1

277 минг кишига тиббиёт гипси ўрнига 351 тонна қурилиш гипсидан фойдаланилган

ЖАМИЯТ 25.12.2019, 19:00
277 минг кишига тиббиёт гипси ўрнига 351 тонна қурилиш гипсидан фойдаланилган

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 25 декабрда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида коррупция ҳолатлари ҳамда уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни муҳокама қилишга бағишланган Корруацияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди...

Йиғилишда яна бир муҳим масала ­– тиббиёт гипсидан фойдаланиш аҳволига эътибор қаратилди.

НиғматуллаЙЎЛДОШЕВ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори:

— Маълумки, инсон суякларининг синишини даволашда тиббиёт гипсидан фойдаланиладиЎрганишлар, тиббиёт муассасаларида қонун талаблари бузилиб, сўнгги 2 йилда 277 мингта ҳолатда гипс қилиш учун тиббиёт гипси ўрнига 351 тонна қурилиш гипсидан фойдаланилганлигини кўрсатди.

Хусусан,

  • Фарғонада 30,
  • Бухорода 33,
  • Тошкент вилоятида 35,
  • Наманганда 36,
  • Қашқадарёда 38,
  • Самарқандда         43, 
  • Тошкент шаҳрида 48 тонна қурилиш гипсидан фойдаланилган.

Қурилиш гипсини қўллаш, ўз вақтида, беморларда жароҳат олган суякнинг силжиши, гипс қўйилган соҳа терисининг шилиниши, тери аллергияси каби салбий оқибатларни келтириб чиқаради.

Шундай бўлсада, республикада тиббий гипс ишлаб чиқарувчи биронта корхона ташкил этилмаган, вазирлик эса, бундай ташаббус билан чиқмаган

Соғлиқни сақлаш соҳасида, вазирлик тизимида йўл қўйилаётган асосий камчилик ва қонун бузилиши ҳолатларига тўхталиб ўтдик.

Бундай аҳволга яна бир сабаб тизимда ижро интизоми ўз ҳолига ташлаб қўйилганлигида, десак тўғри бўлади.

Эътибор беринг! Давлатимиз Раҳбарининг сўнгги 3 йилда соғлиқни сақлаш соҳасида берилган топшириқларидан 5 декабрь куни ҳолатига 26 тасининг муддати бузиб ижро этилган бўлса, 14 таси умуман бажарилмаган.

Ваҳоланки, берилган аксарият топшириқларда тиббиёт соҳасида тизимли нуқсонларни аниқлаш ва бартараф этиш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш, соҳага ахборот технологияларини кенг жорий қилиш каби муҳим вазифалар ўрин олган.

Масалан, Президентимизнинг 2017 йил 16 мартдаги 2838-сонли қарори билан 2018 йил 1 апрелга қадар тез ёрдам хизматини тезкор бошқаришга қаратилган ахборот тизими ва маълумот узатиш тармоғини яратиш белгиланган бўлсадабу талаб 1 йил-у 8 ойдан буёнбажарилмаган.

2017 йил 20 июндаги 3071-сонли қарорда 2018 йил 1 январга қадар ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож беморларнинг электрон базасини ташкил қилиш ҳамда 2019 йил 1 мартга қадар диспансер кузатувидаги шахслар ҳисобини юритишнинг электрон регистрини жорий этиш белгиланган бўлсада, бу вазифа ҳам шу кунга қадар бажарилмаган.

Бундан ташқари, тизимда масалаларниҳуқуқий тартибга солиш, юридик хизмат фаолиятиҳам талабга тўла жавоб бермайди.

Бунга, Адлия вазирлигида экспертизадан ўтказилмаган 6 та норматив ҳужжатдан фойдаланишга йўл қўйилганлиги яққол далилдир.

Хусусан, давлат ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиладиган касалликлар рўйхатига доир вазирликнинг 4 та буйруғи фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлсада, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилмасдан, шу йилнинг 15 августига қадар фойдаланиб келинган.

Вазирликнинг 2018 йил 25 декабрдаги 3973-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Парамедиклар томонидан        бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби” ҳам давлат рўйхатидан ўтказилмасдан, 2019 йил 7 июнгақадар амалиётда қўлланилган.

Яна бир ҳолат. Давлатимиз Раҳбарининг 2018 йил 2 августдаги 3894-сонли қарори билан соғлиқни сақлаш масалаларига оид ишлаб чиқилаётган локал ҳамда норматив - ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасида экспертизадан    ўтказилиши шартлиги белгиланган.

Бироқ, жорий йилнинг ўтган даврида жами 7 та локал ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазкур палатага экспертизадан ўтказиш учун тақдим қилинмаган.

Тизимда шунча камчилик ва нуқсонлар бўлсада, уларни аниқлаш ва бартараф этишга масъул­ бўлган – вазирликнинг Тиббий хизматлар сифатининазорат қилиш бошқармасининг ўрни ҳам, таъсири ҳам йўқ.

Мазкур бошқарма муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги 5590-сонли Фармони билан ташкил этилиб, унга даволаш сифати ва шифокорлар масъулиятини ошириш билан боғлиқ долзарб вазифалар юклатилган эди.

Афсуски, бошқарма ташкил этилганига бир йилдан ортиқ вақт ўтган бўлсада, у бор-йўғи 29 та мурожаатни кўриб чиқиш ҳамда ишга тўлиқ ставкада қабул қилиш масаласини текшириш билан чекланиб, тиббий хизмат сифатини назорат қилиш бўйича функцияларини деярли бажармаган.

Соҳадаги ҳақиқий аҳволни кўрсатиб беришга, шу орқали, эътиборни бугунги кунда халқимизни қийнаб келаётган оғриқли масалаларга қаратдик.

Умуман, соғлиқни сақлаш тизимида коррупция, тизимли камчилик ва қонун бузилиши ҳолатлари кенг авж олганлиги, вазиятни ўнглаш бўйича вазирликда жадал ҳаракатлар кузатилмаётганлиги, бугун барчамизни хавотирга солиши зарур.

Зеро, муҳтарам Президентимиз “...тиббиёт ходимлари-саломатлигимиз посбонларидир. Улар ўзининг бой билим ва маҳорати, илғор малака ва кўникмалари, беғараз хизматлари, касбига меҳр ва садоқати билан халқимизнинг ишончини янада чуқурроқ қозонади, деб ишонч билдирган эдилар.

Бу ишончни оқлаш, халқимиз оғирини енгил қилиш учун юқорида қайд этилган салбий ҳолатларга чек қўйиш, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича барчамиз бир ёқадан бош чиқармасак, натижага эришиб бўлмайди.

Ўйлайманки, бугун йиғилишда иштирок этаётган барча раҳбарлар, соҳа мутасаддилари бугунги танқидларни тўғри қабул қилиб, хулоса чиқаради. 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1