1

40 йиллик ташландиқ ер 3 ойда серҳосил майдонга айланди

ЖАМИЯТ 26.06.2020, 19:20
40 йиллик ташландиқ ер 3 ойда серҳосил майдонга айланди

Аввал хабар қилганимиздек, бугун, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи Поп туманининг Тожикистон Республикаси билан чегараси яқинида жойлашган "Нуран уз" мева-сабзавот кластеридан бошланди. 

Ташриф жараёнига бевосита гувоҳ бўлиб бораётган "Даракчи" нашри мухбири Сардорбек Раҳмонқуловнинг хабар беришича, “Нуран уз” масъулияти чекланган жамият томонидан Поп туманидаги адирликлардан иборат 1 минг 885 гектар ўзлаштирилмаган ерда мева-сабзавотчилик кластери ташкил этилган. Шундан жорий йилда 202 гектарга ўрик, 21 гектарга гилос ва 12 гектарга узум ва уларнинг орасига энг ширин ва фойдали дея баҳоланаётган қовун ва тарвузлар экилган. Қишлоқ хўжалиги инновацияларини қўллашнинг самараси шундай катта майдонда 40 йиллик ташландиқ ерларни ўзлаштириш орқали обод қилинган боғдорчилик ва полиз майдонига бир қарашда сезилади — серҳосил ва мазали. Қовун-тарвузларни татиб кўриб, уларнинг бу қадар ширинлиги сабабини билишга қизиқдик, дейди мухбиримиз. 

“БУ ЕРЛАРДА ЭКИН МАЙДОНИ БАРПО ЭТИЛИШИ ҲЕЧ КИМНИНГ ХАЁЛИГА ҲАМ КЕЛМАГАН”

Анвар ҚОДИРОВ, “Нуран уз” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси:

— Биз текис ер қолиб, айнан шу ерни танлашимизнинг сабаби беш-олтита ҳудудлардан тупроқ намуналарини олиб, Франция давлатига лабораторияга юбордик. Француз мутахассислар айнан мана шу ернинг тупроғида фойдали элементларнинг кўплиги ва тупроқ унумдорлигини юқори эканлигини тасдиқлашди. Лойиҳамиз бошланганига 3 ой бўлди. Ундан аввал бу ерларда мана шундай экин майдони барпо этилиши ҳеч кимни ҳаёлига ҳам келмаган.  

ҲАМ ЯНГИЛИК, ҲАМ ЭНГ ШИРИН, ҲАМ ЭНГ ФОЙДАЛИ!

— Ҳозирча полиз маҳсулотларини томчилаб суғориш мамлакатимиз тажрибасида йўқ. Бундан ташқари анъанавий полизчилигимизда биз қўллайдиган "селитра" бериш тажрибасидан воз кечилгани учун 100 фоизли табиий қовун-тарвузлар етиштиряпмиз. Томчилаб суғоришдан ҳам унумли фойдаланаяпмиз. Компьютер технологияси орқали жорий қилинган суғориш тизими чанқоқ ерларни автоматик равишда аниқлайди ва майдондаги мевалар ва полиз экинларини керакли миқдорда, вақтида инсон омилисиз суғоради. 180 метрли ер қаъридан тортиб олинаётган артезиан сувларига махсус технология орқали организм учун энг зарур бўлган калций нитрат, калий нитрат, цинк, темир ва магний каби органик қўшимчалари қўшилиб, томчилаб суғориш орқали бу сувлар ҳар бир полиз маҳсулотларини бир хил миқдорда органик моддалари билан таъминлагани учун нафақат жуда ширин, балки фойдали ҳамдир.

НАРХЛАР ҚИММАТ БЎЛАДИМИ ЁКИ АКСИНЧА?

— Бизнинг асосий мақсадимиз маҳсулотларимизни экспорт қилиш. Лекин ҳозир юртимиздаги йирик савдо тармоқлари билан шартномалар тузганмиз. Aйни пайтда мазкур савдо тармоқлари расталарида маҳсулотларимиз сотиляпти. Нархларимиз бозордаги талаб ва таклиф асосида белгиланади ва қиммат эмас. Харажатларимиз кўп бўлганлиги билан экин майдонимиз ҳам боғдорличилик, ҳам полизчиликка ихтисослашгани боис иккига бўлинади. Томчилаб суғориш орқали қўшимча органик моддаларнинг ҳам исроф қилинишининг олди олинади. Шу аснода харажатларимиз тежалиб, маҳсулотимиз нархлари қимматлашишига олиб келмайди.  

ЭКСПОРТДА МУАММОЛАР ЙЎҚМИ?

— Илгарилари маҳсулотни экспорт қилиш учун ҳужжатлаштириш қийин кечарди. Ҳозирда эса жуда содда ва осон. Божхона ходимлари маҳсулотлар юк машиналарига ортилгандан сўнг экин майдонининг ўзида муҳрлаб беришади. Бундан кейин ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Қабул қилувчи давлатларда эса, асосан, маҳсулотнинг табиийлиги ва органиклигига баҳо беришади. Агар улар “селитра” билан “боқилган” бўлса, бу муаммони юзага келтириши мумкин. Бизнинг маҳсулотларимиз эса, 100 фоиз органик бўлгани учун экспортда муаммоларга дуч келади, деб ҳисобламаймиз.

ЛОЙИҲА КЕЛАЖАКДА

Бу – икки босқичли лойиҳанинг дастлабкиси бўлиб, 2021-2022 йилларга мўлжалланган кейинги босқичда яна 1 минг 455 гектар ер ўзлаштирилади. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, 350 та иш ўрни яратилади, йилига 10 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинади.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Наманганлик тадбиркорларни ишлаб чиқариш борасида анча илгарилаб кетгани ҳеч биримизга сир бўлмагандек, улар қишлоқ хўжалигида ҳам инновация яратиб, яна бир бор тадбиркор халқ эканликларини исботлашди. Ҳам полиз, ҳам боғдорчиликка ихтисослашган экин майдонига қараб, ундаги серҳосилликни кўриб кўзингиз қувнаса, мазасини таътиб кўриб, бу ҳақиқатдан ҳам энг ширини экан деган хулоса қилишингиз аниқ.  

Айтгандек, кластер раҳбари мазкур инновация билан қизиққанлар агар меҳнати, машаққатига чидашса, ўргатишга тайёрлигини билдиришди.

Давлат раҳбарининг Наманган вилоятидаги ташрифига оид янгиликларни онлайн бизда кузатиб боринг. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1