Собира календарга қаради. Ўн еттинчи феврал… Эртага ўғли билан учрашади. Иккиларининг ҳам туғилган кунлари.
Юрагини темир қўллар ғижимлагандек бўлди. Соғинган, жуда-жуда соғинган…
Уч йил муқаддам…
Собира ўзи пиширган тортнинг ўртасига биттагина шамча қадади. Ҳализамон ўғли Шерзоднинг шамни пуфлаб ўчиришини тасаввур қилди. Бир ёшга эндигина тўлган бола шамни ўчира олмайди, бу ишни дадаси билан аяжониси бажаришади. Кейин ҳақиқий байрам бўлади. Йигирма бир йилдирки, февралнинг ўн саккизи Собирани бир ёшга улғайтиради.
У туғилган кунини бир мўъжиза юз бериши керакдек кутарди. Ўтган йили ўша мўъжиза чиндан ҳам юз берди. Собира туғилган кунини туғруқхонада кутиб олди, туғилган кунида ўғли дунёга келди. Мана шунга ҳам бир йил бўлибди. Бугун биринчи қўшалоқ байрам. Она ва бола шодланадиган кун…
Эшик тарақлаб очилиб, ширин хаёллари тўзғиб кетди. Остонада кўзлари қизариб кетган, ранги оппоқ эри турарди. У қалтираб Собиранинг олдига келди. Хириллаб гапирди:
-Хотин, пулинг борми? Бер менга! Опчиқ пулингни!..
Собира кўзёшларини тийиш учун лабини тишлади.
-Дадаси, бугун ўғлингизнинг туғилган куни эди. Шунга дастурхонга ул-бул олиш учун озгина йиғиб қўювдим…
Эри бор кучи билан столни муштлади. Собира қалқиб кетди.
-Бер дедим, — яноқлари титраб деди Мавлон.
Собира кўз ёшлари тирқираб кетган юзини қўллари билан яширди.
- Бермайсанми?! Мана бўлмаса!
Мавлон бир зарб билан стол устидаги ҳамма нарсани синдириб ташлади. Идиш-товоқлар билан бирга кичкинагина торт ҳам ер билан битта бўлди. Кейинги зарба мушт шаклига кириб, аламдан кўзлари катта-катта бўлиб кетган Собиранинг юзига тушди. Ерга йиқилди. Мавлон унинг чўнтакларини кавлаб бор пулини олди-ю, ҳансираб чиқиб кетди. Собира бутун қолган шамчани ушлаб кечгача йиғлади. Бу Собиранинг ота-оналари сабр косасига томган энг сўнгги томчи бўлди. Қизлари билан набираларини табриклашга келдилару бу хонадондан буткул узилдилар. Суд ҳам бўлди. Гиёҳванд эр турмага, Собира боласини олиб отасиникига йўл олди.
* * *
«Тор қорнимга сиққан болам кенг уйимга ҳам сиғади»- дея олиб келинган Собира кенг уйга сиғди, лекин кенг кўнгилни топа олмади. Ўзга хонадонда яшаган қисқа муддат ичида жонажон уйидан қанчалар узоқлашиб кетганини ҳис қилди. Қулф-калитга эга чиққан келинойисининг қош чимиришлари, акасининг ўз болаларини панага тортиб ширинлик улашишларидан дод дегудай бўларди. Ёлғиз паноҳи – ота-онаси эртаю кеч меҳнатдан бўшамас, амал-тақал рўзғорнинг эндиликда яна икки оғиз қўшилиб янаям кўпайиб кетган камларини бутлашга ҳаракат қилишарди. Бир йил ана шундай ўтди. Туғилган кунларида аяси ош дамлади. Дадаси топган-тутганини дастурхонга тўкди. Акаси Шерзодга ўйинчоқ совға қилди. Кўнгилдагидек ўтаётган кичкинагина байрамнинг нохуш якун топишига ана шу ўйинчоқ айиқча сабаб бўлди. Акасининг тўрт яшар ўғли ўйинчоқни юлқиб олиб уйларига қараб чопди. Ҳозиргина шодлиги ичига сиғмай ўтирган болакай кўзида ёш билан атак-чечак қадамларини илдамлатиб, унинг ортидан қувиб келинойисининг хонасига кириб кетди. Собира билан ота-онаси ҳай-ҳайлаганча қолишди. Дам ўтмай аввал келинойининг шанғиллагани, кейин тарсаки товуши эшитилди. Собира болаларча шўхлик қилган жиянининг бундай жазоланишини кутмаган эди. Шерзодга ўйинчоқни акаси билан бирга ўйнашни айтиш учун ўрнидан турди. Лекин кейинги кўргани қалбига муз бўлиб қадалди. Келинойининг хонасидан лўппи юзларида ингичка бармоқларнинг излари қизариб кўриниб турган Шерзод йиғлаб чиқиб келди. Дераза ортида ўйинчоқни қучиб олганича болаларга хос бўлмаган заҳарханда кулганича акасининг ўғли қараб турарди.
Томоғи ғиппа бўғилди. Дастурхондаги ош оиланинг кичкинагина байрами каби совуди. Боласининг қучиб ётганича узоқ йиғлади. Ширингина бўлиб ухлаб қолган Шерзоднинг панжа изи тушган юзини силади, яноқларида қотиб қолган тиниқ кўз ёшларини кафти билан артиб олди. Ҳар қанча ситам ўзига бўлса чидар, боласида нима гуноҳ?!
Вақт ўтган сайин онасининг гаплари асосли туюла бошлади. Бу хонадонда омонатлигини ҳис қилаверди.
Совчи келди. Аввалги хотинининг тили ёмон экан, қайнонаси жанжаллардан безиб ажратиб юборибди. Собиранинг тили ёмонмас, яшаб кетиши керак. Фақат боласи ота-онаси билан қолади, катталарнинг келишуви шундай!
Собира йиғлаб-сиқтаб ахийри рози бўлди. Шерзодни тез-тез олиб бориб турадиган, яна фарзандли бўлганида бутунлай олиб келишни ўйлаб кўрадиган бўлишди. Ўгай отанинг, янги куёвнинг феълини билмагунча онаси шундай йўл тутишга қарор қилди.
* * *
Янги хонадон аъзолари сомсапазлик қилишаркан. Уйларининг кўчага қараган биқинида иккита тандир ўрнатилган. Эри Икром эртаю кеч тинмайди, ука-сингилларини ҳам бир зум тиндирмайди. Харидорлари кўп, ясалган сомсалар уй ичидан чиқиб келаверади, Икром дурра ёпиниб тандир ичига бош суқаверади, онаси қип-қизил сомсаларни пуллайверади. Собира ҳам ишга киришиб кетди. Аввалдан чаққон эди, лекин бу хонадон аъзоларига етиб ишлаш учун янаям тиришди. Бу оиладагилар чумолидай ғимирлаб рўзғор бутлашар, жуда бой бўлмасаларда ўзларига тўқ эдилар. Икром бу хонадоннинг норасмий бошлиғи. Қаттиққўллиги учун ҳамма ундан ҳайиқиб турар, арзимаган айб учун ҳам аччиқ-аччиқ гаплар эшитишарди. Бир ҳафта ичидаёқ эрининг сўкишидан икки марта баҳра топишга улгурган Собира ўғлини олиб келмай тўғри қилганига ишонч ҳосил қилди. Лекин олдинги гиёҳванд эри олдида Икром фариштадек кўринарди. Аста-секин эрининг бироз тўпорилигига ҳам кўникиб кетди.
* * *
Икром билармикан? Бугун туғилган кунлари эканлигини эслармикан?! Ўзику майли, боласи келганида совға бермаса ҳам икки оғиз ширин сўзи билан кўнглини кўтариб қўярмикан?! Бу каби саволлар бугун ич-ичидан қайнаб чиқарди. Бу хонадонга келин бўлиб тушганидан бери ўғлининг ҳар келиши ҳам қувонч, ҳам ҳадикда ўтади. Биринчи келишида эри Икром Шерзоднинг кичкинагина бурунчасини бармоқлари орасига қисиб эркалаган бўлди. Аяжонисига эга чиққан одамнинг бу қилиғи болага аксинча таъсир қилиб йиғлаб юборди. Собира боласини қучиб олди, эри бир нималар деб ғўлдираганча ўрнидан туриб кетди. Шу-шу бола билан ўгай отанинг учрашувлари совуққина ўта бошлади. Лекин бугун туғилган кунлари, ҳеч бўлмаса болагинаси бугун бир оғиз ширин сўз эшитар…
Эри эрта тонгдан йўлга отланди.
-Кийимларимни тайёрла, бозорга тушиб майда-чуйда қилиб келаман.
Қувонганидан ўрнидан туриб кетди, туғилган кунлари байрам бўларканда. Лекин кейинги сўзлар уни жойига михлаб ташлади.
-Соат тўртга уч юзта сомсага буюртма бор. Пиёзни тўғраб қўйинглар, мен тоза ун билан гўшт олиб келаман.
Дадаси билан аяси кундузи келишади, уйлари узоқ, кечга қолмай қайтишади. Демак туғилган кун, боланинг кўнгли деган гаплар пуч орзу, етиб бўлмас армон...
Ўйлаганидек қайнонаси, қайнсинглиси билан тушгача сомсага уринишди. Кўзи йўлда бўлди. Эшик тақиллаб аввал Шерзод, кейин дадаси билан аяси кўринди. Сакраб кетди. Югуриб бориб боласини қучиб йиғлайверди. Қайнонаси меҳмонларни ичкарига бошлади. Ота-онаси билан ҳол-аҳвол сўрашиб яна боласига талпинди. Катта бўлиб қолибди, қош кўзлари бобосини эслатади, тиллари бурро, шеърлар айтишни ўргатишибди. Хонасига олиб кириб бошқатдан бағрига босди. Яна йиғлади, боласини ҳидлаб-ҳидлаб йиғлади.
Вақт шувиллаб ўтди. Чой ичишдию овқатга ҳам қарамай қайтиш ҳаракатига тушишди.
Ҳозир боласи кетади, кетиши керак, шарт кетиши! Қайнонасидан нажот кутди. Бир оғиз қолақолсин деса-чи, бир кунгина болагинасини бағрига олиб ётса-чи?! Мулозаматни ўрнига қўяётган қайнона ўғлининг рухсатисиз бу ишни қилолмайди, хонадонида ўгай набира эмас, ўзининг авлоди чопқиллаб юриши керак!
Шерзоднинг камзулчаси тугмаларини ўтказа бошлади. Ҳозир икки тугмани ўтказса бўлди, бола ташқарига чиқади, кейин олиб кетишади. Қўллари титраб тугмаларни қайтадан ечди. Онасининг бу иши сабабини тушунмай турган бола бийрон тиллари билан гапирди:
-Ая, туйма ўтказишти билмайсизми? Мана-мана, мен қандай ўтказишти биламан.
Бола худди қойил қилиб қўйгандек жилмайиб турарди.
Кўз ёшлари қуйилиб кетди. Яна Шерзодни қучиб олди. Айвон деразаси ортида бу ҳолни кузатиб турган ота-онаси билан қайнонаси оғизда хайрлашсаларда, ичларидан зил кетаётгандилар. Тақдир, иложи йўқ…
Эшикка етганларида бола ҳам аяси қолишини англаб йиғлай бошлади. Бобоси билан бувиси уни эркалаб кўтариб кетишди. Яна ишга ўтирдилар. Пиёзмас, ўзининг юрагини тўғради гўё. Пиёз аччиғидан минг карра аччиқ кўзёшлар милт-милт оқди.
Эшик очилиб эри кириб келди. Бир қоп ун билан, битта қутини машинадан туширди. Афтидан туғилган кун ҳақида эсламаган ҳам. Йўқса ўгай боласига бўлмаса ҳам жуфти-ҳалолига кичкинагина совға кўтариб келарди. Совғаси ҳам бошини есин, боласининг дарди қалбини тилимлаб ташлаяпти.
Нигоҳларини ерга қадаганча лабини тишлаб ишини қилаверди.
- Нега мени кутмай меҳмонларга жавоб бериб юбординглар, -деди Икром онасига қарата.
-Шошилишаётган экан, кеч қолишмасин деб…
Эри қутини очди. Ичидан ростмона автомобилдан сал кичикроқ ўйинчоқ машина чиқарди.
-Қани тойчоқ, кел буёққа.
Эшикдан Шерзод чопиб кирди. Икром болани даст кўтариб юзларидан ўпди.
-Мана бу туғилган кунингга совға, ўғлим.
Собира ялт этиб эрига қаради.
Икром гапини давом эттирди.
-Даданг билан аянгни бекатда кўриб қолдим. Шунча қистасам ҳам қайтишмади. Камига Шерзоджонни ҳам олиб кетмоқчи бўлишди. Уларга ҳам айтдим, сизлар ҳам эшитинглар, Шерзоджон бугундан бошлаб шу уйда яшайди!
Собира ҳўнграб йиғлаганича боласи билан Икромни қучиб олди. Ун гарди қўнган эрининг чопонига ёшли кўзларини суртди.
Аброр Зоҳидов