1

​«Нотўғри парҳез – ҳушидан кетишга сабабми?»

САЛОМАТЛИК 06.05.2017, 11:21
Теглар: Саломатлик
​«Нотўғри парҳез – ҳушидан кетишга сабабми?»

«Чунонам чарчадимки, ҳушимдан кетай деяпман», «Ҳозир ўзимни ташлаб юбораман»... Бу каби ибораларни кундалик сўзлашувимизда кўп ишлатамиз. Аслида эса ҳушидан кетиш ҳолати талаффуз қилинганидек оддий эмас. У тиббиётда жиддий ҳодиса ҳисобланади. Чунки ҳушини йўқотиш бирор хасталик аломати ёки асорати бўлиши мумкин. Хўш, ҳушини йўқотиш қайси касалликларда кузатилади? Даволаниш қанчалик муҳим? Бугун шу ҳақида сўз юритамиз.

Мутахассис — олий тоифали шифокор, терапевт Нодира ҲАМРОЕВА

АЛОМАТИ БОРМИ?

Бош мияда содир бўладиган ўзгаришлар кутилмаганда юз берса-да, бемор умумий аҳволида баъзи ўзгаришларни сезади. Бу “ҳушини йўқотиш олди синдроми” дейилиб, қуйидаги белгилар кузатилиши мумкин:

– Бош айланиши;

– Қулоқда шовқин эшитилиши;

– Юрак уриш маромининг сустлашиши;

– Хотира заифлашиши (бир неча дақиқа олдинги ҳаракатларни эслаш қобилияти ҳам йўқолади);

– Юз терисининг оқариши;

– Оғиз қуриши;

– Артериал қон босимининг кўтарилиши ёки пастлаши;

– Кўз олдининг хиралашуви;

– Эт увишиши;

– Тер ажралишининг фаоллашиши кабилар.

ХУШСИЗЛИК ҚАНЧА ДАВОМ ЭТАДИ?

Эътибор берган бўлсангиз, ҳушидан кетган одамнинг кўз қорачиқлари кенгайган, ёруғлик нурига сезгирлиги йўқолган, юрак уриши суст, нафас олиши тезлашган ҳамда мушаклар бўшашган ҳолатда бўлади. Одатда, ҳушсизлик бир неча сониядан бир неча дақиқагача давом этади. Тана мувозанатини йўқотган одам ҳушига қайтгач, ўзини ўнглаб олиши мумкин. Бироқ ҳушсизлик 5-6 дақиқадан узоқ давом этиб, бемор ўзига келишга қийналса ёхуд юрак уриш мароми сустлашиб бораверса, зудлик билан “тез ёрдам” хизматига мурожаат қилиш лозим.

БИРИНЧИ ЁРДАМ

Кўз ўнгингизда кимдир ҳушидан кетди. Бу вақтда энг биринчи ишингиз унинг атрофида тўпланган одамларни тарқатиб, дераза ва эшикларни очинг. Сўнгра кўйлак тугмаси ва белбоғини бўшатиб, нафас олишга унданг. Оёқлар жойлашуви танадан хиёл баландроқ бўлсин. Юз ва бўйин соҳасини хўл сочиқ билан артинг. Новшадил спирти билан пахтани намлаб, ҳидлатинг. Уй шароитида сирка эритмаси ҳам қўл келади. Оғизга қошиқ тиқиш (тили орқасига кетиб қолмасин деб) ёки сув ичириш каби «муолажа»лар асло тавсия этилмайди. Бу, аксинча, бемор соғлиғига зиён қилиши мумкин.

МУАММОНИНГ 5 САБАБИ!

Мутахассислар ҳушидан кетишнинг бир қанча сабабларини аниқлашган бўлиб, улар орасида энг кўп учрайдиганларини нейроген, кардиоген ҳамда гипервентиляцион турларга бўлишади. Хусусан:

ҳушидан кетишнинг нейроген тури:

1. Ўсмирлар ва ўрта ёшлилар орасида ҳушидан кетишнинг вазодепрессор кўриниши кузатилиб, асосий сабаби танадаги турли оғриқлар, бирор нимадан қаттиқ қўрқиш, эмоционал стресс, ҳаво етишмаслиги, узоқ вақт бир хил ҳолатда туриш, шунингдек, қонни кўрганда ўзини йўқотиш билан характерланади. Статистик маълумотларга кўра, ҳушидан кетишнинг ушбу тури бошқаларига нисбатан кўпроқ учрайди.

2. Ётган ҳолатда кескин тана мувозанатининг ўзгариши (бу кўпинча узоқ вақт ётган ҳолатда даволанганларда учраб туради), айрим дори препаратларининг ножўя таъсири (оздирувчи, тинчлантирувчи дорилар) да юз берадиган ҳушсизлик ортостатик турга тааллуқли.

3. Атеросклероз ёки артериал гипертензия билан оғриган беморларда ҳам ҳушидан кетиш ҳолати қайд этилиб, у асосан тор бичимдаги кийим кийганда ёки хонада ҳаво айланиши яхши бўлмаганида, нафас қисиши билан бошланиши мумкин.

4. Кардиоген тури – юрак фаолияти билан боғлиқ ўзгаришлар, қон-томир хасталикларида шунингдек, инфаркт олди ҳолатида рўй бериши билан изоҳланади.

5. Ҳушидан кетишнинг гипервентиляцион тури аёллар орасида кўпроқ учраши билан тилга олинади. Чунки бу ҳолатнинг асосий сабаби бирор нимадан қаттиқ сиқилиш, ваҳимага тушиш, саросима ва хавотир ҳиссига берилиш кабилар билан таснифланади.

ОВҚАТЛАНМАСЛИК ҲАМ ТАЪСИР ҚИЛАДИ?!

Ишонмаслигингиз мумкин, аммо бу исботланган факт. Кўпчилик аёллар эрталабки пала-партиш нонушта билан тушлик вақтини ҳам ўтказиб юборишади. Ёҳуд парҳез тутаётганларини рўкач қилиб, кун бўйи оч юришади. Тўғри, аввалига организм бу ҳолатга «исён» қилмаслиги мумкин. Чунки заҳирасидаги ишчи кучлардан фойдаланади. Аммо «қора кунлар»га аталган заҳира тугагач, назоратни йўқотади. Бу эса ҳушидан кетишни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, етарлича ухламаслик ва сурункали толиқиш ҳам ҳушидан кетиш ҳолатига сабаб бўлиши мумкин.

ХАСТАЛИКЛАР АСОРАТИДА БЎЛСА...

ҳушидан кетишнинг тиббий изоҳи ҳам мавжуд бўлиб, бирор хасталик асоратида юз бериши билан характерланади. Хўш, қайси касалликларда ҳушидан кетиш кузатилиши мумкин?Диққат қилинг:

– Қандли диабет;

– Қон босимининг пастлаб кетиши;

– Мигрень;

– Паркинсон хасталиги;

– Аортал стеноз;

– Мияда ўсимта бўлиши;

– Мия чайқалиши;

– Мия фаолияти билан боғлиқ касалликлар;

– Ирсиятга алоқадар айрим хасталиклар;

– Организмнинг сувсизланиши.

КИМГА МУРОЖААТ ҚИЛАСИЗ?

Ҳушидан кетиш ҳолати ҳатто бир марта содир бўлса ҳам, албатта, шифокор кўригидан ўтиш зарур. Чунки ҳушсизликнинг бир марта юзага келиши организмда ушбу ҳолатга мойиллик борлиги ва яна такрорланиш хавфи мавжудлигини билдириши мумкин. ҳушидан кетиш кузатилганида аввал терапевт шифокор, сўнгра унинг кўрсатмаси билан невролог, кардиолог, эндокринолог ва онколог мутахассисларга мурожаат қилинади.

ТАШХИС

Ҳушидан кетиш нима сабабдан юз берганини аниқлаш учун шифокор умумий аҳволингиз ва соғлиғингиздаги шикоятларни тинглаб, сурункали ва наслий касалликлар бор-йўқлигини суриштиради. Шундан сўнг УТТ, МРТ (комьютер томографияси) , электрокардиограмма, қоннинг умумий таҳлили каби текширувлар белгиланиши мумкин. Таҳлил хулосаси аниқ бўлгач, шунга кўра муолажа тури танланади.

ДАВОЛАНИШ ШАРТ!

Ҳушидан кетган бемор учун аниқ бир даволаш усулини айтиш мушкул. Зеро, ҳар бир организм индивидуал бўлиб, ҳушсизликни келтириб чиқарувчи омиллар ҳам турлича таснифланади. Баъзи ҳолларда ҳушидан кетиш чарчоқ ёки организмга витамин етишмаслигидан келиб чиқиб, давоси кун тартиби ва овқатланиш тартиби яхшиланиши билан кифояланади. Бошқа пайтларда эса мияда қон айланишини яхшиловчи, юрак фаолияти учун зарур препаратларни қабул қилиш буюрилади. Стресс билан боғлиқ кўринишларида эса даволовчи шифокор билан бирга психотерапевт кўмаги ҳам зарур бўлиши мумкин.

Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади.

Шарҳлар

Буйрак хасталиклари кимларда кўпроқ учрайди? Шифокор жавоб берди

06.08.2021, 17:47

CCВ Матбуот хизмати буйрак етишмовчилиги қандай хасталик экани ва уни бартараф этишда мамлакатимиз тиббиёти нималарга қодирлиги ҳақида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлим раҳбари,...
ЮТИНГАНДА ҚУЛОҚ ОҒРИҒИ?!

26.12.2017, 13:12

— Уч яшар ўғлим овқат чайнаб ютаётганида қулоғини ушлаб, оғриётганини айтди. Шифокорга кўрсатсам, отит деб ташхис қўйди. Бу қандай касаллик? Уни уйда даволаса бўладими? Назира...
ДИАТЕЗ ҚАЙТАЛАМАСИН ДЕСАНГИЗ…

26.12.2017, 13:08

— Эмизикли чақалоғим экссудатив диатез касаллиги билан оғриганди. Ҳозир соғайган бўлса-да, айрим таомларни истеъмол қилганимда унинг баданида қизғиш доғлар пайдо бўлади. Гўдакда диатез қайталамаслиги учун...
ФАРЗАНДИНГИЗНИ МАКТАБ КАСАЛЛИКЛАРИДА АСРАНГ!

26.12.2017, 11:36

Узоқни кўра олмаслик;сколиоз (умуртқа поғонасининг қийшайиши);гастрит;руҳий-асаб тизими бузилишлари кабиларни мактаб касалликлари сирасига киритиш мумкин. Статистикага кўра, ҳар беш боланинг бири умуртқа поғонаси муаммоларидан қийналса, ҳар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1