1

Уруш-жанжалсиз муаммоларни ҳал қилиш учун 10 маслаҳат

СУҒДИЁНА 22.09.2016, 10:30
Уруш-жанжалсиз муаммоларни ҳал қилиш учун 10 маслаҳат

Зиддиятлар — ҳар доим муаммо. Уларни тинч йўл билан бартараф этиш, ундан ҳам муҳимроғи, олдини олиш учун нима қилиш керак? Қуйида “уриш-жанжалларсиз муносабатларни қандай қуриш мумкин?” деган саволга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

1. Эҳтиросларни жиловланг. Аввало, қизиққонликка берилмасдан, туйғуларингиз измига юрмасдан, тиниқ ақл билан ўйлашга ўрганишингиз керак. Жаҳл чиққанда ақл кетади, деб бежиз айтишмаган. Кўпинча аччиқ устида ножўя гапларни айтиб, кераксиз ҳаракатларни қилиб юборамиз-да, кейин афсусланиб ўтирамиз. Чунки эҳтиросларимиз ақлимизни ўтмаслаштириб қўяди. Ўзимизни рақибдан ақллироқ ва фикримизни уникидан муҳимроқ ҳисоблай бошлаймиз. Бу — нотўғри. Бекорга шарқ фалсафасида, тасаввуфда ҳам фикрни ва туйғуларни назорат қилиш асосий ўринга қўйилмаган. Нега бобою бувиларимиз доим хотиржам, сокин? Чунки улар кўп йиллик тажрибага таянган ҳолда туйғуга эмас, ақлга эрк беришни биладилар.

2. Йўқ нарсаларни ўйламанг. Хитойларда шундай мақол бор: «Камроқ ўйласанг, кўпроқ куласан». Бу нима дегани? Йўқ жойдан муаммо ўйлаб топиб, уни хаёлида шишириб, зиддиятни юзага келтириб, жанжаллашиб кетадиган одамларни учратганмисиз? Кўп учратгансиз. Ўзингиз-чи? Шундай қилмаганмисиз ҳеч? Аминманки, сизда ҳам бўлган. Агар муаммо ҳақида камроқ ўйлаганингизда, уни ёмон оқибатларга олиб бориб боғламаганингизда, аксинча, кейинроқ унга қайтиш шарти билан миянгизнинг бир чеккасига улоқтирганингизда нима бўларди? Аввало, муаммо бу қадар катта туюлмасди. Қолаверса, бироз совигач, унинг оқилона ечимини топган бўлардингиз.

Масалан, иш юзасидан олдингизга келиши керак бўлган танишингиз учрашувга кеч қолаяпти,  телефони ўчирилган, интернетга ҳам чиқмаяпти. Нега бундай бўлаяпти, деб ўйлай бошлайсиз. Мени ҳурмат қилмайди, мени ҳурмат қилмаган, ишни ҳурмат қилармиди, унга ишониб бўлмайди, мени алдаб кетади ва ҳ.к. Ўзингиз ўйлаб топган бу сценарийга ўзингиз ишониб, гўёки бу реал ҳаётда содир бўлгандек ҳамкорингиз эшикдан кириб келиши билан унга ташланасиз. Балки узрли сабаби бордир, балки сиз учун фойдали бирон ишни қилиб кеч қолгандир. Бироқ сиз аллақачон у билан муносабатни бузиб бўлдингиз. Ҳозирги дақиқа билан яшашни ва келажакни қора рангларда кўрмасликни ўрганмагунингизча, ҳаётда ютқизаверасиз.

3. Вақтни тўғри танланг. Кўпинча зиддиятлар суҳбатдошлардан бирининг суҳбатга тайёр бўлмаган пайти рўй беради. Агар ҳамкасбингиз, турмуш ўртоғингиз, фарзандингиз ва бошқа кимдир кайфиятсиз эканини сезсангиз, унга тавсия, маслаҳат ва саволларингиз билан мурожаат қилманг, тинч қўйинг. Эртагача кутинг, балки ҳаммаси яхши бўлиб кетар, шунда суҳбатни бошласангиз бўлади. Ишдаги муҳим музокараларни куннинг иккинчи ярмига, тушликдан кейинга қолдиринг. Бу пайтга келиб инсон ишга анча киришиб олган, қорни ҳам тўқ, ғайрати жўш урган бўлади. Бу эса зиддиятли вазиятлар хавфини пасайтиради.

4. Оқибатни эмас, сабабни изланг. Доим оқибат билан курашамиз, унга олиб келган сабабнинг тагига етишни ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Ҳамиша муаммога кенгроқ қаранг, зиддиятдан ташқарига чиқинг, вазиятни таҳлил қилиб кўринг ва келажакда бундай муаммоларга дуч келмаслик учун нима қилиш керак деган саволга жавоб изланг.

5. Ҳозирги дақиқада яшанг. Жиддий жанжалларга сабаб бўладиган яна бир хато – ўтмиш хотиралари. Нега инсоннинг юзига ўтмишда қилган хатоларини соласиз? Бу ҳеч қачон зиддиятни барараф этишга йўл қўймайди, аксинча, уни янада авж олдиради. Фақат бугунги кун билан яшанг. Бўлар иш бўлди, ўтмишни тузатиб бўлмайди, ҳар қандай инсон ҳам такрорий имкониятга ҳақли.

6. Муаммоларни йиғиб юрманг. Ажойиб мақол бор: «Муаммоларни улар пайдо бўлгани сари ечиб бориш керак». Бу – ҳақиқат. Аламларни, ташвишларни, баҳсли масалаларни йиғиб юриш яхши эмас. Ҳаммасини иссиғида муҳокама қилиб, ҳал этишга одатланинг. Муаммоларни турган сайин ортиб бораверадиган қор уюмига ўхшатиш мумкин. Агар қорни вақтида кураб ташламасангиз, у бир кун келиб бошингизга ўзи билан бир талай ташвиш ва жанжалларни қўшиб олиб қулайди. Суҳбатдошингизнинг жаҳли чиқиб, жазаваси тутиб турган бўлса, масаланинг ечимини бир-икки соат ёки кунга кечиктириш мумкин, аммо, албатта, уни ҳал этинг ё вазиятни борича қабул қилинг ва кечиринг. Иккинчи томондан, хали мавжуд бўлмаган, келажакда юз бериши мумкин бўлган муаммолар ҳақида бош қотирманг – уларни ҳам пайдо бўлаганидан кейин ҳал қиласиз, агар ҳақиқатан ҳам улар содир бўлса!

7. Аламингизни ичингизга ютманг. Бу муаммо аввалгиси билан чамбарчас боғлиқ. Аламни ичга ютиб, қасос олиш учун режалар тузиб, ташвишланиб, сиқилиб юриш ярамайди. Агар зиддиятларсиз яшашни истасангиз, барча баҳсли нуқталарни хотиржам ҳал қилиб, кейин эса унутиб юборишга ўрганинг. Ичингиздаги зиддиятни қанчалик тез бартараф этсангиз, ўзингизни ортиқча оғир хаёллардан шунчалик тез халос қиласиз.

8. Ҳақоратламанг. Ўзингизни бу даражагача туширманг. Олимларнинг аниқлашича, агар инсон баҳс пайти шахсиятга ўтса, рақибини ҳақоратлай бошласа, бу унинг заифлиги, ўз нуқтаи назарини ҳимоя қила олмаслиги ва ноҳақлигидан далолат экан. Одатда, ўзининг ноҳақлигини билган, аммо манманлиги буни тан олишга йўл қўймаётган инсон ҳақорат қилишни бошлайди. Унутманг, ҳақорат вазиятни яхшиламайди, балки унинг янада ёмонроқ жанжалга айланиб кетишига олиб келади.

9. Гап оҳанингизни назорат қилинг. Баъзан айтилаётган сўзнинг ўзи эмас, айтилиш оҳанги одамга қаттиқ ботади. Шу сабабли у ёки бу сўзни (гапни) қандай оҳангда талаффуз қилаётганингизга эътибор беринг. Киноя қилманг, пичинг отманг, мазахламанг, бу кўпчиликка ёқмайди, албатта. Ўзингизни доим рақибингиз ўрнига қўйиб кўринг, менга шундай десалар, нима қилардим деб ўйланг. Сизга қандай муносабатда бўлишларини истасангиз, ўзингизни атрофдагилар билан шундай тутинг.

10. Жазавага тушманг. Жазава, истерка бошқа бир одамни бошқаришнинг ажойиб усули. Ҳа, у жанжални бир муддат тинчлантириши мумкин, аммо муаммо муаммолигича қолади, вазият ечим топмайди. Шундай экан, овозни баландлатиб, столни муштлаб, чинниларни синдиришдан не наф?

Хўш, жанжални сиз бошламаган бўлсангиз-чи? Сизга нисбатан овозларини кўтарсалар, психологик ҳужум қилсалар-чи? Унда нима қилиш керак? Ягона қоида: оғзингизни юминг! Эсингиздами, мактабда ўқитувчиларингиз оғзингизни қулфлаб, калитини кўчага улоқтиришингизни айтишарди. Ортиқча гапириб юбормаслик, оловга мой сепмаслик учун эрингиз (бошлиғингиз, қайнонангиз...) ичидагини тўкиб бўлмагунча, оғзингизга сув солиб, ютиб юбормай туринг. Бора-бора у ҳам тинчланади. Муаммони эса кейинроқ, жаҳлдан тушганда муҳокама қиласиз.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1