1

​ҚЎШХОТИНЛИК ОРТИДАН КЕЛГАН БАЛО

ЖАМИЯТ 17.04.2017, 11:27
​ҚЎШХОТИНЛИК ОРТИДАН КЕЛГАН БАЛО

Собир аканинг икки ўғил ва икки қиз фарзанди бор, ёши катта бўлса ҳам, ҳалигача эсини йиғиб олмади-да. Ўзи фермер хўжалигида ҳисобчи вазифасида ишлайди. Қўлига пул тушди дегунча, қўшни қишлоқдаги спиртли ичимликлар дўконига югуради. Уйга бир-икки бутилка ароқ олиб кириб, зарурат бўлганида ичарман, деб ўйласа-да, турмуш ўртоғи Садоқат опа унинг уйга спиртли ичимлик олиб киришига қаршилик қилаверганидан фақат кўчада ичишга одатланди.

Кунлар шу зайлда ўтиб, Садоқат опа бешинчи фарзандини дунёга келтирди. Чақалоққа Муқаддам дея исм қўйишди. Фарзанд кўрганидан қувонган Собир ака ўзининг «одат»ига кўра, ошна-оғайниларини чойхонага чақириб, уларни спиртли ичимликлар билан сийлаб, «зиёфат» қилиб берди.

ДАРЗ КЕТГАН МУНОСАБАТ

Вақтлар ўтиб, Собир ака ва Садоқат опа икки келин олди, учала қизини турмушга ҳам узатди. Уларнинг кенжа ва эркатой қизи Муқаддам келин бўлганига ҳам анча йиллар бўлди.

Муқаддам тўй ўтганидан кейин Жавоҳир билан бир неча йил ҳамманинг ҳавасини келтирадиган эр-хотин бўлиб, тинч-тотув турмуш кечирди.

Лекин нима бўлди-ю, чиройли бўлганлиги учун ҳуснига бино қўйганиданми ёки бошқа сабабданми, Муқаддам эрини менсимайдиган бўлиб қолди. Жавоҳир билан бир неча ойлаб жанжаллашиб юрди. Шундай бўлса ҳам, иккита фарзандимнинг онаси, деган хаёлда Жавоҳир Муқаддамни эъзозлаб келди, уй-рўзғор харажатларидан орттириб, бир неча қимматбаҳо тилла тақинчоқлар олиб берди. Кошки, Муқаддам буларни тушуниб етса...

Ҳар доим ҳам "Эр-хотин уриши — дока рўмол қуриши" бўлавермас экан...

Иш юзасидан бошқа вилоятга хизмат сафарига кетган Жавоҳир бир ҳафта ўтиб уйга қайтди. Муқаддам турмуш ўртоғининг уйда бир ҳафта йўқ бўлиб, мусофирликдан қайтганини ҳам тушунмасдан, бўлар-бўлмас гаплар билан яна жанжал чиқарди. Бу каби жанжаллар мунтазам давом этганидан безор бўлган Жавоҳир турмуши бузилган бир аёл — Манзура билан танишиб қолди. Кейинчалик унинг уйига боришни ўзига одат қилиб олди, баъзи кунлари уникида қолиб ҳам кетар эди.

Муқаддам бошқалардан суриштириб, охири эрининг хуштори яшайдиган уйни топиб бориб, эшигини тақиллатди. Эшикни бир истарали аёл очди.

— Манзура сизмисиз? — сўради Муқаддам.

— Ҳа, менман, тинчликми? —деб ҳайрон бўлиб сўради Манзура. — Остонада турманг, киринг уйга, нима гап бўлса, ичкарида гаплашаверамиз.

Муқаддам Манзуранинг уйи­га кирди, у билан бирмунча гаплашгандай бўлиб, эрини унга ёмонлай кетди.

— Опа, мен Жавоҳир аканинг бошини айлантириб олганим йўқ, унинг ўзи мени топиб, олдимга келиб юрибди, — деди Манзура унга.

— Қўйинг, бунақа гапларни. Бу ерга мен сиз билан жанжаллашгани, "эримни тинч қўй", дейиш учун келмадим. Ундан кўра, келинг, иккаламиз уни гумдон қиламиз, — деди Муқаддам.

— Тушунмадим, фарзандларингизнинг отаси бўлган Жавоҳир акани гумдон қилишдан сизга нима фойда, фарзандларингиз етим бўлиб қолмайдими?

— Фарзандларимнинг тақдири менинг муаммом, сизга бунинг алоқаси йўқ, шу боис менга Жавоҳир акамни йўқ қилишга ёрдам берсангиз, — деди Муқаддам ва Манзура агар бу ишда унга ёрдам берса, катта миқдорда қимматбаҳо тилла буюмлар беришни ваъда қилди.

Манзура ваъда қилинган буюмларни эшитиб, Му­қаддамдан нима қилиш кераклигини сўради. Улар ўзаро режа тузишди.

Ҳамтовоқ кундошлар

Тушлик пайти. Эшик қўнғироғи жиринглади. Манзура эшикнинг туйнугидан мўралади. Эшик олдида турган инсон ҳақиқатан ҳам Жавоҳир эканлигига ишонч ҳосил қилгач, эшикни очди. Бу пайтда Муқаддам эшик очиладиган тарафнинг орқасида беркиниб турган эди.

— Яхши келдингизми? — сўради Манзура.

Уйида хотинидан бундай ширин сўзлар эшитишни унутиб юборган Жавоҳир унга кулиб қараб, уйга кирди, Манзура билан қўл бериб кўришди. Манзура унинг қўлидаги сумкасини олиб, ерга қўйди. Жавоҳир энгашиб, оёқ кийимини ечаётганида, эшикнинг орқа тарафида турган Муқаддам қўлидаги темир буюм билан Жавоҳирнинг бошига урди. Кутилмаган оғир зарб миясига урилганидан Жавоҳир ҳушидан кетди. Муқаддам бу билан "хумори"дан чиқмади. Ошхонадан пичоқ олиб келди-да, Жавоҳирнинг қорнига етти-саккиз марта санчди...

Киракашнинг жиноий шериклиги

Муқаддам “хумори” босилгач, киракашлик билан шуғулланадиган Зуҳриддин исмли ҳайдовчига қўнғироқ қил­ди. Унга тегишли манзилга етиб келишни тайинлади.

Зуҳриддин етиб келганида, унга ҳолатни тушунтирди:

— Нариги хонадаги жасадни тумандаги ўрмон хўжалигига олиб бориб, кўмиб келишда ёрдам берасиз, бу ҳолатни ҳеч кимга айтмайсиз, бунинг эвазига мўмайгина даромад оласиз.

Аввалига Зуҳриддин ўйланиб қолди. Кейин Муқаддам унга таклиф қилган пулни топиш учун кўчада камида уч-тўрт ҳафта киракашлик қилиши кераклигини ўйлаб, таклифни қабул қилди.

Икки аёл томонидан аллақачон ҳеч ким шуб­ҳаланмайдиган ҳолда ўраб, тайёрлаб қўйилган жасадни бир амаллаб автомашинанинг орқа ўриндиғига жойладилар ва йўлга чиқишди...

Изи қолган жиноят

Ўрмон хўжалиги ҳудудига бориб, хўжаликнинг чеккароқ томонига ўтишди. Учаласи автомашинадан пастга тушиб, атрофга қарашди, ҳеч ким кўринмади. Ҳамма ёқ олма ва шафтоли дарахтлари билан ўралган бўлиб, лекин дарахтлар орасига экин экилмаганди. Улар тўхтаган жойдан йигирма беш-ўттиз метр нарироқда катта ёнғоқ дарахти кўринди.

Зуҳриддин автомашинасининг юкхонасидан белкурак ва кетмонни олди-да, ёнғоқ дарахтининг тагини белкуракда бир-икки кавлаб кўрди, тупроқ юмшоқ экан. Тезлик билан бир одам сиғадиган даражада чуқур қазиди, жасадни кўмиб, ортга қайтишди. Бошланғич синфда ўқийдиган Мухтор эса уларни узоқдаги эман дарахти орқасида кузатиб турганди. У ҳар куни тушликкача мактабга бориб, тушликдан сўнг уйдаги тўртта мол ва олтита қўйини бир-икки соат боққани шу ерга олиб келар эди.

Бу ҳолатдан қўрқиб кетган Мухтор мол-қўйларини ҳам унутиб, автомашина жўнаб кетганидан сўнг югурганича уйига борди. Энди ишдан келиб, чой ичиб ўтирган отаси Насим акага бўлган воқеани айтиб берди.

Насим ака ўғлига ўша ёнғоқ дарахти тагига умуман яқинлашмасликни, мол-қўйларини у ердан узоқроқда боқиб, кеч бўлмасдан уйга қайтишни та­йинлади. Мухтор яна қўйларининг олдига кетгач, Насим ака автомашинасида, туман ички ишлар бўлимига бориб, ҳолатни тушунтирди.

Кундошларнинг қотиллиги "иссиқ из"дан фош этилди

Насим ака берган хабар асосида туман ички ишлар бўлимида тезкор гуруҳ тузилди. Гуруҳнинг бир қисми тезлик билан ўрмон хўжалигига бориб, Насим ака кўрсатган жойдаги ёнғоқ дарахти тагида кўмилган жасадни кавлаб олишди. Гуруҳнинг иккинчи қисми эса Насим аканинг кўрсатмаси асосида унинг ўғли Мухтор тушунтириб берган ойналари бироз қорайтирилган, тўқ қизил рангли, атрофи турлича безатилган “Москвич” русумли автомашинани қидириш ишларини бошлаб юборди. Бу каби автомашиналарнинг миқдори озлиги учун оқшомга қадар автомашина топилди.

Туман ички ишлар бўлимига ўз вақтида берилган хабар сабаб ўз “вазифалари”ни гўёки ҳеч ким аниқлай олмайдиган даражада "мукаммал" адо этган Зуҳриддин, Манзура ва Муқаддам шу куннинг ўзида қўлга олинди.

Содир этилган қотиллик юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича ўтказилган дастлабки тергов ҳаракатлари якунланиб, жиноят иши айблов хулосаси билан жиноят ишлари бўйича туман судига тақдим этилди. Суднинг ҳукми билан уч “шоввоз”га узоқ муддатли оғир жазо тайинланди.

Акрамжон ХЎЖАМОВ,
юрист, Наманган вилояти
Норин тумани

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1