«Дадам ва онамни яраштирганим…»

МУТОЛАА 11.01.2017, 11:26
Теглар: Хикоя
«Дадам ва онамни яраштирганим…»

Макр ишлатиш аёлларга хос, дейишади. Аммо ёш бўлишимга қарамай, мен ҳам макрдан фойдаландим. Буни ёмонликка йўйманг. Оиламизни сақлаб қолиш учун қилдим буни…

Бир бошидан айтиб бера қолай. Ҳамма машмаша дадамни катта лавозимга раҳбар  қилиб  ўтказишганидан сўнг бошланди. Дадам энди уйга одатдагидан кўра кеч қайтадиган, йиғилишу мажлисларда қолиб кетадиган бўлди. Катталарнинг ишига аралашма, демоқчимисиз? Авваллари мен ҳам шундай деб ўйлардим. Кейин эса… Ҳикоямнинг бу ёғига онамни ҳам қўшаман.

— Ассалому алайкум, дадаси, яхши келдингизми?

— Ваалайкум ассалом!

— Овқат тайёрлайми?

— Кераги йўқ, қорним тўқ.

Дадам ювингани кириб кетди. Онам эса шоша-пиша дадамнинг қўл телефонини титкилашга тушди.

— Хў-ў-ш! СМС Нодирдан келибди. Қани нима деб ёзган экан  ўша Нодир? «Яхши етиб келдингизми?» Тавба, бу ошна-оғайни деганга ҳам ҳайронман. Беш дақиқа илгари хайрлашган бўлса, СМС ёзишга бало борми?

Бир пайт онамнинг қўлидаги телефон янги СМС келганидан хабар берди.

— Яна ўша Нодирдан! Яна нима гапи қолиб кетибди? «Ширин тушлар кўринг!» Нима-а-а?

Бир пайт ҳаммомдан дадам чиқди. У онамнинг қўлида ўзининг телефонини кўриб, бақиришга тушди:

— Яна телефонимни кавлаяпсанми? Бу қанақаси ўзи, а? Сен хотинга қачон ақл киради? Минг маротаба айтдим сенга, телефонимга тегма деб.

— Ҳо-о! Қўрқоқ биринчи мушт кўтаришми энди? Ким у Нодир? Гапиринг!

— Ким бўларди? У билан бирга ишлаймиз. Сенга ҳисобот бериб ўтиришим шартми?

Онам жим бўлди, аммо мен миямда тузган режамни эртасигаёқ амалга оширишга киришдим.

Биринчи макр

Дугонамнинг қўл телефонидан кечаги Нодирнинг рақамига қўнғироқ қилдим. Гўшакни ёқимли овозли аёл кўтарди:

— Алло!

— Кечирасиз, бу Нодирнинг телефоними?

— Йўқ! Адашдингиз, исмим Нодира.

— Узр!

Сеними шошмай тур, деб танаффусда синф доскасига қуйидаги сўзларни ёздим.

«Оилангиз бахтига чанг солмоқчи бўлган аёлга қандай тилак тилардингиз? Барчасини қуйидаги рақамга «смс» орқали юборинг. Энг зўр «смс» муаллифига совғам бор!»

Рақам кимникилиги аниқ. Энди эса ўттизтадан ортиқ рақамдан тинмай ёғаётган «смс» сели остида қолган Нодиранинг аҳволини бир тасаввур қилинг! Онамнинг кеча сиқилганини эслаб, унга заррача ҳам ачинмадим. Қайтага ҳамма синфдошларимни навбат билан турғазиб қўйиб, юборилган «смс»ларини ўқишга тушдим.

  1. Дадамизни сенга бермаймиз!
  2. Учта болали эркакка осилаётган жодугар сенмисан?
  3. Онамнинг елкасидаги чангга ҳам арзимайсан.
  4. Диққат, қидирув! Қуйидаги «смс»ни олган бўлсангиз, демак, сиз оила бузғунчисисиз.
  5. «Смс»имни ўқидингми? Кўзинг борида ўқиб қол! Ёнингга онам кетяпти…

Дарс тугаганида энг зўр «смс» эгасига шоколадни топширдим-у, уйимга кетдим. У ерда мени янги хабар кутарди. Онам Нодир аслида Нодира эканлигини аниқлаган, қон босими ошганча вой-войлаб ётганди. Ёнида ўтирган «тез ёрдам» шифокори қоғозчага бир нарсаларни ёзди-да, шундай деди:

— Сизга асабийлашиш умуман мумкин эмас. Мана бу дориларни ичиб, ухланг. Кўпроқ очиқ ҳавода сайр қилишни тавсия этаман.

Онамни бу аҳволда кўриб ўч олишда давом этишим кераклигини тушундим. Иккинчи макрим ундан-да ёвузроқ эди.

Иккинчи макр

Яшасин интернет! Эълонлар сайтига кириб чиройли матн тўқиб ёздим.

«Жозибали массажчининг хищматидан фойдаланинг. Массаж янгича услубда, яъни қўшиқ куйлаб амалга оширилади. Буюртма асосида рақсга тушиш хизмати ҳам мавжуд. Талабгорлар қуйидаги рақамга эрталабдан кечгача ва кечаси билан қўнғироқ  қилишлари мумкин. Қўнғироқларингизга сизни интизорлик билан кутаётган майин қўллар соҳибаси Нодирабону жавоб беради! Саволларингизни қуйидаги манзилга йўлланг!..»

Талабгор мижозларнинг сони ортиши учун интернетдан чиройли Ҳолливуд актрисасининг суратини олиб жойлаштирдим. Кейин компьютерни ўчириб меҳмонхонага чиқдим. У ерда дадам билан онам  баҳслашаётган экан:

— Шунча гапни оғримаган бошингга орттириш шартмиди? Шу керакмиди сенга?

— Мени аҳмоқ  қилиб у мегажиннинг отини Нодир деб қўйганингиз нимаси эди?

— Феълингни билганим учун шундай деб ёздим.

Бир-икки соатлардан кейин Нодирабонунинг почтасига хабар олгани кирдим. Ўҳ-ҳў, буни қаранг-а, нақ бешта хат кепти. Биринчи хат мазмуни қуйидагича экан: «Майин қўллар соҳибасини бир кўрсак ёмон бўлмасди». Унга жавоб ёздим: «Фақат ва фақат рақамимга қўнғироқ қилиб боғланинг. Гўшакни кўтаришим билан «каламушчам» деб мурожаат қилишларини яхши кўраман. Чунки каламуш йилида туғилганман». Бошқа хатларга ҳам шу тарзда  қисқа ва лўнда жавоб қайтардим. Эртасига эса почтага ғазаб тўла мактублар кела бошлади. Уларнинг баъзиларини ўқиб, онамни қийнаган Нодирабонуни аҳволини тасаввур қилдим ва маза қилиб кулдим. Бора-бора бундан зерикдим. Ундан ташқари дадам билан ойим ҳам ярашиб олиб аҳиллашиб қолишганди. Бундан ҳурсанд эдим, аммо…

Учинчи макр

Бугун ойим билан дадамнинг жанжали устидан чиқиб  қолдим. Жанжалнинг асл сабабчиси эса яна ўша телефон. Бу сафар онам мана бундай мазмундаги хатни ўқиганди: «Нега қўнғироқларимга жавоб бермаяпсиз? Ёки уйдамисиз?»

— Бунисига қандоқ чидаш мумкин энди, айтинг? Сизни оқ қанддек қилиб бировнинг қўйнига топшири-иб қўярканман-да ҳали.

— Овозингни ўчир! Сенга битта гапни уқдириш бефойда. Қачон қарама, йўқ жойдан хиёнат излаб, жанжал кўтараверасан.

— У билан ўртангизда нима бор? Нега уйдамисиз деб сўраяпти? Гапи бўлса суриштирмай гапираверсин-да.

— Бирга ишлаймиз, тамом!

— Унга қўнғироқ қилсам-чи? Қўрқмайсизми?

— Нимадан қўрқаман?

— Сирингиз очилишидан.

— Бемалол қилавер. Сендан беркитадиган сирим йўқ.

Бечора онам «смс» эгасининг рақамларини терганда, жавоб  ўрнига қўпол гаплар эшитилди. Тўғри-да, қайси аҳмоқ аёл, бундай пайтда «ҳа» жавобини берарди? Буни ёш бола бўла туриб, мен тушунардим. Аммо онам ҳозир ҳар қандай ҳунарга қодир эди. Ота-онамнинг жанжали нима билан тугашини кутиб ўтирмай, хонамга чопиб кирдим. Уй телефонимизга ёзилиб қолган рақамларни телефонимда шошганча теришга тушдим. Ёнимга опам ва укам қўшилди. Учаламиз кетма-кетига телефонларимиздан тунов кундаги каби «смс»ларни теришга тушдик. Бу ҳунарим отамга қанчалик қимматга тушишини қаёқдан ҳам билибман? Эртасига дадам учаламизни тик турғазиб қўйиб роса тергади. Аёл аслида дадамга кўз олайтирган жонона эмас, бирга ишлайдиган ходима экан. Дадамнинг олдига эрини бошлаб келиб, роса уялтирганини эшитганимда, тўғриси, ошириб юборганимни ҳис қилдим. Ичимда бу усулни иккинчи қўлламасликка қарор қилиб, дадамдан узр сўрадим.

Тўртинчи ва охирги макр

Орадан бир хафта  ўтди. Дадам билан ойим бир-бири билан гаплашмай юришибди. Худди бегоналардек. Уччаламиз янги режа туздик. Ота-онам муносабатларини бузган телефондан фойдаланиб, уларни яраштиришга киришдик. Укам дадамни чалғитиб турган бир пайтда, қўл телефонларини олдим ва онамга «смс» ёздим. «Сени хафа  қилганимдан ташвишдаман. Иложи бўлса кечир!» Онам «гап»да эди. Шунга қарамай дарров жавоб ёзди. «Анави гўзалларингизга ёзинг бу гапларни!». Жавоб ёздим: «Бу дунёда сендан гўзалини топа олмайман, онаси. Сени севаман!» Онамдан жавоб келди: «Яраша қолайлик! Бўлиб ўтган гапларни унутинг! Сизни севаман!»

Ура!!! Онамга ёзган «смс»ларни ўчириб, охиргисини  қолдирдим. Ухлагани кириб кетаётганимизда, учаламиз айёрона бир-биримизга кўз қисишдик. Эрталабки нонуштада дадам билан онамнинг аъло кайфиятларини кўриб, макримиз иш берганини тушундим. Улар ярашиб олишганди. Мактабга кетаётиб, дадамнинг машинаси орқасига билдирмай кичкинагина қоғозча ёпиштириб қўйдим. У ерда «Эҳтиёт бўлинг, дадамиз қаттиқ ҳимоя остида!» деб ёзилганди.

Нигора

Шарҳлар

Йигирма йил кутилган бахт

16.01.2017, 14:47

— Турмуш қурганимизга йигирма йил бўлди, — деди таҳририятга қўнғироқ қилиб ўзини Динора опа деб таништирган мухлисамиз. — Турмуш ўртоғим иккимиз институтда ўқиб, севишиб, ота-онамизнинг...
Келин қул деганими?

13.01.2017, 15:24

Шаҳло қайнонасининг қадам товушларидан уйғониб кетди. Эндигина кўзи илинганди-я. Қизини ухлатиш қийин, ёшига тўлмай сунъий овқатга ўргатгани учун бир дарди икки бўлган. Шаҳлонинг ўзи белида...
«Севганим чиройли…»

12.01.2017, 16:28

Турмуш ўртоғинг чиройли бўлса ҳам қийин экан. Атрофдаги аёллар ундан кўз узмай туришига чидаш осонми? Бундай вазиятда рашк қилиш, кўз ёш тўкиш, кетаман деб қўрқитиш...
Ёғоч кавуш

10.01.2017, 16:00

Исажон СУЛТОН   Бу воқеа узоқ йиллар аввал, Хитой императорларининг Тан сулоласи замонида, яъни бундан бир минг уч юз йил олдин рўй берган. Бу –...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1