1

Гулнора Каримова иши: Пуллар қачон қайтарилади? Унга бағишлаб бошланган “челленж”ларда бирор моҳият борми?

ЖАМИЯТ 27.06.2019, 14:00
Гулнора Каримова иши: Пуллар қачон қайтарилади? Унга бағишлаб бошланган “челленж”ларда бирор моҳият борми?

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар ва қатор хорижий оммавий ахборот воситаларида Гулнора Каримова билан боғлиқ турли шов-шувли хабарлар тарқалди. Жумладан, ўзбек шоу-бизнеси вакиллари кутилмаганда ижтимоий тармоқлардаги ўз аккаунтларига Г.Каримованинг расмларини жойлаб, унга соғлиқ тилаб, пост қолдира бошлади. Бундан бир неча кун олдин эса «Instagram» орқали Гулнора Каримованинг ўзбек халқига мурожаати эълон қилинди.

Хўш, бу каби ҳолатларни қандай изоҳлаш мумкин? Нега ўзбек санъаткорлари бундай ўзига хос “челленж”ни бошлаб юборишди? Ёки бу қандайдир уюштирилган кампаниями?

Айни саволларга жавоб излашдан олдин Гулнора Каримова билан боғлиқ вазиятга қисқача тўхталиб ўтсак. Г.Каримова 2015 йилнинг августида қатор молиявий жиноятларда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. У Бош прокуратура томонидан триллионлаб сўм даромадни солиқдан яширганлик, ўзгаларнинг триллионлаб сўмлик мулкини товламачилик билан тортиб олиш ва қарийб 2 миллиард АҚШ долларини хорижда бeркитиш каби жиноятларда айбланган.

Шундан сўнг, 2013 йилда Швeйцария ҳукумати Жeнeва ва Цюрихдаги банкларда Гулнора Каримовага тегишлилиги гумон қилинган 800 миллион франкни музлатиб қўйди. Яқинда эса Швeйцария бош прокуратураси ўзбекистонлик ҳамкасблари билан “Гулнора Каримова иши” доирасидаги тeкширувлар асосида 130 миллион франк миқдоридаги маблағ Ўзбeкистонга қайтарилиши ҳақида маълум қилди.

Ўз навбатида, Г.Каримова ҳам мурожаатида Ўзбекистон ҳудудидаги 1,2 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги шахсий активлари “ўзига тегишлиликдан чиққани ва республика бюджети фаровонлиги учун хизмат қилаётгани”ни баён қилган.

Тан олиш керак, Г.Каримованинг мазкур мурожаатидан сўнг ижтимоий тармоқларда бу мавзу кенг муҳокама қилинмоқда. Кимдир унинг қилмишларини кечириш, унга яна имкон бериш кераклигини айтаётган бўлса, бошқа бири бу пуллар эвазига мамлакатни янада ривожлантириш, одамларнинг уйига газ, сув ўтказиб бериш ва ҳоказо ишларни амалга ошириш мумкин, деяпти. Кўпчилик Бош прокуратура маълумотида тилга олиб ўтилган маблағларни нималарга ишлатиш мумкинлиги ҳақида фикр юритишган.

Энди бошдан дўппини олиб, бир танимизга ўйлаб кўрайлик. Расмий манбаларда келтирилган ва Г.Каримова томонидан ўзлаштирилгани айтилган, давлатга ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарар миқдори (3 трлн. 746,8 млн. сўм) аслида кичик сумма эмас. Агар бу маблағлар ўз вақтида чет давлатларга олиб чиқиб кетилмай, Ўзбекистонда самарали фойдаланилганида, ўтган йиллар давомида улардан мамлакат иқтисодиётига бир неча баробар зиёдроқ фойда келган бўлар эди.

Яна шу нарса аниқки, бугун ҳам Ўзбекистонда Гулнора Каримова томонидан талон-торож этилган ва ўз ҳақларини қайтариб ололмаган юзлаб компания ҳамда минглаб кишилар бор. Улар сабр қилиб, адолат қарор топишига умид қилиб яшаяпти. Шу маънода, Г.Каримова иши бўйича шошма-шошарлик билан баландпарвоз баёнотлар бериш эмас, балки давлат ва фуқаролар манфаатини ўйлаб иш тутиш лозим. У томонидан етказилган зарарни, хорижда сақланаётган миллионлаб доллар маблағларни Ўзбекистонга қайтариш, мамлакат равнақи йўлида сарфлаш даркор.

Агар фонограммадан бошқасини билмайдиган, ўзини қўштирноқ ичида санъаткор деб атайдиган “шоввозлар”нинг гапига қулоқ соладиган бўлсак, шу нарса англашиладики: “Демак, ҳамма ўғирлик қилса бўлаверади, пора олсин, агар қўлга тушиб қолса, пулларни қайтариб, чиройли кечирим сўраса, озодликка чиқарилади. Кейин оддий халқдан ўғирланган пуллар ҳисобидан хорижий давлатлар паноҳида кайфу сафо қилиб юраверса бўлади”. Қизиқ, ўзига хос кампанияни бошлаган хонандаю қизиқчилар бизга шуни таклиф қиляптими? Бир вақтлар Г.Каримова атрофида гирдикапалак бўлган кимсалар ўша даврларни соғиниб қолишдими ё? Аслида қилган жинояти учун ҳаммага бирдек жазо муқаррар бўлган жойда жиноят камаймайдими?

Яна бир гап. Кечиримлилик, инсонпарварлик халқимизга хос фазилат. Бу жиҳатлар қонунларимизда, ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ўз аксини топган. Аввалроқ Г.Каримовага ҳам ана шундай имтиёз берилганди.

Яъни маҳкумнинг жиноий йўл билан орттирилган пул маблағлари ҳамда давлатга етказилган зарарни қайтариш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятидан келиб чиқиб, унинг жазоси озодликни чеклаш жазосига алмаштирилганди. Бунда маҳкумга қонунчиликда белгиланган қатор чекловларга, жумладан, тураржойни тарк этмаслик, алоқа ва интернет воситаларидан фойдаланмаслик, шунингдек, зарарни қоплаш талаби қўйилган.

Бироқ Г.Каримова жазони ўташ даврида суд томонидан ўрнатилган чекловларни мунтазам равишда бузиб, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаган. У жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузишда давом этган, мунтазам равишда алоқа воситаларидан фойдаланган, ахлоқсиз ҳаракатлани давом эттирган, жиноят иши бўйича аниқланган ўзи томонидан етказилган зарарнинг қопланишига фаол тўсқинлик қилган. Шундан сўнг суд унга тайинланган жазонинг қолган қисмини умумий режимдаги колонияда ўташ жазосига алмаштириш тўғрисида ажрим чиқарган.

Юқоридаги вазиятда Г.Каримова бу ҳолатга худди аввалгидек қонунларга менсимаслик билан қараб, буни худди бўлиши керак бўлган нарсадек қабул қилди. Ваҳоланки, Ўзбекистонда барча қонунлар ҳамма учун баробар ишлай бошлаган эди. Афсуски, у берилган имкониятдан фойдаланмади. Хўш, энди ҳам унинг ишончни суиистеъмол қилмаслигига кафолат борми? Уни алқаб, кўкка кўтараётганлар бунга кафил бўла оладими? Бизнинг-ча, йўқ. Қолаверса, Г.Каримованинг жиноий фаолиятининг янги, хали суд баҳо бермаган холатлари ҳам мавжудлиги ҳақида маълумотлар бор. Демак, барчаси қонуний ҳал этилмоғи зарур.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1