1

«Иккинчи бор турмуш қурмоқчиман, аммо...»

СУҒДИЁНА 21.09.2016, 10:42
Теглар: Аёл, Оила
«Иккинчи бор турмуш қурмоқчиман, аммо...»

Оқ либос кийиб турмушга чиқаётган ҳар бир қиз ўз бахти узоқ ва давомли бўлишига ишонади. Лекин минг афсуски, баъзи оилалар қандайдир сабабга кўра бузилиб, чиройли кўринган турмуш ўз поёнига етади. Хўш, турмуш чорраҳасида қоқилган аёл яна бир бора бахтини синаб кўришга ҳақлими? Албатта, ҳа! Аммо у эндиги турмуши бехато қурилиши учун қатор хатоларини кўриб чиқиб, уларга йўл қўймаслиги керак. Мавзуни руҳшунос Гулруҳ АДХАМОВА билан муҳокама қиламиз. 

«Энди ёлғиз ўтаманми?..»
— Турмушимдан ажрашиш жуда оғир кечди. Ўртадаги жанжал-тўполонлар қайта оила қуришдан буткул кўнглимни совутиб юборди. Эримнинг ичиб олиб мени дўппослаганларини эсласам, ҳамон титрайман. Энди мен дунёдан якка ўтаманми?
Сабоҳат, 32 ёш. 

Муаммо: Ажрашув жараёни, эр-хотиннинг бир-бирига айтган турли нохуш гаплари изсиз кетмаслиги табиий. Ҳар қандай аёл бу ҳолатда ўз қадрининг тушиб кетганини ҳис этади. Албатта, қушнинг ҳам уяси бузилмагани яхши. Аммо тақдир экан, энди ўзига ҳеч кимга кераксиздек туюлган аёл вазиятдан имкон борича тезроқ чиқиб кетишга ҳаракат қилиши керак. 
Ечим: Қизиққан бирорта машғулотингизга вақт ажратинг. Китоб ўқиш, спорт, йога, рақс билан шуғулланинг. Буларнинг ҳаммаси ўзингизга бўлган ишончингизни оширишга ёрдам беради. Балки кейинги турмушингиз сизга орзу қилган бахтингизни келтирар, умидни сўндирманг.

«Болалар бизни қабул қила олишармикан?»
— Ўғлим 14 ёшга кирди. Иккинчи бора турмуш қурмоқчиман, аммо у ўгай отаси билан тил топишиб кетармикан, деб қўрқаяпман. Бунинг устига, бўлажак турмуш ўртоғимнинг ҳам шу ёшдаги ўғли бор. Фарзандларимиз билан бу ҳақда маслаҳатлашиб иш тутишимиз керакми?
Муаттар, 37 ёш. 

Муаммо: Иккинчи бора турмуш қуриш қарори жараёнида биринчи турмушдаги фарзандларнинг тақдирини ҳал этишга ҳам тўғри келади. Негаки, янги оиланинг барпо бўлишида уларнинг ҳам ўзига яраша ўрни бор. 
Ечим: Оиланинг янги аъзосига кўникиш учун ўрта ҳисобда болага 3-4 йил вақт керак бўлади. Вазиятда истисно сифатида ҳар икки тарафнинг феъли, ёши ва кўникувчанлигини ҳам ҳисобга олиш керак. Эрингизнинг фарзанди борлигини аввалдан билгансиз, демак, унинг ўғлини ўз болангиздек қабул қилишингиз керак. Бола сиз билан яшаса, ҳар қандай тақдирда ҳам сиз у учун ўгай она бўлиб қолишингизни эсдан чиқарманг. Балки аввалига у сизни ота-онасини бир-биридан айирган ёмон одам деб қабул қилар. Фарзандларингиз билан бу ҳақда хотиржам гаплашиб олинг, вазиятни тўғри тушунтиринг. Вақт ўтиб сабрингиз таги сариқ олтин эканини тушунасиз. Меҳрингиздан бола қалби юмшашига умид қилишдан чарчаманг.

«Ўхшаш томонларидан чўчияпман...»
— Иккинчи бор турмуш қуриш остонасидаман. Тақдиримни боғламоқчи бўлган инсонимнинг нимасидир собиқ эримга ўхшайди. Шунинг учун энди қарорим нотўғримикан деб ўйлаб қолдим.
Севара, 33 ёш.  

Муаммо: Иккинчи бор турмуш қураётганда йўл қўйиладиган катта хатолардан бири, бу — иккинчи турмуш ўртоқни аввалгиси билан солиштириш. Унутманг, ўтган нарсалар учун куйинаверишнинг фойдаси йўқ. 
Ечим: Турмуш ўзаро ҳурмат ва ишонч пойдевори асосига қурилмоғи лозим. Бўлажак умр йўлдошингизга «Аввалги турмушим ундай эди. Бу ҳолатда собиқ эрим мана бундай йўл тутган бўларди», каби гапларни асло айта кўрманг. Энди ёпиқ саҳифаларингиз қайта очилмайди. Ҳозирги турмушингизда бахтли бўлишингиз учун эса кўпроқ ўзингиз ҳаракат қилишингиз талаб этилади. Ахир сизга иккинчи бор имкон берилди-ку.

«Кундошим кун бермайди...»
— Турмуш ўртоғимни собиқ хотинидан рашк қиламан. Кундошим буни била туриб, атай бола баҳона эримга қўнғироқ қилаверади. Шу сабаб уйимда ҳар кун жанжал. Қандай йўл тутсам экан?
Нафиса, 40 ёш. 

Муаммо: Эрингизни аввалги турмушидаги аёл сиз учун рақибми? 
Ечим: Аввало улар ўртасида ҳаммаси яхши бўлганида оила бузилмасди. Шунга қарамай, уни рақиблар сафидан ўчирмасликни маслаҳат берган бўлардик. Ахир эрингиз сизни у билан солиштириб, вазиятни унинг ҳисобига ҳал қилишини истамайсиз-ку. Демак, ўтмишдаги муносабатларни ҳал қилиш ўрнига жуфтингизга аёллик меҳрини беришга, жанжал кўтариладиган вазият юзага келмаслигига эътибор қаратинг.

«Бола баҳона...»
— Бўлажак умр йўлдошимнинг олдинги оиласидан бўлган боласи собиқ рафиқасида. Менинг икки қизимни эса фарзандликка олмоқчи. Аммо ташвишланаётганим, у ўғли сабаб тез-тез собиқ хотиникига бориб туради. Эртага бу оиламизга раҳна солишидан чўчияпман... 
Шаҳруза, 29 ёш. 

Муаммо: Бола эрингизнинг собиқ хотини билан яшайдиган бўлса...
Ечим: Паспортга муҳр қўйишдан аввал барча муаммоларни ўзаро ҳал қилиб олинг. Шунда алимент, бола билан учрашиш каби сизни қийнаши мумкин бўлган ҳолатлар турмушингизга соя солмайди. Боланинг руҳиятини жанжал билан синдирманг. Нима қилганда ҳам эрингизнинг собиқ рафиқаси фарзандининг онаси. У ҳақда яхши гапиришга тилингиз айланмаса, ҳеч йўқса, ёмон гапларни ҳам айтманг. Сизнинг қизларингиз янги қурилган оилада яшаётган бўлса, иккала тарафнинг муносабатлари яхшиланишига ҳаракат қилинг, бунинг учун уларга имкон яратинг. Фарзандларингизга оталик қилишга бел боғлаган турмуш ўртоғингизнинг ҳаракати олқишга лойиқ. Ундан бу учун миннатдор бўлишга эринманг. 

«Эркинлигимни йўқотишни истамайман...»
— Иккинчи бор турмушга чиқаётган оилам каттагина экан. Бобо-буви, қайнота-қайнона хизмати, уларнинг кўнглига йўл топиш қийиндек туюлаяпти. Мен эса мустақил ва ишбилармон аёл бўлишга кўникиб қолганман. Бир ташкилотнинг обрўли лавозимида ишлайман, машина ҳайдайман. Янги оиладаги тартиб-қоидаларга кўника олармиканман?..
Малоҳат, 33 ёш. 

Муаммо: Янги оилада эскича одатлар.
Ечим: Аввалги турмушингиз янгисига соя солмаслиги учун у вақтда амал қилган одат, удум, хатолардан буткул воз кечинг. Сизга ўтмишни эслатувчи хотиралар эмас, келажакка нур таратувчи хайрли ишлар кўпроқ фойда беради. Янги оилангизнинг қонун-қоидаларини ўрганиб, оила аъзолари билан тил топишинг. Эски одатлардан қутулиш, қадрдон дугоналардан кўра кўпроқ вақтни оилага сарфлаш, мана, сизнинг бахтли бўлиш формулангиз. Бахтингизни топиш учун ўзгаришингизга тўғри келаяпти, ўзгаринг!

Хатога йўл қўймаслик учун
Оила бошидан айрилган аёлнинг гарданига тушган рўзғор ташвиши уни чарчатиши табиий. Шу сабаб айрим аёллар кўпроқ турмуш ўртоқ эмас, муаммолардан уни қутқазувчи елкадош, моддий жиҳатдан қўлловчи эркакни излаб турмушга қайта чиқишга аҳд қилади. Бунинг ёмон томони йўқ албатта, аммо сиз иккинчи бора хато қилмаслигингиз учун вазиятни тош-тарозига қўйиб, сўнгра қарор чиқаринг. Аввалги хатолар сизга дарс бўлсин!

•  Мукаммал эркак ҳали дунёга келган эмас, умуман сизда ҳам камчиликлар бор эканини унутманг!
•  Вазиятни узил-кесил ҳал қилмай, барчасини етти ўлчаб, кейин кесинг.
•  Баҳслашманг, лекин ўзингизни эркак кишига батамом бағишлаб ҳам юборманг. Инсон аввало ўзини севса, ҳурмат қилса, атрофдагилар ҳам унга худди шундай муносабатда бўлади. 
•  Жанжалли вазиятларда ён босиш ғурурингизни топталиши эмас, оилангизнинг бахти учун эканини доимо ёдда тутинг!
•  Кечиримли бўлинг! Турмуш ўртоғингизни ўрнига ўзингизни қўйиб кўришга ҳаракат қилинг.
•  Уни кўпроқ мақтанг. Эркак киши худди ёш боладек, мақтовга жуда ўч бўлади.

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1