Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

ЭРКИН МИНБАР 01.06.2021, 18:32
Теглар: Аёл
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами?  Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир бўлгани йўқ, балки бу бир неча йиллардан буён ўзбек аёлларининг оғриқли нуқтаси бўлиб қолмоқда. Фақат бугунги кун ОАВнинг ривожи туфайли қуйидаги воқеалар алам туйнугидан аста-секин қалқиб чиқмоқда. “Чироқчида калтакланган аёл”, “Андижонда номуси топталган қиз”, “Сурхондарёда калтакланган аёл”,  бундан бир муддат аввал эса, “Самарқандда аёлига ўт қўйган  эркак” ва яна “Самарқандда турмуш ўртоғи томонидан ваҳшийларча дўппосланган келин” ҳақидаги хабарларга гувоҳ бўлгандик. Аҳоли орасида илдиз отиб кетаётган бу каби жиноятларга ўзи ким ва нималар сабаб?

САБАБЛАР ВА “ЭРКАКЛАР ЖАМИЯТИ” ТУЗИШНИНГ ЗАРУРАТИ…

Жамила ШЕРМУҲАММЕДОВА,  

Республика маънавият ва маърифат маркази қошидаги «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, фалсафа фанлари доктори, «Меҳнат-шуҳрати» ордени соҳибаси:

–  Бугунги кунда шундай оилалар борки, ўқимаяпти ва уқмаяпти ҳам. Юқоридаги каби қатор жиноятларнинг келиб чиқишининг ягона сабаби ҳам шу. Бола 4 ёшгача – бола, 7 ёшгача–донишманд, 7   ёшдан кейин эса шахс сифатида шаклланади. Биз шу вақтда улар бирор савол берса ёки фикр билдирса, жим ўтиришини талаб қилиш, уриш ё чимчилаш орқали фақатгина ўзимизга душман орттирамиз.  

Умуман олганда, болаларни 3–7 ёшга қадар  шеърларни ёдлатишимиз, тилларни ўргатишимиз мумкин. Ваҳоланки, баъзи ота-оналар  фарзандлари китоб олиб келса, йиғиштириб қўй дея иддао қилишади. Бу нима деган гап, Ал-Бухорий неча ёшда ҳадисларни ёд биларди, Мирзо Улуғбек  неча ёшда  давлатни бошқарган? Барчалари 7–9 ёш атрофида шундай ютуққа эришишган.  

  Аслида, ота-она бўлиш курсида ўтириш дегани эмас.  Бу виждон ва инсоф олдидаги жавобгарликдир. Ана шу жавобгарлик сўнгги пайтларда ота-оналар олдида йўқолиб бормоқда. Бугунги кунда маърифатли бўлиш фақат адабиётшуносларга дахлдор эмас, ҳаттоки банк ходимлари ҳам маърифатпарвар бўлишлари керак. Шундай экан, оиладаги ҳар бир  ҳаракат боланинг эртага ким бўлишини англатади. Арпа экиб буғдой олмайсиз ахир. Баъзи ота-оналар оилаларига меҳр ўрнига – ғамни ва шундай ношукурликни экаяпти. Бу мудҳиш ҳолатлар келиб чиқишининг туб илдизини ҳам мана шунда деб биламан.

Бундан бир муддат аввал FACEBOOK  ижтимоий тармоғида “ЭРКАКЛАР ЖАМИЯТИ” ни тузиш ҳақида бутун халққа йўлланган мурожаатим бежиз эмасди.  Биз йиллар давомида  қиз фарзанд тарбияси ҳақида бош қотирдик. Уларни келинликка обдон тайёрладик. Аммо оилада асосий тарбиячи эркаклар бўлишини унутдик. “Ўғил болага ҳар нарса ярашаверди, аммо қизларга уят” – Бу ерда адолат борми? Айнан шу муносабат билан ўғил болаларни  келажакда ўз  фарзандлари олдида “Ҳақиқий қаҳрамон ота” ролида шакллантириш ва бунда маҳалланинг   ўрнини ошириши олдимизда турган энг катта мақсадимиз бўлиши керак. Фақат уйлантириш ва  қўлларига ўзлари истамаган соҳанинг дипломини  олиб бериш билан ҳеч нимага  эришиб бўлмайди. Сен фалон касб эгаси  бўласан,  деб эмас, бир кун сен ҳам  оила бошлиғи бўласан,  деган фикрни уқтиришимиз керак аслида. Шунингдек, диний ва дунёвий билимларни  ҳамнафасликда  ўргатилса, мақсадга мувофиқ бўларди...

ТУРМУШНИНГ “МУШТ”ИГА  ЧИДАШ ЖОИЗ-МИ,  

ОИЛАДАГИ НИЗОЛАРНИ ҚАНДАЙ БАРТАРАФ ЭТИШ МУМКИН?

Абдуғофур НИЁЗҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлар идораси фатво бўлими мутахассиси:

–  Динимиз оилада содир бўлаётган жанжаллар ва турли келишмовчиликларга ҳар доим ҳам аёл киши сабабчи, деган фикрда эмас. Бугунги кунда бундай вазиятларда кўпинча эркаклар хатога йўл қўяётганлигига гувоҳ бўлишимиз ҳам мумкин.  Бунинг турлича сабаблари мавжуд, асосийларини, маст қилувчи ичкиликлар ва эрнинг зиммасидаги вожиб нафақани адо этмасликларида кўришимиз мумкин. Албатта, ҳар бир инсон хоҳ у эркак бўлсин, хоҳ аёл, тинч-тотув, хотиржам ҳаёт кечириш ҳуқуқига эга. Лекин шундай пайтлар бўладики, аёл учун эрининг зулмидан оилавий ҳаётни давом эттириш имкони қолмайди. Мана шу вазиятда аёл нима қилиши керак? У эрининг зулмига чидаб, сабр билан яшаши керакми ёки динимизда унинг бошқа бир йўли борми?  

Ислом шариатида қуйидаги ҳолатларда аёлга ажрашишни талаб қилиш ҳуқуқи берилади: Эр зарар етказаверса (доимий урса, сўкса, ёки хотинининг еб-ичиш ва кийиниш эҳтиёжларини қондирмаса), оиласини нафақа билан таъминламаса, узоқ вақт йўқ бўлиб кетса ва ҳоказо. Шунда аёл  қозига мурожаат қилиб, ажраштиришни сўрайди. Қози ишни ўрганиб, уларни яраштиришнинг имкони бўлмаса, ажраштиради. Агар аёл кўрсатаётган сабаблар арзимас кўринса, аёлнинг талаби инобатга олинмайди.

Хотин эрини ёқтирмаса ёки эри унга ёмон муносабатда бўлса, Ислом аёлга бошқа имконият беради. Бу имконият хулуъдир. Хулуъ – хотин ўзининг талоғини олиш учун эрига пул таклиф қилиш ёки маҳрдан бир қисмини қайтариб бериш эвазига талоқ сўрашидир. Бунинг далили, Аллоҳ таолонинг: “Агар уларнинг Аллоҳ буйруқларини бажара олмасликларидан қўрқсангиз (эридан талоқ олиш ниятида) эваз беришида (ва эрнинг шу эвазни олишида) эр-хотин учун гуноҳ йўқ” (Бақара сураси, 229-оят), деган оятидир.  

Маълум бўлмоқдаки, эр аёлига зулм қилса, уни ҳақларини поймол қилиб таҳқирласа, бу ўринда аёл эридан ажрашиши, ундан талоғини сўраши мумкин бўлади. Нима бўлганда ҳам чидаш керак, ҳар қандай ҳолатда ҳам аёл эридан талоқ сўраши мумкин эмас, деган гаплар мутлақо нотўғри. 

Ўрни келганда эркакларга шуни алоҳида таъкидлаш керакки, агар аёлининг ҳаққида шариат буюрган ҳақларни бажара олмаса, масъулиятсизлик қилса, аёлларга зулм қилиб ортиқча қийнамасдан уларнинг йўлини очиб қўйиш керак бўлади. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  ҳадисларидан бирида “Рифқон бил қаварир” – “Аёллар нозик шиша кабидирлар” деганлар. “Қаварир” дегани бу нозик, сал тегса синиб кетадиган шишачалар бўлиб, у зот бу жойда аёлларни шишага ўхшатиб, “Аёлларга нисбатан жуда мулойим муносабатда бўлинг, сал тегиб кетса, синиб кетиши мумкин” – деган маънода гўзал муомалада бўлишни тавсия қилганлар.

Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон қўллари билан аёл кишини урмаганлар. У зот: «Сизларнинг яхшиларингиз аёлига яхшилик қиладиганингиздир», деганлар, шундай экан,  ҳар бир ўзини мусулмон ҳисоблаган киши бошқа масалаларда бўлганидек, аёллар борасида ҳам Пайғамбаримизнинг кўрсатмаларига эргашишлари лозим бўлади.

Чунки, Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Эй Аллоҳим (Сени гувоҳлигингда), мен икки заифнинг – етим ва аёл кишининг ҳаққини (зое қилишдан) қаттиқ огоҳлантираман” деганлар. (Имом Ҳоким ва Имом Насоий ривояти). Демак, ожиза ва заифаларга тажовуз қилиш, уларнинг ҳақларини поймол этиш ожизлик ва нотавонликдан бошқа нарса эмас.

ТАЗЙИҚ ВА ЗЎРАВОНЛИККА УЧРАГАН ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲИМОЯСИДА ҚАНДАЙ ЕНГИЛЛИКЛАР БОР?

Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари хабар беришича, зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кафолатлаш ҳамда аёллар ва эркакларнинг гендер тенглигини таъминлашга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Севара ЎРИНБОЕВА, Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари:

–  "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар:

•  тегишли органларга ёхуд судга мурожаат этиш;  

•  бепул ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш ҳуқуқига эга.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ариза билан судга мурожаат этганида ДАВЛАТ БОЖИ ТЎЛАШДАН ОЗОД ҚИЛИНГАН.

Хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш тартиби қандай?

–Ижтимоий ёрдамга ёки тиббий ҳимояга муҳтож бўлган, боқувчисини йўқотган хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилмоқда. Ушбу дафтарга  киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларга 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатда кредитлар ажратилади. Бундан ташқари “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга турар жой ижара компенсацияси тўлаб берилади.  

Эндиликда Президент қарори билан «Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш» республика марказлари ташкил этилди. Бундан ташқари, руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам бериш учун 24 соат узлуксиз ишловчи ишонч телефони рақами йўлга қўйилади. Ҳимоя доирасидаги қарорлар, турли марказлар фаолият юритиши яхши албатта, бироқ жамиятдаги ҳар бир маҳалла оила билан мос равишда фаолият олиб бормаса, атрофдагилар томонидан бу каби масалаларга бефарқлик билдирилиб, аёлларнинг ўзи ҳам турмушларидаги доимий муштларни менталитет деган важлар ортига беркитаверса, ҳеч бир қонун аёл ва қиз муаммоларига малҳам бўла олмайди, ёинки завол бўлган умрнинг ҳаққини ҳеч ким адо этиб беролмайди.

Дилбар АБДУНАБИЕВА тайёрлади.

Шарҳлар

Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Фарғонада 32 яшар аёл томорқасида кўкнори етиштираётгани аниқланди

13.05.2021, 22:34

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 32 яшар аёл уйининг томорқасида кўкнори ўсимлиги етиштираётгани аниқланди, дея хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати.Қайд этилишича, 2021 йилнинг 5 май куни...
Навоийлик аёлнинг уйига келган меҳмонлардан бири бошқасини пичоқлади

13.12.2019, 10:00

Жорий йилнинг 5 декабрь куни соат 13:00ларда Навоий шаҳрида яшовчи, 1974 йилда туғилган Л.А. исмли аёлнинг уйига танишлари меҳмонга келади.Улардан бири 1972 йилда туғилган Д.К....
Оққўрғонда меҳмонга келган аёл маст ҳолда мезбонни пичоқлаб ўлдирди

12.12.2019, 16:01

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида мудҳиш воқеа рўй берди, дея хабар берди “Postda”Шу туманда яшовчи фуқаро М.Р. таниши Д.Х.ни ўз уйига таклиф қилади. Улфатчилик авжига чиққан бир пайтда...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1