Қизлар ётоқхонасининг юқори қаватига кўтарилаётганимда қаттиқ ҳаяжонланиб кетдим. Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди. Қандай кутиб оларкин? Нимадан гап бошласам экан? Бу учрашувимиз нима билан тугаркин? Ҳар сафаргидай, уни кўрганимга суюниб, кейин куйиниб, яна ўша дард-армон билан қолавераманми?
Кўнглимда ширин ва ҳаяжонли бир умид бор: ҳозир уни кўраман. Тамом!..
Мана унинг хонаси. Юрак ютиб эшикни тақиллатдим. Ичкаридан дугонаси чиқди. Саломлашгач, секин сўрадим:
— Сайёра борми?
— Бор, киринг.
— Раҳмат, чақириб қўйсангиз.
Кутяпман, титраяпман. Ҳозир у чиқади, ҳозир... Чиқади-ю бутун соғинчим, бор меҳрим янгидан ловуллаб кетади.
У негадир анча ҳаяллаб чиқди. Мени кўрди-ю кўзлари қувончданми ёки ҳайратданми чарақлаб кетди.
– Алишер?! Келинг!
– Келдим. Яхшимисиз?
– Раҳмат...
О! Бошланди! Менга кўпдан таниш, кўпдан азиз ва ардоқли, аммо ҳар сафар қалбимни янгидан ларзага солиб, янгидан эркаловчи, янгидан азобловчи сиймо эди бу. Кучли соғинч, чексиз меҳр билан унга тикилиб қолдим. У эса кўзларини чиройли пирпиратиб, дам менга ажаблангандай тикилар, дам мени койигандай кўзларини олиб қочар, бу ҳолат сира бир-бирига ўхшамаган ҳолда қайта-қайта такрорланар, фақатгина иккимиз англайдиган шу ҳолатнинг ўзи жуда бетакрор, бағоят гўзал эди.
— Сайёра, нега телефон қилмай қўйдингиз? – дедим ундан гина қилиб.
У кўзларини бир нуқтада тўхтатиб, қошларини чимирди: “Нега энди телефон қилишим керак экан?”
— Дарслар оғирлашиб кетдими?
Сайёра бир зум ўйга толгандай бўлди-да, секин бош чайқади.
— Вақт йўқми ёки?..
— Топтийиз. Хўжайиндан вақт ортмаяпти сира.
— Қанақа “хўжайин?”
Сайёра атай мени ажаблантирмоқчи бўлгандай яйраб кулди.
— Бирам соддасизки, азизим! Қанақа хўжайин бўларди, пешонага ёзиладиган “хўжайин”да.
Мен бунинг ҳазил ёки чинлигини билолмай гаранг эдим. Сайёра ҳам энди ўзини жиддийроқ тутмоқчи бўлар, аммо кўзларидаги ўйноқи ифода бунга йўл қўймасди.
— Хоҳласангиз, сизни у билан таништириб қўяман. Уларнинг хонаси пастки қаватда.
Энди тушундим. У самимий гапираётганди. Мен “кераги йўқ” дегандек бош чайқадим. Чунки ҳозир гапира олмас, ўзимнинг бу аҳволимни ошкор қилишни ҳам истамас эдим. Индамай туравериш эса яна ноқулай туюлди. Зўр-базўр гап бошладим:
— Бирга ўқийсизларми?
Сайёра имо билан “йўқ” ишорасини қилди, кейин қўлини паст қилиб кўрсатди.
— Пастки курсданми? – уни яхши тушунсам ҳам сўроққа тута бошладим. Чунки шу дамда сукунат мен учун жуда оғир эди. Сайёра кўнглидаги ички бир безовталикни яшириш учунми яна сўзсиз жавоб қилди.
— Ўзингиз тарбия қилиб оларкансиз-да?!
— Қайдам...
— Исми нима?
— Сувонқул.
— Нима?
— Сувонқул, Сувонқул.
— Намунча исми совуқ?
Мен илгариги эркин суҳбатларимизни хаёл қилибми, шундай деб юборганимни сезмай қолдим. Сайёра ялт этиб менга қаради. Сўнг кўксига тушиб турган сочини ўйнаб, кўзлари билан мени таъқиб қила бошлади. Бу одати ҳам менга яхши таниш. У мендан енгилгина ранжияпти, койияпти, “тентаксиз” дея танбеҳ беряпти. Изза тортиб, ерга қарадим.
– Биласизми, Сувонқул менга пианино чалишни ўргатяпти. Эртага кечқурун келсангиз, сиз ҳам эшитасиз. Келасизми? Сиз ҳам мусиқани яхши кўрардингиз-ку! Келинг...
“Тезроқ кетишим керак, йўқса, ўзимни тутолмай шарманда бўламан”.
— Раҳмат, Сайёра. Энди мен қайта қолай...
Шунча тиришсам ҳам овозим ўксик ва синиқ чиққани алам қилиб кетди. Ортиқ унга журъат қилиб қарай олмадим. Орага яна азобли сукунат чўкди.
— Кетасизми? Хонага таклиф қилолмаганим учун узр. Кеча бир дугонамизнинг туғилган кунини нишонлагандик, ҳозир ҳаммаёқ тартибсиз, шунга...
— Зарари йўқ, барибир кирмасдим!
— Нега?
— Машъум хабарлардан кейин...
— Дадилсиз-ку, Алишер! Журъатингиз фақат тилда эмас, дилда ҳам бўлса эди...
У оҳиста, ўйчан, худди китобдан ўқиётгандек, аммо самимий гапирарди. Дилидан қуйилиб келган сўзларга ўзи ҳам қулоқ тутаётгандек эди. Унинг шу бир оғиз гапидан ҳар иккимиз кўп нарсани англардик...
Назаримда, Сайёра мендаги асосий заифликни тўғри топди.
Шу лаҳза ундан ажралишни истамасдим. Аммо иложим қанча?! У билан хайрлашиб, ташқарига чиқа бошладим. Сайёра ҳам беихтиёр менга эргашди.
— Сайёра, сиз қолаверинг, мен ўзим...
— Қўрқманг, у рашк қилмайди.
— Рашк қилмаса... севмас экан-да?
— На у севги, на у?! – деди у шўхлик билан хоразм лаҳжасида ва ҳайрон қолганимни кўриб, тушунтирди: — Кечирасиз, “хўжайин” хоразмлик.
“Ажаб бўпти!” дедим ўзимча алам билан. Ташқарига чиққач, неон чироқлари ёритиб турган салқин хиёбондан борарканмиз, Сайёра менинг дардимдан бутунлай бехабардек, бирдан япроқлар орасида ёниб турган чироқни кўрсатиб қолди.
– Қаранг, қаранг, қандай чиройли! Мен нурнинг шунақа япроқлар орасида чарақлаб турганини яхши кўраман.Ҳар хил рангда товланади. Аллақандай сирли, гўзал... Худди менинг ... туйғуларимга ўхшайди.
Мен Сайёра кўрсатган япроқлар орасидаги нурга тикиламан. Ростдан ҳам сирли ва гўзал! Қизиқ, нега шу вақтгача пайқамаганман. Сен менинг ҳаётимдаги шундай нур эдинг, Сайёра! Наҳотки бугундан бошлаб мен учун сўнсанг! Эҳтимол сенинг ана шу нурдай сирли ва гўзал эканингни ҳеч ким, ҳеч қачон тушунмас. Ахир япроқдаги нур орасидаги сеҳрли жозибани ҳамма ҳам сен каби пайқай олмайди-ку! Йўқ! Сен мен учун ҳеч қачон сўнмайсан, ҳеч қачон! Менинг ҳаётимни шундай бир нур билан ёритдингки, бундай ўзинг ҳам бехабарсан...
— Нималарни ўйлаяпсиз, Алишер?
— Нурни... йўқ, сизни, иккингизни ҳам. Сизни ана шу нурга қиёслаб келаётувдим...Сайёра, мен барибир сизни унутолмайман, сиздан бир умр ... миннатдорман...
– Мен сизга жуда ўрганиб қолувдим, Алишер. Жуда ҳам. Менга яқин бир ҳамдард, суянчиқ керак эди. Усиз яшашим қийин бўлиб қолувди. Балки сиз ишонмассиз, ўзини оқлаяпти дерсиз... Йигитларнинг доимий таъқиби, доимий “севги” изҳорлари жонимга тегиб кетганди. Улардан қутулиш учун ҳатто ўзимни “турмушга чиққанман” деб гап тарқатдим. Фойдаси бўлмади. Эски дардим қўзиб, яна ётиб қолдим. Билмадим, бу билан нечанчи бор касалхонага тушдим экан? Бусиз ҳам беш йиллик ўқишни етти йилга чўзиб юборгандим. Мен учун энди ҳамма нарса барибирдай бўлиб қолувди. Шунда... шунда Сувонқул билан танишдик...У менга далда бўлди...
Иккимиз ҳам узоқ вақт жимиб қолдик. Бу сукунат орамизга тушиши муқаррар бўлган айрилиқни эслатди. Юрагим зирқираб кетди.
– Кўряпсизми, азизим, сиз билан Ширмонбулоқ тоғларида сайр қилишимиз бошқа, ҳаёт бошқа экан, – деди Сайёра оҳиста.
Охирги марта хайрлашаётганимизда Сайёра яна Хоразм шевасида: “Галиб туринг, Алишер”, деди. Юрагимга нимадир ўқдай санчилди. Бу унинг ҳазилими ёки энди менинг учинчи – ортиқча киши эканимни эслатганими? Ҳа, учинчиси... Ким бўлса ҳам ортиқча!
Сайёра хиёбондан бурилиб, ётоқхонага кириб кетгунча орқасидан қараб қолдим. Сўнг шу ердаги ўриндиқлардан бирига оғир чўкдим. Кўксимда бир нима худди туз сепгандек жизиллаб ачишар эди.
Эҳ, Сайёра, Сайёра! Мен сени бевафоликда айблай олмайман. Биз севишиб, аҳду паймон қилганимиз йўқ. Сен “севги” деган сўздан қўрқардинг... Аммо орамиздаги муносабатни мен ҳар қандай севгидан муқаддас деб билар, ҳеч қандай севгига алишмас эдим. Тақдиримизни боғлашга эса иккиланар, бунга журъат қилолмас эдим. Сенинг, ўз таъбиринг билан айтганда, “об-ҳаво” феълингдан чўчирдим. Ўзгариб турувчи феълингни ўзинг шундай атагандинг. Мен эса сени чиройли очилиб турган лолақизғалдоққа ўхшатардим. Лолақизғалдоқ ҳар қанча чиройли бўлмасин, ҳар қанча кўзни куйдирмасин, ўз жойида тургани яхши. Агар узиб олсанг, сўлади.
Қалбимга нақадар чуқур ўрнашиб қолсанг-да, сен билан бирга бўла олмаслигимни ўйлаб, шунчалик азобланардим. Ҳарқалай, сен шошилдинг, Сайёра! Ахир сенда мени ҳар қандай кўйга солишга қодир бўлган сеҳру жоду бор эди-ку! Мендаги иккиланишни пайқагандирсан-у, ўзингнинг мен учун нақадар азиз ва ардоқли эканингни сезмагансан. Мен ҳам сенга нақадар боғланиб қолганимни мана энди – сендан ажралгач тушундим. Сен билан кечган ҳар бир дақиқа, энди билсам, ҳаётимдаги энг бетакрор, энг ажойиб дамлар экан. Ҳаётда ҳамма нарсанинг қадри йўқолгандан кейин билинаркан...
Сайёра! Охирги марта бизнинг ижарахонамизга борганимиз ёдингдами? Сени қаттиқ соғингандим. Эсласам ҳали-ҳали энтикиб кетаман. Оқшом эди-а ўшанда? Қандай ажойиб, тотли дамлар эди... Афсус, энди ундай лаҳзалар ортиқ насиб этмайди. Ўшанда руҳимиз шундай енгил, шундай кўтаринки эдики, иккимиз ҳам шу юришимиздан сархуш, сармаст эдик. Лекин сен уйда кўп ўтирмадинг. Дугоналаринг хавотир олишини айтиб, кетишга шошилдинг. Сени кузатишда, йўлда бўлиб ўтган ўша суҳбат ҳам боягидек ёдимда. Сен кутилмаганда, уйларингга кетма-кет совчилар келаётганини айтиб, охири гапни: “Шунақа, бозоримиз чаққон шу кунларда”, деб ҳазил билан тугатган бўлсанг ҳам, аслида менинг фикримни билмоқчи эдинг. Мен эса сенга тўғри жавоб беришга қийналар, тўғри жавоб беролмасдим ҳам. Балки шу боис, “Бундай имконият ғанимат бўлади. Фурсатни қўлдан бермаслик керак” деган бемаъни, бемаврид ҳазил оғзимдан чиқиб кетганини сезмай қолдим. Эҳ, мен - тентак! Ўшанда бу гапим сенга қандай таъсир қилишини ўйламабман ҳам. Наҳотки ўша гапдан кейин ўзгариб қолган бўлсанг? Йўқ, йўқ! Бунга ишонмайман, Сайёра!
Мен баъзиларга ўхшаб: “Майли, ким билан бўлсанг ҳам бахтли бўлсанг бас”, деёлмайман. Чунки сени ҳеч қачон, ҳеч кимга раво кўрмайман, ҳеч кимга... Фақат мени тушунсанг, мени кечирсанг бас дея оламан, холос.
Шодмон ОТАБЕК