CCВ Матбуот хизмати буйрак етишмовчилиги қандай хасталик экани ва уни бартараф этишда мамлакатимиз тиббиёти нималарга қодирлиги ҳақида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлим раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фарҳод Хаджибаев билан суҳбатлашди.
— Ўткир буйрак етишмовчилиги ва сурункали буйрак етишмовчилигининг фарқи нимада?
— Буйрак етишмовчилиги хасталиги буйрак фаолиятининг пасайиш синдроми ҳисобланади. У тўсатдан ёки секинлик билан рўй бериши мумкин. Шунга қараб ўткир ҳамда сурункали буйрак етишмовчилиги каби турларга бўлинади.
Беморларнинг кўпчилиги ўткир буйрак етишмовчилигидан азият чекишади. Унда организмда қон айланишининг буйракка боғлиқ қисми кескин бузилишига олиб келади. Хасталик турли сабабларга кўра ривожланиши мумкин. Унинг буйракка боғлиқ сабаблари сифатида қуйидагиларни айтишимиз мумкин:
- аутоиммун касалликлар,
- буйракнинг турли моддалар таъсирида ўткир ва тез шикастланиши,
- буйрак қон томирларида тромбларнинг ҳосил бўлиши
- томирларнинг яхлит организм миқёсида яллиғланиши кабилар ҳисобланади.
Бу дарднинг буйракка боғлиқ бўлмаган сабаблари кўп:
- қон йўқотиш,
- шок,
- қон босимининг кескин пасайиб кетиши,
- пешоб йўлларининг жиддий ёки тўлиқ беркилиши каби ҳолатларни санашимиз мумкин.
Сурункали буйрак етишмовчилиги эса бирданига содир бўлмайди, балки буйрак нефронлари, яъни қилнайчаларининг зарарланиш даражаси ошиб бориши ва фаол нефронлар миқдорининг камайиб кетиши натижасида юзага келиб, секин-асталик билан ривожланади.
— Сурункали буйрак етишмовчилиги қандай шароитда ёки нима сабабдан келиб чиқади?
— Хасталик сийдик йўлининг узоқ давом этадиган касалликлари, буйракнинг силдан кейинги зарарланиши, буйрак тош касаллиги ва бошқалар оқибати бўлиб, буйрак тўқимасининг бужмайиши ёки халтасимон кенгайиши билан давом етади.
️Сурункали буйрак етишмовчилиги синдромининг дастлабки белгилари фаол нефронлар миқдорининг 50 фоизгача камайганида пайдо бўла бошлайди. Бу миқдор 30 фоизга тушганда касаллик белгилари беморнинг ўзига ҳам яққол сезила бошлайди.
Сурункали буйрак етишмовчилиги асосий касалликнинг асорати ҳисобланади, катталарда ҳам, болаларда ҳам учраши мумкин.
— Сурункали буйрак етишмовчилигининг белгилари қандай бўлади?
— Буйрак анчагина зарарланишга улгурган босқичида касалликнинг белгилари беморнинг ўзига билина бошлайди.
Унинг ташқи белгилари сифатида шуларни айтишимиз мумкин:
- ️тез-тез чанқаш, оғиз қуриши;
- ️терининг қуруқлашиб, қичишиши;
- ️қусиш, камқонлик;
- ️нафас аъзолари, юрак томирлари ва меда ичак фаолиятининг бузилиши аломатлари;
- ️кечки пешобнинг кундузгидан кўпайиши ҳолатлари.
Лаборатория шароитида пешобнинг нисбий зичлиги камайиб, миқдорининг ортиши ҳам аниқланади.
— Буйрак хасталиклари қайси жинс вакилларида кўпроқ учрайди ва нима сабабдан?
— Буйрак хасталиклари эркакларга нисбатан аёлларда кўп учрайди. Инсон танасида ўнг буйрак жигарнинг ҳисобига чап буйракдан пастроқ жойлашган бўлади. Aёлларнинг ҳомиладорлик даврида ҳомиланинг буйракни эзиши, унинг нормал фаолиятига таъсир қилади.
Эллик ёшдан ошганда, кўпроқ эркакларда буйрак касалликларига чалиниш кузатилади. Чунки бу ёшдан кейин эркакларда простата безининг гиперплазияси ва шунинг оқибатида келиб чиқадиган пешоб димланиши, буйрак тош касалликлари ва метаболик ўзгаришлар содир бўлади.