1

​Чеченистонни забт этаётган ўзбек меъморлари (интервью)

МАДАНИЯТ 05.09.2018, 10:54
​Чеченистонни забт этаётган ўзбек меъморлари (интервью)

Чеченистон Республикасининг пойтахти Грозний шаҳрида бир масжид барпо этилмоқда. Ушбу масжид ўзбекистонлик меъморлар томонидан лойиҳалаштирилган бўлиб, у қадимий ўзбек масжидлари услубида бўлади. Бу хабарни ўқиган ҳамюртларимизда “ўша ўзбекистонлик меъморлар ким экан?”, деган савол пайдо бўлиши, табиий. Биз бу саволга жавоб топдик. Марказий Осиё ислом меъморчилиги, хусусан, Ўзбекистон меъморлик санъатини дунёга танитишга ҳисса қўшиб келаётган меъморлардан бири билан суҳбатлашдик.

Танишинг: Камолиддин АЛИЕВ, 1986 йил Тошкент шаҳрида туғилган. У Заргарлик билим юртини тамомлагач, Малайзияда Шарқ меъморчилиги бўйича таҳсил олган. Бир неча йиллардан сўнг Чеченистонда дизайнер, меъмор сифатида фаолиятини бошлаган.


— Айни пайтда Чеченистонда ўзбек масжидларига ўхшатиб қурилаётган масжид ҳақида батафсил сўзлаб берсангиз.

— Дарҳақиқат, ҳозирги кунда Чеченистоннинг Шали шаҳрида масжид барпо этмоқдамиз. Ўзбекистонлик меъморлардан иборат «Нийсо Арт Дизайн» студияси, таниқли ўзбек архитектори Абдуқаҳҳор Турдиев билан ҳамкорликда ушбу масжид лойиҳалаштирилди. Чеченистон ҳукумати томонидан бизга ушбу масжидни қуриш таклифи берилди. Бу масжиднинг меъморий услуби айнан Марказий Осиё меъморчилик услублари асосида бўлиши кераклиги айтилди. Улар Ўзбекистонга – Самарқанд, Бухоро, Тошкентга келишганида тарихий меъморий обидаларимиз, масжидларимизни кўриб, ҳавас қилишган ва бизнинг меъморий услубларимиз асосида масжид қуришни мақсад қилишган экан. Масжид 10-12 минг кишига мўлжалланган. Ҳар бири 63 метр бўлган тўрт минорага ва баландлиги 43 метр бўлган қуббага эга бўлади. Бугунги кунда масжиднинг асосий каркаси қуриб битказилган, ички ва ташқи пардоз ишлари давом этмоқда. Шахсан мен ушбу масжиднинг дизайн-графика ишларини бажардим. Унда ўзимизнинг миллий нақш элементларимиздан, геометрик шаклларимиздан фойдаландим. Шу билан бирга, Чеченистоннинг Беной тоғи ҳудудида ҳам бир масжид барпо этганмиз.

— Чеченистон меъморчилиги билан бизнинг меъморчилигимиз ўртасида қандай фарқлар бор?

— Чеченистонда меъморчилик бизчалик ривожланмаган. Уларда усталар асосан, тошга ишлов беришади. Чунки мамлакат тоғли ҳудудда жойлашган. Нақш солиш, исломий иморатлар қуриш ҳамривожланмаган.

— Ишларингизга назар солсак, иморатлар деярли ҳаммаси ҳашаматли, саройсифат... Йўналишингиз шундайми?

— Ҳа, йўналишимиз ҳашаматли, саройларга хос иморатларни яратиш. Соҳамизда буни “лакшери” (инглизчада “luxury” — ҳашамат), “барокко” ёки ислом дизайни деймиз. Шу уч услубда ишлаймиз. Булардан энг мураккаби ислом дизайни. Чунки у геометрия ва математикага асосланган. Ҳар бир нақшнинг ўз маъноси бор. Унда ишлатиш мумкин бўлган ва ишлатиш мумкин бўлмаган нақшлар ва гириҳлар бор. Мен шу жиҳатларга эътиборли бўлиб, бор анъанадан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан.

— Касбингиз гўзаллик яратишдан иборат. Бунга қобилият, кенг тасаввур ва албатта, илҳом керак бўлади. Нималардан илҳом оласиз?

Болалигимда Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларига кўп борардим. Ҳар борганимда ҳайратланиб, ғурурланиб кетардим. Айниқса, Гўри Амир мақбарасидаги“сталактит”лар, яъни муқарнаслар ўша пайтдаёқ қилинганига ҳайрон қоламан. Биз ҳалигача буни қилолганимиз йўқ. Бу ҳақиқий дурдона иш. Ислом меъморчилигининг кўрки, намунаси бўлиб турган тарихий обидаларимиз услубан, шакл ва безак ишлари жиҳатидан деярли бир-бирини такрорламайди. Ҳар гал уларга қараганимда қалбимда қадим иншоотларнинг руҳини, салобатини ҳис қиламан. Хуллас, шу Ватанимиз, шу обидаларимиз илҳом манбаим, десам адашмайман.

— Қўлингиздан яна нималар келади?

Малайзияда дастлаб бир меъморчилик компаниясида ишлаганимда, ишдан бўш пайтларимда ўзим ресторан соҳасига қизиққаним учун ресторан очиб, ошпазлик ҳам қилганман. Ўзбек миллий таомлари, Малайзия ва Европа таомларини тайёрлардик. Шунингдек, маркетинг соҳасида ҳам ишлаганман.

— Энг асосий мақсадингиз нима?

— Мақсадим – Ватаним учун ўзимдан нимадир қолдириш. Яхши ном, яхши ишларим қолса, дейман. Айни дамда қилаётган ишларимиздан хурсанд бўладиганим бу — биз миллий меъморчилик санъатимизни, ўзимизнинг нақшларимизни, безак усулларимизни чет давлатларга танитяпмиз. Дунёнинг қайси бурчагида бирор иморат қурмайлик, у ерда ўз бўлагимизни, маданиятимиз, миллийлигимизнинг, бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг бир парчасини ташлаб келяпмиз. Бу албатта, тарихда қолади, эртага фахрланиб юришимизга сабаб бўлади. Асосий мақсадимиз ҳам шу.

ЭЪТИРОФ

Фарҳод Саидов, “Нийсо арт дизайн” студиясининг иш юритувчиси, меъмор:

— Камолиддин Алиев билан 10 йилдан буён бирга фаолият юритамиз. Ҳар бир меъмор, дизайнернинг ўз иш услуби бўлади. Улар шу услубдан четга чиқмайди. Лекин Камолиддин биргина услуб ёки йўналиш билан чекланмайди. У жуда серқирра инсон. Кўп изланади, қидиради, бошлаган иши устида қайта-қайта ишлайди. Агар натижасидан қониқмаса, унга қанча вақт, меҳнат, маблағ сарфланганига аҳамият бермайди, то ўзи кутган натижасига эришмагунча бошқатдан бошлайди. Янгилик киритишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам у қилган ишлар ҳаммага ёқади ва унга талаб ҳам катта.

Камолиддин безакларни мармардан ишлашни, нақш солишда ўйма, бўртма услубларни илк бора Чеченистонга олиб кирди. У ердаги ишлаб чиқарувчилар буни кўриб ҳайратланишди ва бизга ҳам ўргатинглар, дейишди.

Дарҳақиқат, ўзбек меъморлари қураётган иморатлар тарихда қолади, шу билан бирга, уларнинг қурувчилари ҳам эсланади. Биз меъморларимизга, шу жумладан, суҳбатдошимизга шу тарзда дунёни забт этишда давом этишини тилаб қоламиз!

Муниса АЛИЕВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1