1

Хиёнат сабаб пароканда бўлган оила

МУТОЛАА 02.11.2016, 11:47
Теглар: Юрагимда сақлаганларим
Хиёнат сабаб пароканда бўлган оила

Ушбу мухлисамизнинг бошидан кечирганлари кўпчиликка сабоқ бўлиши мумкин. Кимлар учундир ҳаётини йўлга қўйишда, қадамидан тоймасликда асқотар. Муштарийларга фойдам тегса хурсанд бўламан, деб мурожаат қилган воқеамиз қаҳрамони ўз исмини сир тутди...

Ёшим ўттиз учда. Тўрт укам, бир синглим бор. Оилада тўнғичман. Болаликдан ота-онам доим бизни меҳнатга ўргатди. Отам чўлдан ер олганди. Деҳқончиликда ҳикмат кўплигини йиллар давомида англаб катта бўлдик. Асло кам бўлмадик. Аввалига молларимиз кўпайди, кейин қўйлар...

— Ёзда ҳаммамиз чўлга кетамиз. Мол-қўйлар ҳам ўша ерда бўлади. Кичиклар уларни боқади. Биз — катталар деҳқончиликка қараймиз, — деди отам бир йили.

Шу билан ёзни деҳқончилик қиладиган жойимизда ўтказадиган бўлдик. “Куч бирликда” деганлари рост экан. Ўша йили ҳосилимизни сотиб, “Дамас” автомашинасини олдик. Энди уйга келиб-кетишга асло қийналмасдик. Ҳамма бизнинг оилага ҳавас қиларди:

— “Меҳнатнинг таги роҳат”, деб шуни айтади-да! Ҳамма ҳам меҳнаткаш бўлса экан...

— Болалари ҳам меҳнатга ўрганди. Ўзининг омади чопди, ҳеч нарсадан ками йўқ!

— Деҳқончиликдан ҳам бойиб кетиш мумкинлигини исботлади!..

Бу одамларнинг туну-кун биз ҳақимиздаги айтган гаплари. Биз қишлоқнинг энг олд хонадонига айлангандик. Шу сабабли мени келин қиламан, укамга қизини бераман, дегувчилар кўп эди. Укаларим ўзини ёш ҳисоблагани, мен эса ўқишни истаганим учун турмуш қуришни рад этардик. Энди англадимки, ўқишнинг эрта-кечи йўқ экан, оилали бўлишни ортга суриб бўлмаскан. Мен шунда хато қилдим. Совчиларни қайтаравердим. Афсуски, уларнинг келадиган вақти бўларкан. Вақт ўтгач... Ўзимча, “ўқишга кира олмадим-ку, энди турмуш қурсам бўлар”, деганимда сўраб келгувчиларнинг оёғи узилганди.

— Қизим, хафа бўлмасанг, укангни уйлантирсак... — деди бир куни мунғайибгина онам.

— Нега хафа бўламан, ойи, уйлантираверинг. Менинг ҳам пешанамга ёзилгани бўлар... — дедим ичимдан бир нима узилгандек.

Ўзимни хурсанд кўрсатганим билан одамларнинг гап-сўзи барибир қалбимни яраларди.

— Сени узатмай туриб ҳам, укангга қиз излашаётган эканми? — худди атай қилгандек, ҳайрон бўлиб сўрашарди улар. Ахир, “менга совчи келмаяпти-да”,  дея олмайман-ку!

Шундай қилиб, катта укамни уйлантирдик. Сўнг кичиги ҳам уйланди. Оиламиз кенгайди, янада кўпроқ меҳнат қилдик. Натижаси ёмон бўлмади. Молларимиз сони йигирмадан ошди. Қўйимиз уч юзта бўлди. Отам иккита трактор сотиб олди. Укаларимнинг фарзандлари дунёга келди. Хуллас, ҳаммаси ҳавас қилгулик эди. Токи...

Афсуски, мана шу воқеа содир бўлмаганда эди.

Кутилмаганда икки йил бурун отам эри ўлган бир аёлнинг “қопқони”га тушди. Аввалига биз буни сезмадик. Билганимизда эса кеч эди. Қўлимиздан ҳеч нарса келмади. Нима ҳам келсин? Биз фарзандлар падаримизга бу борада бир нима дейишга журъат эта олармидик?! Онам зор қақшаб йиғлади:

— Отаси, энди ёш бола эмасмиз. Мени ўйламанг! Майли, мен учун ҳеч нима қилманг! Аммо одамлар... Қуда-андали, неварали одамсиз. Илтимос, эл-юрт олдида шарманда қилманг! Фарзандларингизнинг келажагини ўйланг! Ахир, қизларингизни турмушга беришингиз, қолган ўғилларингизни ҳам уйлашингиз керак.

— Ўчир овозингни! Аёл бошинг билан менга ақл ўргатяпсанми? Нима қилишни ўзим биламан! — ўша заҳотиёқ отам онамнинг сўзини бўларди.

Биз эса у кишининг хурматини қилиб бир оғиз гапирмадик. Оилада отанинг ўрни жуда катта экан. Шу пайтгача оиламиз шаънини, ғурурини, қудратини гард юқтирмай турган отам битта аёл учун... Бу воқеа бизни довдиратиб қўйди. Афсуски, бу кўргилик ҳали бошланиши бўлиб чиқди. Одамлар отамнинг ҳурмати учун доим бизга ортиқча гап қилмаслиги ўшанда тушундим. Отамнинг уйланиши дарров оиламизга ўз таъсирини ўтказди. Биринчи навбатда келинимиз укамни менсимай қўйди:

— Бир кун келиб сиз ҳам отангизга тортасиз-да, қаерга борасиз! — дейди икки гапининг бирида.

Натижада иккаласи жиққамушт бўлиб уришади. Бора-бора улар умуман келишолмай қолди. Шу даражага бориб етишдики, болаларини ҳам ўйлаб ўтирмай ажрашишди. Укам ғурурли бўлиб ўсган эмасми, болаларининг етим бўлгани, “хотини писанд қилмай қўйди”, деган гапга чидаёлмай, қўшни давлатга ишлагани кетди.

Бу оиламизга келган биринчи кўргилик экан. Доим тинч, осойишта, фаровон бўлган хонадонимиз шу тарзда пароканда бўла бошлади. Отамнинг уйда кўп бўлмаслиги, онамнинг ғамдан эътиборсиз бўлиб қолгани иккинчи укамга ҳам таъсир қилди. Пули борлигини билиб безори болалар ўзларига шерик қилишган экан. Буни опа бўлиб мен ҳам сезмабман. Ҳар куни уйга кеч келади, келиб хотинини калтаклайди...

— Бир куни мени адою тамом қиласизлар, — зор қақшаб йиғлайди онам шўрлик.

“Қозонга яқинлашсанг, қораси юқар” деганлари ҳақиқат экан. Укам ўша шериклари билан ўғирлик қилибди. Уюшган жиноятчилик дея уни... Укамнинг қамалиши ҳақидаги ҳукм ўқилиши билан онам ўзидан кетди.

— Эътиборли бўлингизлар, юраги панд берибди, — деди шифокор.

Шу билан онам ҳам яримжон бўлиб қолди. Бу ҳам етмаганидек мен... хотини билан ажрашган бир эркак билан танишдим.

— Сизни севиб қолдим. Мени оилангиз ҳақидаги ҳеч нарса қизиқтирмайди. Агар ота-онангиз уйланганимга кўз юмишса, эртага сиз юзимга солмасангиз, албатта уйланаман, — деди у.

Бошидан шунча кўргилик ўтган, ўттиз ёшдан ошиб ҳам турмушга чиқмай юрган қиз учун бу бир бахт эди. У ҳар куни қўнғироқ қилар, севишини тинмай айтарди. Мен ҳам уни севиб қолдим. Турмушга чиқишга ваъда бердим. Ахир “ўтириб” қолган қизининг бахти очилса, онам ҳам хурсанд бўларди-да...

Шуларни ўйлаб унга ёмон гапирмадим. Ўзимдан узоқлаштиришни ўйламадим ҳам. Бизнинг тинимсиз суҳбатларимиз учрашувларга уланди. Ана шундай дийдор кўришганимизнинг бирида...

— Нега хафа бўласан? Мен сени севаман! Барибир уйланаман, хотиним бўласан-ку, нимадан қўрқасан? — деб овутди у.

Минг афсуслар бўлсинки, ўша воқеадан кейин учрашувимиз ва унинг қўнғироқлари камая бошлади. Аввалига эътибор қилмаган эканман. Мендан ўзини олиб қочаётганини то ўзим йўқламасам эсига ҳам олмаслигини сездим. Ҳозир эса у ҳаётимда йўқ.

— Мени унут! Бошқа бир қизни севиб қолдим. Ўшанга уйланаман, — деди юзсизларча.

— Мен-чи? — оёғимдан жон кетгандек ерга ўтириб қолдим ва йиғлаб юбордим. — Энди мен қаёққа бораман?

— Нима қилай? Айб мендами? Ўзинг хоҳлагансан! Қаршилик кўрсатсанг, мен ҳеч нарса қилмасдим. Агар яна телефон қилсанг, бориб онангга “қизингизни йиғиштириб олинг, менга осиляпти”,  дейман!

Бу гапдан кейин қўлимдан нима ҳам келарди. Ўзимни ўзим эл олдида шарманда қилишни, онамни қора гўрга тиқишни истамайман-ку!

Шундай кунларнинг бирида иккинчи укамнинг хотини касал бўлиб қолди. Жигари хаста экан. Операция қилдирдик. Уям энди парваришга мужтож. Мен эса қайси бирига бўлай? Касалманд онам ва келинимгами, укам ёки синглимгами? Укамнинг болалари ҳам катта бўляпти, уларга ҳам эътибор керак. Отаси қамоқда, онаси касал... Хуллас, дунёга сиғмай қолдим. Бу дардлар менга оғирлик қиляпти. Биргина отамнинг йўқлиги оиламизни шу аҳволга олиб келди. Баъзан отамни кўчада учратаман. Ҳаммасини айтгим, уйга қатишини ялиниб сўрагим келади, аммо отам саломимга алик олишни ҳам истамайди. Юзини буриб ўтаётган, кўришни истамаган одамдан қандай қилиб ёрдам сўраш мумкин? У киши ўша аёлни деб ҳамма-ҳаммасидан воз кечди. Йиллар давомида мисқоллаб йиғган обрў-эътибор, хотиржамлик, бойлик, фаровонлик — барчасини бой бердик. Эсиз, шунча меҳнатимиз...

Ҳозир бизда ҳеч бири йўқ. Аввал бизни ҳавас билан тилга олган бўлишса, мана, бир йилдирки, ғийбатнинг энг сараларига сабабчи бўляпмиз. Шуларни ўйлаганим сари дунё кўзимга тор кўринади. Жонимдан кечсамми, дейман. Бироқ уйда шунча одамга керакман. Уларга суянч бўлмоғим зарур.

Тақдирнинг синовларини бошимдан ўтказиб англаганим шу бўлдики, ҳалоллик ҳамма нарсанинг боши экан. Отам шунча йил ҳалол яшади, меҳнат қилди. Афсуски, англабми, англамайми, ҳаром сари қадам ташлади, ўша аёлнинг пинжига кирди... Менинг ҳақиқатим шуки, бахтга ҳам, омадга ҳам, хотиржамликка ҳам олиб борувчи биргина йўл, бу — ҳалоллик!

Наргиза ТУРДИБЕК қизи ёзиб олди

Шарҳлар

​ҚИММАТГА ТУШГАН “МУҲАББАТ”

25.07.2017, 11:04

Бирон бир ишни бошлаш осон кечмайди. Немисларда ҳам “ҳамма ишнинг бошланиши оғир” деган мақол бор. Қанча меҳнат, маблағ ва тинимсиз ҳаракат зарур. Ҳужжатларни тўғрилаш, маълум...
​Шубҳага эргашиб…

11.07.2017, 12:11

Насиба кўзини тўйхонанинг тўрт томонига югуртириб эрини излай бошлади. Қани у? Тополмагач, ўрнидан турди-да, бутун ташвишларини унутиб шўх таронага рақс тушаётганларни оралаб, эшик томон юрди....
​Япроқдаги нур

29.06.2017, 14:11

Қизлар ётоқхонасининг юқори қаватига кўтарилаётганимда қаттиқ ҳаяжонланиб кетдим. Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди. Қандай кутиб оларкин? Нимадан гап бошласам экан? Бу учрашувимиз нима билан тугаркин? Ҳар...
​МЕҲРИБОН

28.06.2017, 15:27

Собира календарга қаради. Ўн еттинчи феврал… Эртага ўғли билан учрашади. Иккиларининг ҳам туғилган кунлари. Юрагини темир қўллар ғижимлагандек бўлди. Соғинган, жуда-жуда соғинган…Уч йил муқаддам…Собира ўзи...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1