1

«ЗАГС»дан ўтказмай адашибман», «Қайнонам вафот этди, турар жой нима бўлади?», «Ижарачимдан шубҳадаман...» каби саволларга мутахассислар жавоби

САВОЛ-ЖАВОБ 26.09.2016, 11:45
Теглар: Савол-жавоб
«ЗАГС»дан ўтказмай адашибман», «Қайнонам вафот этди, турар жой нима бўлади?», «Ижарачимдан шубҳадаман...» каби саволларга мутахассислар жавоби

Мурожаатларингизга адвокат Нафиса ИБРАГИМОВА, ҳуқуқшунос Дурдона НАЗАРОВА ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ходими Зафаржон ХЎЖАЕВ жавоб берадилар. Эслатиб ўтамиз, мутахассислар изоҳи тавсиявий характерга эга.

 

«УЙЛАНИБ, ҚИЗЛАРИНИ УНУТДИ...»

— Қизларимнинг отаси билан ажрашганман. Собиқ эрим қайта оила қурди-ю, уч фарзандини унутди.  Қизларининг бўйи етаяпти, аммо шу пайтгача бирор марта ёрдам берай демайди. Моддий томонлама қийналиб қолдим. Айтинг, кимга мурожаат қилай?

Шарифа Тошмуродова, Сурхондарё вилояти

— Фарзандларингиз вояга етмаган бўлишса, уларга алимент ундириш ҳақида судга мурожаат қилишингиз мумкин.

 

«ЯНА ҚИСҚАРТИРИШ, ЯНА ИШСИЗЛИК!»

— 12 йил бир заводда ишладим. Ревматизмга йўлиққаним боис иш лавозимим ўзгартирилиб, вахтёр штатига олиндим. Сўнг мен эгаллаб турган иш лавозими қисқартиришларга тушиб, бошқа корхонага фаррош бўлиб ишга жойлашдим. Ҳозир аввалги иш жойимда чевар бўлиб ишлаяпман. Аммо 20 йиллик иш стажим бўлишига қарамай, яна қисқартиришга туширишаяпти. Наҳот иш берувчи бир ходимни қайта-қайта қисқартиришга тушираверса?

Муниса Аҳмадалиева, Фарғона шаҳри

— Саволингиз мазмунидан сизни иш ўрнингиз турли даврларда ва турли лавозимларда қисқартирилган. Иш ўринини қисқартириш ишлаб чиқариш жараёнига боғлиқ бўлгани боис бунда чекланишларга йўл қўйилмайди. Агар навбатдаги иш ўрнини қисқартириш сизни иш ўрнингиздан кетказиш мақсадида қилинаяпти, деб ҳисобласангиз, бу ҳақда корхона жойлашган ҳудуддаги прокуратурага мурожаат этишингиз мумкин.

 

«ЎЗИНГДАН ЧИҚҚАН БАЛОГА...»

— Бир қариндошимиз уй-жой қилиб бераман деб катта миқдорда пул олганди. Айтилган вақтдан ўтиб кетган бўлса ҳам на пулни қайтарди, на уй қилиб берди. Қариндош-ку деб, тилхат ҳам ёздириб олмабмиз. Энди нима қилсак бўлади?

Исми сир тутилди

— Қариндошингиз билан келиб чиққан муаммони ўзаро келишув йўли билан ҳал қилишнинг имкони бўлмаса ва у ваъдасини бажармаётган бўлса, унинг ҳаракатларида фирибгарлик аломатлари кўринаётгани боис пул олди-берди қилинган ҳудуд бўйича ИИБга ариза билан мурожаат этишингизни маслаҳат берамиз.

 

«ЗАГС»ДАН ЎТКАЗМАЙ АДАШИБМАН»

— Ўғлимни уйлантираётганда «ЗАГС»дан ўтказишнинг имкони бўлмаганди. Кейинроқ ёшларнинг ўзи ўтиб келар дегандим-да. Аммо буни қарангки, иккиси келишолмай «Ажрашаман»га тушиб олган. Агар чиндан ҳам ўғлим ажрашадиган бўлса, «ЗАГС»дан ўтмагани учун жаримага тортилмайдими?

Матлуба Мавлонова, Қашқадарё вилояти

— Никоҳни қайд эттирмасдан бирга яшаш эр-хотиннинг хоҳиши бўлганлиги сабабдан бунинг учун жавобгарлик назарда тутилмаган. Лекин келажакда турар жой, таъминот, алимент, мулк каби муаммолар келиб чиқмаслиги учун никоҳни қайд эттирган мақсадга мувофиқдир.

 

«УЙ НАБИРАМГА ҚОЛАДИ!»

— Тўрт қизимни турмушга берганман. Набираларимнинг бирини эрим ҳаётлик чоғи васийликка олганмиз. Уй-жойни мана шу набирамнинг номига ўтказиб берайлик деб, нотариусга мурожаат қилсам, «Аввал уйни ўз номингизга ўтказиб, кейин набирангизга расмийлаштирамиз» деди. Ахир фамилиямиз бир бўлса, шунча оворагарчиликнинг нима кераги бор?

Дилбархон Очилова, Жиззах вилояти

— Агар бу уй сиз билан марҳум эрингизнинг биргаликдаги мулки бўлса, эрингизнинг вафотидан сўнг уйнинг иккидан бир қисмига эгалик ҳуқуқини белгиловчи гувоҳнома олишингиз, қолган қисмига эса ўзингиз ва фарзандларингиз билан биргаликда меросхўрлик гувоҳномасини расмийлаштиришингиз лозим. Шундан кейингина ўзингизга тегишли улушини набирангизга ҳадя этишингиз мумкин.

 

«ҚАЙНОНАМ ВАФОТ ЭТДИ, ТУРАР ЖОЙ НИМА БЎЛАДИ?»

— Турмуш ўртоғим оилада ягона фарзанд. Яқинда қайнонам оламдан ўтди. Биз яшаб турган уй у кишининг номида. Уйни эримнинг номига ўтказиш учун қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

Исми сир тутилди

— Қайнонангизнинг вафотидан кейин турар жойга нисбатан меросни расмийлаштириш учун, албатта, шу ҳудуддаги давлат нотариал идорасига мурожаат этишиниз лозим.

 

«АЖРИМ ҲУЖЖАТИ МЕНИ ЁМОНОТЛИҚ ҚИЛДИ»

— 13 йил муқаддам қайнопам эрим иккимизни ажраштириб юборди. Ҳайрон бўлманг, суддан чақирув қоғози ҳам, телефон қўнғироғи ҳам бўлмаган. Фақат ажрим қарорини олганман, холос. Шу пайтгача қарор мазмуни билан танишмагандим. Бунга зарурият ҳам бўлмаган. Шу кунларда ишга жойлашиш учун ҳужжатларни тўғирлаётиб, ажрим қарорини ўқиб қолдим. Унда мени елгилтак аёлга чиқаришган экан. Хорижга қатнаб, савдогарлик қилганим рост. Аммо бирор марта саёқ юрмаганман. Хуллас, мана шу айблов ишга жойлашишимда панд бераяпти. Собиқ эрим билан гаплашдим, судга қайта мурожаат этиб, қарор мазмунини ўзгартиришга рози. Ҳужжатга ўзгартириш киритишнинг имкони борми?

Дилрабо Зиядуллаева, Бухоро вилояти

— Никоҳдан ажратиш масаласи ҳал қилингач, суд қарори асосида яшаш жойи бўйича ФҲДЁ бўлимига мурожаат этилганида никоҳдан ажрашганлик ҳақидаги гувоҳнома берилиб, бу ҳужжатда  никоҳдан ажрашганлик ҳолати қайд этилади. Шу сабабдан иш жойингизга тақдим этиш учун суд қарорини эмас, тегишли тартибда ФҲДЁ органидан ажрашганлик ҳақидаги гувоҳномани олиб, унинг нусхасини тақдим этишни маслаҳат берамиз. Қонуний кучда бўлган суд ҳужжатига томонларнинг хоҳиши билан ўзгартириш ва  қўшимча киритишга эса йўл қўйилмайди.

 

«ИЖАРАЧИМДАН ШУБҲАДАМАН...»

— Фарғонадан пойтахтга кўчиб келганмиз. Водийдаги уйимизга ижарачи қўйгандик. Бу ерда уй-жой қилиб, зарур жиҳозларни олиб келайлик десак, ижарачи уйга киритмаяпти. Аниқроғи боришимизни айтсак-да, сира тутқич бермайди. Уйга киролмай, молимизни ололмай сарсонмиз. Бу вазиятда қандай йўл тутсак бўлади? Ўз уйингга киролмасанг, алам қиларкан...

Манзура Содиқова, Тошкент шаҳри

— Бундай ҳолатларда ижарачига ўзингизни талаб ва хоҳишларингизни ёзма маълум қилинг. Ижарачи томонидан эътирозлар билдирилганида эса ижара шартномасини  бекор қилиш, уйдан кўчириш каби талаблар билан судга мурожаат этишингиз мумкин.

 

«ЭҲ, ЭРКАКЛАР, ЭРКАКЛАР...»

— Икки ўғлим туғилишидан аввал эрим билан хорижда ишлаганмиз. Қайтгач, топган-тутганимизга машина, уй олдик. Лекин негадир эрим уларни қариндошларининг номига расмийлаштирди. Бунинг сабабини энди тушунаётгандекман. Айни дам ажрим ёқасидамиз. Эҳтмол шуни ўйлаб, аввалдан эҳтиётини қилганми... Билмадим, хуллас менга ўз улушимни ўйлаяпман. Ахир уй-жой, автомобилда менинг ҳам ҳаққим бор! Ажрим вақти бу масала қандай ҳал қилинади?

Гулмира Ғаниева, Тошкент шаҳри

— Мулкни бўлиш ҳақида келишмовчилик чиққан ҳолатларда бу тўғрисида фуқаролик судига мурожаат этишингизга тўғри келади.

 

«БОҚУВЧИСИЗ ҚОЛДИМ, ЭНДИ НИМА ҚИЛАМАН?»

— Ёшим 48 да. 3 нафар фарзандим бор. 2013 йилга қадар онамнинг қарамоғида яшардим. У киши вафот этгач, боқувчисиз қолдим. Онамнинг номида бўлган пенсия пулини ўзимнинг номимга расмийлаштирсам бўладими?

Шарифа Тошмуродова, Сурхондарё вилояти

 

— «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддаси «а» бандига асосан фарзандлар 16 ёшга тўлмаган бўлса, боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

 

«АЛИМЕНТ ТЎЛОВИДАН НОРОЗИМАН!»

— Эрим Қозоғистон фуқароси. Шу боис алимент тўловини унинг отаси тўлайди. Қайнотам Ўзбекистон фуқароси. Алимент тўловини эримнинг ўзи тўлаши учун нима қилиш керак?

«SMS» орқали келган савол

 — Алимент тўлови эрингиз номидан амалга оширилаётгани боис уни қайнотангиз томонидан тўланишининг аҳамияти йўқ. Эрингизнинг хориж давлатида олаётган даромади ҳақида расмий маълумот бўлган тақдирда ундирувда бу ҳолат эътиборга олиниши мумкин.

Дилдора ЮСУФБЕКОВА тайёрлади.

Шарҳлар

​“Қариндошларим учун чегарадан нима олиб ўтсам бўлади?”

28.06.2017, 15:30

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида укам яшайди. Ҳар икки-уч ойда уларни кўргани борганимда асал, ёнғоқ, магиз каби егуликлар олиб бораман, қайтишда укамьҳам чой, ширинликлар бериб юборади. Лекин...
​Ишласа-да, пенсияни кимлар 100 фоиз олади?

23.05.2017, 14:45

Нафақадаги ҳарбий хизматчиман. Шу вақтгача нафақадаги ҳарбий хизматчилар давлат ишхоналарида ишласа, пенсиянинг 50 фоизи тўланарди. Энди айрим соҳаларда ишлайдиган пенсионерларнинг пенсияси 100 фоиз тўланиши ҳақида...
​Иш ҳақидан коммунал тўлов учун ушлаб қолиш мумкинми?

23.05.2017, 14:41

Қизим болалар мурувват уйида ҳамшира бўлиб ишлайди. Биз коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб борамиз. Қарздорлик бўлмаса-да, қизимнинг иш ҳақидан коммунал тўловларга деб ҳар сафар 10...
​Теридаги ҳоллар: 5 саволга-жавоб

10.05.2017, 11:54

Кўпчиликни тери устида бўртиб чиққан, нўхатдек келадиган ҳолларининг кўриниши безовта қилади. Япалоқ аммо катта ҳолларга эса унчалик эътибор берилмайди. Аслида айнан япалоқ ҳоллар муаммо келтириши...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1