1

Миллий кутубхонада Навоийнинг 500 йиллик қўлёзмалари сақланишини биласизми?

ЖАМИЯТ 09.02.2020, 11:37
Миллий кутубхонада Навоийнинг 500 йиллик қўлёзмалари сақланишини биласизми?

Бугун, 9 февраль юртимизда Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги кенг нишонланмоқда. Тадқиқотчилар Навоий каби асарлари кенг тарқалган, дунёнинг деярли ҳар бир чеккасида китобларининг нусхалари сақланаётган бошқа бир ижодкорни топиш қийинлигини таъкидлаб келишади. Шу жумладан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондида ҳам улуғ мутаффакир, сўз мулкининг султони асарларининг 18 та қўлёзма ва тошбосма китоблари мавжуд... 

Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона фонди нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё минтақасида ҳам ўз ўрнига эга. Бугунги кунда фондда 30 мингдан ортиқ нодир китоблар, қўлёзмалар, газета ва журналлар сақланади. Жумладан, XIII-XIX асрларда Моварауннаҳр, Хуросон, Туркистон заминида битилган қўлёзма ва тошбосмалар, XVII-XVIII асрларда Ғарбий Европада чоп этилган китоблар, Тошкентда биринчи нашриётлар пайдо бўлиши билан нашр қилинган илк газета ва журналлар муҳим манбалардир.

“Даракчи” мухбири кутубхона тасарруфидаги фондда сақланаётган Навоий асарлари билан қизиқди ва бу борада маълумот беришни сўраб мутахассисга мурожаат қилди.

Наргиза ЗОИТОВА, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар хизмати раҳбари:

— Буюк мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоийнинг ҳаётлик давридан то 19 асргача кўплаб ҳаттотлар томонидан кўчирилган 500 йиллик қўлёзмалари, тошбосма китоблари ва уларнинг нусхалари кутубхонамизда сақланмоқда. Жумладан, “Маҳбубул қулуб” асарининг Қўқонда ҳижрий (1239/1824) котиб Мулла (Холиқназар) Уста Қурбон Бешариқий томонидан кўчирилган нусхаси, Бухорода Азизхон мадрасасида (1300/1882) китобат қилинган “Хазойинул маоний” (“Маънолар хазинаси”) девони, “Хамса”нинг турли йилларда Тошкентда тошбосма усулида чоп этилган нусхалари мавжуд.

1785 йил Венада Навоийнинг “Тарихи мулуки ажам” асари “Тарихи Фанойи” номи биланбиринчи марта чоп этилган. Ушбу асар ҳам фонд хазинасидан ўрин олган. 

Бундан ташқари, яқинда кутубхона фонди Алишер Навоий қаламига мансуб яна бир асарнинг кўчириб ёзилган қўлёзма нусхасининг электрон шакли билан бойиди. Бу - “Ғаройиб ус-сиғар” асари бўлиб, қўлёзма Навоий замонасига жуда яқин даврда, яъни XVI асрда кўчирилган. Асар китобат санъатининг дурдонаси ҳисобланади. У Буюк Британия кутубхонаси томонидан Ўзбекистон ҳукуматига тақдим этилди. 

“Маҳбубул қулуб” нусхаси

Қўлёзмалар қандай сақланади?

Кутубхона фондидаги нодир қўлёзмалар махсус хоналарда, махсус ҳарорат, ёруғлик ва намликда сақланади. Сақлашнинг белгиланган талабларига кўра, қоғоз китоблар 18-20 даража ҳароратда, 45-50 фоиз намликда, теридан тайёрланган китоблар эса 60 фоиз намликда сақланиши зарур. Бу ерда 24 соат мобайнида махсус ўлчаш асбоблари ёрдамида ҳарорат, намлик назорат қилиб борилади. 

Кутубхона фойдаланувчилари, тадқиқотчиларга қулай бўлиши учун қўлёзма ва китобларнинг 60 фоизга яқини рақамлаштирилган, яъни уларнинг электрон варианти билан бемалол танишиш мумкин.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1