1

ГИТЛЕРДАН ҚОЛГАН “ОЛТИН ПОЕЗД”: Уйдирмами ёки ҳақиқат?

ДУНЁ 23.09.2015, 14:15
ГИТЛЕРДАН ҚОЛГАН “ОЛТИН ПОЕЗД”: Уйдирмами ёки ҳақиқат?

Август ойининг охирги ўн кунлигида бутун дунё нашрларида босилган бир хабар жуда кўп олтин ишқибозларини васвасага солиб қўйди, десак янглишмаймиз. Орадан салкам бир ой ўтиб, негадир бу борадаги гап-сўзлар хийла босилиб қолгандек. Хўш, аслида нима бўлганди ёки нималар бўляпти? Шу ҳақда бироз...

                                      Мана сизга “сенсация”!

20 август куни ВВС, “Евроньюс”, “Труд”, “Интерфакс” сингари машҳур ва ишончли ахборот маҳкамалари Польша ҳудудидан нацистлар Германияси Иккинчи Жаҳон уруши даврида ер остига яшириб кетган ҳадсиз-ҳисобсиз хазинаси топилганига ишора қилувчи хабарларни тарқатишди.

         Ушбу манбаларга кўра, Польшанинг Қуйи Силезия вилояти ҳудудидаги Валбжих тумани раҳбариятига немис ва поляк миллатига мансуб икки эркак мурожаат қилиб, Учинчи Рейхнинг олтин ва жавоҳиротларга тўла поезди яширилган жойни топишгани, фақат ушбу топилманинг 10 фоизи уларга қонунан хатлаб берилиши расман кафолатлангач, улар вагонлар яширилган жойни кўрсатишларини айтишган.

         Бу янгиликни Польшанинг айрим расмий идоралари вакиллари ҳам тасдиқлагач, афсонавий бойлик хабари ва ушбу топилган “олтин вагон”ларнинг фотосуратлари оммавий ахборот воситалари орқали яшин тезлигида тарқалиб кетди.

         Маълумотларга кўра, гўёки  хазина юкланган эшелоннинг узунлиги 150 метрга етади. Унда 300 тонна олтин ва қимматбаҳо тошлар, тасвирий санъат дурдоналари, қимматбаҳо архив материаллари ўрин олгани бўлиши мумкин.

                            15 миллиард доллар?

         Тарихий манбаларга мурожаат қиладиган бўлсак, чиндан ҳам мағлубият ёқасига келиб қолган Учинчи Рейх ҳукумати вакиллари ўзлари йиққан-терган бойликларни яшириш пайига тушиб қолишади. Зотан, 1944 йилда шарқий фронтда юз берган кескин ўзгаришлар нацистларни танг аҳволга тушириб қўйганди.

         Ўша пайтларда Гитлер  девонхонаси раҳбари бўлган Мартин Борман махфий жўнатмаларидан бирида ҳукуматнинг олтин заҳиралари дахлсиз жойда эканини маълум қилган. Бу олтинларни нацистлар ўзлари ишғол қилган ҳудудлардан олиб келишган. Биргина Белгия ва Голландиядан олинган ўлжалар ўша пайтдаги курс бўйича ярим миллард долларга баҳоланган. Бу ҳозирги кунда 15 миллиард доллардан ошади.

         Совет қўшинлари Шарқий Европа шаҳарларини бирма-бир озод этишга киришгач, фашистлар бор-будини тўплаб, ўз қўл остидаги ҳудудларда яшириб кета бошлашган. Шу тариқа, Украина банкидан олинган уч вагон олтин Альтзее кўли қирғоқларида, Руминия черковларидан тортиб олинган хазина Бад-Аусзее шаҳарчаси яқинида, Италия шимолидан олиб чиқилган, Мусоллинига тегишли дея гумон қилинган тиллалар эса ўша ҳудудларда изсиз йўқолган.

1945 йилнинг 31 январида Учинчи Рейхнинг молия вазири Вальтер Функнинг топшириғига кўра, империя банкларидаги тиллалар 14 вагонга юкланиб, Берлиндан олиб чиқилган. Бироқ, 277-рақамли бу поезд ҳам  Бад-Аусзее яқинида ғойиб бўлган.

Урушдан сўнг ғолиб давлатларнинг хазина изловчилари бу ҳудудда анча изланиш олиб боришган бўлса-да, бирор натижага эришилмаган. Кейинчалик бу поезд халқ орасида турли афсоналар тўқилишига сабаб бўлди. Эмишки, фашистлар поездни ерости йўлагида яшириб, унга тушадиган зинапояларни миналаштириб чиқишганмиш. 70 йилдан бери олиб борилган тадқиқотлар натижа бермагач, ҳатто бу поезднинг бўлган-бўлмагани ҳам шубҳа остида қолганди.

         Кутилмаганда...

                                               Наҳотки ҳаммаси чўпчак бўлса?!

Шиддатли ёмғир тез тугагани каби, бу борадаги шов-шувлар узоқ давом этмади. Кейинчалик матбуотда чиқа бошлаган яккам-дуккам маълумотларга кўра, Польша расмийлари “олтин поезд”нинг топилгани хабарни ҳам, унинг фотосуратларини ҳам “ёлғон”га чиқаришди.

         Мамлакатнинг Gazeta Wyborcza нашри хабарига кўра, бу хабарар шунчаки шов-шувдан бошқа нарса эмас. Краков илмий тадқиқотлар институти эксперти Виеслав Наворский фотосуратлар компьюетр технологиялари асосида яратилганини қайд этмоқда.

         Бироқ, ушбу маълумотлар дунё бўйлаб тарқатилгач, хазина “топилган” ҳудудда сайёҳлар оқими икки-уч баравар ортган. Бўшаб ётган меҳмонхоналарда жой етмай қолган. Шундан келиб чиқадиган бўлсак,  бу шов-шув айнан ҳудудда туризмни “уйғотиш” учун қилинган найранг бўлиш ҳам мумкин.

         Шу билан бирга, шов-шувлар рост бўлса,   мамлакат  расмийлари “ошга пашша тушмаслиги” учун бу янгиликни босди-босди қилган бўлсалар-чи, деган андишалар ҳам йўқ эмас. Яна ким билади, дейсиз?

ҲУМОЮН тайёрлади 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1