мени диққат билан кузатиб туришарди. Оломон мени ёқтирмаса-да, қўлимдаги милтиқ шарофати билан томоша қилишларига арзирдим. Шунда филни барибир отишим кераклигини англадим. Бу фикр хаёлимга тўсатдан келди. Одамлар мендан шуни кутишарди ва уни амалга оширишим лозим эди; икки минг хоҳиш мени рад этиб бўлмас куч билан олдинга силжитарди. Шу дақиқада, қўлимда милтиқ билан турган ҳолимда, оқ танлиларнинг шарқдаги ҳукмронлиги нақадар бўш ва самарасиз эканлигини биринчи марта идрок этдим – ташқаридан қараганда қурол-аслаҳасиз маҳаллий аҳоли олдида қуролланган оқ танли сифатида бош ролни ижро этаётган актёр бўлиб кўринсам-да, аслида, ўша менга эргашиб келаётган сарғиш башараларнинг иродаси билан дам у ёққа, дам бу ёққа туртилаётган бемаъни бир қўғирчоқ эдим, холос.

Шу лаҳзада яна англаб етдимки, оқ танли одам золим бўлса, бу билан ўз эркини йўққа чиқаради. У “соҳиб”нинг ичи бўш, сирти ялтироқ, ичи қалтироқ нусхасига айланиб қолади. Ҳукмронлигининг шарти ўлароқ, у умрини тубжой аҳолига таъсир ўтказишга сарфлаши ва ҳар бир инқироз ҳолатида маҳаллий аҳоли кутган ишни бажариши керак. У ниқоб кияди ва юзини шу ниқобга мослаштириб олади.

Филни отишим лозим, буни милтиқ олиб келишни буюрганимда зиммамга олиб бўлганман. Соҳиб соҳибдай йўл тутиши жоиз; у қатъиятли кўриниши, фикрида қатъий туриши ва аниқ ҳаракат қилиши лозим. Шу боис ҳам қўлда милтиқ, орқамда икки минг одам бўлатуриб, ҳеч нарса қилмасдан серрайиб туравериш мутлақо имконсиз эди. Оломон устимдан куларди…

Аммо филни отишни истамасдим. Унинг бир тутам майсани филларга хос паришонхотирлик билан тиззаларига уришини томоша қилиб турдим. Уни отиш худди қотиллик содир этишдек бўлиб туюлди. Ўша пайтда ҳайвонларни ўлдиришдан унчалик таъсирланмасдим, лекин ҳеч қачон фил отиб кўрмагандим ва отишни истамаганман ҳам (Улкан ҳайвонни ўлдириш доим бироз нохуш воқеа). Бундан ташқари, махлуқнинг эгаси нима деркин, ахир фил тириклигида камида юз фунтга баҳоланса, ўлик ҳолатида, эҳтимол, тишлари учунгина беш фунтга арзир.

Тезда бирор нима қилмасам бўлмасди. Биз етиб борганимизда шу атрофда турган, кўринишидан тажрибали бирмаликларга мурожаат қилиб, филнинг ўзини қандай тутаётганини сўрадим. Уларнинг барчаси битта гапни айтишди: агар уни ёлғиз қолдирсангиз, сиз билан иши бўлмайди, жуда яқин келсангиз, ташланиши мумкин.

Нима қилишим кераклигини тушуниб етдим. Мен ундан, айтайлик, йигирма беш ярд берироқда туриб, феъл-атворини аниқлашим керак. Ташланадиган бўлса, отиб ташлайман; агар мени пайқамаса, маҳавати қайтиб келгунча ундан нарироқда бўлиш хавфсизроқ. Бироқ бундай қилмаслигимни тушуниб турардим. Мен бамисоли қўлида милтиқ тутган нўноқ бир ўт очувчи эдим, замин эса юмшоқ лойга айланган, ҳар қадамда ботиб кетиш ҳеч гап эмасди. Агар фил ташланиб қолса-ю, қулай пайтни бой берсам, у ҳолда асфальт текисловчи машина остига тушиб қолган бақада тирик қолиш имкони қанча бўлса, менда ҳам шунча имкон қолар эди. Шунга қарамай, ўзимни эмас, орқамда турган сарғиш юзларнинг тақдирини ўйлардим, чунки ўша пайтда оломон мени жиддий кузатиб турарди, агар ёлғиз бўлганимда қўрқувни умуман ҳис қилмасмидим. Оқ танлилар маҳаллий аҳоли олдида қўрқмаслиги керак. Хаёлимга келган ягона ўй – агар бирон нохушлик юз берса, икки минг бирмалик оёқ ости бўлганимни, тепаликда қолган ҳинд сингари янчилиб, жилмайган жасадга айланишимни кўришлари аниқ эди. Мабодо шундай воқеа содир бўлса, уларнинг баъзилари устимдан кулишлари аниқ. Бундай воқеа юз бермаслиги керак. Ҳа, ҳеч қачон юз бермайди. Олдимда якка-ю ягона йўл қолганди.

Патронларни стволга жойлаб, яхшироқ ғоя ўйлаб топиш учун йўлга ётиб олдим. Оломон сукутга чўмди, ва ниҳоят театр саҳнасидаги парда кўтарилганини кўрган томошабинлар сингари сон-саноқсиз томоқлардан чуқур хўрсиниқлар эшитилди. Улар орасида томоқлари хурсанд товуш чиқараётганлар ҳам бор эди.

Қўлимда оптик мўлжалли немис милтиғи. Ўшанда филнинг иккала қулоғини бир йўла мўлжаллаб отиш кераклигини билмасдим. Шу боис, фил ёнламасига тургани учун, унинг қулоқ тешигини мўлжалга олишим лозим эди, бироқ мия сал олдинроқда деб ўйлаб, қулоғидан бир неча дюйм берироқ жойни нишонга олибман.

Тепкини босганимда, на ўқ овозини эшитдим ва на зарбани ҳис қилдим – ўқ аниқ нишонга текканда шунақа бўлади, лекин оломон орасида хурсанд бақир-чақир кўтарилганини эшитдим. Ўққа дучор бўлган филда ғаройиб ва даҳшатли ўзгариш юз берди. У қимирламади йиқилмади ҳам, лекин танаси титраб кетди. Ўқ зарбидан қотиб қолгандай эди. Жуда қари кўрина бошлади. Ниҳоят, жуда узоқ туюлган беш сониядан сўнг, фил тиз чўкиб эгилиб қолди. Оғзидан сўлак оқди. Қарилик бутун танасига ўз ҳукмини шунчалик кучли ўтказгандики, уни бемалол минг ёшларда деб тасаввур қилиш мумкин эди.

Мен яна ўша нишонни мўлжаллаб ўқ уздим. Иккинчи зарбада ҳам йиқилмади, аммо умидсиз ва заиф аҳволда – оёқлари чалкашиб, бошини қуйи солганча, зўрға турарди. Учинчи ўқдан кейин йиқилди. Қаттиқ оғриқ бутун вужудини ларзага келтириб, оёқлари сўнгги мадордан айрилганига гувоҳ бўлдим. Йиқилаётганида танаси хиёл кўтарилди, орқа оёқлари устига ўтириб қолгани учун гавдаси улкан қоя сингари, хартуми эса дарахт каби осмонга кўтарилгандай бўлди. У сўнгги марта наъра тортди. Кейин қорнини мен томонга қаратиб гурсиллаб шундай йиқилдики, гўё ётган жойим қимирлаб кетгандай бўлди.

Ўрнимдан турдим. Бирмаликлар аллақачон лой кечиб ёнимдан югуриб ўтиб кетишди. Энди ҳеч қачон ўрнидан туролмаслиги равшан бўлса-да, фил ҳамон тирик эди. У оғриқдан инграганча бир маромда нафас олар, очиқ оғзидан ҳиқилдоғининг оч пуштиранг чуқурчаси кўриниб турарди.

Филнинг ўлишини узоқ кутдим, лекин нафас олиши заифлашмасди. Ниҳоят, қолган иккита ўқни юрагини тусмоллаб отдим. Қизил духобадек қуюқ қони отилиб кетса ҳам фил барибир жон бермади. Отган пайтимда танаси ҳатто қимирламади ҳам, азобли нафас олишда тўхтовсиз давом этаверди. У жуда секин, азоб чекиб ўлаётганди, лекин энди мендан, одамлардан анча олисга – ўқ азоб бермайдиган жойга кетаётганди. Бу азобга нуқта қўйишим кераклигини англадим. Қимирлай олмайдиган, ўлишга ҳам ожиз улкан махлуқни ўлдира олмаслик жуда аянчли эди. Уйдан кичикроқ милтиғимни олдириб, унинг юраги ва томоғига қарата ота­вердим. Бу ўқлар унга таъсир қилмаётгандай туюлди – фил ҳансирашда давом этаверди.

Охир-оқибат, бу мудҳиш манзарага дош беролмай у ердан кетдим. Ке­йинчалик эшитишим бўйича, фил нақ ярим соат ўлим билан олишибди. Кетишимдан олдин бирмаликлар уйларидан ханжар ва сават олиб келишаётганини кўрувдим, тушгача қолмай филнинг суякларигача шип-шийдам қилиб кетишибди.

Албатта, ўшандан сўнг филнинг отилиши бўйича ниҳоясиз мунозаралар бўлиб ўтди. Эгаси ғазабланди, лекин у бор-йўғи фақат битта ҳинд эди ва табиийки, қўлидан ҳеч нарса келмасди. Бундан ташқари, мен қонунан тўғри иш қилгандим, чунки маст фил, агар эгаси бошқара олмаса, қутурган ит каби ўлдирилиши керак эди-да. Бу борада европаликлар икки хил фикр билдиришди: катталар менинг ҳақлигимни таъкидлашса, ёшлар қора ишчини ўлдиргани учун филни отишни шармандалик деб баҳолашди, чунки битта фил жанублик ялангоёқдан қиммат турарди. Сўнгра эса ўша ишчининг ўлганидан жуда ҳам хурсанд бўлдим, чунки унинг ҳалокати мени қонуний равишда оқлаб, филни отиш учун ишонарли асос вазифасини бажарди.

Анча вақт ўша фожиада ҳозир бўлганлар мен бу ишни одамларнинг кўзига қўрқоқ бўлиб кўринмаслик учунгина қилганимни сезиб қолишган бўлса-я, деб ҳадиксираб юрдим.

Инглиз тилидан Сожида САМАНДАРОВА таржимаси

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар