АсосийSavol-javob

​“Қариндошларим учун чегарадан нима олиб ўтсам бўлади?”

'​“Қариндошларим учун чегарадан нима олиб ўтсам бўлади?”'ning rasmi

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида укам яшайди. Ҳар икки-уч ойда уларни кўргани борганимда асал, ёнғоқ, магиз каби егуликлар олиб бораман, қайтишда укамьҳам чой, ширинликлар бериб юборади. Лекин чегарадн ўтишда доим муаммо бўлади. Айтинг-чи, яқинларим учун бундай совға-саломларни олиб ўтиш тартиби қандай?

Муҳаббат Темирова, Шаҳрисабз шаҳри

Б.РАИМОВ, Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари:

— Божхона кодексининг 155-моддасига мувофиқ, жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ёки олиб чиқиладиган ва тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланмаган товарлар жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда олиб ўтиладиган товарлар ҳисобланади. Бундай товарлар божхона чегараси орқали соддалаштирилган тартибда имтиёзлар қўлланилган ҳолда олиб ўтилади.

Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларнинг қандай мақсадга мўлжалланганлигини аниқлашда товарларнинг миқдори, олиб ўтишнинг такрорийлиги, сафарнинг мақсади ва унинг давомийлиги кабилар ҳисобга олинади.

Мазкур кодекснинг 157-моддасига мувофиқ жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда олиб ўтилаётган товарларга нисбатан товарларни қонун ҳужжатларида белгиланган божсиз олиб кириш нормаси ва акциз солиғи солинмайдиган олиб кириш нормаси доирасида божхона тўловлари қўлланилмайди.

"Жисмоний шахслар томонидан олиб кириладиган истеъмол товарларини тартибга солиш чоралари тўғрисида"ги ПҚ-1118 сонли қарорига мувофиқ 2009 йилнинг 2 июнидан бошлаб қўшни давлатлардан (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон) шахсий фойдаланиш учун жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига бир йўла олиб кириладиган импорт истеъмол товарларининг бож тўловлари олинмайдиган умумий қиймати 10 АҚШ долларини ташкил этади.

Шундан келиб чиқиб, юқорида қайд этилган қонуний талабларга риоя этган ҳолда, фуқаро товарларни нотижорат мақсадида олиб чиқиши ва олиб кириши мумкин. Ўз навбатида олиб киришда товарларнинг умумий қиймати 10 АҚШ долларидан ортиқ бўлмаслиги лозим, акс ҳолда товарлар учун қонунчиликда белгиланган ставкаларда божхона тўловлари ундирилади.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар