2020 йил 23 декабрь куни соат тахминан 14:00ларда Когон шаҳар “Хўжабарги” МФЙ, Фаровонлик кўчаси, 120-уйда фуқаро Н.Қ. ҳамда унинг вояга етмаган фарзандлари С.С. ва Б.Х.ларнинг тан жароҳатларсиз жасади аниқланди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.
Ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида ўтказилган судга оид тиббиёт экспертизаларнинг дастлабки хулосасига кўра, Н.Қ., унинг варзандлари С.С. ва Б.Х.ларнинг ўлими ис газидан захарланишдан ҳосил бўлган нафас ва юрак қон томири етишмовчиликдан келиб чиққан.
Шунингдек, маълум қилинишича, Когон туман газ таъминоти бўлими ва Ёнғин хавфсизлиги ҳудудий бўлим ходимларининг ҳаракатлари бўйича хизмат текширувлари тайинланди.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми “а” банди билан билан жиноят иши қўзғатилди ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиноят иши бўйича ишга алоқадор бўлган Н.Қ.нинг қариндошлари, қўшнилари, ишлаб келаётган муассаса ходимлари, Когон туман газ таъминоти бўлими ва Ёнғин хавфсизлиги ҳудудий бўлим ходимлари гувоҳ тариқасида сўроқ қилинди.
“Саноатконтехназорат” ҳудудий бўлимига техника хавфсизли қоидаларига риоя қилинганлиги ёки йўқлиги бўйича экспертиза тайинланди, дейилган тақдим этилган маълумотда.
Эслатиб ўтамиз:
2020 йил 6 ноябрь куни Сирдарёда ёш келин-куёв ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этишди.
30 октябрь куни Навоийда коллеж ўқувчиси бўлган ака-ука уйида ис газидан заҳарланиб вафот этди.
Шунингдек, октябрь ойида никоҳ тўйига икки кунгина бўлган ёш келин-куёв ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бир неча кун аввал эса Нукусда ижарада яшаётган 4 нафар талаба, Янгийўлда эса бир оила ис газидан заҳарланди.
25 ноябр куни Сирдарёда аёл ва унинг 3 фарзанди ис газидан заҳарланиб вафот этган. 9 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида 6 киши ис газидан заҳарланиб, вафот этган. 13 декабрда Навоий вилоятида 13 ёшли қиз ҳам ис гази қурбони бўлди. Бир неча кун аввал эса Жиззахда 19 ёшли йигит ис газидан заҳарлани вафот этгани хабар қилинган эди.
Мавзуга доир:
2020 йилда ис газидан қанча фуқаро вафот этгани маълум қилинди






