1

Психологларнинг 10 нотўғри маслаҳати

СУҒДИЁНА 17.09.2016, 13:22
Теглар: Аёл, Оила
Психологларнинг 10 нотўғри маслаҳати

Мураккаб вазиятга тушиб қолган киши муаммони ҳал қилиши мумкин бўлган ҳар қайси имкониятга худди чўкаётган одам хасга осилгандек тирмашади. Руҳшунос қабулига бориш ҳамда ундан маслаҳат олишни эса муаммонинг ечими сифатида қабул қилади. Аммо баъзи ҳолларда мутахассисларнинг маслаҳати ёрдам бериш ўрнига кичик масалани катта муаммога айлантириб қўйиши ҳам мумкин...

1. Қийинчиликларни мустақил енгиш лозим!

Аслида эса...

Тадқиқотларнинг натижасига кўра, индивидуал тарзда фаолият юритадиган инсонлар жамоа билан ишлайдиганларга қараганда тушкунликка берилувчан бўлишар экан. Иш ёки шахсий ҳаётдаги муаммоларни ёлғизликда ҳал этувчиларнинг деярли барчаси саломатлигидан шикоят қилади. Шундай экан, «Кучли бўлинг, ҳаммасини ўзингиз уддаланг» деган маслаҳатга кўпам қулоқ тутаверманг. Ҳар қандай инсонга дардлашгувчи, қўлловчи керак.

2. Орзуга тезроқ етишмоқ учун уни амалга ошганини тасаввур қилиб туриш керак!

Аслида эса...

Руҳшунослар томонидан бир гуруҳ талабаларга имтиҳон олдидан юқори баҳо олганларини тасвирловчи сурат чизишни буюришди. Иккинчи гуруҳ талабаларга эса икки кун давомида дарсларни қайтариш топширилди. Айнан ана шу иккинчи гуруҳдаги талабалар имтиҳонни аъло баҳога топшириб чиқишди. Бу тажрибадан шундай хулоса чиқариш мумкин: мақсадга эришилганини тасаввур қилиш кишида унга бўлган интилишни сусайтириб қўйиши ҳам ҳеч гапмас.

3. Жаҳлингиз чиқдими? Ёстиқни уринг, бақиринг ёки ер тепинг!

Аслида эса...

Бу қарашнинг хато эканлигини исботлаш учун ҳам тажриба ўтказилган. Унда дарс қилиб ўтирган талабаларни ўқитувчи ярим соат давомида тинмай ҳақоратлаган. Сўнг гуруҳнинг ярмига нок меваси тарқатилиб, уни эзғилаш таклиф этилган, қолганлари эса тинч ҳолатда ўтиришган. Тажриба сўнггида нокни эзғилаш талабаларнинг жаҳлини туширишга эмас, аксинча янада авж олишига хизмат қилгани маълум бўлди. Тинч ўтирган талабалар эса оз муддатда ҳақоратларни унутишга муваффақ бўлишган. Маслаҳатимиз шуки, жаҳл отига минганингизда чуқур-чуқур нафас олиб, тинчланишга ҳаракат қилинг.

4. Ҳозир билан яшанг, келажакка саёҳат қилаверманг!

Аслида эса...

Вақти-вақти билан ўтказилиб туриладиган фуқаро муҳофазаси ўқув-машғулотларини бир эсланг. Уларга асосланиб биз қийин ҳамда кутилмаган вазият (ёнғин, зилзила, портлаш каби)ларда ўзимизни қандай тутишни ўрганиб, режалаштириб оламиз. Рўй бериши кутилаётган воқеа-ҳодисаларни кўз олдига келтириш ҳам ана шундай фойда беради. Масалан, сизни олдинда оилавий ажрим ёки ишдан бўшаш масаласи кутаётган бўлса, сиз ҳар қандай ҳолатга тайёр туришингиз учун бир марта бўлса-да, хаёлан ўша вазиятга тушишингиз тавсия этилади.

5. Ҳаётга доим умид билан қаранг! Оптимизм ҳамроҳингиз бўлсин...

Аслида эса...

Ҳар қандай вазият ва масалага оптимистик руҳда ёндашиш туфайли инсон эҳтиёт чораларини кўриш ҳақида унутиб қўяди. Ўзи яхшиликни тилаётгани учун унга ҳам барча ана шундай муносабатда бўлишига ишонади. Аммо аксарият ҳолларда бунинг тескариси рўй беради. Одамлардан кўнглингиз қолишини ёки кимдир сизнинг қалбингизга озор беришини истамайсизми?! Маслаҳатимиз, ҳаётга теран ва ақл билан боқинг!

6. Қўрқманг, хатарга тик боқинг!

Аслида эса...

Дейлик, бирор нимадан хавотирдасиз. Руҳшуносларнинг гапига қулоқ тутиб, қўрқув сизни тарк этишни буюрасиз. «Мен қўрқмайман, қўрқмайман!» деганингиз сари қўрқув онг остига янада мусмтаҳкамланиб борар экан. Шунинг учун ҳолатингизни борича қабул қилинг, сизни безовта қилаётган ўй-хаёлларингизни яқинларингиз билан ўртоқлашинг. Бу мавзуда суҳбатлашинг. Ана шунда бироз бўлса-да, енгил тортасиз.

7. Ўзингизга юқори баҳо беринг! Акс ҳолда омадсизга айланасиз...

Аслида эса...

Ўзини ҳурмат қилиш бошқа, ўзига юқори баҳо бериш бошқа! Ана шу икки ҳолатнинг фарқини билиш ҳамда улардан биринчисига амал қилиш тавсия этилади. Руҳшуносларнинг кузатувига кўра, ўзига ҳаддан ортиқ юқори баҳо бериш кишини худбинга айлантиради. Бундай инсонлар бошқаларнинг устидан ҳукм ўтказиш, уларнинг фикрини менсимай, фақат ўзиникини уқтириш, масхара қилиш, баъзан эса атрофдагиларга нисбатан куч ишлатишга ҳам ўзларини ҳақли санашар экан. Бу хулосадан кейин “Камтарга камол, манманга завол” деган нақл бежиз айтилмаганига амин бўласиз. Маслаҳатимиз, кўзгу қаршисида туриб олиб, ўзингизга юқори баҳо беравермай, бажарган ишларингиз ва қўлга киритган ютуқларингиз ортидан фахрланишни ўрганинг.

8. Қарама-қарши қутблар бир бутун бўлади. Шу боис дўст ва жуфтингиз сизга ўхшамаган бўлсин!

Аслида эса...

Одатда оғир-босиқ ёки камгап йигитларга шаддодгина қизларни келин қилишга ҳаракат қилишади. Ота-оналарнинг фикрича, турли хил феъл-атворли кишиларнинг жуфтлиги мустаҳкам бўлар эмиш. Бу шунчаки фаразлар, улар ҳаётда ҳам (айрим тасодифларни инобатга олмаганда), фанда ҳам ўз исботини топмаган. Бизда бу фикрни хатога чиқариш нияти йўқ. Бироқ масалага ойдинлик киритмасак бўлмайди. Болалигимиздан ўзимизга ўхшаган тенгқурларимиз билан дўстлашамиз. Улғайиб, ишлаётганимизда ҳам қарашлари бизники билан бир хил бўлган ҳамкасбларни кўпроқ ҳурмат қиламиз. Диди, дунёқараши, яшаш тарзи, билими ўхшаш бўлган инсонларнинг дўстлиги мустаҳкам бўлгани каби, турмуши ва бахти ҳам бардавом бўлади.

9. Чин дилдан истасанг, ниятингга етасан!

Аслида эса...

Бойиб кетишни ёки оилавий бахтга эришишни ким истамайди дейсиз! Лекин бу орзулар амалга ошиши учун эрталабдан кечгача ният қилиб ўтиришнинг ўзи кифоями?! «Ҳаракатда — баракат» эмасми?! «Олма пиш — оғзимга туш» билан иш битмаганидек, истаклар амалга ошиши учун шунга яраша ҳаракат қилиш ҳам зарур! Баъзан бирор нарсани ҳаддан ортиқ хоҳласак, унинг амалга ошиши йўлида ўзимиз англамаган ҳолда кўп хатоликларга йўл қўямиз. Маслаҳатимиз, асабийлашмасдан, ақл билан иш тутинг! Ана шунда ҳар қандай чўққини ҳам забт эта оласиз!

10. Барчамиз индивидуалмиз! Кимдир тунни бедор ўтказса, кимдир эрта уйқуга кетади...

Аслида эса...

Бир суткада 8 соат ухламаслик, тунни бедор ўтказиш барчанинг соғлиғи учун бирдек зарар. Тунда ухламайдиган кишиларнинг организмида уйқу давомида ишлаб чиқариладиган мелотанин гормонининг миқдори кескин камайиб кетади. Бунинг оқибатида эса гормонал фон ўзгаради, бепуштлик, кўкрак ҳамда простатит саратонининг юзага келиш хавфи кескин ортади. Шунингдек, депрессияга мойиллик ҳам ортади. Саналган муаммолар билан рўбарў келишни истамасангиз, ўз вақтида ва етарлича вақт ухлашга одатланинг!

 

 

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1