1

Турли солиқлар ва мажбурий тўловлардан озод ҳудуд ва замонавий дурадгор қизлар. Улар қаерда?

ЖАМИЯТ 06.09.2020, 01:55
Турли солиқлар ва мажбурий тўловлардан озод ҳудуд ва замонавий дурадгор қизлар. Улар қаерда?

586 гектар майдонни  эгаллаган Кармана туманидаги “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси. Кўплаб саноат корхоналарини ўзида қамраб олган, солиқ ва божхона имтиёзларига эга, турли мажбурий тўловлардан озод ҳудуд. Навоий вилоятига сафаримиз чоғида 2008 йилдан буён ишлаб келаётган мазкур ҳудудда ҳам бўлиб, у ернинг фаолияти ҳақида фойдали ва қизиқ маълумотларга эга бўлдик. Асосан, ёшлар фаолият юритаётган “Навоий” ЭИИЗда қизларнинг ҳам йигитлар қатори меҳнат қилаётганининг гувоҳи бўлдик. Келинг, бир бошидан бошласак...

Навоий эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳақида қисқача

Навоий вилоятининг саноат салоҳиятини, ишлаб чиқариш, транспорт-транзит ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 2 декабрдаги “Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-4059-сонли Фармонига асосан Навоий вилояти Кармана тумани ҳудудида Ўзбекистондаги биринчи эркин зона – “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси (ЭИИЗ) ташкил этилган бўлиб, “Навоий” ЭИИЗда рўйхатдан ўтган хўжалик юритувчи субъектлар уларга киритилган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми қуйидагича бўлган тақдирда (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2009 йил 23 февралдаги “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида алоҳида божхона режими ва алоҳида солиқ режимини таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 120-сонли Қарори)  ер солиғи, мулк солиғи, даромад солиғи, ободончилик ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона солиқ тўлови (кичик корхоналар учун), Республика йўл жамғармаси ва Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий тўловлардан озод этилган:

  • 3 миллион евродан 10 миллион еврогача — 7 йилга;
  • 10 миллион евродан 30 миллион еврогача — 10 йилга. Кейинги 5 йил давомида фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови ҳажми амалдаги ставкадан 50 фоиз миқдорида белгиланади;
  • 30 миллион евродан ортиқ бўлганда — 15 йилга. Кейинги 10 йил давомида фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови ҳажми амалдаги ставкадан 50 фоиз миқдорида белгиланади.

  “Бундан ташқари, - дея қўшимча қилади “Навоий” ЭИИЗ директори ўринбосари Назиржон Жўраев, - олиб кирилаётган ҳом ашё учун қўшимча қиймат солиғини мақсадли йўналтириш, яъни корхона фаолиятини кенгайтириши, янги тармоқ фаолиятини бошлаши учун сарфлашлари мумкинлиги имконияти яратилган. Давлат бу солиқни ҳам тўғридан-тўғри олиб қўймайди.”  

Йўналишлари 

“Навоий” ЭИИЗ ҳудудидаги хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг асосий йўналишлари замонавий чет эл юқори ишлаб чиқариш қувватига эга асбоб-ускуна ва техникалари, технология линиялари ва модуллари, инновация технологияларини жорий этган ҳолда юқори технологияли, жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотларнинг кенг турларини ишлаб чиқариш билан бевосита боғлиқ.

Валюта конвертацияси эркинлашувининг ижобий таъсири

Назиржон Жўраев:

— Ушбу ҳудудда 2008-2016 йиллар мобайнида 18 та саноат корхона ташкил этилиб, фаолият юритган бўлса, 2017, 2018, 2019 йилларда инвесторлар оқими кескин ошди. Валюта конвертацияси эркинлашуви ҳисобига ҳар йилига 20 та янги корхона ташкил қилинишига эришдик. Яна 96 та лойиҳа устида ишлаяпмиз. Ҳозирча ишчилар сони 3 000 яқин бўлса, лойиҳалар тўлиқ ишга тушгач, ишчилар 7 500 тага етиши мумкин. Режа бўйича 2021 йил охиригача ҳамма лойиҳалар ишга туширилади.

Ойлик маошлар миқдори қанча?

— Энг кам ойлик иш ҳақи ҳеч қандай тажрибаси бўлмаган ишчиларда 1-1,5 млн. сўм. Бу жами ишчиларнинг 30 фоизини ташкил қилади. Дипломи бор, мутахассисликка эга ҳодимлар эса 7-8 млн. сўмгача маош олишади.

Кимлар  эркин-иқтисодий зона аъзоси бўлиши мумкин?

— Президентимизнинг 2019 йил 15 майда қабул қилинган 5719-сонли қарори билан бутун Навоий вилояти ҳудуди эркин иқтисодий ҳудудига айлантирилди. Вилоят бўйича исталган ҳудуддан туриб, ЭИЗ аъзосига айланиш мумкин. Бу инвесторлар учун катта қулайлик яратди.

Назиржон Жўраевнинг таъкидлашича, мазкур ҳудудга ишга кирган оддий ишчида ҳам маълум муддатларда ташкил этиладиган ўқув курслари сертификатларини олиб, лавозимини ва маошини ошириш имконияти мавжуд. У ЭИЗга ишга келган оддий юкчининг бир йил ичида бўлим бошиғи лавозимига кўтарилганини мисол келтирди. Минг афсуски, иш вақтидан ташқари борганинмиз учун айнан ўша бўлим бошлиғини топишнинг имкони бўлмади. Лекин кечки сменада эндигина ишга келган замонавий дурадгор қизлар билан суҳбатда Назиржон ака айтган амалиёт ўз исботини топди. Пластик эшик-ромлар учун ҳом-ашё ишлаб чиқарувчи корхонада ишловчи Севара Бобоева бугун сифат назоратчиси лавозимигача кўтарилганини айтади:

Ишга кирганимга бир йил бўлди. Дастлаб плёнка кесувчи бўлиб ишлаганман. Ўша пайти ойлик маошим 1 млн. 200 минг сўм эди. Ҳар уч ойда олинадиган имтиҳонлардан ўтиб, аввал қадоқловчи, энди эса сифат назоратчиси бўлиб ишлаяпман. Ҳозир ойлигим 1 млн. 850 минг сўм. Ишим ўзимга ёқади. ЭИЗга яқин ҳудудда яшайман. Бизга бу ерда ишлаш жуда қулай.” 

Статистикага эътибор қаратсак, “Навоий” ЭИЗ ҳудудида 2010-2016 йилларда 904 та иш ўрни яратилган бўлса, 2016-йилдан буёғига бу ўринлар сони 3 000 тага яқинлашган ва яна ўсишда давом этмоқда. Мутахассислар бу ўсишларнинг асосий сабабларини 2017 йилдаги валюта конвертациясининг либераллашуви, янги Солиқ кодексининг яратилиши, инвесторлар учун имтиёзларнинг ошиши ва бутун Навоий вилоятининг эркин иқтисодий зонага айланиши билан изоҳлашмоқда. Энг муҳими, ислоҳотлар самарасини бериб, ишсизлар ва ёшлар бандлиги таъминотида ўсишлар кузатиляпти. 

 

Сардорбек Раҳмонқулов 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1