1

Рашид Маликов Халқаро кинофестиваль ҳакамлар ҳайъатига раислик қилди

МАДАНИЯТ 24.09.2018, 07:12
Рашид Маликов Халқаро кинофестиваль ҳакамлар ҳайъатига раислик қилди

Жорий йилнинг 21 сентябрида Ялтада III Халқаро “Евразийский мост” (“Евроосиё кўприги”) кинофестивали старт олди.

Бу йилги бадиий фильмлар конкурсининг ҳакамлар ҳайъати раиси ўзбекистонлик режиссёр Рашид Маликов бўлди.

Бундан ташқари, ҳакамлар ҳайъати таркибида россиялик актриса Алёна Бабенко ва болгариялик актриса Аня Пенчева ҳам бор эди.

Фестивални Евгения ШелякинанингАлександр Христофоровнинг боқий ҳаёти” фильми очиб берди. Бадиий фильмлар конкурс дастурига саккизта картина – Илиян Живелековнинг “Ҳар ерда ҳозиру нозир”, “Мари Гарель Вайснинг “Базм тугади”, Ким Инсоннинг “Улғайиш”, Властимир Сударнинг “Ёмғир чегаралари”, Сиддҳартҳа Жатланинг “Муҳаббат ва Шукла”, Вентура Понснинг “Мисс Дали”, Вера Глаголеванинг “Бегона эмас”, шунингдек, Оксана Караснинг “Фариштанинг томоғи оғриқ” фильмлари кирган.

Рашид Маликов сайтимизга берган экслюзив интервьюсида қуйидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Бошқа биронта фестивалда ҳам ҳакамлар ҳайъатига раислик қилганмисиз?

Бу борада илк тажрибам. Бунгача раислик қилмаганман, фақат ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлганман.

– Халқаро кинофестивалнинг ҳакамлар ҳайъатига раислик қилишингиз ҳақидаги хабар сизга қандай таъсир қилди?

– Бу мен учун кутилмаган, шарафли ва ёқимли хабар бўлди.

– Энг яхши фильмни танлашда қандай йўл тутасиз?

– Долзарблик, томошабоп, сиёсий вазият деган тушунчалар бор, “фильмнинг бадиий қиймати” деган тушунча ҳам йўқ эмас. Мана шу нарсалар шахсан мен учун танловда мезон бўлади.

Рашид Каримович, “Сабот” фильмингиз катта экранларга чиқарилганига ҳам аллақачон тўққиз ой бўлди. Фильмнинг кейинги тақдири қандай бўлади?

– Агар кино-театр прокати ҳақида гапирадиган бўлсак, аҳвол ҳавас қилгулик эмас. 2017 йилнинг декабрь ойи охирларида премьерадан сўнг фильмни бирданига икки “Панорама”да намойиш этишди ва томошабинлар камлигини рўкач қилишиб, фильмни дарров прокатдан олиб ташлашди. Ўзбек томошабинлари фильмни августнинг охирларида телевизион премьера шарофати билан “Севимли” ва МУ5 телеканаллари орқали томоша қилишди.

Сентябрь ойида Россия телеканаллари орқали ҳам “Культура” телеканалида Кирилл Разлоговнинг “Культ кино” кўрсатувида фильмнинг премьераси бўлиб ўтди.

Фильмнинг фестивалона тақдири муваффақиятли давом этмоқда. Бугунги кунгача “Сабот” 5 та халқаро фестивалда қатнашиб, 4 та халқаро соврин, жумладан, Гран-прини ҳам қўлга киритди. Йил охиригача фильм яна 5 та фестивалга таклиф этилган, кузда яна икки премьераси – Коттбуси шаҳрида немисча, Бусанда корейсча премьраси бўлиб ўтади. Афсуски, Бусандаги фестивалда фильмни тақдим этишда шахсан ўзим қатнашолмайман – Корея элчихонасида визани қўлга киритолмадим. Элчи билан учрашиш учун тўрт марта уриндим, аммо ҳаммаси зое кетди. Бусан фестивали – Осиёдаги энг йирик фестиваллардан биридир. Ўхшатиш лозим бўлса, фестиваль Осиё ўйинлари (спортда) билан таққослаш мумкин бўлган обрўли ҳодисадир. Фильм муаллифи шундай фестивалда қатнашиши мамлакатимизнинг халқаро нуфузини кўтаришда жуда фойда берган бўларди.

– Келгуси режаларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз...

– Ҳозирда бирваракайига икки майдонда кинорежиссура ва кинодраматургия курсларида мазкур соҳага қизиққан ёшларни ўқитдим. Натижалар мени қувонтирди. Ўзбекистоннинг мақтаса арзигулик, кино суратга олишга қодир бўлган иқтидорли ижодкор ёшлари бор. Декабрь ойида Бишкекда бўлиб ўтадиган қисқа метражли фильмлар фистивалига ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида таклиф қилиндим.

Энг асосийси эса янги сценарий тайёрлаяпман. Илк қоралама аллақачон тайёр бўлди, лекин сценарий устида ҳали кўп ишлашим керак.

– Ўқувчиларимизга тилакларингиз...

– Чинакам бадиий фильмларни кўпроқ томоша қилинг. Улардан барча саволларингизга жавоб топасиз.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1