1

​Юрак саломатлигининг муҳим қоидалари

САЛОМАТЛИК 22.05.2017, 10:18
Теглар: Саломатлик
​Юрак саломатлигининг муҳим қоидалари

Юрак саломат бўлишида соғлиқни сақлаш ва мустаҳкамлаш тадбирлари айни муддао.

Юрак-қон томир хасталикларининг олдини олиш ҳақида гап кетганда, аввало соғлом турмуш тарзини назарда тутамиз. Тамаки чекишдан воз кечиш, жисмоний фаоллик, ортиқча вазнга йўл қўймаслик, тўғри овқатланиш каби баъзи қоидаларга амал қиладиганлар юрак муаммоларига деярли учрамайдилар. Ўтказилган тажрибаларга кўра, ана шу қоидаларга содиқ қолган инсонлар 50 ёшда тенгқурларига нисбатан ўзларини анча яхши ҳис этишган.

Яп-янги ускуналар билан бойитилган энг яхши шифохонада даволанишдан кўра, соғлом турмуш тарзини олиб бориш ниҳоятда муҳим, дейди шифокорлар. Агар юқорида келтирилган қоидаларнинг барига амал қилсангиз, инфаркт касаллиги пайдо бўлиш эҳтимолини 50 фоизга камайтирасиз.

Кўпчилик аёллар ортиқча вазн бўлмаса, жисмоний машғулотлар шарт эмас, деб ҳисоблашади. Бироқ жисмоний фаоллик қоматингизни сақлабгина қолмай, балки саломатлигингизни ҳам мустаҳкамлайди. Соғлом ҳаёт учун ишни нимадан бошлашингиз кераклиги ҳақида бирма-бир хабардор этамиз.


Ҳаракатларингиз ҳузур бағишласин!

Агар ролик, велосипед ёки теннис ракеткангиз омборхонангизда чанг босиб ётган бўлса, уларнинг иззатини жойига қўйиш фурсати келди.

10 йил давомида тадқиқот ўтказган олимларнинг таъкидлашича, ўртамиёна, аммо доимий равишда жисмоний машғулотлар билан шуғулланган одамлар юрак хуружи эҳтимолини икки баравар камайтирар экан. Тоза ҳавода шошилмай сайр этганлар ҳамда боғ ишлари билан юзаки банд бўлганлар эса бу каби яхши натижаларга эришмасликлари мумкин. Дугоналарингизга биргаликда спорт билан шуғулланишни таклиф этсангиз, янада қувончбахш онларга ошно бўласиз. Пиёда сайрни ихтиёр этган бўлсангиз, дақиқасига 90 дан 113 қадамгача фаолроқ ҳаракат қилишга уриниб кўринг. Етарли даражада тез юраётганингизни текшириш жуда осон: агар юриш пайтида гапиришга бироз қийналаётган бўлсангиз, демак, тўғри йўлдасиз.

Терлатадиган фаол машғулотларни хуш кўрсангиз, жуда соз. Аммо мадор кетгунча шуғулланиш шарт эмас. Бундан ташқари, ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, аёллар машғулотлар тинка-мадорни қуритмаган тақдирдагина спорт билан доимий равишда шуғулланишни ихтиёр этишаркан.

Ҳаётдан завқланинг!

Агар ишингиз, оилангиз, қоматингиздан қониқмасангиз, юрагингиз чиндан ҳам оғриши мумкин. Буюк Британияда бир неча давлат корхоналари ходимларининг саломатлиги устида тадқиқот ўтказилди ва доимий равишда ўз ҳаётидан кўнгли тўлмаган одамлар юрак хасталикларига учраб туришлари аниқланди. Шунингдек, юрак муаммоларига тушкунликка тушиш, одамларга нисбатан хавотирли муносабатда бўлиш ёки руҳий зўриқишни бошдан кечириш каби омилларгина эмас, балки ҳаётининг қайсидир қисмидан норозилик ёки шодлик туйғусидан маҳрумлик ҳам сабаб бўлиши мумкин. Демак, кайфиятни кўтариш усулларини излаб топишингиз зарур. Шифокорларнинг фикрича, оила аъзолари билан муносабатларни яхшилаш ва амалдаги ишингизни қизиқроғига алмаштириш энг самарали чоралардир.

Генларингизни ҳийла билан енгинг!

Афсуски, биз ота-онамиздан ўтган ДНКни ўзгартиролмаймиз. Бироқ хавфли касалликларга жавоб берувчи генларимизнинг йўлларига «тўсиқлар» қўя оламиз. Албатта, ирсият муҳим аҳамият касб этади, бироқ кўпгина мамлакатлар кардиологлари бир неча йиллик тажрибаларга асосланиб, юрак хасталиклари сабабчиси биринчи навбатда нотўғри турмуш тарзи эканига ишонч ҳосил қилишди. Ҳатто баъзи касалликларга ирсий жиҳатдан мойил бўлганлар ҳам соғлом турмуш тарзи олиб бориб, юрак ва томирларнинг асосий кўрсаткичларини назорат қилиб юришса, касалланиш эҳтимоли анча пасаяди.

Тўйиб ухланг!

Бир қатор тажрибалар ўтказган чет эллик мутахассисларнинг фикрича, уйқунинг етарли даражада бўлмаслиги (7 соатдан кам) юрак касалликлари эҳтимолини 65 фоизга оширади. Шунинг учун уйқу сифатига жиддий ёндошиш ўта муҳим. Агар уйқусизликдан қийналаётган бўлсангиз ёки ухлаб туриб ҳам ўзингизни енгил ҳис этмасангиз, албатта шифокор кўригидан ўтишингиз керак. Шунингдек, бир неча оддий қоидаларга амал қилганингиз маъқул:

  • куннинг иккинчи ярмида таркибида кофеин моддаси бўлган маҳсулотлар ҳамда ичимликлардан воз кечинг.
  • Бир хил пайтда ухлаб, бир хил пайтда уйғонинг.
  • Уйқуга ётишдан аввал телевизор томоша қилманг, компьютерда ишламанг.

Буларнинг бари уйқуни яхшилашингизга кўмак беради.

Газли ичимликлардан воз кечинг!

Ширин газли ичимликлар фойдадан холи эканини билсангиз ажаб эмас. Яқинда ўтказилган тадқиқотларга кўра, улар эркакларга қараганда аёлларга кўпроқ зиён етказаркан. Агар ширин газли ичимликни кунига икки стакандан истеъмол қилсангиз, юрак муаммоларига учраш эҳтимолини тўрт баробар оширар экансиз. Сабаби организмингизда триглицеридлар (зарарли ёғлар) даражаси жиддий равишда ошиб кетишига боғлиқ. Бундан ташқари, ширин ичимликлар ортиқча вазн муаммоларини туғдириб, қондаги қанд даражасини кескин равишда ўзгартиради. Натижада қандли диабет касаллигини келтириб чиқариши мумкин. Шифокорлар бундай ичимликлардан нега айнан аёллар организми зарар кўришини аниқ изоҳлаб беролмайдилар. Эҳтимол бу аёллар организми эркакларникига нисбатан камроқ калория талаб этилиши билан боғлиқдир. Ахир икки стакан ширин ичимлик катта калорияга эга. Аёллар ташналикни сув ёки чой билан қолдирганлари маъқул. Аммо агар газли ичимлик ичиш истаги кучайса, газли ичимликка лимон шарбати солиб истеъмол қилинг.

D витаминининг даражасини кузатиб боринг!

Ана шу «қуёш витамини» етишмаслиги юрак-қон томир касалликлари пайдо бўлиши эҳтимолини оширибгина қолмай, қон босими кўтарилиши, шамоллаш, метоболизмнинг бузилиши ва ортиқча вазн йиғишни қўзғатувчи омиллардан бири бўлиши мумкин. Танингизнинг қайсидир қисмини қуёшга тутиб туришингиз, D витаминига тўйинишнинг энг табиий усулидир. Фақат қуёш нурлари остида узоқ қолиб кетишни шифокорлар тавсия этишмайди Чунки терингизга зиён етказишингиз мумкин. Шунингдек, D витаминини баъзи маҳсулотлар орқали қабул этишингиз мумкин. Сут, ёғли балиқ ва тухумлар таркибида мазкур витаминдан талайгина. Агар бу тавсиялар етарли бўлмаса, шифокорингиз билан маслаҳатлашган ҳолда махсус витаминли қўшимчаларни қабул қилишингиз мумкин.

8 та асосий саволга жавоб

Юракнинг тез тез уришини аритмия ёки тахикардия деб атаймиз. Аммо табиий ҳолатлардан (югуриш, ҳаяжон) келиб чиққан «беозор» тахикардияни юрак касаллиги белгиларидан қандай фарқлаш мумкин?

— Юрак мушакларининг бир маромда дақиқасига 90-100 гача қисқариши муаммо туғдирмайди. Бироқ бундай тезлашувда ритмнинг ўзгариши тиббий кўрикдан ўтиш учун жиддий сабаб.

— ЭКГ кўриги юрак муаммоларини қанчалик тўғри аниқлай олади?

— ЭКГ текширув усули юракдаги электрофизиологик жараёнларни акс эттиради холос ва бошқа жараёнларни «эътибордан четда қолдиради». Шунинг учун ҳам юраги хасталанган беморнинг ЭКГси яхши натижаларни кўрсатиши мумкин. Аниқ маълумотни жисмоний ҳаракат тести бера олади (яъни ЭКГ беморнинг махсус тренажёрлардаги ҳаракати жараёнида ёзиб олинганида). Мазкур вазиятда маълум бир ўзгаришлар, ритмнинг бузилиши қайд этилиши мумкин.

— Ритм бузилишидан ташқари, яна қандай белгиларда шифокорга мурожаат этиш зарур?

— Жисмоний ёки руҳий зўриқишда нафас қисилиши ва эзилиш ҳисси пайдо бўлса, кўкрак остида чап қўл, бўйин, жағ, чап куракка таъсир кўрсатадиган даражада оғирлик сезилиб, тезда ўтиб кетса, дарҳол шифокорга мурожаат этиш даркор. Кўкракдаги оғирлик овқатланишдан сўнг пайдо бўлиши мумкин. Сабаби қон айни дамда ишлаётган аъзога келиб қуюлишига боғлиқ. Инсон овқатланганидан сўнг, табиийки, ошқозонда оғриқ пайдо бўлади. Шунинг учун ҳатто енгил жисмоний ҳаракатда оғирлик ва оғриқ сезилиши мумкин.

— Соғлом, аммо чиниқмаган одам югуришни бошлаганида ёки автобус ортидан шошилганида, унда ҳам нафас қисилиши пайдо бўлади. Бу нафас қисилишини юрак муаммолари сабаб нафас қисилишидан қандай фарқлаш мумкин?

— Бу шифокор билан савол-жавобдан сўнг аниқланади. Фарқлашнинг ўта муҳим белгилари мавжуд: оғриқли нафас қисилиши жисмоний вазифаларни бошлашингиз билан пайдо бўлади-ю, ҳаракатни тўхтатганингиздан дарров ўтиб кетади. Бундай белгилар стенокардия, миокард ишемияси эҳтимоли борлигидан далолат беради. Соғлом, бироқ чиниқмаган одамларда эса нафас қисиши аста-секин пайдо бўлиб, ана шундай аста-секинлик билан ўтиб кетади.

2 муҳим тест

  • Холестерин даражаси таҳлили.
  • Қон босимини ўлчаш.

Неча маротаба? Бу таҳлил камида беш йилда бир маротаба ўтказилиши керак. Агар ёшингиз 50 дан ошган бўлса (эркакларда 45 дан) ёки хавф-хатар гуруҳида бўлсангиз (оилангизда юраги хасталанганлар ёки диабет касаллигига чалинганлар бўлса, юқори қон босими, ортиқча вазндан азият чексангиз, тамаки чексангиз), таҳлилни кўпроқ амалга ошириш лозим.

Натижалар ишончли бўлсин. Агар аниқ натижаларни қўлга киритишни истасангиз, «яхши» ва «ёмон» холестеринларнинг ўзаро боғлиқлигини ҳамда триглицеридлар даражасини кўрсатувчи батафсил таҳлил керак бўлади. Дарвоқе, таҳлил олдидан 9-12 соат ҳеч нима емаган бўлсангиз, аниқ натижага эришолмайсиз.

Неча маротаба? Йилига камида икки маротаба, бироқ агар қон босимингиз 130/80 дан ошиқ бўлса, кўпроқ ўлчаб туринг.

Натижалар ишончли бўлсин. Ҳар қандай даволаш муолажаларидан аввал уй шароитида ўлчаган қон босимингизнинг натижаларини шифокорингиз билан муҳокама қилинг. Қон босимим баланд деган беморларнинг баъзилари «оқ халат» синдромидан азият чекканлар, яъни шифокор ҳузурида ҳаяжонланиб, натижада қон босимлари кўтарилган.

Шифокор-кардилог Динара ФАЙЗИЕВА тавсиялари асосида Раъно АЛИМОВА тайёрлади.

Шарҳлар

Буйрак хасталиклари кимларда кўпроқ учрайди? Шифокор жавоб берди

06.08.2021, 17:47

CCВ Матбуот хизмати буйрак етишмовчилиги қандай хасталик экани ва уни бартараф этишда мамлакатимиз тиббиёти нималарга қодирлиги ҳақида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлим раҳбари,...
ЮТИНГАНДА ҚУЛОҚ ОҒРИҒИ?!

26.12.2017, 13:12

— Уч яшар ўғлим овқат чайнаб ютаётганида қулоғини ушлаб, оғриётганини айтди. Шифокорга кўрсатсам, отит деб ташхис қўйди. Бу қандай касаллик? Уни уйда даволаса бўладими? Назира...
ДИАТЕЗ ҚАЙТАЛАМАСИН ДЕСАНГИЗ…

26.12.2017, 13:08

— Эмизикли чақалоғим экссудатив диатез касаллиги билан оғриганди. Ҳозир соғайган бўлса-да, айрим таомларни истеъмол қилганимда унинг баданида қизғиш доғлар пайдо бўлади. Гўдакда диатез қайталамаслиги учун...
ФАРЗАНДИНГИЗНИ МАКТАБ КАСАЛЛИКЛАРИДА АСРАНГ!

26.12.2017, 11:36

Узоқни кўра олмаслик;сколиоз (умуртқа поғонасининг қийшайиши);гастрит;руҳий-асаб тизими бузилишлари кабиларни мактаб касалликлари сирасига киритиш мумкин. Статистикага кўра, ҳар беш боланинг бири умуртқа поғонаси муаммоларидан қийналса, ҳар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1